Oct 302012
 

 

Хабарингиз бор,Қашқадарёнинг Шаҳрисабз тумнаида истиқомат қилувчи 70 ёшли Ҳасан Чориев Қамаши туман ҳокими Рашид Муҳаммадиевга туҳмат қилганликда айбланмоқда.

Гап шундаки,  туман ички ишлар бошқармасининг 30 нафардан ортиқ ходамлари э йўқ,бе йўқ,Ҳасан Чориевнинг чорвачилик фермасидаги 39 болши наслли йирик шоҳли қора молларини,135 бош қўйини олдиларига солиб кетишганди. Ул шаввозларнинг қўлларида на суд қарори бор,на ижро варақаси. Ҳатто бул қонун паспонлари олиб кетаётган моллар борасида далолатнома тузишни ҳам ўзларига эп кўрмаганлар. Табиийки,бундан оташин бўлган Ҳасан ота  Ўзбекистонда юқори идора борки,барчасига арзи-ҳол қилганди. Кўп ўтмай,ота шикоят аризаларига муносиб мукофот олди. Яъниким,ноқонуний тарзда Ҳ. Чориевнинг чорвачилик фермасини талашга бош-қош бўлган Қамаши туман Ҳокими Рашид Муҳаммадиев Қашқадарё вилоят хўжалик судига Ҳасан отага берилган ерни қайтариб олиш,аниқроқ қилиб айтганда,ўз қарорини бекор қилиш хусусида даъво ариза киритди. Ҳўжалик суди ҳам узоқ пайсалга солиб ўтирган эмас,Ҳасан отадан чорва учун берилган ерни қайтариб олиш хусусида қойилмақом қилиб қарор чиқарди-қўйди. Ана энди чорвачилик фермасидаги моллар маҳаллий ҳокимият тўралари томонидан ўмарилган бўлса,ер “қонуний” қайтариб олинган бўлса,“Ҳасан ота деганлари Қамашида яшаб нима қилади ҳоким Ҳаноблари Рашид Муҳаммедовнинг бошларига бало бўлиб? Қадамини қирқиш керак бу бобойнинг!”,деган шум хаёлни кўнглидан кечирган туман тўралари Ҳасан отанинг Қамашидаги уйини устига трактор тортдилар. Бинони куриш қийиндиров,бироқ уни вайрон қилиш иш бўптими? Бир зумлик юмуш эканку бу! Хулласи калом,уйи трактор билан текистланиб,фуқаролик паспорти Қамашидан ҳисобдан чиқарилган  Ҳасан Чориев Рашид Муҳаммадиевнинг “салтанати”дан батарға этилди.

Йиқилган курашга тўймас” дейишадику,Ҳасан ота ҳам қўймади-да,қўяй демади. “Қамаши туман ички ишлар идоралари ходимлари қароқчилик йўли билан ўмариб кетган чорвамни топиб берсин!”,дея тўрт томонга дод солгандан солди.  Отанинг оҳларини Ҳукумат эшитмади деб ўйлайсизми,эшитишди,албатта. Ва дарҳол ҳозиржавоблик билан иш кўришди.  Бу галги воқеа манзараси аввалги ноҳақликлардан ҳам ўтиб тушди.  Ҳасан Чориев Қамаши туман ички ишлар идоралари ходамларига туҳмат қилганликда айбланиб,маҳкама томонидан жаримага тортилди…

Ҳасан Чориевнинг сочи Қамаши далаларида оқарган. Туманни беш қўлидек билади.  “Секрет”ларини ҳам.  Отанинг тортиб олинган 8 гектар ери этагида  37 гектар сувлик ер  8 йилдирки фойдаланилмайди. На буғдой қадалади,на пахта экилади.  Шундоққина йўлнинг бўйида ястаниб ётган бу далада 100 дан ортиқ мол,саноқсиз қўйлар яйраб юришади….  “Бу ерга экин экилса кўпни боққан,тўйдирган бўларди-ку? Нега бу ерларга уруғ қадалмайди? Бу мол-қўйлар кимники? Ҳоким Рашид Муҳаммадиевникими?” дея юраги ёнган  Ҳасан ота бундай бошболдоқлик хусусида миллий хавфсизлик хизатига хабар беради.  Ўз навбатида Миллий хавфсизлик хизмати  Ҳ. Чориевнинг шикоят аризасини “қонуний кўриб чиқишлик” учун Қамаши туман прократурасига “узатади”. Ҳасан отанинг шикоят аризасини “атрофлича,обдон урганиб,қонуний кўриб  чиққан” Қамаши туман  прократураси  провардида аризадаги фактлар тасдиқланмаганлигини иддо қилди.  Эмишки,“Қамаши туманида 37 гектар сувлик ер бекор турган эмас. Мол-қўйлардан ҳам дарак йўқ.  Ҳоким ҳақ. Рашид Муҳаммадиевга туҳмат тошлари отилган”. Алқисса,“Ўйнашмагин арбоб билан,арбоб урар минг боб билан” деган нақлнинг нечоғлиқ ҳақиқат эканлигини исботлашга чоғланган Қамаши туман ҳокими Рашид Муҳаммадиев Ҳасан Чориевга даъво қилди. Прократура эса ҳамиша Ҳокимнинг ҳукмини ижросига шай эмасми,Ҳасан отага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси,3- қисми,“Г” банди билан жиноий иш қўзғади-қўйди…  Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судида кўрилиши кўзда тутилган. Мана,бир ойдирки,Ҳасан Чориев суд биносининг “ярим ставка қоровуллигини олган” десак ҳам бўлаверади…Сабабки,ҳар гал Ҳ. Чориев аза-база судга чақиртирилади,бироқ ҳар гал даъвогар –  Қамаши туман  ҳокими Рашид Муҳаммадиевдан дарак йўқ.  Қорасини кўрсатай демайди,судга келмайди. Иши,мажлиси кўп эмиш…Шу важдан ҳар сафар суд иши кейинги кунга қолдирилади…

Навбатдаги суд мажлиси 29 октябр куни соат 3.00 га белгиланган эди. Ҳасан отага далда бўлиш мақсадида Қашқадарёга отлангандим…

Биринчи ажабтовур воқеа давон оша Китоб туманига кираверишдаги “ГАИ” постида содир бўлди.  Постда турган “ГАИ” ходимлари одатдагидан кўп. Фуқаро кийимидаги кишилар ҳам талайгина…Бир сўз билан айтганда,“ГАИ” постидагилар негадир бесаранжом…Хавотирли…Текшир-текшир авжида…Ниҳоят,навбат мен ўтирган машинага келди.

– Фуқаролик паспортларингизни кўрсатсангизлар? – деди “ГАИ” ходими.

Ёнимда ўтирган эркак киши чўнтагига қўл солганди:

– Йўқ,эркак кишиларнинг паспорти шарт эмас,биз фақат аёлларни назорат қиламиз,–деб қолди “надзор”.

Паспортимни очиб,машина ойнасидан “ГАИ” ходимига узатдим. У исм-шарифимга кўз югуртиргач,ёнидаги фуқаро формасидаги ўрта ёшли йигитга “Шу киши экан,нима қиламиз?”  деди секингина.

Ҳайдовчига машинани йўл четига олиш буюрилди.  Биргина менинг паспортимни,ҳайдовчининг ҳужжатларини “қўлга киритган” “ГАИ” ходими  “қароргоҳ”ига қараб кетди. Ортидан ҳайдовчи югургилади….  Уларнинг “қароргоҳ”ида нима гап-сўз бўлди,билмадиму,15 дақиқалардан кейин, ҳартугул,ҳайдовчимиз чопқилаб ортига қайтди….

Бу воқеадан билдимки,менинг Қашқадарёга қилаётган сафаримдан хабардор маҳаллий ҳокимият ташвишда….

Ниҳоят белгиланган соатда Жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман суди биносида ҳозир бўлдик…Ярим соатлик илҳақликдан сўнг,одатдагидек жавобни эшитдик:“Қамаши туман ҳокимининг муҳим мажлиси чиқиб қолибди. Судга келаолмас экан,шунинг учун суд қолдирилди” дея хабар берди суд котиби. Ноумид ортга қайтарканмиз:

– Ҳасан ота,ўша,8 йилдирки бирор бир уруғ қадалмайдиган 37 гектар ер майдонини кўрсатмайсизми? – сўрадим отадан.

Марширутни ўзгартириб,Қамаши туманига йўл олдик. Ҳасан ота,аввалига,трактор солиб,текистлаб ташланган уйининг харобаларини кўрсатдилар. Кейин суд қарори билан тортиб олинган ерларини. Ниҳоят,навбат ўша,8 йилрики экин экилмайдиган сувлик ер майдонига келди…  Қарасам,ҳақиқатдан ҳам 37 гектар майдон қақшаб ётибди…Йўқ,ёлғон бўлмасин,адашмасам,мазкур майдоннинг 40 сотих чамасига ғалла экилган,йиғиб олинган экан,холос….  Ҳа,дарвоқе,бу ерлар лалми эмас,сувлик ер эканлигини ҳам таъкидлаш жоиз. 37 гектар майдоннинг икки қирғоғидаги ариқларда лоппилаб сув оқиб ётибди…Мазкур майдониннг бир томони боғ,бир томони пахтазор,ўртада 37 гектар майдон шўрлик ту-ууурибди “етимча” бўлиб,“мунғайиииб”. Асл касбим тележурналист эмасми,  кўрган кечирганларимнинг барини видеотасвирга жойлаб олдим…Ишимизни тугатар-тугатмас йўл ёқасида давлат рақами бўлмаган оқ рангли некция автомашинаси пайдо бўлди. Тўхтади. Машинада ўтирганлар телефонда сўзлашарди. Сездикки,“тан соқчиларимиз” ҳозиру нозир…. Ишимизни апил-тапил тугатиб,йўлга тушдик…Воқелик Шаҳрисабзга кираверишдаги “ГАИ” постида кульманацион нуқтасига чиқди. Қарасам,10 нафарга яқин “ГАИ” ходамлари,  6 тадан ортиқ фуқаро кийимидаги “қароқчилар” туришибди “ўтганнинг ўроғини,кетганнинг кетмонини” олиб.  Навбат биз ўтирган машинага келганида тўрттаси тўрт томондан қуршаб олишди денг. Ҳайдовчининг ҳужжатларини текширгани қайси,фуқароларнинг ҳужжатини сўрагани қайси….  Бу галги шоввозлар фуқаролик паспортимни текшириш билан қаноат ҳосил қилишган эмас.

– Қани,машинадан тушингларчи?  Қанақа техникаларингиз бор? Барчасини олиб тушинг? ,–буйруқ берди бизга  фуқаро кийимидаги йигитлардан бири,–Текшириб қўришимиз шарт. Диний оқимга қарши видеолавҳалар,алламбалолар йўқми?,–кейин менга юзланди,–Фотоаппаратингиз борми? Сумкангизни очингчи? ,–шундай деди-да,қўлимдаги аёллар сумкачасини олиб,титкилашга тушди. Ундан фотоаппарат шаклидаги видеоаппаратимни олиб ёнидаги новча йигитга тутқазиб,деди:“Қани,буни бир текшириб қўрингчи,ичида нималар бор экан”.

Озғиндан келган,кўзойнак таққан новча йигит афтидан “оргтехника”ларнинг “тилини” тушунадиган мутахассис  чамаси, ҳафсала билан аппаратни “тинтув” қилишга тушиб кетди….  Нима қилди,нима қўйди,билмадим,нима қилаётганини ўзиям тушунмади,ҳойнаҳой.  Ниҳоят видеоаппаратимни қўлимга қайтараркан:“Буниси нима эди,очинг,кўрсатинг?” амр қилди менга.

Ноутбукни ғилофидан чиқаргандим,ёқиб беришимни талаб қилди.  Ноутбукни бир титкилади,бир титкилади-ей,эринмасдан бирма-бир барча “документ”ларни очиб,кўздан кечирди.

– Нима қидираяпсиз? – сўрадим  “тафтишчи”дан.

– Шаҳвоний видеотасвирлар йўқми? – маъноли тикилди у менга.

– Қараб кўрингчи,топсангиз сизники,-  дедим- энсам қотиб.

– Менга қаранг,нега ана у видеоаппаратингизнинг  хотираси йўқ?,–саволга    тутди у.

– Қанақа хотираси? – сўрадим ўсмоқчилаб.

– Тасвир-пасвир йўқку? Флишкаси қани? – қўв кўзларини қадади у.

– Кўрдингизку,қуввати йўқ. Ҳали янги. Ишлатилмаган. Қачонки ишлатсам,керак бўлгандагина қўяманда флишкани. Керак бўлмаса нима қиламан?,–дедим елка қисиб…

Адашмасам,иккимиз ҳам бир-биримизни алдаётганлигимизни жуда яхши тушуниб турардик…

Хуллас,ҳайдовчининг ҳужжати “чатоқлиги” баҳонасида бизни машинага ўтказиб,  “ГАИ” ходамларининг биносига олиб келишди-да,  уловимизни жарима майдончасига “асир” қилишди…

Кута-кута машинамизни қайтариб олишга кўзимиз етмагач,20 дақиқалардан кейин  йўловчи машинада қайтишга мажбур бўлдик….

Одатда ҳаётдан мамнун кишидек ,турмуш ўртоғимнинг  таъбири билан айтганда “оғзим қўлоғимда”  –нуқул кулиб турсам-да,рости,қувлигим,қитмирлигим бор.  Очиғи,адашиб журналист бўлиб қолганман,изқувар бўлишим керак эди,аслида….

Шу топда  ҳали бизни тинтув қилиб,тити-питимизни чиқарган “ГАИ” постидаги кейинги ҳолатни қайта кўздан кечиргим,четдан кузатгим келиб қолди.

–  Ука,–дедим ҳайдовчи йигитга илтимос оҳангида,–Ана у “ГАИ” постида,текшир-текшир чоғида бир нарсам тушиб қолибди,тополмаяпман.  Йўқ  деманг,ўша ерга ҳайданг,зора йўқотиб қўйган нарсам топилиб қолса,майлими?

– Эй,опа,улар кейин мениям тутиб олиб гаранг қилишади-да,яхшиси,манзилингизни айтинг,борадиган жойингизга элитиб қўяй,  –деди ҳайдовчи оғриниб,аввалига унамади.

Қайта-қайта қилган ўтинчим иш берди,ҳартугул ҳайдовчи ортга,“ГАИ” постига қайтишга кўнди.

20 дақиқадан кейин текшир-текшир авжига минган “ГАИ” постига қайтиб,қарасакки,бу масканда бояги тала-тўпдан ном-нишон ҳам йўқ. Ҳеч зоғ қолмаган. Ҳамма ёқ сув қуйгандек,жим-жит….

Очиғи ўзим ҳам худди мана шу манзарани кўриш учунгина қайтгандим. Бу текшир-текширлар биз учун,бизнинг ҳалигина олган видеотасвирларимизни қўлга киритиш мақсадида атай уюштирилганини кўнглим сезганди. Бироқ бунга яна бир бор ишонч ҳосил қилмоқчи эдим,холос…

Мабодо,видеоаппаратнинг хотирасини чаққонлик қилиб,олиб,яширишга улгуриб қолмаганимдами,барча олган тасвирларимиз,исботу-далилларимизнинг ҳаммаси  кеее-еетарди қулоғини ушлааааааб.

Эҳ,нимасини айтасиз,ҳокимият томонидан ҳар дақиқада инсон ҳуқуқлари шу алфозда топталади,оёқ ости қилинади. Бизда,Ўзбекистонимизда одатий ҳол бу. Маҳаллий ҳокимият томонидан бизга нисбатан уюштирилган бу қувламачоқ ўйининг сабаби нимада деб ўйлайсиз?  Бунинг моҳияти ҲАҚИҚАТДА.  Маҳаллий ҳокимият ошкор бўлишидан қўрқадиган  ҳақиқатда. Ҳа,ростда,биз бордик,кўрдик,Қамаши туман прократураси  “йўқ” дея иддо қилган ўша 37 гектар сувлик майдоннинг мавжудлигига ва бу ерга ҳақиқатдан ҳам бирор бир уруғ қадалмаганлигига гувоҳ бўлдик. Нафақат кўрдик,балки тасвирга олишга ҳам улгурдик.  Бу далилий ошё оммага ошкор бўлса борми?  Прокурорнинг,Ҳокимнинг ҳоқонлик фаолиятига нуқта қўйилиши мумкин ахир!  Амал деганлари шунчалар ширин,шунчалар азиз,мўътабарки,уни асраб қолиш учун  нималарга қўл урмайди дейсиз бу арбоблар!  Ҳақиқат,ҳақ гап чўчитади уларни,жудаям. Шунақа гаплар….

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

http://birdamlik.info/?p=25002