Aug 052012
 

Тимирскиланаётган одам”ни ўқиб…

Aug 4

Posted by ДУНЁ ЎЗБЕКЛАРИ

Демократияни ҳимоя қилайлик!

Дин ва демократия ҳақидаги баҳслар ҳали бери тугамайди. Бу ҳақда қанча баҳслашсанг, барибир бирор хулосага келиш қийин. Лекин, тарих тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, демократиядан афзал тузум йўқ экан.

Ислом халифалиги, чергов бошқаруви ва турли жамиятларда бошқа динлар генгемонлиги ўзини оқламаганига тарих гувоҳ. Динларни давлат ишидан узоқлаштириш, демократияга эътибор Европа ва бошқа ривожланган мамлакатларни қанчалик юксакка кўтарганини кўриб турибмиз.

Бу энг тўғри йўлдир. Ислом диними, христианликми, буддизмми, ҳеч қачон бошқарув усули бўла олмайди.

Дин аввало кўнгил ишидир. Инсон ахлоқ одоби, маънавияти ва руҳий дунёси тарбияси учун дин қанча муҳим рол ўйнаса, давлат бошқаруви ва сиёсий курашлар йўлида жуда ёмон салбий рол ўйнаб келган.

Шу боис, бугун 21 асрда яшаётган инсонлар тарихда ўзини оқламаган 7 асрдаги исломий бошқарувга қайтишга ундашаётгани бу бориб турган нодонлик, ёки провокациядан бошқа нарса эмасдир.

Аввало, шуни айтиш лозимки, истаган динларини танлаш ва ўзлари танлаган динларига эътиқод қилиш ҳар бир инсоннинг шахсий ишидир. Ҳеч ким зўравонлик билан бошқа бир кишини устидан ҳукм юргизиши, динга киришга мажбурлаши мумкин эмас. Бу инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишдир, оғир жиноятдир.

Мен ўзимни демократия тарафдори ва демократия учун курашувчи деб ҳисоблайман. Демократияда ҳар бир дин қадрланади ва ҳурмат қилинади. Шу жумладан, ислом дини ҳам.

Демократия шароитида ҳар бир инсон ўзининг сўз эркинлиги, виждон ва эътиқод эркинликлари, ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқларига эгадирлар.

Шу, жумладан Намоз Нормўмин ҳам демократиянинг меваларидан фойдаланмоқдалар.

Намоз Нормўмин албатта ўз фикрларини баён қлар эканлар, даставвал диний тушунчаларидан келиб чиқиб сиёсатга ёндашадилар.

У кишини сиёсат ва воқеълик қизиқтирмайди. Ҳамма мендай фикрласин, мени айтганимга амал қилсин, деган дунёқараш эгасидир бу киши.

Лекин, дунёда турли динлар, турли сиёсий ҳаракатлар, турли хил фикрлар мавжуд экан, ҳаммани бир динга киритиш, барча инсонларни бир хил сиёсий йўлга солиш, бир хил фикрлашга мажбурлаш мумкин эмас.

Ўзгалар фикрига тоқатли бўлиш, ҳар қандай мавзуда, у дин бўладими, демократиями, баҳслашаётганлар ўз рақиблари фикрини ҳурмат қилишлари керак.

Исломчиларда биз бу каби толерантликни кўрмаймиз. Улар эркин фикр айтган кишини тўғри қабул қила олмайдилар. Ўз фикрларини тўғри деб ҳисоблайдилар.

Бу ҳолат таниқли журналист ва адиб Исмат Хушевнинг “Прага кундаликлари” туркум мақолаларига нисбатан Намоз Нормўмин муносабатида очиқ кўринди.

Хайрият, ҳозирча, қизиққон, ўзгалар фикрига тоқатсиз Намоз ака сингари исломчилар мансаб отига минишмаган. У ҳолда сўз эркинлиги тарафдори бўлган журналистлар ҳолига маймунлар йиғлармиди?

Исмат Хушев радикал исломчи Абутов ҳақида холис фикр билдирдилар.

Унинг кўзларидаги ваҳшат ва жоҳиллик ҳақида жуда самимий ва ҳаққоний ўз фикрларини баён қилдилар.

Уларда ҳеч қандай ҳақорат ва шахсга тегиш йўқ эди.

Нега, Нормўмин жаноблари ўз маслакдошлари, радикал диндор Абутовни ҳимоя қилиб, Исмат Хушевдек таниқли журналист ва адибга қарши ҳужумга ўтди?

Бу шунчаки ўз биродарини ҳимоя қилиш белгисими ёки ислом радикалларининг эркин фикрга ҳужумими?

Менимча, иккинчиси бўлса керак. Радикал қарашдаги фундаменталистлар ҳамиша демократияга ҳужум қилиб келишган ва уларнинг бу каби нодонларча ҳаракатлари бугун эрта тугамайди.

Улар ҳамиша эркин фикрга душманлик кайфиятида яшайдилар.

Бугун Исмат Хушевни ҳимоя қилиш, эртага ислом радикаллари ва ислом фундаментализмидан демократияни ҳимоя қилиш билан тенгдир.

Шу боис мен миллатимизнинг кўзга кўринган фахрийлари, халқимиз ва ватанимиз келажагининг ёрқин ва фаровон бўлиши учун курашаёган демократларни бу воқеага эътиборсиз бўлмасликка чақираман.

Бугун биз ислом фанатикларидан демократияни ҳимоя қилмасдан сукут сақласак эртага бизни ҳеч ким булардан ҳимоя қилмайди.

Келинг, азизлар, демократияни ҳимоя қилайлик!

Баҳодир Чориев,
”Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати етакчиси.
АҚШ.

http://dunyouzbeklari.com/2012/08/04/%D1%82%D0%B8%D0%BC%D0%B8%D1%80%D1%81%D0%BA%D0%B8%D0%BB%D0%B0%D0%BD%D0%B0%D1%91%D1%82%D0%B3%D0%B0%D0%BD-%D0%BE%D0%B4%D0%B0%D0%BC%D0%BD%D0%B8-%D1%9E%D2%9B%D0%B8%D0%B1/#more-13124