Aug 142012
 

Инсон тафтини-инсон кўтаради дейилади қадимдан. Мен негадир буни
кўтара олмаяпман ва мен хам кимгадир айтиб енгил тортмасам бўлмас
деяпман. Балки мана шу усулда дардни бировга енгил тортишни “бировнинг
тафтини кўтариш” деб қаралар?!

Гап шундаки бир неча кун аввал кўчада, узоқ йиллар кўрмаган бир
танишимни учратиб қолдим. Касби кори ўқитувчи. Бир биримизни кўриб
анча хурсанд бўлдик. Суҳбатлашиб туриб, ишлари қандай кетаётгани
=ақида сўрадим.

– Ниманисини айтасан, ўйловда юрибман. Пахта дегани бошга битган бало
бўлди. 41 кун давомида пахтага чиқарар экан. Ўрнимга одам топай десам,
41 кунга 600 минг сўм пул топиб беришим керак. Болаларимга нимани
едираман кейин? Буларга ким эга бўлади, ахир мен онаманку деб энсам
қотаяпти”. – дейди касби  ўқитувчи бўлган танишим.
– Шу пахтага бормасангиз бўлмайдими? – саволга тутаман мен.
– Ишимдан ажралишимга тўғри келади унда, ишсиз бўлсангиз жуда ҳам
оғир. Буни ишсиз опамни ҳаётидан кўраяпман. Шу қишда онам опамни уйига
меҳмонга борган экан, опамни кичкинаси йиғлай бошлабди.Онам сабабини
сўраган экан, бола ”нон егим келаяпти” деб йиғлаётганини айтибди. Онам
ҳайрон бўлиб опамга қарабди.

– Онажон тўғрисини айтсам мана 8 кун бўлдики, невараларингиз билан
ғўлинг (қуритилган ўрик меваси) ивитиб еб яшаяпмиз. Уйда ҳаттоки
нонимиз =ам йўқ. – дебди. Бу вақтда кўзларидан ёш чиқиб кетди
танишимнинг. –  Бу қандай яшаш ахир,шундай кунни кутганмидик биз
ўзбеклар?! – дейди у ўпкасини тутаолмай.
– Эрлари борми?
– Клиент бўлганида пахса девор уради эри, бўлмаса ҳаммаси қирилиб
кетади очидан. Рўзғордан пул ортирсам  ёрдам бериб турибман.- давом
эттади у.

Ўйга толаман. Наҳот шунчалик расвогарчилик кетаётган бўлсада-ю, бу
билан ҳеч кимнинг иши бўлмаса. Ёрдам сўраб маҳаллага чиқса уни ҳам
беришмаса? Ростдан ҳам шундай ҳаётни кутганмидик? Ўзбекистоннинг
келажаги буюклиги  қаерда қолди? Наҳотки бу ҳукумат ўз фуқаролари
ҳақида қайғурмаса?

Қани, “халқнинг дўстлари”, халқингизни очликдан қутқаринглар! Сизлар
ўзларингдан бошқа ҳеч кимни дўст деб билмайсизларку? Сизлар  мен каби
инсонларга ”Халқ душмани” деган тамғани ёпиштиришни биласизларку.
Ишсизликни бартараф қилинглар, порахўрликка нуқта қўйинглар, инсон
ҳуқуқлари биринчи ўринда турсин, ана ўшанда Ўзбекистонда оз бўлсада
ижобий ўзгаришлар бўларди. Сизлар ўзгаришни сира-сира истамайсизлар,
агар истаганларингда эди, мана бу ҳолга тушиб қолмасдик!

Россия  Федерациясига гастрабайтерликка бориш ҳар кимнинг қўлидан
келмайди.  Ўзининг ватанида нон топа олмай, ўзга юртларда сарсон
бўлишлик кимга керак экан?
Нега бизнинг халқимиз ҳукуматга иш топиб бериш талабини қўймайди?
Ғўлинги ҳам қолмаса кейин нимани ейди?

Ишсизлик туфайли ўғрилик, сизлар ўзларинг биладиган  ва танийдиган
“притонлар”, босқинчилик шуни орқасидан келиб чимаяпдими? 20 йилдан
буён халқ билан ҳеч кимнинг иши йўқ! Етар, кўзларингни очинглар ахир!
Маош олишим керак, нафақага чиқишим
керак деб ўтираверасизларми мум тишлаб! Нафақагача етиб боришнинг ўзи
бўладими? Унга етадиганлар бор, етмайдиганлар бор. Мансабдордан мансаб
кетгандан сўнг, уни ҳеч ким писанд қилмайдику? Шуни ҳам эсларингдан
чиқарманглар!


Битта кресло деб халқни эзманглар, токи сизни унинг уволи тутмасин!
Танишим билан қанча лаққилаб қолганимни ҳам сезмай қолибман.

14-август, 2012-йил.

Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси.