Oct 022012
 

ПАХТА ҚАРҒИШИ

BBC Ўзбек хизмати шу йил 19 сентябрда эълон қилган мақоласида иқтисодчи Анвар Ҳусаинов Ўзбекистон пахтадан воз кечса 100 миллиард доллар даромад кўришини иддао қилади. Мақолада 1.5 миллион гектарга экиладиган пахтадан мамлакат иқтисодига 1.5 миллиард доллар келиши тўғрисидаги маълумот хам келтирилади. Пахта экспортидан келадиган соф даромад миқдори хақида аниқ маълумот йўқлиги хам таъкидланади.

Расмий бўлмаган маълумотларга қараганда Ўзбекистонга пахта етиштиришдан келадиган соф даромад йилдан-йилга ошиб бормоқда ва сўнгги 5 йил учун 300-500 миллион доллар ўртасида ўзгариб турган. Қишлоқ хўжалиги сохасига 5 миллион атрофида доимий, 10 миллионгача вақтинча ишчи жалб қилинадиган ўлка учун бу жуда кичик даромад хисобланади. Ўзбекистондай ахоли сони 30 миллионга яқинлашиб қолган давлат учун бугун қишлоқ хўжалиги сохаси етказиб бераётган даромад аслида жуда кам хисобланади. Қишлоқ хўжалиги миллий иқтисоднинг негизини ташкил қиладиган давлатларнинг бирортаси фаровонлик даражаси бўйича ривожланган давлатлар даражасининг яқинига хам йўлай олмаётгани фикримнинг асосли эканини яна бир карра исботлайди.

Аммо мамлакатимизда пахтадан бошқа деярли барча қишлоқ хўжалик махсулотлари ички истеъмол учун етиштирилади. Ғалла мустақиллиги сиёсатига қарамасдан Қозоғистондан контрабанда йўли билан келтириладиган дон махсулотлари баъзи хисобларга қараганда ички талабнинг камида 25 фоизини қоплайди. Мазкур 2012 йилга қадар мамлакатимиздан қўшни Қозоғистон ва Россияга норасмий йўллар билан экспорт қилинадиган қишлоқ хўжалиги махсулотларининг миқдори сезиларли даражада катта эди ва бу экспортдан келадиган даромад айнан ахолининг энг қашшоқ хисобланадиган қишлоқ хўжалиги билангина кун кечирадиган қисми учун асосий даромад манбаига айланганди.

Мазкур йилда собиқ иттифоқдошлар Россия, Қозоғистон ва Белоруснинг ягона божхона тизимига ўтганлиги ва Россиянинг талаби билан Марказий Осиёдан айланма йўллар билан келтириладиган қишлоқ хўжалик махсулотларини чеклаш тадбири олинганлиги мамлакатимизда етиштирилган мева-сабзовот махсулотларининг норасмий экспортига тўсқинлик қилди. Натижада ахолининг энг қашшоқ хисобланган қишлоқ хўжалигидангина даромад кўрадиган қатлами катта талофатларга учради. Бу мамлакат ички бозорида айниқса ёз ойларида қишлоқ хўжалик махсулотлари нархининг кескин пасайиб кетишига ва таклифнинг кўплигидан баъзи худудларда баъзи махсулотларни бозорга элтиб сотиш харажатлари унинг транспорт харажатларини хам қопламайдиган даражага келиб қолишига сабаб бўлди.

Хукумат мутасаддиларининг мамлакат ичкарисида мазкур махсулотлар савдосини тўғри йўлга қўйиш сиёсатини юргиза олишмагани пировардда кўп жойларда ахолининг қишлоқ хўжалиги билан шуғулланиш оқибатида аксинча зарар кўришига сабаб бўлди. Шу ўринда ривожланган давлатларнинг барчаси ва ривожланаётган давлатларнинг асосий қисмида қишлоқ хўжалиги сохасининг дотацион соха экани ва доим давлат аралашуви ва қўллаб қувватлашига таяниб фаолият юритишга мажбур экани хукуматимизнинг парвойига хам келмаганини инобатга олиш жоиз.

Пахта етиштириш сохасидан фарқли ўлароқ бошқа қишлоқ хўжалиги махсулоталари хақли равишда хукумат томонидан даромад келтирадиган соха сифатида қаралмайди. Бунинг сабабларини англаб етиш учун мазкур махсулотларни ишлаб чиқаришни режалштиришдан тортиб халқаро биржаларда реализация қилинишигача бўлган жараённи билиш даркор.

Пахта хом ашёсини мамлакат учун хануз энг экспортпоб махсулот холида ушлаб турган бирламчи омил унинг сақланиш хусусияти билан боғлиқ. Бошқа қишлоқ хўжалик махсулотлари, хусусан мева-сабзовотлардан фарқли ўлароқ пахта хом ашёсини исталганча муддат реализация қилмасдан ушлаб туриш мумкин. Экспортбоп махсулотларни мамлакатдан олиб чиқиб кетиш учун яратилган сунъий тўсиқлар натижасида тайёр махсулот расмий йўл билан чиқиб кетиши олдидан ойлар давомида божхона омборларида қолиб кетади. Бунинг асосий сабаби хар қандай иқтисодий фаолиятдан шахсий манфаат кўзловчи амалдорлар ташкил этган коррупцион тизимдир. Жахонда бир неча иқтисодий тахлилчилар томонидан чиқариладиган “Doing Business” (Бизнес юритиш) деб аталмиш тадбиркорлик сохасига оид хисоботларда Ўзбекистонда тайёр махсулотни чегарадан олиб чиқиб кетиш учун лозим бўлган ўртача муддат 6-9 ой қилиб кўрсатилган. Бу кўрсаткич қўшни Қозоғистон учун ўртача 3 ойни ташкил этади. Мазкур сабабдан мамлакатимиз тайёр махсулотни экспорт қилиш олдига қўйилган тўсиқлар борасида дунёда энг қолоқ бешликка киради.

Бундай коррупцион божхона ва расмиятчилик тизимига асосланган иқтисодий сиёсат юритувчи мамлакатда пахтадан бошқа қишлоқ хўжалик махсулотларининг расмий экспорти хақида афсуски гапирмаса хам бўлади. Юқорида тилга олинган шахсий томорқаларда етиштирилган махсулотларнинг қўшни давлатларга “норасмий” экспорти эса тўлалигича коррупцияга асосланган. Ўзбекистон чегараларидан нарса олиб чиқиш ёки олиб кириш борасида қандай тўсиқлар мавжудлигини ва таъмагирлик даражасининг қандайлигини гапириб ўтиришга хожат йўқ, чунки буни билмайдиган фуқаронинг ўзи йўқ.

Пахта етиштириш масаласининг ўзига хослиги тўғрисида тўхталишдан олдин умуман қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ яна бир жихат хақида тўхталиш жоиз. Мамлакатда айниқса қишлоқ хўжалиги билан банд ахолининг иқтисодий саводхонлиги пастлиги ва хукуматнинг бу камчиликни бартараф этишдан манфаатдор эмаслиги натижасида талаб-таклиф қонунлари умуман ишламайди. Натижада, масалан бир йил сабзи ва картошка қиммат бўлса кейинги йил кўпчилик шу махсулотларни етиштиришга қарор қилади. Таклифнинг ошиб кетиши оқибатида бу йил аксинча мазкур махсулотларни етиштирганлар яҳши даромад кўра олмасдан кутилмаганда помидор ва пиёз қиммат бўлиб қолади.

Бу жараён занжир реакцияси кўринишини олиб доим пировард натижада оддий дехқоннинг етарлича даромад кўра олмаслигига сабаб бўлиб келади. Совет иттифоқидан “режали иқтисодиёт” тушунчасини мерос олган хукумат бўлса режани фақат пахта ва буғдой учун белгилайди ва бошқа қишлоқ хўжалик махсулотларига бўлган талабни инобатга олиб таклифни талабга мутаносиб қилиш сиёсатини юрғазмайди. Бунинг асосий сабаби хукумат иқтисодий сиёсатни иқтисод қонунлари асосида юргизмаслигидадир. Яъни, пахта ва буғдой учун режа ички бозорни ўрганиш асосида эмас, давлат бюджети қандай шаклланиши асосида ўрнатишидир. Масалан бу йил “Форумлар Саройи” қурилиши учун кўпроқ хорижий валюта лозим бўлса пахта режаси ўтган йилдагидан кўпроқ қўйилади ва бунинг учун буғдойга ажратиладиган далалар қисқартирилади.

Демак хукуматнинг қишлоқ хўжалигини том маънода ислоҳ қилишдек мақсади йўқ. Унинг ягона мақасди экспорт қилинадиган пахта миқдорини ошириш. Аммо махаллий рахбарлар мамлакатда пахтадан хам муҳимроқ қишлоқ хўжалик махсулотлари борлигини яҳши билишади. Хўш, давлат қаттиқ валютанинг асосий манбаи сифатида қарагани учун юргизадиган “пахта сиёсати” нима учун жойлардаги рахбарлар томонидан бу қадар қўллаб қувватланади?

Сабаб яна айнан коррупцион муҳитнинг хукумат тизимлари жон томиригача кириб борганида кўрилади. Келгуси йил учун давлат бюджети шакллантирилиб пахта учун йиллик режа аниқ бўлганиданоқ коррупцион жараёнлар бошланади. Мамлакатлардаги кўпчилик туманларда ўртача 10% режадан ортиқ пахта экилади. Бу расман табиий офатлар ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли кўрилиши мумкин бўлган талофатни қоплаш учун эхтиёткорлик сифатида оқлансада, аслида махаллий рахбарларнинг шахсий манфаатларига хизмат қиладиган омилдир.

Пахта теримига киришилганда эса мазкур махинациаларнинг кулминациаси бошланади. Энг аввало теримчилар хирмонга келтирган хосилдан 10-15% “намлик ва чиқиндилар учун” уриб қолинади. Бу тўғридан-тўғри теримчининг чўнтагига махаллий рахбарлар томонидан қўл солиш, бошқача айтганда куппа-кундуз куни қилинадиган ўғирликдир. Зеро терим учун белгиланадиган нарх албатта юқорида тилга олинган намлик ва чиқиндиларнинг улушини инобатга олган холда белгиланади. Шунга қарамасдан бу хол оми дехқон ва теримчилар учун одатий холга айланиб кетган ва деярли хеч ким бу нохақликка эътироз билдирмайди.

Махинациянинг кейинги босқичи пахта қабул қилиш пунктлари ёки пахта тозалаш заводлари торозихоналарида амалга оширилади. Терим бошланишидан бир неча ой олдин “ЎзСтандарт” деб номланган ташкилот томонидан юборилган “мутаҳасислар” торозиларни камида 10% кам кўрсатадиган қилиб созлаб кетишади. Бу миқдор махаллий амалдорларнинг инсофсизлиги ва улар ЎзСтандарт мутаҳасисларига таклиф қиладиган пора суммаси миқдоридан келиб чиққан холда 15% ёки ундан хам юқорироқни ташкил этиши мумкин.

Натижада етиштирилган хосилнинг хисоботлари энг камида 10-15% кам қилиб кўрсатилади ва ўртадаги фарқдан қоладиган даромад барча қатлам амалдорларининг улуши сифатида тақсимланади. Шу ўринда пахта ўсимлигининг яна бир афзаллиги шундаки ишлаб чиқарилган пахта хом ашёси тўғрисидаги хисоботлар хеч қачон экспорт қилинган миқдордан ошиб кетмайди. Чунки пахта хом ашёси мамлакат ичкарисида пахта толаси холига келтирилиб кейин жахон бозорига чиқарилади. Мазкур жараён сабаб халқдан ўзлаштириладиган мисли кўрилмаган нақт даромад “силлиқланиб”, халқ билмайдиган қилиб юборилади.

Айни сабабдан хукуматдаги вазифаси ва ўрнидан қатъий назар хар қандай рахбар пахта етиштиришдан манфаатдор хисобланади. Бу халқ учун қанчалик моддий-маънавий зарар келтирмасин пахта сиёсатини қўллаб қувватлаш хеч қачон тўхтамайди. Аксинча, нафси хакалак отган рахбарлар янада кўпроқ шахсий даромад ундириш мақсадида халққа янада қаттиқроқ зуғум ўтқазишади. Илгарилари баъзи йилларда бўлса кунимизга келиб доимийлик касб этган “Сталинча” пахта сиёсатининг сабаби хам хукуматнинг барча қатламларидаги рахбарлар хохиш иродаси билан боғлиқдир. Мамлакатга келадиган айтарлик ахамиятсиз даромаддан фарқли ўлароқ барча поғона рахбарлар учун бу сиёсат мўмай нақд пул даромади манбайи хисобланади. Айни сабабдан вазият ижтимоий танглик даражасига бориб етган бўлишга қарамасдан махаллий амалдорлар пахта етиштириш борасида “жонбозлик” кўрсатиб келишади.

Шу ўринда мамлакат бюджет тизимларида банд бўлган ахоли, хусусан зиёлилар саналган ўқтувчи ва шифокорлар мазкур сиёсатнинг энг йирик қурбонлари хисобланишади. Махаллий рахбарлардан фарқли ўлароқ пахта сиёсатидан хеч қандай “ён даромад” олмайдиган бу табақа махаллий рахбарларнинг босими остида терим кампаниясининг бошидан охиригача иштирок этишади. Таълим ва соғлиқни сақлаш сохаларидаги вазиятнинг ёмонлашиши билан бир қаторда бу соха мансубларининг моддий-маънавий зарар хам кўришлари жуда ачинарли холдир. Махаллий амалдорларга эса пахтани ким теришининг фарқи йўқ, ўқтувчими, ўқувчими, шифокорми, беморми – ким бўлса хам пахта терсинки улар даромад олишсин. Ижтимоий тангликка келсак юқори даражали амалдорлар, хусусан хукумат мансубларининг бу махинацион жараёнлардан манфаатдорлиги хамма муаммоларга кўз юмишга олиб келади.

Шуни алохида таъкидлаш керакки собиқ иттифоқ даврида вужудга келиб бугун энг аянчли кўринишини олган пахта сиёсатидан энг катта фойдани мамлакат президенти ва унинг оиласи кўради. Улар махаллий амалдорлар юқорида тилган олинган жараёнларда орттирган маблағларидан “чўтал” олиш билан бирга эспорт қилинадиган хар бир килограмм пахта толаси учун хам алохида даромад кўришади. Бунинг учун Ўзбекистон хукуматнинг мутасадди тизимлари экспортбоп махсулотни Каримовлар оиласига қарашли қатор фирмаларга сотади, мазкур фирмалар эса қўшимча даромад эвазига тайёр махсулотни Ғарб биржаларида сотишади.

Айни сабабдан 5 миллион киши етиштириб 10 миллион киши териб оладиган пахтамиз жахон бозорига сохиби ва манзили маълум бўлмаган, лекин йиллик савдо айланмаси миллиард долларларни ташкил этадиган фирмалар номидан олиб чиқилади. Бу фирмалар сохиблари мазкур пахтанинг қандай кўринишга эга эканини хам билишмайди. Чунки хамма нарса “Фючерс” шартномалари асосида йил бошидаёқ хали экиб улгурилмаган пахта махсулотини насияга сотишдан бошланади.

Пахтанинг харидорга етқазиб берилишигача бўлган жараён харажатлари хукумат томонидан қопланади, аммо даромаднинг катта қисми кимлиги номалум бўлган “шарпалар” хиссасига тушади. Луғатида “шаффофлик” деган калима бўлмаган Каримовлар оиласи вакиллари эса бир кун Швейцария элчихонасини пикет қилишса эртасига хамма нарсадан тониб Абдулла Орипов ёки шунга ўхшаш кимнидир айбдорга чиқариб ўтираверишади.

Шу ўринда мамлакатимиз экспорт қиладиган БАРЧА махсулотлар (улар асосан хом ашё ва табиий захиралар эканини билсангиз керак?) учинчи шахслар орқали жахон бозорга олиб чиқилишини хам эслатиб ўтишимиз лозим. “Ўзбекистон хукумати ГазПром ширкати билан 15 миллиард метр куб газ етқазиб бериш тўғрисида шартнома имзолади” дея янграйдиган янгиликнинг аслида Ўзбекистон “Zeromax” ёки қайсидир бошқа ширкат орқали ГазПромга 15 миллиард метр куб газ сотишга келишганини англатишини кўпчилик афсуски билмайди.

Оми халқ эса “Кўпга келган тўй экан” деб барчасига кўниб кетаверади. Ўқтувчиси далада икки ой пахта тергани учун фарзанди хам саводсиз бўлиб аксарият холларда дехқон бўлиб етишишига хам, шифокори далада икки ой пахта тергани учун касал бўлган фарзанди мажрух бўлиб қолиши мумкинлигига хам хеч қандай чора тополмайди. Ха, хатто истаса хам тополмайди. Чунки пахтадан хукуматга келадиган даромаднинг асосий қисми шу хукуматни халқдан химоя қилиш учун вужудга келтирилган кучишлатар тизимларни сақлаб туриш учун сарфланади.

Пахта ўзбек халқи учун қарғишдан бошқа нарса эмас. Аммо пахта сиёсатининг бундай “лоббистлари” бор экан 100 миллиард доллар келиши мумкин бўлган тақдирда хам бу сиёсатдан воз кечишнинг имкони бўлмайди. Чунки бундай қарорни олиши мумкин ва керак бўлганлар учун хукуматга келадиган 100 миллиард доллардан кўра ўзларига келадиган нисбатан арзимас бўлган харом пул афзал. Демоқчимаки, сопи ўзимиздан бўлганидан кейин нимаям қила олардик?

Ўктам Худоёров,
Тошкент, “Туронзамин” учун.

 

http://turonzamin.org/2012/10/02/tahlil-3/