Oct 072012
 

Вакцинадан ўлиш навбати одамларга келди

Маълумки Ўш ва Жалолобод вилоятларида вакцинация туфайли минглаб қўйлар ўлди.

Қўйларнинг заҳарланиб ўлгани газетада, телевидение ва радиода, ҳатто Қирғиз  парламентида муҳокама қилинди…

Яқинда эса бир воқеа юз берди. Бу ҳам вакцинацияга тегишли. Яна сифатсиз вакциналар қўлланилди. Яна ўлим ҳолати содир бўлди.

Бу сафар эса телевидение ҳам, газета ҳам, Қирғиз парламенти ҳам жим.

Матбуотда ёритиш  тугул, бу ҳақда ҳатто ўзаро гаплашиш ҳам таъқиқланди. Балким бу сафар шубҳали вакцинадан  қўйлар эмас, одамлар ўлгани учун ҳам  сукут сақлангандир.

Ўш шаҳрининг Жийдалик кўчаси, 23-чи уйда яшовчи 67 ёшли Фирдавсиева Ҳабибахон ая ва унинг турмуш ўртоғи Фирдавсиев Султонхон акалар бу йил ҳажга боришни ният қилган эди.

Маҳлумки, ҳаж сафаридан олдин зиёратчилар тиббий текширувдан ўтказилади. 25-чи сентябр куни эр-хотин Фирдавсиевлар ҳаж штабига бориб, гриппга қарши вакцинациядан ўтиб келишди.

Уйга келгач эса аҳволлари ёмонлашди. Уч кун давомида бу хонадонга қатнаган ,,тез тиббий ёрдам” ходимлари эса, фақат тинчлантирувчи укол қилиш билан чекланган.

Бесамар муолажадан наф чиқмай  27-чи сентябрда Ҳабибахон Фирдавсиева оламдан ўтди. Турмуш ўртоғи Султонхон Фирдавсиев эса аҳволи ўта оғир бўлишига қарамасдан реанимация бўлимидан чиқарилиб, ООКБнинг инфекция касалликлари бўлимига ётқизилди.

Марҳуманинг фарзандлари тегишли давлат органларига мурожаат қилмоқчи. Аммо уларга муфтият , ҳаж штабидан вакиллар ва касалхона врачлари арз қилишни таъқиқлаб, босим ўтказмоқда.

Онасидан ажралган фарзандлар ,,врачларнинг қўлидан ҳар нарса келади, отамизга ҳам бирон кор ҳол бўлиши мумкин” деган ҳавотирда.

Ҳаж штабидагилар ва врачлар эса бу ҳолат ошкор бўлса,текширув бошланиши мумкинлиги  ва ҳажга борувчилар норозилига сабаб бўлишини ўйлаб бу оилага босим ўтказишда давом этмоқда.

Вакцина сабаб ўлим содир бўлганини эшитган кўпчилик  зиёратчилар эса ҳаж штаби ва врачларга қўшимча пора бериш эвазига эмланганлиги ҳақида  маълумотнома оляпти.

,,Эчкига жон кайғу, қассобга ёғ” дегани шу бўлса керак …

Айрим хабарларга кўра сифатсиз вакцинадан ўлиш ва заҳарланиш ҳолатлари Ўзген ва Новқатда ҳам содир бўлган.

Муфтиятдан келганлар эса бу оилаларга :,, – бу оллоҳнинг иродаси, ҳажга бориш насиб қилмаган экан, сабр қилинг” -деб таскин бериб кетишмоқда.

Чорвага қирон келганда  дунёга аюҳаннос солганлар учун одамлар ҳаёти гапиришгаям арзимас воқеамикин.

Азалдан порахўрлик билан ҳар қандай ишни ,,ёпиб-очиб” ўрганган врачлар қилмиши учун бирон кун жазо олар, аммо муқаддас Маккага ҳажга кетаётган, воқеани кўра била туриб, сукутни афзал кўраётган муфтият ва сафарни ихтиёр қилганларнинг  ҳаж зиёрати қабул бўлармикин…

Шавкат Муҳаммад

http://www.zamondosh.blogspot.ie/2012/10/blog-post_7.html#more