Oct 312012
 

Ўзбек мухолифатининг етакчиларига:

Бирлик” Халқ ҳаракати партияси раиси Абдураҳим Пўлатовга,

Ўзбекистон халқ ҳаракати муассислар кенгаши раиси Муҳаммад Солиҳга,

Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати раиси Баҳодир Чориевга Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Абдужалил Бойматовдан

“Очиқ хат” га муносабат.

 

Барчага маълумки,  2014 йилнинг кузида Ўзбекистонда парламент сайловлари, 2015 йилда эса президент сайловлари бўлиб ўтади. Бу сайловларда ўзбек мухолифати фаол қатнаша оладими ёки йўқми, албатта ўзбек мухолифатининг сиёсий кучга айлана олиши ёки олмаслигига боғлиқ?!

Йўқ, қатнаша олмайди. Бунинг имконияти йўқ ва бунга у ерда йўл қўйилмайди. Бунга сабаб Ўзбекистонда кейинги бир неча йил давомида яшамаган одам қонунга биноан ўз номзодини қўйишдан маҳрум этилади

1989-91 йилларда “Бирлик” халқ ҳаракати сиёсий кучга айланган эди  .Лекин афсуски,ўша пайтда ўзбек мухолифати  иккига бўлиниб кетиб, сиёсий куч сифатида ўзининг мавқеини йўкотган эди. 

Бу эса мухолиф кучларнинг тарқоқлиги оқибатида МХХ томонидан махсус мақсадга мувофиқ амалга оширилган ва бу давом этиб келмоқда.

Болтиқ бўйи республикалари, Германия, Чехославакия мухолифати бўлинмасдан, бу мамлакатлар эркин демократик сайловлар ўтказишгача эришиб, бу сайловларда ғолиб чиққан эди.

Уларнинг ўзбеклардан фарқи– савияси ва менталитети бошқа. Ўзбекларда ўзбекчилик, маҳаллийчилик, эмоция ва ғийбат жуда кучли. Бунинг устига мухолифатдаги кишиларнинг аксарияти ўзини энг юқори рахбар лавозимларга лойиқ деб ўйлайди. Бировнинг оти сал чанг чиқарса унга хужум бошланади. Мақсад- ўзим ҳам емайман, бировга ҳам бермайман… Натижада кучли тарқоқлик вужудга келган, бунинг оқибатида бизга етакчи мамлакатлар ставка қилишмайди.

Ўзбек мухолифати бўлиниб кетганидан бери орадан 20 йилдан ортиқ вақт ўтди. 30 миллионлик Ўзбекистон учун халқ ҳаракати номидаги 3 ташкилот бор.Ўзбек мухолифати ҳамон тарқоқ, кучсиз, ўзаро даҳанаки жанглар билан овора.

Уч ташкилотнинг фаолияти Ўзбекистонда чекланган. Ташқарида эса тарқоқлик хукм суради. Бунинг сабаби мухолифат ичида айғокчилар сони кўпчиликни ташкил этади. Мухолифат ичида ҳар хил сунъий қарама қаршиликларга қарши курашувчи механизм тузиш керак.

Бирок, бу вазиятни ўзгартиришнинг охирги имконияти сизларнинг қўлингизда. Зеро, 2015 йили Ислом Каримов 77 ёшда бўлади, Абдураҳим Пўлатов 70 ёшда, Муҳаммад Солиҳ 66 ёшда бўлади. Баҳодир Чориев эса 46 ёшда бўлади.

Маълум сиёсий кучга айланмаган ҳар қандай ҳаракатда ҳеч қандай имконият ёки силжиш бўлмайди. Кучга айланиш учун бир кишининг, яъни фақат Муҳаммад Солиҳга (ЎХҲ) бирлашиш керак. ЎХҲ ҳар томонлама қўллаб қувватлаш керак. Ҳамма ҳар ерга тортса Криловнинг масалидаги каби холат юзага келади.

Кўриниб турибдики, бу парламент ва президентлик сайловида Абдураҳим Пўлатов ва Муҳаммад Солиҳлар қатнашишлари учун охирги имконият. Мен ўйлайманки, ўзбек мухолифати сиёсий кучга айланиши мумкин ва президентлик сайловларида қатнашиши мумкин. Бунинг учун ўзбек мухолифати етакчилари ўзаро гина-қудуратларни, адоват, душманликни унутиб, мухолифат кенгаши тузишлари зарур.

Уларда Ўзбекистонга бориб қатнашиш ёки номини сайловга қўйиш имкониятлари йўқ. Бутун ўзбек мухолифати ягона сиёсий кучни ташкил этиши ҳақиқатдан узоқроқ. Бу нафақат ўзаро гина-қудуратларни, адоватни, душманликниунутишга боғлиқ. Аммо мухолифат кенгаши тузиш давр талаби, фикрингизга қўшиламан

1.Бу мухолифат кенгашига “Бирлик” халқ ҳаракати партиясидан 3 киши, ЎХҲидан 3 киши, “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракатидан 3 киши ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, кўзга кўринган интернет-сайтларининг муҳарририятидан 1 кишидан вакил киради.

И.Каримов омон бўлса,бу группа Тошкентга оёғи ерга тегиши билан тўғри Жаслиқга жўнатилади, ёки дом дараксиз йўқолиб қолишлари мумкин.

2.Мухолифат маблағи шаклантирилади. Бу маблағ Ўзбекистон ичкарисидаги мухолифатнинг сиёсий фаоллигини кучайтириш учун сарфланади.

Лекин бу нарса амалда тезроқ бўлса кўп масалани ҳал қиларди. Жуда долзарб масала

Мухолифат кенгаши ўзбек мухолифатининг кичик мини-парламенти десак ҳам бўлади. Мухолифат кенгашининг асосий вазифаси, ўзбек мухолифатини сиёсий куч ҳолатига келтириб, Ўзбекистондаги парламент ва президентлик сайловларини эркин-демократик ўтказишга эришишдир. Бу осон иш эмас, чунки эркин-демократик сайловлар ўтказиш учун қуйидаги ишларни бажаришга тўғри келади:

1.Йиғилишлар эркинлигига эришиш,яъни ёпиқ ва очиқ биноларда оммавий тўпланиш эркинлиги имкониятига эришиш. Бунга оммавий норозиликлар уюштириш эркинлиги имконияти ҳам киради[1];

2.Ташкилотлар эркинлиги ҳуқуқига эришиш. Бунга сиёсий партия ва ҳаракатларни рўйхатга олдириш,инсон ҳуқуқи ташкилотларини рўйхатга олдиришга эришиш;

3.Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги,интернет эркинлигига эришиш.

4.Ўзбекистонда прописка системасини йўқ қилиб,фуқароларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатланишини таъминлаш. Чиқиш визасини йўқ килиш;

5 Эътиқод эркинлигига эришиш, бунга бирор динга эътиқод қилиш ёки эътиқод қилмаслик ёки атеист бўлиш ҳуқуқи киради. Дин давлатдан ва маорифдан ажратилган бўлиши керак.

Ҳамма фикрларингиз тўғри, аммо 5 та пунктдаги ишларни кутилаётган даврда маълум сабабларга кўра амалга ошириб бўлмайди. Чиқиш визасини бекор қилиниши яхши иш, лекин пропискани (рўйхатга олишни) бекор қилиб бўлмайди. Бунга бутун дунё амал қилади.

Сайлов олди платформаси сифатида мен қуйидагиларни таклиф қилардим:

1.Ерларни фермерларга хусусийлаштириб бериш[2,3,4];

2.Ўзбекистонда пахта етиштиришни 3,5 миллион тоннадан 1 миллион тоннага камайтириш[5,6,7];

3.Ўзбекистонда коррупция даражасини кескин камайтириш. Яъни, коррупция рейтинги бўйича Ўзбекистон 182 мамлакат ичида 177-ўринни эгаллаб турибди. Ўзбекистоннинг коррупция бўйича рейтингини Грузия(64) ёки Туркия(61) давлатлари қаторига тушириш[8,9];

4.Ўзбекистонда бизнес юритиш муҳитини кескин яхшилаш. Яъни, Ўзбекистон бизнес муҳити бўйича 183 мамлакатлар орасида 166 ўринни эгаллаб турибди. Бизнес муҳитини яхшилаш бўйича Ўзбекистонни Қозоғистон(47) даражасига етказиш[10].

Сайлов олди платформаси учун келтирилган таклифларингиз муҳим ва ўринли, қани шундай бўлганида… Бунга товарларни олиб кириш ва олиб чиқишдаги божхона тўловларини қайта кўриб чиқиш қўшилса нур устига аъло нур бўлади

Мен ўзбек мухолифатига йўл харитаси сифатида қуйидагиларни таклиф қилардим.

1.Мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевлар мухолифат кенгашини навбатма навбат бир йилдан бошқаради;

2.Мухолифат парламент сайловларида қатнашиб,парламентга сайланишга эришса, Ўзбекистонда президент бошқарувидан парламент бошқарувига ўтишни таклиф қилиш;

3.Ўзбекистон конституциясига парламент бошқаруви киритилгандан кейин, Ўзбекистонда ҳам Қирғизистондагидай 2 йил муддатга ўтиш даври президенти (Роза Отунбаева каби) сайланади;

4.Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилади,(2016 йилга тўғри келади);

5.Президент сайловлари ўтказилади (2017 йил).Президент бир муддатга 5 йилга сайланади, 2-3 марта эркин-демократик президентлик сайловлари ўтказилгандан кейин, президент 2-муддатга ҳам сайланиши мумкин. 

Мухолифат ягона кучга айланган тақдирдаҳам кенгашни бир киши бошқариши мақсадга мувофиқ бўлади. Бундай ҳолда йўл харитасида кўзда тутилган қолган тадбирлар амалга ошириш имконияти пайдо бўлади. Лидер Ўзбекистонга боргунча битта бўлиши керак деб ўйлайман

Шу президентлик сайловларида (2017 йил) мухолифат етакчилари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва Баҳодир Чориевлар ўз номзодларини қўйишлари мумкин.

Буларнинг ичида фақат М.Солиҳнинг номзоди эътиборга сазоворли. Унинг атрофида йиғилиб бирга ҳаракат қилинса катта натижаларга эришиш мумкин. Умуман олганда ташқаридаги мухолифатни вакили бир киши бўлса маъқул бўлади

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, қилинадиган ишлар жуда кўп ва Ўзбекистон шароитида амалга ошириш амри-маҳолдай бўлиб кўринади. Лекин, Мўғулистон (1992),Қирғизистон (2011), Грузия (2012) каби собиқ коммунистик давлатларда эркин-демократик сайловлар ўтказилиб, парламент бошқарувига ўтиб бўлинди, наҳотки бизўзбек халқи бунинг уддасидан чиқа олмасак?!

Бу уч республикадаги сиёсий ўзгаришлар ўз ўзидан рўй бермади. Бу ерда ички ва ташқи сабаблар мавжуд. Масалан Россия ва АҚШнингҳам ўрни жуда катта бўлган. Ҳозирча ўзбек мухолифатига ҳеч ким ставка қилгани йўқ. Аниқроғи мухолифат ичидаги тарқоқликни ҳисобга олган ҳолда Россия ёки АҚШ ҳали бир фикрга келмаган. Сабаблар бор…

Ўзбек мухолифатининг энг кучли ресурсларидан бири мухолифатнинг интернет-сайтлари, инсон ҳуқуқи ташкилотларининг интернет-сайтлари, мустакил интернет-сайт, интеренет-порталлар “Замондош” Радио, “Замондош”ТВ, “Туркистон” Радио, “Туркистон” ТВ вақолаверса Uznewsnet, Озодлик, ББС, Америка овози радиолардир. Мухолифат кенгаши мини-парламент йиғилишларини ооVоо, Skype орқали конференция шаклида ўтказиши мумкин.  Яъни, бошқача айтганда мухолифат кенгаши тузиш учун кўп харажат ва ташкилий ишларни сарф қиладиган қурултой ўтказишнинг кераги йўқ.

Бу ресурсларга ишониб амалиётдаги ижобий ўзгаришларга эришиб бўлмайди. Орқада спонсорлар ёки керакли сиёсий куч турмаса Ўзбекистон шароитида булар нима ҳам қилиши мумкин.

Ўзбекистондаги оғир ижтимоий иқтисодий аҳволга дунёнинг кўзга кўринган ўзбек ўта бой миллиардерлари Алишер Усмонов, Искандар Маҳмудов,Фаттоҳ Шодиев,Олимжон Иброҳимов ва бошқа бой ўзбеклар ҳам бефарқ караб тура олмасалар керак. Улар ҳам мухолифатнинг таниқли лидерларидан бири Пўлат Охун умид қилганларидек Ўзбекистондаги ўтказилажак сиёсий, иқтисодий ислоҳотларга ҳам ўзларининг улкан имкониятларидаги ҳиссаларини қўшишсалар керак

Бу одамлар куннинг эмас балки йилнинг келишига қараб иш қилишади. Ўз ўзидан қўшилиб кетавермайди. Уларни ҳаракатга келтирувчи иплар Кремлга қараб кетган. Ўзбек мухолифати аъзоларида агар ғурур ва зарда кучли бўлса Ватан келажаги учун бирлаша оладилар. Шунда тарафдорлар сони ҳам, сармоядорлар сони ҳам кўпаяди.

Темур Усмонов, политолог, Ўзбекистон