Oct 112012
 

Бахтиёр Ҳамроев

Болалигим қишлоғимда қолиб кетди,

Қишлоғимни соғинганда боролмайман.

(Юлдуз Усмонова қўшиғидан)

Ҳа, ўсиб улғайган, киндик қоним тўкилган қишлоғимга боролмайдиган бўлганман. Аниқроғи, мен учун қишлоғимга борадиган йўллар беркитилган.

Қишлоғим, буюк аллома Аҳмад Яссавийнинг издошлари, Яссавий тариқатининг давомчилари бўлган диний уламолар Дарвешшайх, Примшайх, Сайидоувшайх ва Азимшайхлар яшаб ўтган, қишин-ёзин Алиобод шамоли тинмай эсиб турадиган жойда жойлашган.

Ўзбекиситонда юз мингдан ортиқ қишлоқ бўлса, шунча ном, шунча тарихга эга албатта.

Қишлоғим  Шайбонийлар сулоласидан бўлмиш подшо Абдуллахон томонидан 16-асрларда қазилган Пой-ариқ ариғининг этагидаги «Саҳобота» номидаги Муҳаммад С.А.В нинг саҳобаларидан бирининг қабри жойлашган қабристон  ёнгинасида жойлашган. Ҳар бир қишлоқлар қатори ўзига яраша тарихи бор. Бу тарихи давомида қишлоғимиз ўндан ортиқ номлар билан аталган. Ҳозирда кимдир Чолмуюн, кимдир Саидоув, Ойбоштуп, Кийиктуп, Фармонқул, хулласи анча-қанча номлар билан аталади.

Ўзбекистон Горбачёвнинг каромати ила «мустақил» бўлиб олгандан сўнг, қишлоғимиз атрофдаги аҳоли 20 аср бошида атагани каби, қайтадан қишлоғимизни Исёнкор деб атай бошланган ва ҳозиргача тез-тез тилга олиниб туради. Айниқса Самарқанд вилояти ҳокимлигидагилар яхши билишади.

Пойариқ туман ҳокимияти ва бошқа идораларда ишлайдиган раҳбарлар бу номни кўплаб қўллайдилар. Исёнкор қишлоғидан борган вакилларнинг ишлари бошқа қишлоқдан борган одамларга қараганда ариза-ю шикоятлари тезликда битарди. Бу қишлоқдан аризачилар келганда ҳокимиятдагилар албатта осмонга бир қараб «Янги ой чикдими ,нима бало?» деб олар экан. 

Сабаби, қишлоғимизнинг кексаларининг айтишича, Ойбоштупликларга хос бир қизиқ ҳолат бор, яъни, янги ой энди чиқа бошлагандан бу қишлоқдагиларники «тута» бошлар экан. Аниқроқ қилиб айтганда исёнкорга айланар экан. «Босмачилик» давридаги қишлоғимиз исёнкорлигига тўхталиб ўтирмадим. Яхши эсимда, 1992 йил бошларида, Ўзбекистонда рўй берган нон тақчиллиги даврида туман ҳокимлиги томонидан ҳар куни Исёнкор қишлоғи узлуксиз нон билан таминланиб туриларди. 

Сабаби, қишлоқ аҳлининг исёнкорлиги тутиб қолар эди. Яна ҳам яхши эсимда, 1992-1993 йилларда, икки туман раҳбарлари орасида минг гектар ташландиқ ер учун қаттиқ талаш бўлди. Икки туман раҳбарларининг айби билан, икки туман аҳли орасида катта жанжал юзага келди. Ўшанда Исёнкор қишлоғимиз бутун аҳолиси оёққа турди. Ерни тортиб оламиз деб келган қўшни туман ИИБнинг автоматлар билан қуролланган миршабларига қарши чиқиб, машиналарнинг тагларига, комбайн ва бошқа техникаларнинг ғилдираклари остига ётиб олишдилар. 

Миршабларнинг қуролларига кўкрагини тираб «Қани от» дея ҳайқирдилар. Бу воқеа бўлишидан олдин ҳибсга олинган қишлоғимиз мулласи, трактористни туман ИИБ биносини бутун Исёнкор қишлоқ аҳолиси ўраб олиб митинг қилишди ва албатта гаровдагиларни озод қилиб келишди. Оқибатда минг гектар ердан 400 га ер қишлоғимизга қайтарилиб берилди.

Исёнкор қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман.

Исёнкорлигим туфайли, 1977 йилда, Ростов-Дон вилоятининг Волгадонск шаҳрида «Атоммаш» заводи қурилишида ишлаганимда Дон казакларининг атамани билан қаттиқ тортишув ва жанжал бўлган эди. Ўшанда казак атамани «Менинг бобом Жиззах биқинидаги Равот қишлоғида сенга ўхшаган сартларнинг аёлларини кўкрагини қиличи билан кесган ва зўрлаган» деб ҳақоратлаганда, унга мен «Чунки, сенинг ота-бобонг варвар бўлган. Қамишдан тўқилган иштони бўлган. 10-асрга келиб динга кириб инсонлар сафига кира бошлаган. Бу ҳам майли, ҳатто 15-асрга келиб ҳам ота бобонгнинг ёзувида нуқта, вергул, ундов белгилари бўлмаган. Ҳолбуки, 10 – 15 асларда, менинг аждодларим юлдузлар қанчалигини санаган, алгебра фанига асос солган, «Хамсалар» ёзган. Мана, ҳозир ҳам сен забонинг билан сўзлаётган мана шу сўзларнинг 70 фоизи туркий сўзлар ўзагидан ташкил топади» деб айтганимдан сўнг калтакланиш оқибатида юзимнинг соғ жойи қолмаган эди.

Жанжал тугагандан сўнг, атаман тан бериб, ҳатто кечирим ҳам сўраган эди. Ўшанда, қалбимда, ҳаётимда биринчи бор ғалаба ҳиссини идрок этган эдим, ҳамда исёнкор қишлоғим одамларини соғиниш ҳисси ҳам қалбимда биринчи марта рўй берган эди.

Исёнкор қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман.

Исёнкорлигим туфайли, Ёмонқулнинг ўғли Убайдулланинг 70 якин малайларидан вилоят ҳокимининг катта маслаҳатчиси Ўктам «ҳожи», Жиззах Телерадиокомпанияси раиси Ҳусан Эрматов, «Ўзбекистон қаҳрамони» Парда Зиётов, «Жиззах овози» газетаси бош муҳаррири Акрам Имомов ва бошқалар уйимга бостириб кириб «Американинг агенти, ватан хоини, Жиззахда ҳам Андижонни қайтармоқчимисанлар, сенга 24 соат муҳлат берамиз, қишлоғингга кўчиб кет» дея шарт қўйганда «Қайдасан Ойбоштупликларим, исёнкор қардошларим» дея қичқиргим келди.

Айниқса, 2006 йилнинг 18 августида  иккинчи маротаба уюштирилган босқинчиликда, уйимнинг олдида турган оломон «Бу Бахтиёр шпионни, ватан хоинини, терористни ҳовлига олиб чиқинглар, тошбўрон қиламиз» дея қичқирганларида мен соғинган Исёнкор қишлоғининг одамлари кўз ўнгимдан ўтган, ёнимда бўлишини жуда-жуда истаган эдим. Чунки, бу тошбўронга тайёр турган, қичқираётган, ҳар қандай қабиҳликка тайёр зомби, манқурт оломоннинг атрофида яна бир оломон бор эдики, улар қишлоғимдаги одамларга асло ўхшамас, жимгина томошабин бўлиб туришар эди. 

Энг фожеалиси шундаки, бу томошобинлар орасида майоридан тортиб сержант унвонли миршаблар бор эди. Уларнинг қулидан фақат Буюк Британия Қироличасининг Ўзбекистондаги элчихонаси дипломатлари Бен Гринвуд ва Леонид Кудрявцевларни оломон ичидан олиб чиқиб кетишга кучлари етди холос. Ўшанда, оломон ичида қамалда қолган, бутунлай ўзини йўқотиб қўйган Б.Гринвуднинг осмонга қараб «Бу қанака халқ ўзи?» деган, деярли унсиз овози хотирамда михланиб қолган эди.

Қишлоғимни соғиндим, аммо боролмайман.

Исёнкорлигим туфайли, мен учун ҳаммасидан катта фожеа кейин рўй бергани шу бўлди-ки, Андижон хунрезлигидан кейин 26 май куни (тиллога топилмас ягона қизимнинг туғилган куни) ҳокимият томонидан уюштирилган босқинчиликдан кейин уч кун ўтиб, Исёнкор қишлоғим жойлашган Пойарик туманидаги куч салоҳиятига эга ва бошқа идоралар томонидан бир вакил яширинча келиб мен билан учрашиб кетди. Айтганларини шеърий тарзда ёзишга ҳаракат қилдим:

Кайтиб борманг қишлоғингизга, биз учун ҳам кўп ғавғолар бўладур,

Кўчиб борманг, айтинг майли, Исёнкорда кўп муаммо ҳал бўладур,

Билиб қўйинг, Исёнкорнинг одамлари «хат» қилишиб юқорига чиқишдилар,

Ҳатто, аканг-уканг, оғайнилар имзо тўплаб Сендан «воз» кечишдилар.

Қишлоғимни соғиндим, жуда-жуда соғиндим, аммо боролмайман.

Исёнкорлигим туфайли, энди ҳукумат десантчи ўғлимни қамоққа тиқишдилар.

«Айтинг ўғлим, болагинам, нима қилай Сиз учун, барчасига тайёрман?»

Дадажоним! Сиз учун мен туриб бераман!!! Маҳкам бўлинг!

Мен учун бунданда ортиқ мукофот йўқдир!

Азиз халқим! Нечун энди бу диёрда ҳақиқатлар қолмаса?

Азиз халқим! Бу дунёга нега келдинг ўз овозинг бўлмаса?

Азиз халқим! Бу дунёда нега борсан, ном нишонанг қолмаса?

Азиз халқим! Ўзбек деган номинг бор Туронзамин диёрида!

Туркий халқим, ор-номусу – диёнатга қайтайлик!

Аллоҳимиз паноҳида чин ҳақиқатни айтайлик!

Миллати йўқ золимларни бита-битта йиғайлик!,

Азиз халқим! Ўзбек деган номинг бор Туронзамин диёрида!

Инсон юрагидай бақувват аъзо бўлмаса керак. Бу аъзо ҳар қандай юкни кўтара олишга қодирдир!

Мен учун бундай оғир тошлар жуда-жуда оғирлик қилиб кетяпти. Борган сари бу тошлар мени ерга чўктиришда давом этмоқчи.

Йўқ-йўқ! Мен кучлиман! Исёнкорманку! Исёнкор қишлоғиданманку!

Қишлоғимни соғиндим, жуда-жуда соғиндим, Исёнкор қишлоғим тушларимга ҳар кун киради, аммо боролмайман.

Эй АЛЛОҲим! Ўзинг кечиргил мени. Бошимга солаётган барча мушкулларингга ҳам минг қатла шукр. 

Тавба қилдим, тавба қилдим…

Бахтиёр Ҳамроев.

 

http://zamondosh.blogspot.ie/2012/10/blog-post_11.html#more