Oct 072012
 

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими бошланганига 1 ойдан кўп вақт ўтдики,Ўзбекистон хукумати ҳар йилгидек мактаб ўқувчиларини оммавий равишда пахта теришга жалб этгани  йўқ. Тўғрисини айтганда, бу нарса мени ниҳоятда ажаблантирди. Мен эсимни таниганимдан бери, яъни 1965 йиллардан бери биринчи марта шу нарса рўй берди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, Ўзбекистон хукумати бир неча йиллар давомида болалар меҳнатини тақиқловчи халқаро конвенцияларни ратификация қилди. Ўзбекистонда болалар меҳнатини тақиқлаш тўғрисида қонун қабул қилинди. Болалар меҳнатигақарши кураш тўғрисида миллий планлар тузилди. Шавкат Мирзиёевнинг қарорлари қабул қилинди. Лекин, 2007 йилдан бери халқаро босимларга қарамасдан Ўзбекистон хукумати мактаб ўқувчиларини мажбурий меҳнатга, пахта теримига оммавий жалб қилиб келди.

Мен бу йил ҳам хукумат ҳар йилгидек мактаб ўқувчиларини пахта теримига жалб қилса керак деб кутдим, лекин ҳар қалай пахта йиғим-терими бошланганига ҳам бир ойдан кўп вақт ўтдики, мактаб ўкувчилари оммавий пахта теримига жалб қилинмаяпти[1,2,3]. Ўзбекистонда пахтанинг асосий кисми териб бўлинди, яъни 1-2-3 теримлар териб бўлинди. Бундан кейин Ўзбекистон хукумати Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг 11 августда чиқарган:- “2012 йил пахта ҳосили теримида болалар меҳнатидан фойдаланишни тақиқлаш ҳақида директива”га бундан кейин ҳам биринчи марта амал қилса керак.[4,5].

Ўз-ўзидан шундай савол туғилади, нега Ислом Каримов режими бу йил мактаб ўкувчиларини оммавий пахта теримига жалб қилишдан воз кечди. Мен бунинг тўрт сабаби бор деб ўйлайман.

1.Ўзбекистон 2-марта АҚШнинг стратегик ҳамкорига айланди. Ҳаммага маълумки,Ўзбекистон  АҚШнинг  1-марта 2001 йилнинг 11 сентябрь вокеаларидан кейин, 2005 йилнинг 13 майида рўй берган Андижон воқеаларида тинч намойишчиларни Ислом Каримов режими ўққа тутганини қоралагунча стратегик ҳамкори бўлган эди; 

2.Ўзбекистон пахтасини бойкот қилувчи ғарб мамлакатларидаги текстиль махсулотлари билан чакана савдо қилувчи компаниялари сони 80 га етди.Ўтган йили 60 та эди;

3.Ўзбекистонда ахолининг ижтимоий-иқтисодийаҳволи йиллар ўтса-да яхшиланмаяпти, чет мамлакатларга иш излаб кетувчи  Ўзбекистонликлар сони борган сари кўпайиб бормоқда;

4. Ислом Каримов режими халқаро жамоатчиликнинг ва Ўзбекистон ахолисининг норозилигини эътиборсиз қолдира олмаслигини тушуниб етди.

Мен 1-сабабни Ислом Каримов режимининг мактаб ўқувчиларини оммавий пахта теримига жалб қилмаслигида асосий омил деб ҳисоблайман. Дарҳақиқат, Ислом Каримов режими АҚШ билан стратегик ҳамкорлик қилишда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари аҳволини яхшилашга эришишга мажбур.

Ўзбекистонда болалар меҳнатидан  воз кечганлигида 2 хусусият кўзга ташланади.

1.Мактаб ўқувчиларини оммавий пахта теримига жалб қилишдан воз кечилди, лекин бошқа томондан лицей, коллеж талабаларини, ўкитувчиларини, врачларни, давлат корхоналари ва ташкилотларининг ишчи ходимларини пахта теримига жалб қилиш кескин ошди[6];

2.Мактаб ўкувчиларини оммавий пахта теримига жалб қилмаслик Ўзбекистонда сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни ўтказмасдан амалга оширилди. Ислом Каримов режимининг клептократик моҳияти ўзгармади.

Ўзбекистонда маъмурий буйруқбозлик системаси тўла сақланиб қолди[7].

  Ўзбекистон келажакда мажбурий меҳнатдан тўла воз кечиши учун сиёсий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга мажбур[8]. Бунинг қуйидаги сабаблари бор:

 1.Орол денгизининг қуришини тўхтатиб қолиш ва иложи бўлса тиклаш[9];

  2.Қирғизистон ва Тожикистонда ГЭСларнинг қурилиши натижасида, Афғонистонда қишлоқ ҳўжалиги ва саноатнинг ривожланиши оқибатидаЎзбекистонда ишлатиладиган Амударё ва Сирдарё сувларининг камайиши ва ҳамда Марказий Осиёда келажакда сув танқислигининг кескин кучайиши[10,11];

3.Ўзбекистондаги ерларнинг  шўрланиши ва деградациясини тўхтатиш;

4.Ўзбекистондаги аҳолининг ночор ижтимоий-иқтисодийаҳволини яхшилаш.

 

Ўзбекистон хукумати қуйидаги ислоҳотларни ўтказиши керак:

 1.Ерлар хусусийлаштирилиши керак,фермерларга бўлиб берилиши керак[12];

2.Фермерларга тўла қайси экинни экиш, қайси нархда ва кимга сотиш эркинлиги берилиши керак[13];

3.Сув кам сарфланадиган қишлоқ ҳўжалиги экинларини етиштириш кўпайтирилиши керак;

4.Қишлок ҳўжалиги ва саноатда сув кам сарф қилинадиган технологиялар тадбиқ қилиниши керак;

5.Пахта етиштириш кескин камайтирилиши керак. Балким пахта етиштириш 3,5 млн тоннадан 1 миллион тоннагача камайтирилар, қанчага камайтирилишини ўзбек олимлари ҳал қилади[13,14].

 

   Лекин бу ислоҳотларни амалга оширишни Ўзбекистон президентлигини узурпация қилиб олган диктатор Ислом Каримовдан 20 йиллар давомида кутиб чарчадик, “Бирлик” халқ ҳаракати партияси лидерлигини узурпация қилиб олган Абдураҳим Пўлатов, “Эрк” демократик партияси ва ЎХҲининг лидерлигини узурпация қилиб олган Муҳаммад Солиҳ ва “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати лидери Баҳодир Чориевларнинг ўзаро келишиб, ўзбек мухолифатини сиёсий кучга айлантиришига умид ҳам қарийб йўқолиб бўлди.

 

Ўзбек жамиятининг эса, эшак минган демократлар Ислом Каримов, Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳлардан воз кечиш нияти йўқ,туя минган демократ Баҳодир Чориевнинг от минган демократга айланиши савол остида қолмоқда.

 

7 октябрь, 2012 йил.

 

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти. 

Дублин, Ирландия.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1.Иштихонлик ўқувчилар пахтага ҳайдалди. 29.09.2012.(http://www.ozodlik.org/content/article/24723781.html,http://uz.hrsu.org/archives/4273#more-4273).

2.Иштихонлик ўқувчилар пахтадан мактабга қайтди. 04.10.2012.(http://www.ozodlik.org/content/article/24728682.html,http://uz.hrsu.org/archives/4317#more-4317).

3.“Cotton campaign” вакили Ўзбекистонда пахта далаларини айланмоқда. 02.10.2012.(http://www.ozodlik.org/content/article/24726338.html, http://uz.hrsu.org/archives/4298#more-4298).

 4. Шавкат Мирзиёев тағин болалар меҳнатини тақиқламоқда. 13.08.2012.(http://www.uznews.net/news_single.php?lng=uz&cid=30&nid=20546).

 5.Бу йил ўзбекистонлик болалар пахта термайди. 14.08.2012.(http://www.ozodlik.org/content/article/24676496.html).

 6. Абдужалил Бойматов: Наҳотки, бу йил Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилади?! 12.09.2012. (http://uz.hrsu.org/archives/4179#more-4179).

 7.Ахмад ҳожи Хоразмий. “Вакил”нинг фойдаси ва зарари ҳақида. 02.10. 2012.(http://www.uzxalqharakati.com/archives/13655, http://uz.hrsu.org/archives/4305#more-4305).

8.Узбекистан: принудительный труд. Принуждение — это гарантированный крах. 2012.(http://ru.hrsu.org/archives/3842#more-3842).

9. Акбар Саидзода: Узбекистан – расточительное использование воды. 04.07.2011. (http://www.ca-news.org/news/725921, http://khovar.tj/rus/society/34564-uzbekistan-rastochitelnoe-ispolzovanie-vody.html, http://ru.hrsu.org/archives/3926#more-3926).

 10. Депутат Европарламента сравнил Центральную Азию с кипящим экологическим котлом. 17.07.2012.(http://www.ca-news.org/news:1022731/),

(http://ru.hrsu.org/archives/3677#more-3677).

 11.На ТВ-радио Замондош Ахтам Шаймарданов и Абдужалил Бойматов.11.05.2012.(http://zamondosh.blogspot.ie/2012/05/uzbekistan-green-party-community.html).

 12. Ахтам Шаймарданов: Призываю правозащитников Узбекистана добиваться частной собственности на земли дехканских и фермерских хозяйств страны !

09.06.2012. (http://ru.hrsu.org/archives/3472#more-3472).

 13.Ахтам Шаймарданов.Комментарии по дискуссии на Uznews.net «Общество гумманистов» – об Андижанской трагедии. 18.05.2012. (http://zamondosh.blogspot.ie/2012/05/blog-post_6312.html).

 14.Кристофер Мартиус:’Ўзбекистон пахтадан воз кечса, қишлоқ хўжалигида дунёда етакчилардан бўлади’.30.01.2012.(http://www.bbc.co.uk/uzbek/interactivity/2012/01/120130_cy_talkingpoint_martius.shtml),(http://uz.hrsu.org/archives/3407).