Oct 302012
 

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти

Абдужалил Бойматовнинг мухолифат етакчиларига   йўллаган

Очиқ хатларини ўрганиб:

 

 

Ўзбекистон фуқароси Меҳрибон Қадамованинг

Ўзбек мухолифат етакчилари ва

Ўзбек миллиардерларига очиқ МУРОЖААТИ!

 

 

Ҳурматли ва азиз Ватандошлар! Мен бир оддий Ўзбекистон фуқароси сиз жанобларга очиқ мурожаат қилишга қарор қилган эканман, сиз буни миллионлаб Ўзбек халқи номидан деб таъсаввур қилинг, негаки, ҳозирда Ўзбекистонда  оғир аҳволда, ўз ҳуқуқлари камситилиб , ҳимоясиз азоб- уқубатда қолган ўзбек халқи жабрланаяпти! Эртанги кунга ишончгина бизга озгина куч-қудрат бағишлаяпти.  « Ўзбекистон-  келажаги буюк давлат»  деган Президентимиз Ислом Каримов! Бунга асло шубҳа йўқ!  Лекин биз бугун , ҳозир яхши яшашни хоҳлаймиз, тинч ва ҳалол йўл билан бугунги кунимиз фаровон ва бахтли бўлишини истаймиз! Бизга маъдад, ишонч ва эзгу мақсад керак! Буни бизга оддий халққа ким кўрсатади? 

Сиз сиёсат йўлига кирган инсонлар бирлаша олмасангиз, ўзингизнинг қатъий план ва стратегиянгизни, истак ва мақсадларингизни очиқ намойиш қила олмасангиз халқ кимга эргашади?  « Ўзбек Халқ Ҳаракати, демократия, эркинлик « дейсизу, ахир ҳаракат қилинг, сизни халқ яқинрок танисин, билсин. Халққа кўмак беринг, ёрдам беринг эртанги кунда  у кимга овоз беришига ва кимга ўз тақдирини ишониб топширишига йўл кўрсатинг! Хукуматни халқ номидан бошқаришга даъво қилишга ҳар бир фуқарони ҳақи бор. Бу Конституциямизда белгилаб қўйилган. Ҳеч ким ўйламасинки

« У ягона хукмдор» деб ўзини.  Халққа яқинлашинг, агарда сиз ўйласангиз, Ўзбек халқи сиёсий саводсиз ёки бефарқ деб сиз хато қиласиз! Тўғри, бизни халқимиз  Украин, ёки, Француз ёки Америка халқларига ўхшаб бирдан тезкор кўтариладиган халқ эмас. Лекин у ҳамма нарсани тушунадиган, фаҳм- фаросатли! Ўз тутган йўлингизни фидойиси бўлсангиз халқ буни кўради , тушунади ва қадрлайди!

Бўлажак парламент ва президент сайловларида ўз номзодингизни қўйиб, унда қатнашинг. Халқ яна иложсиз ва саросимада қолмасин. У ўз фикри ва хоҳиши билан овоз бериб, ўз тақдирини ўзи ҳал қилсин.

Алишер Усмонов ва бошқа Ўзбек халқидан етишиб чиққан кўпгина миллиардерлар! Сизни четда қараб туришга ҳаққингиз йўқ! Ахир сизни шу Ватан , шу халқ дунёга келтириб, вояга еткизган. Ва сиз шу халқ вакилисиз!

Унинг тақдирига бугун бефарқ бўлманг! Унинг бугунги кундаги етакчилари ва сиёсий кучини қўллаб- қувватланг, маъдад беринг!

Конституциямизда  белгиланганидай, Ўзбекистон Демократик давлатдир!

Ва биз буни амалда қуришни хоҳлаймиз! Эй, сиз сиёсатчилар буни бизга исбот қилинг, ташқарига эмас аввалом бор ўз халқингизга!

Сизга бу буюк ишларингизда ҳар доим омад ёр бўлсин!

 

Меҳрибон   Қадамова          

Тошкент шаҳри, Ўзбекистон