Aug 132012
 

 

БИРДАМЛИК” ХАЛҚ ДЕМОКРАТИК ҲАРАКАТИ “ЁШЛАР” ГУРУҲИ ФАОЛЛАРИ ҲУКУМАТ НИШОНИДА

     Маълумки,кейинги пайтларда,“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати тобора шаклланиб,оёққа туриб бормоқда. Бунинг баробарида Ҳаракат қошида ташкил этилган “Ташаббускор аёллар гуруҳи”,шунингдек,“Ёшлар қаноти” бўлимларининг сафи ҳам шижоатли аёллар ва оловқалб ёшлар ҳисобига кенгайиб,такомиллашиб бормоқда.

        Мухолиф ҳаракатнинг жонланиб қолганлиги эса,табиийки,Ўзбекистон ҳукуматини саросимага сола бошлади. Ўз навбатида Ҳукуматнинг куч ишлатар тизимлари Ҳаракат ишига зарба бериш мақсадида унинг фаолларига нисбатан кузатув ва тазйиқни кучайтириб юборди.

        Шуни афсус билан айтишимиз мумкинки,айни кунларда “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекиcтон бўлими “Ёшлар қаноти” гуруҳи фаоллари  Ўзбекистон бошқарувининг асосий нишонига айланган.

        Мамлакат ёшларининг мухолиф гуруҳларга ҳеч иккиланмасдан аъзо бўлаётганлиги,мухолифат сафида туриб қадам ташлаётганлиги Ҳукуматдагиларнинг оромини олиб қўйди. Мухолифат сафидаги ёшларнинг танобини тортиб қўйиш мақсадида Ўзбекистоннинг куч ишлатар тизимлари энг аввало Ҳаракат қошидаги  “Ёшлар қаноти” гуруҳининг Ўзбекистон бўйича етакчиси Фазлиддин Раҳмоновни кўз остига олдилар.

         Мухолифатчи ёшларнинг овозини буғиш ва 10 августь куни ёзилган Ҳаракатнинг ифторлик дастурхони атрофига тўпланишларига тўсқинлик қилиш мақсадида Шаҳрисабз туман прокуратураси ҳамда Солиқ департаменти ходимлари кутилмаганда Фазлиддин Раҳмоновнинг уйида кутилмаган меҳмон бўлдилар. Тасодифий “меҳмонлар”нинг ташрифи,табиийки,Фазлиддинга ниҳоятда қимматга тушди. Шаҳрисабз туман солиқ департаменти  туман прокуратурасининг қўллови остида Ф. Раҳмоновга тегишли  бир неча минг АҚШ долларига тенг бўлган машинасозликка оид асбоб-ускуналарни ноқонуний тарзда олиб қўйдилар. Натижада,Фазлиддин Раҳмоновнинг тадбиркорлик қилиш учун кўзлаб олинган кўп миқдордаги маблағни ташкил этувчи мол-мулки ноқонуний тарзда  давлат фойдасига мусодара этилди. 

        Мана,бир неча кундурки,“Ёшлар қаноти” етакчиси ўзига тегишли бўлган мол-мулкни қайтариб олиш илинжида бош уриб бормаган идораси,адолат истаб  сарғаймаган эшиги қолмади. Бироқ,ҳукумат идораларининг масъулларидан бирор бир ёруғлик чиқай демайди.

       Хабарингиз бор,Ўзбекистон раҳбарининг тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш мақсадида қатор фармон ва қарорлари мавжуд бўлишига қарамасдан,Шаҳрисабз туман прокуратура ва солиқ идоралари ходамлари ёш тадбиркорнинг фаолиятига ноқонуний тарзда аралашиб,“синдириш” билан андармон. Қизиғи шундаки,Ўзбекистон шароитида қора қозондан ортириб,тадбиркорликни йўлга қўйиш учун тўрт танга топмоқликнинг  ўзи машаққат. Фуқаролар тадбиркор сифатида оёққа туриш илинжида туну кун тиним билмайди,маҳаллий амалдорлар эса борини ҳам барбод этиш билан машғул. Бу юртнинг бирор бир хожаси йўқки,нафси ҳакалак отган бундай идора вакилларига “ҳой,қўй,ёшлар ҳам кўкарсин,гулласин,кейин ўзимиз мевасидан баҳраманд бўламиз” деса,ақл бўлса?! Йўқ,аксинча,  айнан юртни сўраб турганларнинг ўзи тадбиркорликни касб айлаш илинжидаги ёшларни тунаш,талашда маҳаллий тўраларга бош-қош,раҳнамо.

           У-буни қўйингу,бор йўқ “гуноҳи” мухолифатдаги ёшлар етакчиси бўлганлиги учунгина айни дамда Фазлиддин Раҳмонов бор-будидан айрилиб,чапак чалиб қолмоқда.

     Келгусида “Ёшлар қаноти” гуруҳи етакчиси ҳукумат идораларининг емхўрлари томонидан ноқонуний тарзда  мусодара қилиган ўзига тегишли  мол-мулкни қайтариб олаоладими,йўқми,бу ҳали мавҳум,савол остида қолмоқда.

      Мухолифат сафидаги ёшларни ўз маслагидан қайтариш илинжида келгусида ҳукуматнинг яна қандай нағмалари,яна қандай зуғумлари бор. Бу борада ҳам тахмин қилиб қўриш мушкул…

       “Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази

 

http://birdamlik.info/?p=23387