Aug 032012
 

Абдуманноб Пўлатдан мактублар” туркумидан.

Юсуф Расул


Кўп минг сонли ўқувчиларимиз талаб ва истакларидан келиб чиқиб, раҳматли Абдуманноб Пўлатовнинг ЭРК лидери Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги фикрларини алоҳида ҳолда, ўзбек крилчасига ўгириб, қайта эълон қилишга жазм этдик.

Муаллиф.


Дастлаб каминадан Абдуманноб акага ёзилган мактуб.

Абдуманноб ака!

Мени кейинги пайтларда мухолифатни 90 йиллар бошларидаги инқирози қизиқтириб қўйди. Нега Муҳаммад Солиҳ ”Бирлик”ни тарк этгани, Парламент сессияси пайтида депутатлик мандатини ташлаб чиқиб кетгани, Каримов мухолифат фаолларини бирма- бир чақириб, суҳбат қилгани, бу суҳбат ва ҳаракатлар натижаси эса фожеали тугагани, яъни мухолифат ҳокимиятдан батамом қувилгани сабаблари қизиқтиради.. Балки ўша пайтда Муҳаммад Солиҳ, Абдураҳим Пўлат ва бошқалар ҳукумат таркибида ишлашга рози бўлганларида бу қадар парокандалик содир бўлмасмиди? Каримовни жиловлаш мумкин бўлармиди?

Бугун мухолифатни ҳукуматга интилиши хом хаёлдек туюлади. Лекин шунга қарамай айрим мухолифатчилар ўзларини ҳукумат таркибида кўришни исташмоқда. Сайловлар олдидан Абдураҳим Пўлатни Ватанга қайтиш учун элчихонага мурожаат қилгани, Пўлат Охун каби мухолифат фаолларини ҳукумат билан муросага келиш ҳақидаги чақириқлари кишида турли саволларни пайдо қилади.

Абдуманноб ака, кўпчиликни қизиқтириши мумкин бўлган бу саволларга жавоб беришни истармидингиз? Агар истасангиз, мен яна бошқа саволларни ҳам юбораман.

Ҳурмат билан ЮР

****

16 сентябрь 2007, 8:22
Абдуманноб Пўлатдан Юсуф Расулга хат.

Юсуфбек…

Мактубингизда олдинги хатоларни таҳлил етиб, хулосалар чиқаришга интилишингиздан хурсандман. Лекин Интернет саҳифангизда бундай интилиш кам сезилаяпти.

Ундаги анча мақола ва суҳбатларни ўқидим. Баъзи фикрларингизга қўшиламан, баъзиларига – йўқ. Мен асосан ўзингиз ёзганларингизни назарда тутаяпман, лекин бошқаларнинг ёзувларини беришингизда танлаган йўналишингизга, “тарафламачилигингизга” ҳам эътибор бердим.

Ўзбек мухолифатчиларининг кўпчилик манбаларига нисбатан Сизда одоб, маданият, босиқлик, холислик ва изланишга интилиш бор. Бундан хурсандман. Сизга раҳмат! Лекин, очиғини айтай – ҳозирча (фикримча) бу интилишингиз етарли эмас.

Кескинроқ гапларимни, маъзур тутинг, ука. Сиз ҳам мени гапларимга бемалоол ўз фикрингизни билдираверинг – улар танқидий бўлса ҳам.

Айниқса, бир томонда Муҳаммад Солих ва уни тарафдорлари, иккинчи тарафда мени акам ва Жаҳонгир Муҳаммад – бу ўзаро танқид ва “ҳужум”ларга муносабатингиз – бир томонлама.
М.С.-нинг сиёсатдаги ўрни ва хизматлари билан бир қаторда жуда катта хатолари ҳам таҳлил қилиниши зарур:

– 1993-94-йилларда Туркияда жангарилар (“террорист”-лар дейиш ҳам мумкин) тайёрлаш;
– Тохир Йўлдош каби диний экстремист, террористларга жуда яқин бўлгани (мен бу ерда 2 марта учрашишини эмас, балки яқин ва узоқ давом этган ҳамкорликни айтаяпман);
– Тошкентдаги 1999-йил феврал портлашларида унинг иштироки ҳақидаги жиддий шубҳалар;
– 1990-йил бошида ягона номзод сифатида ва ҳукуматнинг очиқ қўллаб-қувватлашида Ўзбекистон халқ депутати этиб сайланиши;
– “53-54″;
1991-йил декабридаги сайловдан кейин К.-ни ғалаба билан табриклаб (яъни – мағбулиятини тан олиб, шу билан сайлов нисбатан ҳалол ўтди деб “тасдиқлаб” бериб), 1993-йил баҳорида Туркияга келгач, деярли тескари гаплар…

Ўша сайловда МС номзоди К (Каримовнинг).-нинг ижозатисиз расмий рўйхатга олинмаган бўларди. Агар шунга ҳам гумон билан қарасангиз ва “К. бунга мажбур бўлган эди” десангиз, унда Эрк ва МС ўша вақтда жуда катта (ёки, Бирликдан кўра катта) куч бўлган деб ҳақиқатдан узоқ баҳо берасиз.

Мисол учун, Эрк ўз тарихида ва ўз кучи билан, майдонга, тинч намойиш-митингга неча кишини олиб чиқа олган эди? 100 кишини ҳам олиб чиқа олмаган эди, шекилли. (Солиштириш учун: ”Бирлик”, МСнинг иштирокисиз, кўпинча унинг қаршилигида ўн минглаб кишини тинч намойиш, юриш, митингларга олиб чиққан эди!)… Чунки, Эрк асосан 3 тош-ғишт-пойдеворга қурилган эди:
МС-га содиқлик, Пўлатовларга қарши бўлиш (ёки, ҳеч бўлмаса – уларга тарафдор бўлмаслик!), К. ва унинг сиёсатига мўътадил бўлиб, умуман танқид қилмаслик, ҳамда – МС ўз одати бўйича саласаводлик билан “парламент, конституцион” йўл” деб атагани – тинч намойиш ва митинглар ўтказмаслик.

Тўғри, кейинроқ 2-3 марта МС ҳам тинч намойиш-митингга чақирди. Уларга келганлар орасида камида ярми ”Бирлик”дан бўлгани Эркнинг ҳақиқий кучини ошкор қилди … Лекин, бу вақтга келиб, ”Бирлик” ҳам заиф эди … ”Бирлик” ҳаракатида Эрк аъзолари ҳам анча бор эди. Шунинг учун, жуда кўп тушунмовчилик бўлган, ҳозир ҳам бор… ”Бирлик” партияга айланганининг сабабаларидан бири ҳам – шу шекилли.

Қоғоз, ёки “компютер” ҳамма нарсага, ҳар қандай ёлғонга чидайди. Радиоларда ҳам ҳар қандай ёлғонни баралла айтиш – бу одат.

Охирги 5-6 йилда ”Бирлик” 3 катта Қурултой ва барча вилоят ва кўп шаҳар, туманларда ўз маҳаллий қурултойларини ўтказди. Эрк – фақат 1 та! Шу Қурултой МС юборган маблағга ва унинг энг яқин сафдошлари, ишонган кишилари (Отаназар-ака О., …) бошчилигида тайёрланганлигига қарамай, МС бу йиғинда енгилди. Ваҳоланки, Қурултойга иложи борича МС тарафдорларини йиғишга ҳаракат қилинган эди. Бундай “ўз тарафдорларини йиғишга ҳаракат” – фақат Эрк-да эмас, бошқа гуруҳларда ҳам бор …

Шу қурултойдан кейин, “МС – Эрк раҳбари” дейиш – бу Эрк-ка ҳам, демократик тамойилларга ҳам ҳурматсизлик эмасми?

МС рақиблари орасидан кучли етакчи, лидер чиқмагани – бу бошқа масала, алоҳида мавзу. Эрк ҳам, ”Бирлик” ҳам, шахс атрофида уюшган партиялар эди. Бу уларнинг ҳам кучи, ҳам заифлиги. Ҳатто шундай ўз шахси атрофида тузилган гуруҳда хам МС енгилишни уддасидан чиқди. Кейинроқ ”Бирлик”да ҳам шундай бўлиши мумкин. Буни билмадим, лекин ҳозирча бўлгани йўқ.

Эрк-нинг келаси қурултойида, балки МС қайтадан раисликка сайланар. Агар шундай бўлса, уни яна Эрк лидери дейиш мумкин бўлади. Ҳозирча эса, демократия ва Эрк қурултойини ҳурмат қилишни маслаҳат берган бўлардим.

Худди мен инсон ҳуқуқлари жамияти раиси бўлмасам ҳам, ўз ўрнига эга арбоб эканлигим каби, МС-га ҳам Эрк раиси деган ном-амал керакмас.

Қолаверса, Эркнинг МС фракцияси ҳам, бошқа “ҳукмрон” фракцияси ҳам, Ўзбекистонда деярли ҳеч бир фаолият кўрсатмаяпти. МС ва унинг тарафдорлари – Интернетда (нисбатан кучли) ва ғарбда (‘ота заиф, “шикоятчи”лик).

Бирлик” ҳам заиф, лекин у ҳар ҳолда Юртда “қимирлаяпти” – сайловларда, рўйхатга ўтиш учун харакат, …

Ўша, 1991-йил 29-декабр сайловидан 5-6 ойдан кейин Эрк ҳам, ”Бирлик” ҳам жуда заиф эканлиги аён бўлди-ку! 1992-94 йилларда бу икки ташкилотдан 10 атрофида киши қамалди. (олдин ”Бирлик”-дан, кейин Эрк-дан ҳам), уларнинг ҳам анчаси – қисқа вақтга (мен каби; МС ва ЖМ эса – 3 кундан қамалишган) раҳбаларнинг бир қисми четга кетти.

Мендаги ишонарли маълумотларга кўра, мени акамни ҳам, МС-ни ҳам, мени ўзимни ҳам, ЖМ-ни ҳам, кетишимизга К. (Каримов демоқчи. Муҳ) рози бўлган, ҳатто буни истаган.

Бош оғриғи” дан озод бўлиш, бизларни қамамаслик ё ўлдирмаслик учун. Лекин, олдинроқ, 1992-йил 29-июнида мени акамни бошини ёришганида ўлимдан ярим ё чорак сантиметр бўлганлари балки уларни ўлдиришга уриниш бўлгандир. Шукрулло-ака Мирсаидовни ҳам “кетсин” деб айтган, лекин у киши кетишни истамаган.

МС Ватандалигида Каримов ва унинг сиёсатини бир марта ҳам очиқ-ошкора танқид қилмагани – бу унинг ҳуқуқи. Мен ҳозир марказчиман, шундай бўлса ҳам К. ва унинг сиёсатини танқид қиламан. Гарчи, кескин-ашаддий мухолифат назарида “К. тарафдори” ҳисоблансам ҳам. МС эса ўша даврда (1989-йил ёзи – 92 йил бахори) К.-ни ва унинг сиёсатини бирор марта танқид қилганини эшитмаганман. У Парламентнинг ҳар бир сессиясида сўзга чиқар эди, лекин бирор марта К.. ва унинг сиёсатини танқид қилмаган. У сўзга чиқмаган сессиялар: 1990-йил марти (К. Президент этиб сайланишида): МС бу муҳим йиғин ўрнига Америкада майда миллатларнинг аҳволи билан танишиш учун келган гуруҳ ичида эди – “мухолифат раҳбарлигига” даъво этувчи арбоб учун ўта кулгили ва хато қадам эмасми?

Яна бир марта унга сўз берилмагани – 1992-йил 2-июл. Бунда МС “аразлаб” депутатлик гувоҳномасини топширган. Бу ҳам – ўта кулгили ва хато қадам эмасми?

Унинг ўзи нашр эткан мақолалар, нутқлар тўпламларидан бундай (К. ни) танқидни излаб кўринг … – мен уларни кўрмаганман.

Агар Сиз мен билмаган бундай танқиддан хабардор бўлсангиз, далиллар билан (ўша вақтда чоп этилган баёнот, мақола, …) ноҳақ эканлигимни исботланг – раҳмат дейман ва хурсанд бўламан… Бугун айтилиши мумкин бўлган уйдирма ва “эсдаликлар” эса исбот эмас!

Мени ўша пайтларда ҳам кескин, радикал мухокифатдан кўра мўътадил мухолифатга мойиллигим кўпроқ эди.

Лекин, МС ва унинг тарфадорлари жуда кўп ёлғон, туҳмат, бўҳтон, ва … саводсизлик қилишгани учун, улар тарафига ўтмаганман. “Бирлик”ни ашаддий, ўта кескин, назаримда хато йўллардан қўлимдан келганича тўхтатишга уринганман – ўз хатоларим ва камчиликларим орасида …

1991-йил 30-сентябрдаги Каримовни парламентда ишдан олишга уришиншда МС К.-га қарши чиққанларни танқид қилиб чиққани (“қачондан бери улар демократ бўлиб қолди” деб – К.га қарчи кун тартиби ва протокол нуқтаи-назаридан энг кучли чиқиш қилган Мирзо Улуғбек тумани раҳбари, коммунист – Шуҳрат Нусратов ҳақида!) яъни, амалда балки К.-ни ҳимоя қилгани – бу ҳам унинг ҳуқуқи.

Тарих ва ўтган ишлар тахлили асосан сабоқ чиқариш учун керак. Ҳозир тарихни “таҳлил” қилаётган акаларимиз ва укаларимизнинг деярли барчаси ўзи ёки тарафдори (“ҳомийси”, “акаси”, …) -ларни мақташ, ҳимоя қилиш мақсадида шекилли. МС ҳам, мени акамлар ҳам., ЖМ ҳам, бошқалар ҳам … Лекин, МС ҳақида айтилаётган танқидда кучли далил ва асос бор. Акамларни эса, мен МСга ҳужум қилишга ўта катта эътибор учун танқид қилиб келаман. Ҳамда ҳокимиятга келиш, кейин давлатни бошқариш учун кўпроқ тарафдор йиғиш, душманларни иложи борича камайтириш (ҳеч бўлмаса, уларни сотиб олмаслик) кераклигини эслатаман. …

ББС-ўзбек хизматиниг Интернет сахифасида 18-август атрофида менга 12-15 кишининг саволи ва жавобларим чиққан эди. Балки кўргандирсиз. Лозим топсангиз, уни сайтингизга қўйинг.

Мен ўша ББС саҳифасида МС-нинг назаримда чиройли шиорлар, хомхаёллар ва ўзини мақташдан иборат жавобларини ўқидим. “Қандай жавоб бермаслик керак?” деган саволга жавоблар топдим ўзимга. МС-га раҳмат демоқчиман.

Йиғилишларда ноқулай савол берилганида довдираб қоладиган МС қандай қилиб эркин сайловда ютиб чиқа олишини мен ҳеч тасаввур қила олмайман. Унинг бундай “довдирашига” ўтган асрда бир қанча марта гувоҳ бўлганман. 2005-йил ёзида у билан 3 марта учрашиб, у киши аввалгидан ҳам довдир бўлиб қолганини кўрдим, инсон сифатида ачиндим: ахир у кишининг бошига, айниқса укалари бошига, қанча савдолар тушди ва тушиб турипти. Лекин, сиёсатчи сифатида – бу жуда катта заифлик.

Гарчи яқин орада Ўзбекистонда эркин сайловлар уфқда кўринмаётган бўлса ҳам, мухооифатчиларимиз орасидаги ўзаро нафрат, ман-манликни ёдда тутиб, бир ўйлаб кўринг. Агар улардан баъзилари ҳокимиятга келиб, ҳақиқатда ҳокимиятини мустаҳкамлай олса – у ҳолда ўз душмаларига нималарни қилишаркин? Ҳозир уларнинг нафрати – сўзда. Лекин, қўлида миршаблар, хавфсизлик кучлари, прокуратура, ва балки суд ҳам, бўлса-чи?
Қолаверса, мухолифатчиларда бугунги куннинг энг долзарб ва оғир масаласи – иқтисодни тушунадиган одам йўқ.

Сайловлар олдидан Абдураҳим Пўлатни Ватанга қайтиш учун элчихонага мурожаат қилгани, Пўлат Охун каби мухолифат фаолларини ҳукумат билан муросага келиш ҳақидаги чақириқлари кишида турли саволларни пайдо қилади.” – деб сўрапсиз. Бу 2 қадам менимча ”Бирлик” давом эттираётган кўплаб хатолар орасида ажралиб турган ижобий қадамлар.Мен 1995-йилдан бери ўзбек дунёвий мухолифат рахбарларининг деярли барчаси Юртга қайтиши мумкин деб айтиб келганман. Бу ҳам алоҳида мавзу …

Умуман олдганда, ”Бирлик” Ватанда бирор иш қилишга турли йўллар билан ҳаракат қилаяпти. Ўзбекистон – Шимолий Корея, Хитой, ё ҳатто Туркманистон эмас. У ерда унча-мунча иш қилиш мумкин, гарчи хавф бўлса ҳам …

Яна бир марта “акасини ҳимоя қилаяпти” дейишингиз мумкин. Лекин мен ўз акамни ҳар доим танқид қилиб келишимни ҳам билсангиз керак. Жумладан, ББС-га жавобларимда ҳам. … Мен МСнинг укаси Мақсуд Б. каби, “акасининг кўр-кўрона тарафдори” эмаслигимни билсангиз керак ҳар ҳолда.

Ҳаракат” саҳифасида мухолиф партиялар қайси бири Ватанда бирор иш қилишга уринаяотгани ҳақида ((http://www.harakat.net/el_news.php?id=1108: 08 Sep 2007, 23:30) Акбарали Ориповнинг анча пишиқ мақоласига эътибор беринг. Гарчи у ердаги барча гапга мен қўшилмасам ҳам … Бу мақолада ҳеч кимга “ҳужум” сезмадим. Деярли барчаси тўғри фактлар эслатиб ўтилган холос. Тарих ҳақида эмас, бугунги кун ва охирги 5-6 йил ҳақида.

МСнинг Юртда ҳеч бир иш қила олмаётгани эса – унинг ҳам жиддий хатоси ва заифлигининг яна бир исботи … Отаназар-ака ва яна бир қанча МС тарафдорлари, ёрдамчиларининг Юртда ишаш имкониятлари – мана 1996-йилдан бери – ”Бирлик”чиларнинг имкониятидан деярли фарқ қилмайди. Ишда эса фарқ анча.

Нега мени гапларим кўп мухолифатчиларга, хусусан ўз акамга, ёқмаслигини тушунса бўлади. Чунки, мен – марказчиман. Улар билан сиёсий қарашларимда жиддий фарқ бор.
Лекин, менга нисбатан кескин муфолифатачилар бир неча гурухга бўлиниб олиб, ўз ғайрат ва ҳаракатларининг сал кам ярмини бир-бирига ҳужум ва ўзини мақташ билан овора. Амалда эса, уларни сиёсий шиорлари деярли (ё жиддий) фарқ қилмайди. Кулгили вазият.

Бу мактубим ҳам чўзилиб кетти – Сизни мактубингиздан кўра ҳам чўзилди.
Қисқаси: ҳамкорлик қилиш таклифингизни қабул қиламан. Унинг шакллари ҳақида янги фикр, таклифларингизни кутаман, хусусан, мени таклиф ва мулоҳазаларимга жавобни ҳам.
Энг қисқаси – саҳифангиз учун саволларни кутаман. Қолган гапларни яна гаплашаверишимиз мумкин.


Ҳурмат ила,
АбдуМанноб.
Р.С. Танқидий мулоҳазаларимни билдирганимдан хафа бўлмассиз деган умиддаман.

****

Абдуманноб Пўлатдан айни шу мавзуда иккинчи мактуб.

16 сентябрь 2007, 19:01
Абдуманноб Пўлат.

Юсуф Расулга.

Юсуфбек, салом!
Ярим кечада Сизга узундан-узоқ мактуб юбориб, кейин уйқум ўчди – ўзимдан норози бўлиб.
Ўзбек мухолифатчиларининг ўзаро ғийбат, туҳмат, даҳанаки ҳужумларининг асабимга таъсири бўлса керак, мен ҳам баъзи гапларни анча кескин айтиб юборипман.

Акбарали Орифовнинг Ҳазратқул ва Сиз ҳақингиздаги гаплари ҳам, худди мени гапларим каби жуда кескин, лекин у келтирган фактларнинг деярли барчаси ўринли. Танганинг иккинчи тарафи – бу ”Бирлик” Андижонда 4 минг аъзога эгалигини даъво қилса ҳам, 2005 йил май фожеасида ҳеч бир (ижобий ҳам, салбий ҳам ) жиддий иш қила олмагани.

Бирлик”чилар барча бошқа демократлар ва мухолифатчилар қаторида фақат мухбирлик қилиб, хабар тарқатишга иштирок этишгани, ҳамда, бир неча ҳуқуқ ҳимоячисининг исёнкорлар ва ҳукумат орасида мулоқотга воситачилк қилишга уриниши. Бу факт ”Бирлик” ҳам жуда заиф эканлигини тасдиқлайди. Лекин, барибир, ”Бирлик” (Эрк ё МС гуруҳига нисбатан) Юртнинг ичида нимадир қилишга ҳаракат қилаётгани – бу тўғри.

Ҳа, МС ва унинг тарафдорларини танқид қилаётганларнинг гапларида анча кўп фактлар, таҳлил, асос бор. Уларнинг асосий камчилиги, хатоси – бу ўта кескинлик, ўзгаларнинг хатоларини “кечирмаслик”, бу масалаларга керагидан 10-20 марта кўп эътибор. Бу танқидлар кўпинча шаклан ўринсиз ва ўта кескин, лекин моҳиятан қисман асосланган. Лекин МС тарафдорлари бу йўналишда янада кескин ва уларнинг асослари ва далиллари анча заиф.
Агар МС танқидчилари ўз хатоларини таҳлил этиб, тан ола бошласалар, унда МС ва унинг тарафдорларидан шундай қилишни талаб қилиш осонлашарди.

Ҳар бир арбоб ўзидан бошлагани маъқулмикин?

МСнинг хизматлари ҳақида 1-2 йил олдин Сиз ”Исёнкор”да чиқарганингиз – мақоламда айтиб ўтганман. Керак пайтида уларни доим қайтариб келаман.

Бирлик” тузулиши даврида орамизда энг танилган киши МС эди. Бунда МС 1988-йил баҳорида Ёзувчилар Уюшмаси Котиби бўлганлиги ҳам муҳим рўл ўйнаган:

У “номенклатура”да эди. Иш хонасида “вертушка” – ҳукумат катта амалдорларига, ҳатто ЎзКП МарказКоми 1- ва 2-Котибига телефон қилиш имконияти (бир марта, мен унинг хонасида эканлигимда, МС Марказкомнинг 2-Котиби билан телефонда гаплашган эди). Тагида хизмат “Волга”си. Уюшма раиси – катта адибимиз Одил Ёқубов – ва яна бир қанча миллатсевар, миллатпарвар адибларнинг (Шукрулло, …) миллий ҳаракатга – хусусан МСга – ярим очиқ, ярим яширинча ҳомийлик қилиши, … Ўзб КП марказкомида ҳам баъзилар МСни ҳимоя қилишган – бундай ҳимоясиз МС Уюшмага Котиб бўлмасди: “ошкоралик” сиёсати ва шабададалари Ўзбекистонга ҳам аста-секин кириб келаётган давр эди.

МСнинг атрофида йиғилганмиз – танилган санъаткор Дадахон Х. ё ўша пайтда ҳеч ким эшитмаган, билмаган Фахриддин Х. атрофида эмас. Фахриддин энди “Бирлик”нинг ғоявий асосчиси” бўлипти. У ”Бирлик” дастури ё Низомининг биринчи, хомаки вариантини менга берганини олдинги мақоламда айтганман. Бу лойиҳани кимлар тайёрлаганини билмайман. Бу лойиҳа рад этилган. Лекин, барибир, бундай хизмат, ҳисса ҳам тилга олиниши керак.

2005-йил ёзида мен ЖМнинг ташаббусига нега қўшилдим? Чунки унинг ассоий шиорлари – ўзаро гина-кудуратни йиғиштириш, ўз хатоларини ҳам таҳлил этиш ва тан олиш, бўлгани учун. Мени ҳам баҳоли қудрат иштирокимда 2005-йил 10-июлида мени акам ва МСни 10 йилдан ортиқ вақтда 1-марта бир даврага ўтказдик – бу иш осон бўлмаган. Мен ўша пайтда ҳам “оптимист” эмасдим. Жуда кўплар шуни талаб қилиши сабаб бу ишга аралашган эдим.

Афсус, бу мулоқот узоқ давом этмади … ЖМ ҳам, акамлар ҳам МС ва унинг тарафдорлари ҳам аввалгидан баттар даҳанаки жангларни бошлашди.


Сизга саломатлик ва омад тилаб,
АбдуМанноб.


Мактуб бироз қисқартиришлар билан эълон қилинмоқда. (Муҳаррир).

Www.yangidunyo.com

 

http://yangidunyo.com/?p=1841#more-1841