Sep 212012
 

Ислом Каримов билан Рустам Иноятов  жангги…

Sep 21

Posted by ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ

 

Исмат Хушев

Азиз Ватандошлар!

Сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситаларда эълон қилинаётган мақолалар Ўзбекистонда ҳокимият учун кураш энг авж паллага кирганини кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳақида эълон қилинаётган бу “компромат”лар нега энди айнан шу кунларда дунё матбуотининг асосий ва бош мавзусига айланиб қолди?

Агар ёдингизда бўлса, Ўзбекистон Парламенти Президентлик муддатини шахсан Ислом Каримовнинг таклифи билан етти йилдан яна беш йилга туширган эди.

Бизга хабар қилган ишончли манбалар Ўзбекистон Президенти бу лавозимга ўзидан кейин тўнғич қизи Гулнорани меросхўр қилиб қолдиришга қарор қилганини маълум қилишганди.

Бунга даставвал кўнган Миллий Хавфсизлик Хизмати ва унинг раҳбари Рустам Иноятов кейинги пайтларда ўз фикрларини ўзгартириб қолганга ўхшашади.

Бунга нима сабаб бўлганлиги бизга қоронғу.

Лекин бизга етиб келаётган сўнгги хабарлардан шу нарса маълум бўляптики, айни шу кунларда Ўзбекистонда ҳокимият учун кураш энг авж паллага чиққан кўринади.

Президентликка норасмий номзод Гулнора ҳақида дунё матбуотида эълон қилинаётган сўнгги мақолалар бизнинг бу фараз ва қарашларимизда жон борлигини кўрсатмоқда.

Аввал МТС билан, сўнг мана энди Усел билан бўлаётган кўп миллион долларлик можаро ва қаллобликлар Президентликка номзод Гулнорага келиб тақалаётганлигининг ўзиёқ бизнинг башоратларимизда жон борлигини кўрсатмоқда.

Агар ёдингизда бўлса, биз олдинги шарҳларимизнинг бирида мустақиллик байрами арафасида шошилинч суъратда ишдан олинган Бош вазир ўринбосари Абдулла Ариповнинг яқин кунларда ҳибсга олиниши мумкинлигини башорат қилган эдик.

Бугун эрталаб “Узметроном” тарқатган хабарга кўра Ўзбекистон Прокуратураси унга нисбатан жиноий иш очгани маълум бўлди.

Хўш, буларнинг ҳаммаси нимадан далолат беряпти?

Булар шундан далолат беряптики, Ўзбекистонда Миллий Хавфсизлик Хизмати билан Президент ўртасида жиддий келишмоқчиликлар бошланган кўринади.

Гулноранинг қачонлардир МТС билан тузган шартнома ва Қарорлари Ўзбекистон Миллий Хавфсизлиги Хизматининг бевосита кўмаги ва назорати остида ўтганини назарга олсак, бу фаразларимиз янада яққолроқ кўриниш касб этиши мумкин.

Шу пайтга қадар Гулнора билан боғлиқ бўлган бу қаллобликлар нега энди айнан шу кунларга келиб дунё матбуотининг суюкли мавзусига айланиб қолганлиги фақат Рустам Иноятовга аён бўлиши мумкин.

Нега энди у киши шу пайтга қадар жим юриб, энди бу ишкалликларни Россия Марказий разведкаси орқали матбуотга сиздираётганлиги биз учун ҳануз катта сир ва жумбоқлигича қолмоқда.

Путиннинг Ўзбекистонни четлаб, Қирғизистон ва Қозоғистон билан музокараларга киришаётган бир пайтда Гулнора ҳақидаги жиддий айбловларнинг дунё матбуотида пайдо бўлаётганлиги ўта ҳушёр ва узоқни кўра оладиган Ислом Каримов учун жиддий синов ва имтиҳон эканлигини биз яхши биламиз.

Лекин биз яна шуни ҳам яхши биламизки, Ислом Каримов билан Шукрилла Мирсаидовнинг ўзъаро ихтилофи тўқсонинчи йилларнинг бошида уларнинг ҳар иккаловига ҳам садоқатли бўлган биз шогирдлар учун қанчалик қимматга тушган бўлса, Ислом Каримов билан Рустам Иноятовнинг икки минг ўн иккинчи йилдаги рақобати ҳам уларнинг ҳар иккаласидан ҳам яхшилик кўрган биз мухлислар учун шу қадар ёқимсиз ва исталмаган ҳолдир.

Лекин ҳаёт бир жойда турмайди.

Ўзбекистонни 23 йилдан бўён авторитар усулда бошқариб келаётган Ислом Каримовнинг даври тугаётганидан далолат бермоқда бизга бугунги сиёсий саҳнадаги нохуш воқеалар.

Бу воқеалар яна шундан далолат бермоқдаки, бугун Ўзбекистонда Ислом Каримов билан Рустам Иноятовлар ўртасида чинакамига беомон жанг бошланган.

Бу жангда кимнинг қўли баланд келишини яқин кунлардаги кутилмаган воқеа ва ҳодисалардан билиб олишимиз мумкин.

Ўзбекистон Президенти ва унинг оиласи ҳақидаги янги айбномаларни дунё матбуотида кутиб қоламиз.

 

http://dunyouzbeklari.com/2012/09/21/%D0%B8%D1%81%D0%BB%D0%BE%D0%BC-%D0%BA%D0%B0%D1%80%D0%B8%D0%BC%D0%BE%D0%B2-%D0%B1%D0%B8%D0%BB%D0%B0%D0%BD-%D1%80%D1%83%D1%81%D1%82%D0%B0%D0%BC-%D0%B8%D0%BD%D0%BE%D1%8F%D1%82%D0%BE%D0%B2-%D0%B6%D0%B0/#more-16810