Oct 272012
 

Сиёсатга аралашинг…

Муаллиф admin Мулоқот Чоршанба, Октябрь 24th, 2012

ЎХҲ Муассислар Мажлиси аъзоси
Намоз Нормўмин билан суҳбат

Савол: Намоз ака, халқнинг “Сиз сиёсатга аралашмасангиз ҳам, сиёсат сизнинг ҳаётингизга аралашади”, деган гапи бор. Бу сўзнинг ҳикмати қай даражада, деб ўйлайсиз?

Жавоб: Халқ айтган ҳамма гап ҳикматли, дея олмаймиз. Аммо сиёсат ҳақида сиз келтирган гапда албатта, бир қисм ҳикмат бор. Сиёсат эътиқод, адолат, ҳуқуқ, иқтисод, маърифат каби бутун инсонлар ҳаётига оид ижтимоий воқеликдир, феномендир. Яъни, энг камида сиёсатнинг инсонлар ҳаётига таъсири олтидан бирдир. Аммо бизнинг замонамизда сиёсат ижтимоий ҳаётнинг муҳим воситасини эканлигини эътиборга олсак, ҳатто тўртдан бири ҳам дейишимиз мумкин. Ўзбекистонда эътиқод, ҳуқуқ, адолат, иқтисод ва маърифатнинг бўғилганини эътиборга олсак, ҳозирда ватанимизда ижтимоий ҳаётнинг энг асосий унсурининг афсуски сиёсат эканлигини эътироф этишимиз керак бўлади…

Савол: Нега бу масалала афсусланиш билдиряпсиз?

Жавоб: Бунинг икки сабаби бор. Биринчидан, Ўзбекистонда бугун ўтказилаётган сиёсат зулм сиёсатидир, адолат сиёсати эмас. Иккинчидан, сиёсатнинг асл мавқеи ижтимоий ҳаётнинг лидерлиги эмас, энг камида тўртинчилигидир. Чунки сиёсатдан олдин эътиқод, адолат ва ҳуқуқ туриши керак. Аммо зулм сиёсатида сиёсат лидердир. Бу сиёсат қаттолдир, ҳаммани ва ҳамма нарсани асир олган ижтимоий тўқмоқдир…

Савол: Шунинг учун ҳам бугун сиёсат ҳамманинг ҳаётига аралашганми?

Жавоб: Зулм сиёсатининг вазифаси жамиятни асир олишидир. Демак, у ҳамманинг ҳаётига бурун суқадиган сиёсатдир. Ўзбошимча, ҳаёсиз, русча французча аралаштириб айтганда “безпардонный” дир…

Савол: Бундай вазиятда сиёсатга аралашиш нимани билдиради сизнингча?

Жавоб: Бунинг маъноси мана шу юзсиз сиёсатдан қутулиш учун ҳаракат қилишдир. Чунки чақирилмаган меҳмон асл меҳмон эмас, истиснои меҳмондир. Бунинг устига бу меҳмон беҳаё бўлса, тўйни бузадиган бўлса, унинг чораси бу меҳмонни уйдан ва тўйдан қувишдир. Шунинг учун ҳам ҳозирги кунда Ўзбекистон халқи сиёсатга аралашишга мажбурдир. Чунки зулм сиёсати уларнинг ҳаётига зўровонлик билан кириб келди. Уларнинг ҳаётини чилпарчин қилди, инсонларимизни асир олди, истаганини урди, истаганини ўлдирди, истаганини қамади, бир қисмини уйларидан кўчага (хориж давлатларга) қувиб чиқарди…

Савол: Шунга қарамай инсонларимизда сиёсатга лоқайдлик бор. Буни нима билан изоҳлаш мумкин?

Жавоб: Бу биринчидан, қаттол сиёсат инсонларимизнинг юрагига солган қўрқув туфайлидир. Таниқли хонанда бир томондан “менинг қўшиқларимнинг сиёсатга алоқаси йўқ”, дейди. Иккинчи томондан эса халқ бахтини куйлайди. Бу маънавиятсизлик, санъатсизликдир. Чунки халқни бахтсиз қилган мана шу зулм сиёсатидир. Унга аралашмасдан, яъни унга қарши турмасдан қандай қилиб халқ бахти ҳақида ўйлаш ва куйлаш мумкин. Бу мантиқсизликдир…

Савол: Оддий  фуқаролар ҳам сиёсатдан узоқлар?

Жавоб: Аммо зулм сиёсати уларнинг ҳаётидан узоқ эмаску!  Оддий инсон менинг сиёсат билан ишим йўқ, дейиши мумкин. Аммо диктатор Каримовнинг қаттол сиёсати уни асир олганку! Оддий фуқаро оддий инсон ҳуқуқларидан, яъни сўз ва фикр эркинлигидан, эркин меҳнат қилиш, тадбиркорлик ва тижорат эркинлигидан, сайлаш ва сайланиш эркинлигидан, саёҳат эркинлигидан маҳрумдир. Бу ҳозирги “безпардонный” сиёсатнинг ишидир. Фақат манқуртларгина ўз уйига, ўз тўйига бостириб келганларга бефарқ бўлиши мумкин. Демак, ҳозирги кунда ва шароитда инсонларимизнинг сиёсатга бефарқ бўлишга ҳақлари йўқ…

Савол: Сиз инсонлар сиёсатга аралашишлари шарт демоқчисиз, албатта. Буни амалга оширишнинг тафсилотларига ўтишдан олдин бир савол бермоқчи эдим. Айтингчи,сиёсатни сиз қандай тушунасиз ёки сизнингча сиёсат нима ўзи?

Жавоб: Сиёсат бошқарув маданияти ва усулидир (механизмидир). Давлат ҳокимиятини амалга оширишнинг воситасидир сиёсат. Яъни, Давлатни бошқарадиган қарор маркази (парламент), бу қарорларни марказда ижро этадиган Давлат Раисининг (Президентнинг)  ва жойларда (маҳаллий ҳокимиятнинг) ишини ташкил қилиш ва амалга оширишдир сиёсат. Ҳокимиятнинг мана шу икки тармоғининг ўртага чиқишида халқ мутлақо ўз ҳиссасини қўшиши керак. Чунки давлат ҳам, унинг бошқаруви ҳам халқнинг хизматчисидир, маъмурий марказидир ва унинг ишини қиладиган маъмурларидир. Ҳокимиятнинг яна бир тармоғи бор, бу ҳам бўлса Маҳкамалар (Судлардир). Бу ҳокимиятнинг мустақил тармоғидир…

Савол: Юқорида айтилган икки тармоқдан  қайси бири  юқори туриши мақсадга мувофиқдир. Бошқача айтганда давлат бошқаруви Парламентар бошқарув шаклида бўлгани яхшими,  ёки Давлат Раиси (Президент) бошқаруви шаклида бўлиши маъқулми?

Жавоб: Бу  масалада мутлақ ажримнинг имкони йўқ. Фақат қарор маркази (Парламент) албатта олдинга ўриндадир. Чунки бирор масалада аввал қарор қабул қилмай унинг ижросини тасаввур қилишнинг имкони йўқ. Шунинг учун ҳам давлатда қарор олишнинг юқори органи бўлган Халқ Мажлиси (Парламент) Ижро Идорасидан масъулият юзасидан устундир. Ижро ўз номи билан ижродир, яъни олинган қарорларнинг бажарувчисидир. Ҳокимиятнинг бу икки тармоғи ўртасида ихтилоф чиққанда эса қарор Маҳкамага (Судга) оид бўлади…

Савол: Яна бир муҳим савол: Бу дин ва сиёсат масаласига оиддир. Дин ва сиёсатнинг ўзаро муносабатлари қандай бўлиши керак?

Жавоб: Бу масалада уч йўл бор. Биринчиси, диктатор Каримовнинг ва дунёнинг кўпгина давлатларининг йўлидир. Бу ҳам бўлса, мутлақ секуларзим, яъни дин ва сиёсатни мутлақ шаклда  бир биридан ажратиш, буни аҳли динларга зулм қилиш қилиш билан амалга оширишдир. Иккинчи йўл, мутлақ носекуларизм, масалан  Ватикан давлатининг йўлидир. Яъни, динни сиёсатнинг ўзига айлантириш, уларни мутлақ шаклда бир бирига қўшиб юборишдир. Бу ерда ўрта йўл аввало инсонларнинг Ҳақ динга эътиқод қилишларидир. Бу эса ҳаммага маълум бўлгани каби Ислом динидир. Шунинг учун ҳам бундан кейин дин деганда Исломни назар тутиб фикр юритамиз. Ҳақ дини табиатда қуёш қандай вазифани ўтаса, ижтимоий ҳаётда шундай вазифани ўтайди. Маълумки, табиат ва ундаги мавжудотларнинг яшаш шарти қуёш таратадиган нурга боғлиқдир. Яъни, тоғ ҳам, боғ ҳам, денгиз ҳам, инсону қолган мавжудотлар ҳам, буларнинг барчаси қуёш ва унинг нурига муҳтождирлар. Худди  шундай, жамият ҳам, унинг тизимлари ҳам, аъзолари ҳам Ҳақ диннинг нурига муҳтождирлар. Шу билан бирга ақлли кишилар биладиларки, қуёш тоғ ҳам, боғ ҳам эмас, инсон ҳам эмасдир. Демак, дин фақат сиёсат, фақат иқтисод, фақат илм эмасдир. Дин асло ва асло инсоннинг ўзи эмасдир. Дин буларни жонлантирадиган нурдир, имондир…

Савол: Дин ва сиёсатнинг амалий муносабатларига қайтсак?

Жавоб: Демак, жамият ва давлат мутлақ маънода секуляр ҳам, мутлақ маънода носекуляр ҳам бўла олмайди. Ҳамма масаланинг мутахассислари бўлгани каби диннинг ҳам мутахассислари бор. Улар мусулмон олимлар, яъни уламолардир. Аҳолисининг асосий қисми мусулмонлар яшайдиган давлатда мустақил Уламолар Кенгашининг фаолият кўрсатиши зарурийдир. Диннинг нури жамият ва инсон ҳаётини қандай жонлантириши кераклиги ҳақида фикр (фатво) эгалари мана шу Уламолар Кенгашидир. Айтиш керакки, дин нурининг асоси зотан халқнинг қалбида ва ҳаётида мавжуд. Яъни, халқ мусулмондир, ўзининг мусулмонлигини эълон қилгандир. Буни халқ фарзанди туғилганда (чақалоқнинг қулоғига азон айтиш), вояга етганда (мукаллаф бўлиш), оила қурганда (никоҳ) ва ажали етиб, бу дунёдан айрилганда (жаноза намози) диннинг нурларидан табиий шаклда фойдаланиш билан бажармоқдадир. Халқимизнинг бир қисми диктатор Каримов истамаса ҳам ҳалол ва ҳаромни бир биридан ажратмоқда ва имкони борича унга амал қилишга тиришмоқда. Демак, диннинг нури халқнинг ҳаётида қанчалик табиий кўринишга эга бўлса, жамият ва давлат ҳаётида ҳам шундай табиий кўринишга эга бўлиши керак. Муҳими Ҳақ йўлдан адашмаслик, таркидунёчиликка ҳам, таркиохиратчиликка ҳам ўрин бермасликдир. Яъни, динни мутлақ шаклда ижтимоий ҳаётдан ажратамиз ёки мутлақ шаклда сиёсатга аралаштирамиз, дея чиранмасликдир…

Савол: Уламолар Кенгашининг вазифалари нималардан иборат бўлиши керак ва унинг таркибига қайси гуруҳлар ёки динлар вакиллари кириши маъқул деб ўйлайсиз? 

Жавоб: Бу Кенгаш кимлардан иборат бўлиши кераклигини уламоларнинг ўзлари белгилагани маъқул. Дин каби муқаддас ва улуғ масалада масъулиятни ўз зиммасига олганлар унга хизмат қилиш масаласида ҳам масъулиятли бўлишлари керак, деб ўйлайман. Исломдан бошқа вин вакиллари ҳам мана Кенгаш билан келишган ҳолда динлар ва улар вакилларининг ўзаро муносабатларини йўлга қўйиш ишларини тартибга солиш ҳақида фикр билдиришлари керак. Бу Кенгаш халққа аввало дин нима ўзи деган масалани тўғри тушунтириб беришга масъулдир. Инсонлар диний масалалардаги барча масалалар бўйича шахсан ва жамоат ҳолида шу Кенгашда мурожаат қилишади,  зарурий ва амалий жавобни ундан олишади. Яъни, дин масаласидаги ихтилофларни ечимга боғлаш аввало Уламолар Кенгашининг вазифасидир. Иккинчидан, бу Кенгаш диний маърифатнинг асосларини ўртага қўйиш ва ҳукумат билан ҳамкорликда уни тадбиқ қилиш учун масъул бўлади. Учинчи вазифаси эса сиёсий ҳокимият зулм ва куфрга мойиллик кўрсатадиган бўлса, аввал уни бундай сиёсатдан воз кечишга давъат қилади, аммо ҳокимият бундай залолатдан воз кечмаса олимлар инсонларни бундай йўлдан чиққан ҳокимиятга бўйинсунмасликка даъват қиладилар….

Савол: Демак, Уламолар Кенгаши сиёсий ҳокимиятнинг бир тармоғи ҳисобланмайди?

Жавоб: Шундай, чунки юқорида диннинг фақат сиёсатдан иборат эмаслигини таъкидладик. Бу Кенгаш диннинг ижтимоий соҳалардаги ўрни ҳақида фикр берадиган кенгашдир. Ҳукумат албатта ўз сиёсатида бу фикрларни инобатга олиши керак бўлади. Муҳими олимнинг олимлигини, сиёсатчининг сиёсатини ҳақ асосида олиб боришидир. Ҳадисларда ҳам олимларнинг яхшиларининг ҳокимларнинг саройида таъзим қилмайдиганлар эканлиги таъкидланади. Яъни, ҳақиқий уламолар сарой уламоси бўла олмагани каби бўлар бўлмасга саройнинг ишига аралашавермаслиги ҳам керак…

Савол:  У ҳолда мусулмон аҳоли сиёсатга қандай аралашади?

Жавоб: Ислом умматининг бу масалада етарли тажрибаси бор. Мусулмонлар зулм кўрган ва Ислом жамиятнинг “қуёши” сифатида кўрилмаган тизимларда мусулмонлар турли ҳаракат ва сиёсий фирқаларга бирлашишга мажбур бўлдилар. Бу билан улар ўзларининг инсоний ҳақларини ва эътиқодий қадриятларини ҳимоя қилишга интилишган ва интилишмоқда  Бошқа томондан Исломга кўра мусулмонларнинг фирқаларга айрилиши ҳам маъқул иш эмасдир. Аммо ижтимоий сиёсий шартлар юқоридаги тажрибаларни зарурий қилган. Бу тажрибалар тўғрими, нотўғрими, давом эттирилиши керакми, йўқми, деган саволга мен ҳозир жавоб бера олмайман. Фақат мусулмонларнинг ўзларини бошқарадиган раҳбарларни сайлашлари, раҳбарликка сайланишлари, жамиятда адолатнинг устун бўлиши учун масъулиятни ўз зиммаларига олишлари, зулмга қарши яхшиликни тарғиб қилиб, инсонларни ёмонликдан қайтаришлари уларнинг бевосита вазифаларидир. Яъни, мусулмонлар сиёсатдан узоқ тура олмайдилар…

Савол: Бу маънода Ўзбекистонлик мусулмонлар нима қилишлари керак, деб ўйлайсиз?

Жавоб: Мустақиллик йилларида Ўзбекистонлик мусулмонлар ҳам етарли тажрибага эга бўлдилар, деб ўйлайман. Маълумки исломий партия тузиш ташаббусини золим режим бошданоқ бартараф қилди. Кейин ҳизбчилар ўртага чиқдилар, аммо режим уларнинг ҳам ҳаққидан келди. “Акромийлик” каби аслида Исломга унчалик алоқаси бўлмаган ҳаракат тузиш ташаббуси ҳам бўлди. Аммо буларнинг бирортаси натижа бермади. Бу билан бирга исломий маърифат ишлари тўхтаб ҳам қолмади. Ўзбекистонда ҳам, хорижда ҳам бу соҳада анча ишлар қилинди. Ўзбекистонликлар учун ҳозирги асосий вазифа Каримов оиласининг диктатурасига барҳам бериб, халқимизнинг эътиқодий, миллий ва инсоният тараққиётининг ижобий қирраларига асосланган янги жамият қуришдир. Бунинг учун ушбу қадриятларни ўзига байроқ қилиб олган бир ҳаракатга бирлашиш лозим. Бу ҳаракат эса ҳеч шубҳасиз Ўзбекистон Халқ Ҳаракатидир…

Савол: Бу айтилганлар асосида Ислом Каримов режимига қарши курашга халқ оммасининг қўзғалишини қандай  ташкил қилиш мумкин?

Жавоб: Диктатор Каримов режими танқид эмас, рад қилинадиган режимдир. Чунки бу режим давлатчиликнинг бирор асосини ўртага қўя олмади. Давлат тизими ва сиёсат юқорида таъкидлаганимиз каби эътиқод, адолат, ҳуқуқ, фуқаровийлик ва яхши ахлоқга асосланиши керак. Афсуски Каримов режимида буларнинг бирортасига ҳам ўрин берилмаган. Яъни, Ислом Каримов ўзбек халқи тарихида янги давлатчиликнинг асосчиси эмас, бир деспот сифатида ўрин олди. У қурдирган завод ва фабрикаларга келадиган бўлсак, булар ўзбек халқининг чорак асрлик меҳнатининг эвазига ўртага чиққандир. Афсуски Каримов режими халқимизни инсон ҳуқуқларидан маҳрум қилгани каби, унинг бойлигини ҳам талон тарож қилди, исроф билан совурди. Аммо зулм абадий эмас, бугунги кунга келиб Ўзбекистондаги жиноят режимининг хотимаси яқинлашиб қолганлигига ҳаммамиз гувоҳ бўлиб турибмиз. Шундай экан ҳозирги кунда бутун тараққийпарвар инсонлар бир жон, бир тан бўлиб бу зулм режимидан қутулиш учун ўзаро иттифоқга келишлари керак. Таҳрир майдонида Миср фуқаролари дини, сиёсий қараши ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар диктатурага қарши туришнинг яхши ўрнагини кўрсатдилар. Биз Тошкентда ҳам ЎХҲ етакчилигида айни сиёсий манзарани кўришни истаймиз.

Савол: Ўзбекистоннинг яқин сиёсий келажагини қандай тасаввур қиласиз?

Жавоб: Мен мусулмон сиёсатчи сифатида умидсизликдан йироқман. Бундан чорак аср аввал биз мустақилликка ҳозир эмас эдик, шундай бўлса ҳам алҳамдулиллаҳ давлат сифатида мустақил бўлдик. Ҳозир ҳам зоҳирда эркинлик ва адолатга ҳозир эмасдек кўринмоқдамиз. Ҳолбуки диктатор Каримовнинг ўзи ҳам, режими ҳам умрининг заволида турибди. Айтиш керакки, бутун халқимиз эркинлик ва адолатни интизорлик билан кутмоқда. Каримов ва унинг оиласидан халқ ҳам, жамият ҳам безиб бўлди. Бундай вазиятда халқимизни, жамиятни ва давлатимизни янги тараққиёт босқичига бошлайдиган сиёсий кучларга эҳтиёж бор. Буларнинг асосийси ЎХҲ эканлигини айтиб ўтдим. Шу билан бирга қишлоқ аҳлининг манфаатларини ҳимоя қиладиган“Озод деҳқонлар” фирқаси, ватанимиздаги қўрқинч экологик вазиятнинг тузалишига ўз ҳиссасини қўшадиган “Яшиллар” фирқасининг тузилиши ва фаолиятга бошлашини мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Аммо ўзи ахлоқсиз бўлгани ҳолда инсонларни ҳаромийликда айблайдиган, шиори радикал секуларизм, ирқчилик бўлган “инсон”лар ва улар томонидан тузилган сиёсий ташкилотларга орамизда ўрин бўлмаслиги керак, деб ўйлайман…

Савол: Аллоҳнинг  мадади билан Каримов режими йиқиладиган бўлса, биринчи навбатда қилинадиган сиёсий ишлар нималардан иборат бўлиши керак, деб ўйлайсиз?

Жавоб: Аввало сиёсий барқарорликни қўлдан бой бермаслигимиз, яъни сиёсий анархияга йўл қўймаслигимиз керак. Бунинг учун янги ҳукуматни тузиб, марказий ва маҳаллий ҳокимият тармоқларининг фаолиятини янги шартларда йўлга қўйишимиз керак. Инсонларимиз қўзғолоннинг, агар унга эҳтиёж туғиладиган бўлса, бир неча кунлик иш эканлигини, аммо жамиятнинг тубдан ўзгариши эса бир неча йиллик иш эканлигини яхши билишлари керак бўлади. Янги сиёсий шароитда ҳар қандай радикал шиор ва ҳаракатлардан узоқ туришимиз керак бўлади. Мен диний, сиёсий ва миллий масалалардаги радикал шиорларни назарда тутаяпман. Сиёсатда шошма шошарликка ўрин бўлмайди. Амалий ишларга келадиган бўлсак, булар сиёсий ва диний маҳбусларни озод қилишдан бошланади. Шунингдек, ОВИР визасини бекор қилиш, қўшни давлатлар билан чегараларни очиш, божхона ва солиқ тизимини янги даврга мослаш, кичик ва ўрта тадбиркорликни, фермерлар фаолиятини ҳақиқий маънода эркинлаштириш ва хусусийлаштириш энг аввал қилинадиган долзарб масалалардир. Шу билан бирга эътиқод, фикр, сўз эркинлиги, турли жамият ва ташкилотларга бирлашиш эркинлиги йўлга қўйилиши керак. Фақат бу эркинликлар инсонларнинг дини, жони, ақли, мол мулки, ирсининг (наслларнинг) соғломлигига ва номусига зарар бермайдиган шаклда тадбиқ қилиниши керак. Мана шу ижтимоий сиёсий тадбирлар амалга оширилгандан кейин доимий ҳукуматни шакллантириш учун сайловлар ўтказишга шароит яратилган бўлади..

Савол: Сиёсат ҳақида яна айтадиган гапингиз борми?

Жавоб: Инсонларни Аллоҳ яратган, давлатларни эса инсонлар ўртага чиқарганлар. Яъни, нақл ва ақл нисбатан бир биридан айри, аммо инсон учун мутлақ зарурий ҳамда ўзаро мутаносиб (бир бирини рад қилмайдиган, бир бирига мос бўлган) асослар ва қадриятлардир. Уларга мана шу шаклда эргашганлар икки дунёда хор бўлмайдилар…

 

Суҳбатни М. Абутов олиб борди.
24 октябрь 2012 йил

 

http://www.uzxalqharakati.com/archives/14015