Jul 052012
 

Ўзбекистонлик фаол Ҳабибулла Оқпўлатов озодликка чиқарилган

Сўнгги янгиланиш 5 июл 2012 – 16:00 GMT
Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар сони биттага камайгани фаолларни хурсанд қилган.Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар сони биттага камайгани фаолларни хурсанд қилган.

Ўзбекистондан олинаётган хабарларга кўра, норасмий Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг аъзоси Ҳабибулла Оқпўлатов Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги уйига қайтган.

Ҳабибулла Оқпўлатовнинг кутилмаганда уйига қайтиши унинг фарзандлари ва яқинларини хурсанд қилган.

Асли касби ўқитувчи бўлган 61 ёшли Ҳабибулла Оқпўлатов 2005 йил июнида ҳибсга олинган, ўша йили охирида Самарқанд вилояти маҳкамаси инсон ҳуқуқлари фаолини таъмагирлик, фирибгарлик ва туҳмат қилишда айбдор деб топиб 6 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган эди.

Ўзбекистондаги маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Ҳабибулла Оқпўлатовнинг озодликдан маҳрум этилишини қоралаганлар, қатор ҳисоботларда у асоссиз айблар билан тазйиққа учраган Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритилган.

Оиласи унинг Тошкент вилоятидаги Олмалиқ, Самарқанд вилоятидаги Каттақўрғон ва Навоий шаҳридаги қамоқхоналарга кўчирилгани ҳақида хабар берганлар.

Бир неча марта масъуллар фаолнинг қайси жазони ижро этиш муассасасига ўтказилгани ҳақида қариндошларини бохабар этмаган, фарзандлари бир неча ойлик излашдан кейин оталарини топганларини айтганлар.

Охирги йилларда Ҳабибулла Оқпўлатовнинг саломатлиги ёмонлашган, у ўзига нисбатан қамоқхона тартибини бузиш баҳонаси билан “жазога тортилган”лари ҳақида айтган.

Тутқунликда у вазнининг ярмини йўқотган, ўнг оёғининг тиззадан пастки қисмини сезмай қолаётгани, кўзи яхши кўрмай қолаётганидан шикоят қилган.

Хабарларга кўра, шу йил июн ойида республика миқёсида ташкил этилган комиссия мамлакатдаги жазони ижро этиш муассасалардаги аҳвол билан танишиб чиққан.

Ана шу комиссия ташрифидан кейин Ҳабибулла Оқпўлатовни озод этишга қарор қилинган.

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2012/07/120705_cy_akpulatov_freed.shtml

Sorry, the comment form is closed at this time.