Sep 162012
 

15 September 2012

22:44 – Юсуф Жума: Янги Ялавочия

Сиёсатчими, хиёнатчи?!
Файласуфми айласуф?!
Ўғирликми ё авлиёлик?!

Аҳли мухолифатнинг қарийб барчаси “шоир”, “ёзувчи”.

“Шеърда ҳикмат бор”, деган Оллоҳнинг расули. Демак ҳикматсиз шеър шеър эмас.

Шеърларингизда бирор ҳикмат борми?!

Бирон марди чиқиб айтмайдики: “Ҳой биродарлар, бас қилайлик ёзишни, ахир шарманда бўлаяпмизку. Ҳаммамизнинг пала-партиш нарсаларимиздан Абдулла Орифнинг мана бу тўртлиги афзал:

Шайтон найранглари жуда ранг баранг,
Саллани пайтава қилиб ўратгай.
Агар сидқидилдан кўрсатса найранг
Нодонни шоҳ қилиб элни сўратгай.

Инсон мард бўлиши керак. Ҳукумат томонда бўлса ҳам талант талант-да!”

Турмада зерикканимда Тоҳир Маликнинг “Мурдалар гапирмайди” деган “китоб”ини кўриб чиқдим. Битта зўр жойи бор экан, Донишманд Эпектитдан кўчирмаси. Тоҳир Маликка хат ёздим, афсуски жўната олмадим.

“Тоҳир Малик, китобингиз ниҳоятда зўр ёзилган, қойил! Фақат арзимаган қусури бор, шу қусурини олиб ташлаб ҳар қанча нашр этсангиз арзийди. Бу арзимаган қусурни тузатиш осон, Эпектетнинг сўзларини қолдириб, китобнинг бошқа жойини ўчириб ташланг. “Шайтанат”ни ҳам шундай тузатиш керак, ҳадисларни қолдириб бошқа жойини ўчириш керак, арзимаган қусур!”

Жаслиқда “Ўткан кунлар” ҳам бор, “Шайтанат” ҳам бор. Барча “Шайтанат”ни ўқийди.

– Ҳой, “Ўткан кунлар”ни ўқинглар. “Шайтанат” китоб эмас! – дейман. Жоҳиллар “Ўтган кунларни” четга суради. Шайтанатни ўқийди. “Шайтанат”да уч тўрт ҳадис кўчирилган, ҳа деб Оллоҳ деб такрорлайверади Тоҳир Малик. Бисмиллоҳ деб бошлайдию, ғарлар ҳақида ёзади. Бачкана сўзбозлик. Ҳолбуки, “Қуръон”нинг ҳам айрим суралари Бисмиллоҳ билан бошланмаган. Чунки ёмонликларга қарши Оллоҳ қаҳр билан айтган сўзларни Бисмиллоҳ билан бошлашни истамаган. Мену диндан саводсиз одамман, исломдан дарс беришга уста Тоҳир Малик шуни ҳам билмайди. Алқисса жоҳиллар “Шайтанат”ни ўқишадию, “Ўткан кунлар”ни ўқишмайди. Жоҳилларга Туркистон сўзи ёқмайди. Шўрлик Туркистон дунёга тафаккур берди, бугунки компютердан бошлаб, космик кемаларгача пойдевори туркистонники. Дунёга исломни ўргатди.

Бургутларга осмонни ўргатган туркийлардир.
Булбулларга забонни ўргатган туркийлардир.
Замахшарий, Бухорий боболарим бўлади,
Арабларга “Қуръон”ни ўргатган туркийлардир!

Шўрлик Туркистон боқди, ўстирди, ҳатто ўз фарзандлари ҳам даюс чиқди. Муқаннани, Ватан учун ўзини ўтга ташлаган йигитни лаънатлайди. Қани сиз Англияга келиб, унинг бирор қаҳрамонини ҳақоратлаб кўрингчи?!

Амир Темур кофирмиш.

Англияда бирор қиролни ҳақорат қилиб кўрингчи!

“Миллатчилик енгилмас куч”, деган экан инглиз олимларидан бири. Бизчи, миллатчиликни миллатлар аро низо деб нотўғри талқин қилиб ор номусдан, Туркистондан айрилдик.

Миллатчилик – Муқаннадай, Амир Темурдай юрт фидойиларини севиш, улардай курашиш.

Миллатчилик – Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Усмон Носирларни ўқиш, эъзозлаш, улардай яшаш.

Миллатчилик – Одил Ёқуб, Боймирза Ҳайит, Дадахон Ҳасандайлардан ўрганиш, уларни қадрлаш.

Миллатчилик – Ватанни асраш, кураш!

Қани Ватан – қани Туркистон!

Жавоб беринг даюс авлодлар…

* * * * *

Муҳаммад Солиҳнинг “Янги Нақшбандия тариқати” китоби

Шундан хабар беришди. Мен ишонмадим.

У бундай китоб ёзишга қодир эмас, бир мақолани эплолган жойи йўқ….

Пайғамбарлар ҳақида фалонта китоб ёзибди, дедилар. Конспект бўлса керак, дедим.
Итининг феълини эгаси билади дегандай, эгаси бўлмасам ҳам четдаю, юртда юрган бахти қароларнинг қўлидан не иш келишини биламан. Дубайда фоҳишалик қилибди денг, ишонай, Ҳиндистонда бесақоллик қилибди денг ишонай, Ислом Каримовни Худо деб эълон қилибди, денг ишонай. борингки, Ёлена Урлаевага калиш олиб берибди, денг ишонай, бундан ортиғига ишонмайман.

Ишонинг дедилар, Солиҳ шундай китоб ёзибди.

Чиндан ҳам сарлавҳа шундай. Муҳаммад Солиҳнинг “Янги Нақшбандия тариқати” китоби. Сарлавҳани ўқидим ҳам, ишонмадим. “Янги Нақшбандия”ми, ё “Янги Ялавочия”?!

Шоир, файласуф, сиёсатчи…

Маддоҳларга қойил қоламан. Тангрининг тўқсон тўққиз сифати бўлса, Мустабид Ислом Каримовга Тўққиз миллион тўққиз юз минг тоққиз юзу тўқсон тўққиз сифат топдилар. Хориждаги гумроҳлар Салайга шунча сифат топдилар. Эй, М. Солиҳни файласуф деганлар унинг “Йўлнома” деган қалин китобидан биттагина фалсафий фикрни топиб беринг! Сизга ҳам, унга ҳам қойил қолай. Мактаб боласининг баёнидай ёзилган. Бордим, кўрдим, келдим дан иборат. 2001 йилда мени МХХ подвалига ташлашганда Муҳаммад Солиҳни ҳимоя этганман: “Шоир одам танга ўғирлайдими, туҳмат қилаяпсизлар!” деб. Америкада эмас, МХХ подвалида.

Ё тавба, бу китоб Тунахоннинг китобику! Нега китоб тепасида авторнинг номи йўқ.

Лев Толстой китобини таржима қилган таржимон китоб номи тепасига Толстой номини битади. Чингиз Айтматов китобини таржима қилган Асил Рашидов ҳеч қачон ўз номини Айтматовдан олдин ёзмайди. Асил Рашидовнинг янги китоби деб Чингиз Айтматов қиссалари эълон этилмайди. Айрим сайтларда Муҳаммад Солиҳнинг Янги Нақшбандия тариққати деган ёзувлар пайдо бўлганмиш.

Муҳаммад Солиҳ таржима қилган, тўплаган. Бу дегани китобни Муҳаммад Солиҳ китоби дейиш ҳуқуқини бермайди. Тағин авлиёлар ҳақидаги китоб ўта ҳалолликни талаб этади.

Машҳур авар шоири Расул Ҳамзатовнинг кўчирмачи шоирлар ҳақида шеъри бор.

Мазмуни: Унинг отарида ҳам қўзилар туғилиб туради, лекин бу қўзилар бошқалар отарида аллақачон маъраган бўлади.

Қўзи ўз отарингники эмасми, қўзи ҳақида гапиришдан аввал кимнинг қўзиси эканлигини айтиш керак.

Қолаверса Нақшбандия тариққати ҳақидаги бу китоб таржималари турли номларда Ўзбекистонда нашр этилган.

Ҳатто Жаслиқнинг юздан ошиқроқ китоби бўлган ғариб кутубхонасида ҳам бор.

Наҳотки, ҳам авлиёлик, ҳам шоирлик, ҳам файласуфлик, ҳам сиёсатчилик даъвосидаги даҳолар учун Солиҳнинг тайёрлаган китоби янгилик бўлса.

Мен бундай китоблар қайта-қайта нашр этилиши тарафдориман. Бироқ муаллифнинг номидан эълон қилиниши лозим. Таржимонни таржимон деб ёзинг.

“Янги китоб” да ман фақат бир ўринда Солиҳни кўрдим. Бу фикр ҳам Солиҳники эмас. Авлиёлар қабрини текислаб ташлаш керак деган жоҳиллар фикри. Солиҳ ва солиҳчилар шу фикрда. Боҳоуддин Нақшбандий ўзимиздек оддий одам, Салай ундан баланд деган ўйдаги сўқирлар. Ҳолбуки, дунё дунё бўлгандан буён битта Нақшбандийни кўрди.

Авлиёларни улуғлаш, эъзозлаш бизнинг ота боболаримиз – туркийлар ғояси. Дунёдаги кўпгина улуғлар қабрини Ҳазрат Амир Темур обод этган. Қабрига оллоҳнинг раҳмати ёғсин! Туркистонда Амир Темурлар туғилсин!

Авлиёларнинг қабрини йўқотмоқчи бўлганлар туркийлар ва Туркистон душманлари, жоҳиллардир. Исломни дунёга туркийлар пойидор қилган. Авлиёларнинг энг зўрлари бизда туғилган, туғилажак! Уларнинг руҳлари ғанимлардан ўч олишга қодир!

* * * * *

“Жаслиқ”дан чиққанимга бир йилдан ошди, шу бир йил ошиқ вақт ичида бир карра хурсанд бўлдим. Яқинда ББC радиоси берган Паҳлавоннинг Аҳмаджон Одилов ҳақидаги мақолисидан, Аҳмаджон Одилов сўзларини ўқиб!

Ўзбекистондан Эрнинг ҳам овози чиқар экан! Ҳар бир сўзи юртдан четда юрган бесақолмижоз шоир ёзувчию, журналистлар китобларидан қудратли.

Жоҳил Ислом Каримнинг 20 томлигидан қудратли. Қани юртда минглаб, миллионлаб Аҳмаджон Одилдай эрлар бўлса.

Паҳлавон бир ўринда Одил Ёқуб ва Муҳаммад Солиҳлар раислигида ўтган Ўзбекистон ёзувчиларининг сўнги қурултойида А. Одиловни миллий қаҳрамон деб эълон этилганини ҳам ёзибди. Афтидан ўша қурултойда Муҳаммад Солиҳнинг кимлар билан бўлганини Паҳлавон билмайди.

Ўша қурултойда М. Солиҳ қурултойда ўзбекнинг миллий қаҳрамонларидан бири Одил Ёқубга ташланган Ислом Каримовнинг қашқирлар галаси – Хуршид Давронга ўхшаганлар билан бирга эди. Бошини силаган Одил аканинг бошини еди. Бир тийинга қиммат шоирбаччлар бири ўзини Президент, бири Ёзувчилар саюзи раиси деб билиб, Одил акани хўрладилар. Мен олис бир қишлоқдан келиб бу даюсларга қарши чиққанман! Ислом Каримов ва Муҳаммад Солиҳлар ўзбекнинг миллий қаҳрамонлари бошини едилар, емоқдалар. Агар Солиҳ хоинлик этмаганида Аҳмаджон Одилов тўқсонинчи йилларда озод бўларди. Шовруқ Рўзимуродовлар ўлдирилмасди. Одил Ёқуб хўрланиб ўлмасди. Дадахон Ҳасан мамлакат бўйлаб куйлаб юрарди. Дадахон Ҳасанни бугун ҳаттоки ББC ва Озодлик радиоларида куйлашдан маҳрум этиш Янги Яловичия оқими найрангги эмасми?!

Не бўлганда ҳам Аҳмаджон Одилов сўзлари умид чироқларим шуъласини порлатгандай бўлди. Мен бир пайтлар Боймирза Ҳайитга бағишлаб ёзган шеъримда, раҳматликни Ирода Султони деб атагандим. Хорижда яшаш даюслар учун байрам. Мен ва Боймирза Ҳайитлар учун қамоқдай. Аҳмаджон Одилов, Мамадали Маҳмудовлар ҳам ирода султонлари!

Мен мустабид зиндонларида чексиз қийноқларга солиндим, лекин кўзимдан ёш чиқмади. Кўз ўнгимда ўғилларим суяклари синдирилди, душман кўзимнинг ёшини кўрмади.

Лекин икки карра узоқ йиғладим.

Биринчи гал Одил Йоқуб ўлими ҳақида газетада ўқиб йиғладим. Мен “Жаслиқ”дан Нукус турмасига, Нукус турмасидан Жаслиққа ҳар ойда бир, баъзан икки карра олиб бориб қийнашарди. Нукус турмасида қайтиб Жаслиққа келдим. Бир кишилик камерага ташлашди. Шу ерда Одил аканинг “Улуғбек хазинаси” ва Аҳмаджон Одил ҳақидаги очеркини қайта қайта ўқидим. Бизда эплаб мақола ёзадиганлар йўқ ҳисоби. Мақолани Беҳбудий, Фитрат, Қодирий, Чўлпон, Одил акагина эплай олган, қойил қилган. Улуғбек Хазинасида: “Наҳотки икки дарё ораси шундай бир золим мустабидга қолиб кетса?!” деб ёзади Одил ака. Гўё Каримов ҳақида ёзилгандай.

Мен буюк ёзувчининг китобини ўқиб тугатгач узоқ йиғладим. Одил ака ўлимини эсласам ҳозир ҳам кўзимдан ёш қуюлади…

Одил Ёқуб ўлди, мен учун гўё
Бутун Ўзбекистон бўшаб қолгандай.
Кўнглимни ёритмас қуёшдек зиё
Шер ўтиб, қанжиқлар яшаб қолгандай.

Мустабид сўраган замонда келиб
Мустабид сўраган замонда кетди.
Бағримни тилинган норанждай тилиб
Наҳот Одил Ёқуб дунёдан ўтди?!

О Тангрим, ишингга ҳайронман мудом
Нечун эрни олдинг, тахтда бесақол?!
Туркий қўшинингни этдингку ноком,
Туркий қўшинингнинг бошида завол.

Адолат нариги дунёда дея,
Нариги дунёга кетиб қолди шер.
Ўрнида аҳли хар, бит, кана, куя
Сочилиб кетдику Туркистондай йер.

Сочилган анордай сочилди қалбим
Тангрим, ишларингда қани адолат?!
Нечун арслонни оласан, Раббим,
Нечун даврон сурар аҳли ҳашорат?!

Нечун тимсоҳларни эркалатасан?!
Нечун калхат, қузғун сўрар осмонни?!
Нечун юрагимни тилкалатасан,
Кўрмай ўлолмайман ҳур Туркистонни!

Шўрлик Одил ака, алдандингиз хўб
Икки дунёнинг ҳам меъмори битта.
Икки мулкида ҳам шайтонлари кўп,
Икки жаҳони ҳам битта авахта.

Мен букун йиғлайман, отам ўлгандай
Кимга асра дейман қолган эрларни!
Бутун жисмим кўзу, қонга тўлгандай,
Соғиниб яшайман ўтган пирларни.

Қодирийннг ўрни тўлмай турганда
Бўшдир Одил Ёқуб ўрни ҳам, эвоҳ.
Минг лаънат дунёни бундай қурганга
Номардга равон роҳ, мардга чоҳли роҳ.

Кўнглимни ёритмас қуёшдек зиё
Эр ўтиб аҳли ғар яшаб қолгандай.
Одил Ёқуб ўлди, мен учун гўё
Бутун Ўзбекистон бўшаб қолгандай.

Иккинчи карра “Жаслиқ”дан Америкага кетасан деганларида йиғладим. Баъзилар қўлга тушмаганингда Америкага кетган бўлардинг, дейишади. У гумроҳлар яхши билмайдики, 2000 йил ва 2002 йилларда икки карра қочиб, яширинганман. Аммо ҳатто Ўзбекистондан ҳам чиқмадим. Ўз ихтиёрим билан яна Америкага келмасдим, буни Каримов биларди.

Разил ҳукумат, мунофиқ мухолифат, кўпи ғару бесақолга айланган миллат. . , уларнинг фисқу фасоди, ғийбати, маломати, кибру жаҳолати жонга текканда Аҳмаджон Одил сўзлари кўнглимни кўтарди. Унинг қабристонларни обод этишга киришганини эшитиб, мана бу сатрлар хаёлимдан кечди.

Аҳмаджон Одиловга мактуб

Бутун Ўзбекистон бугун қабристон!
Кўмилмаган ўлик ўттиз миллион.

Ўликлар ўликни подшо этдилар
Сайлаб сиғиндилар, Худо этдилар.

Қисмат осий элга буюрди завол
Аёли ғар бўлди, эри бесақол.

Йораб, гўристондир улкан бир ўлка
Уни обод этинг Аҳмаджон ака!

Тилка юрагимдан лахта қон қолди
Ота Туркистондан қабристон қолди.

Ғар улус кўниккан кишан, нўхтага
Юкинар ювиқсиз тождор ахтага!

Белни маҳкам боғланг, белбоғ журъатдир
Туркистон тикланмай ўлган номарддир!

Курашиб бўлмайди мурдалар билан
Ҳашорат мисоли майдалар билан.

Барини кафанга ўратиш керак
Сўнгра янги қавм яратиш керак!

 

http://www.harakat.net/el_news.php?id=12171