Jun 142012
 

2012 йил, 7- июнь куни Бишкекда туркий халқларни дўстлаштириш ва бирлаштириш йўналишида ўтказилган халқаро илмий-амалий конференция ҳақидаги хабарни эшитиб ниҳоятда қувондик.

Евро-Осиё эллари, хусусан, туркий халқларни яқинлаштириш ва жипслаштириш муаммоси хусусида , туркий бирлик масаласида бошқа туркий халқларнинг ойдинлари ҳам ўйлашаётгани, жон куйдиришаётгани шу йўналишда баҳоли-қудрат ишлаётган биз журналистлар учун ниҳоятда қадрлидир.

«Евро Осиё халқларининг ахлоқий—маънавий бирлиги — Турон: ўтмиш ва келажак» деб номланган ушбу илмий-амалий конференцияда туркий халқларнинг кўплаб ойдинлари сўзлаган нутқлар, руҳий—этник ҳудуд ва маданият бирлигини сақлаш, ахлоқий ва маданий анъаналарни бир ҳудуднинг ўзида асрашнинг фойдали, стратегик томонлари хусусидаги жиддий фикрлар бизга ниҳоятда қадрлидир.

И. Араббоев университетининг илмий ишлар бўйича проректори Эмиль Каниметов томонидан кейинги пайтларда туркий халқлар орасида юз бераётган руҳий, маданий-маънавий инқироз ҳақида жон куйдириб гапирилиши, бирлашиш ғояси урғулангани, бу юртда ҳам туркий бирлик муаммоси хусусида жон куйдираётган зиёлилар борлигини кўрсатди. Туркий халқларнинг дўстлари қатори душманлари ҳам етарли. 2010 йил июнида юз берган қонли воқеаларда қатнашиб, шахсларга зарар етказган ва бу қирғинни уюштирганлар, миллатидан қатьий назар, жазоларини олишлари керак. Айни замонда, бошқалар, туркий элларнинг ойдинлари, олимлари, журналист ва ёзувчилари гина-кудуратларни унутиб, бирлашиш, яқинлашиш ғоясини амалга ошириш йўлида жон куйдириб ишлашлари зурур!

Озарбайжон Халқ демократик партияси раиси Рафиқ Туробхон ўғли бирлашиш ғоясини биринчилардан бўлиб-қувватлагани бесабаб эмас. Қардош Озар халқи туркийлар ўртасидаги парокандаликдан ҳаммадан кўра кўпроқ жабр кўргандир. Бишкекда йиғилган олимлар ва зиёлилар муҳокама жараёнида бир ҳудудда яшаётган Евро-Осиё халқлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик имкониятларини излаш бўйича ҳам фикр алмашишгани ва бу муҳокама жараёнида “Турон маънавий давлати” қуриш керак, деган хулосага келганлари, айниқса, қувонарлидир.

Қурилиши мўлжалланаётган бу рамзий давлат Евро-Осиё халқлари ёки Турон этноси орасидаги яқинлашиш масаласини ечишда муҳим амалий рол ўйнайди, деган умиддамиз. Коференцияда ҳам айтилганидай, туркий мамлакатлардан бирининг ҳудудида иш олиб борадиган маънавий давлатнинг Туркияда бўлиши мақсадга мувофиқ. Чунки, бу давлат туркий мамлакатлар орасида энг ривожланган, ҳар жиҳатдан камол топгандир. Бизнингча Европадан бироз узоқроқ бўлган Марказий Осиёда бу давлатнинг марказга бўйсуниб ишлайдиган бўлимлари бўлиши мумкин.

Узун гапдан қисқа хулоса шуки, биз, конференция қатнашчиларининг туркий мамлакатлардан бирининг ҳудудида “Турон маънавий давлати” тузиш ҳақидаги резалюциясини қўллаб-қувватлаймиз. Бу ғоянинг сўз бўлиб қолмаслиги амалий ишларга ўтиш пайти етганини алоҳида эслатмоқчимиз. Бугунги ҳукуматларимиз эса, ортиқча тортинчоқликларини йиғиштириб қўйиб, амалий ишга ўтишлари халқларимизнинг зиёлиларига ёрдам беришлари керак. Зеро, туркий халқларнинг, хусусан, Марказий Осиё туркийларининг бир-бирини англаши, қайғуларини ҳам, шодлигини ҳам ҳис этиши ва тинч-осойишта яшаши учун ҳукуматларимиз масъулдир ва бу ғояни биринчи навбатда улар қўллаб-қувватлашлари зарурдир.

“Туркистон тонги” “Түркістан таңі”
газеталари таҳририяти номидан
Сейітбай Байдуллаев, Ботир Норбой.
9-июнь 2012 йил.

http://zamondosh.blogspot.ie/2012/06/blog-post_14.html#more

Sorry, the comment form is closed at this time.