Jun 052012
 

Биз “Туркистон тонги” ва “Түркістан таңы” газеталари таъсисчилари ўттиздан ортиқ ёзувчи ва шоирларга, сиёсатчиларга шундай мурожаатнома ёзгандик.“Ҳурматли дўстлар! Сизга маълумки, Қозоғистон жанубида ўзбек ва қозоқ тилларида “Туркистон тонги” ва “Түркістан таңы” номида иккита газета таъсис этилди.

Газеталар асосан Туркий ва бошқа халқлар бирлиги, дўстлигини ва мардикорлар ҳаётини ёритишга мўлжалланган. Аммо бу газеталар мазмун мундарижаси янада яхши бўлиши учун Сизларнинг ҳам кўмагингиз керак.

Бинобарин, ушбу нашримиз билан ҳамкорлик қилишингизни, туркий ва бошқа халқлар бирлиги, дўстлигини ва мардикорлар ҳаёти ва бошқа қизиқарли мавзулардаги шеърлар, мақолалар, ҳикояларингиз, ҳажвияларингиз бўлса oqqala@gmail.com ва s_baydullaev@mail.ru электрон адресларига юборишингизни илтимос қиламиз.
Камоли эҳтиром ила, и Сейитбой Байдуллаев, Ботир Норбой”
Бу мурожаатга ўнлаб ижобий жавоблар келди. Аммо биронта одам Абдураҳим Пўлатдай алжиб жавоб ёзгани йўқ. Алжиш мақола сарлавҳасидан бошланган. “Туркистон тонги” газетаси Туркистонни ўйлайдими ёки унга хоинлик қилишними? деб сарлавҳа қўйибди, А. Пўлатов. Агар ҳозирда уч сони чоп қилинган ва турли сайтларда ўрнаштирилган газета ичидаги мақолалардан биронта хоинлик белгиси топилиб, шу хил сарлавҳа қўйилганда бирон нарса дейиш қийин эди. Оддий бир мурожаатномага асосланиб, ёки кимнидир муассислигига асосланиб “Туркистон тонги” газетаси Туркистонни ўйлайдими ёки унга хоинлик қилишними? деб сарлавҳа қўйиш, саводсизлик, маданиятсизлик, алжиш белгиси. Аммо, биз бир пайтлар Бирлик лидери бўлган ва қатор яхши ишларни амалга оширган Абдураҳим аканинг ғалати сарлавҳалар қўйишидан, анча алжиб қолганидан унинг учун хафа бўлдик. Унинг алжишлари сарлавҳадангина эмас, ёзган матнларидан ҳам кўриниб турадиган бўлибди. Абдураҳим Пўлат “Ҳаракат” таҳририяти номидан: “Инсоннинг ҳеч ким инкор этолмайдиган табиатининг (?!) қирраларидан (?) бири шундан иборатки, ҳар қандай янги ташаббус қанчалик актуал, қанчалик жозибали ва қанчалик керакли бўлишидан қатъий назар, бу ташаббуснинг орқасида қандай шахслар турганига эътибор берилади”, деб ёзади. Ҳали қилинмаган ишни ижобий ёки салбийлигини билмай туриб унга муассисларнинг кимлигига қараб баҳо бериш мантиққа тўғри келмайди.
“Кўринишидан, янги газеталар яратиш ташаббусининг орқасида икки шахс – Сейитбой Байдуллаев ва Ботир Норбой турибди”. деб илова қилади. А.Пўлат. Сўнг каминани Бирликдаги фаолияти ҳақида тўхталибди. “Ботир Норбой “Бирлик” халқ ҳаракати тузилган йиллари унинг энг фаол аъзоларидан бири эди. У “Бирлик”нинг илк қўлбола нашрларини тайёрлашда ҳам иштирок этган.“Бирлик” кучга кириб, ҳокимиятни жар ёқасига келтириб қўйган пайтда, ҳозир 53-54 лақаби билан танилган миллат хоини Салой Мадамин раҳбарлигидаги бир гуруҳ Ислом Каримовнинг топшириғи билан Ўзбекнинг тарихидаги бирнчи миллий-озодлик ҳаракати бўлган “Бирлик”ни парчалади, унинг оёғига болта урди. Минг афсуски, ўшанда, баъзи хоразмлик бирликчилар оддий маҳаллийчиликни миллий ғояларидан юқори қўйиб, Салой Мадаминнинг орқасидан хоразмлик бўлгани учунгина кетдилар. Хоразмлик Ботир Норбой ўшанда хоин ифлосларга қўшилмади, “Бирлик” сафида қолди, олийжаноблигини кўрсатди”, деб мақтабди. Сўнг “Йиллар ўтди. “Бирлик” қайтадан оёққа турди. Мақсади тинч йўллар, сайловлар орқали ҳокимиятга келиш бўлгани сабабли, партияга айланди”, дебди. Айлангани рост бўлсин. Аммо агар Абдураҳим ака бу партиянинг лидери бўлиб қолаверса, бу ишлар юришишига гумоним бор. Чунки у ДИПЛОМАТИЯНИ, ОДАМЛАР БИЛАН ОДДДИЙ ДИОЛОГ ОЛИБ БОРИШ МАДАНИЯТИНИ билмайдиган аҳволга келибди. Буни ўша мақолада бир лидерларни хунаса деб сўкиши ҳам кўрсатиб турибди. Қолаверса, у ўзи билан бўлмаганларнинг ҳаммасини хоинга чиқаришга ўрганиб қолган… У менинг Бирдамлик халқ ҳаракати сафларида бўлишимни ҳам хоинлик деб ҳисоблайди. Агар Бирдамлик халққа қарши ишлар қилиб. Мен уни қўллаб қувватлаганимда хоинлик дейиш мумкин эди. Аммо нозўровон усулни ўз шиорига айлантириб, ўз сафларида юзлаб кишиларни бирлаштириб, турли акциялар ўтказаётган ташкилотни қай юз билан хоинлар, хунасалар ташкилоти дейиш мумкин?! Иккинчидан, демократик принциплардан екелиб чиқилса, қайси ҳаракат ёки сафларида бўлишни ҳар кимнинг ўзи белгилайди. (Бирдамлик сафларида Бирлик ва Эркнинг собиқ ва ҳозирги фаолларидан: Г.Нуриллаева, Носир Зокир, Дилором Исҳоқова, Искандар Худойберганов, Бахтиёр Исабеков… сингарилар ўнлаб фаоллар бор.) Учинчидан, мен юқорида айтилган ҳаракат сафларида бўлганим ҳолда ўзимни бошқа сафлардан чиқиб кетган деб ҳисобламайман. Умуман, Ўзбекистонда демократик жамият ўрнатиш йўлида ишлаётган ҳамма ҳаракат ва партияларни қўллаб қувватлайман. Буни Бирликчи дўстларимнинг таклифи билан “Эзгулик” ташкил этган мажлисларда (Жумладан, Халқ ҳаракатининг 20 йиллигида ва бошқаларида) ветеран сифатида қатнашганим ҳам тасдиқлайди. Қизиғи шуки, ўша мажлисда қатнашганимни Абдураҳим ака фахрланиб ёзганди. Энди эса, газета таъсисчиларидан бири бўлганим учун хоин бўлибман. Агар А. Пўлатов шу хил газета таъсис этса ва мен у ерда ишласам хоин бўлмас эканман. Шуни алоҳида айтиб ўтишим керакки, бу газета бирон мухолифатчининг эмас, ўзбек ва қозоқ зиёлиларининг ташаббуси билан таъсис этилди ва Худо ҳоҳласа, ҳали халқлар ўртасидаги мувозанатни сақлашда, туркийларни яқинлаштиришда кўп тарбиявий, амалий-маърифий ишларни бажаради. У ўзини сал кам даҳо деб биладиган. ҳаммани оёқ учида кўрсатадиган, Бирликка ёпишиб олиб, раисликни қўлдан бермасликка ҳаракат қилаётган Абдураҳим Пўлатга муҳтож эмас. А. Пўлатов ўз сайтидаги мақоласида “Бирлик” фаоллари Ботир Норбой иштирокида қилинаётган ҳеч қандай лойиҳани йўллаб қувватламайдилар, унга қўшилмайдилар”. деб ёзибди. Биринчидан, ҳаракат ёки партиянинг барча фаоллари номидан бундай ёзишнинг ўзи тоталитаризм белгиси. Иккинчидан, айтиб ўтайки, 50га яқин фаолларга юборилган бу хатга Бирликнинг собиқ ва ҳозирги фаолларидан ижобий жавоблар келди ва келмоқда. Бирлик А. Пўлатовнинг шахсий мулки эмас. У: “ Ботир Норбой…авваламбор бирликчилардан, “Бирлик” миллий ғояларни кўтарган ҳамда шу йўналишда амалий ишлар қилаётган ягона ташкилот эканлигини ҳисобга олиб, миллатдан кечирим сўраши керак”, дебди. Ажабо, бу ерда Абдураҳим ака бошқараётган бугунги Бирлик миллат билан тенглаштириляпти. Бир пайтлар Бирлик халқ ҳаракати миллат тимсоли эди. Ҳозирги Абдураҳим Пўлат бошқараётирман, деб ўйлаган Бирлик миллат тимсоли бўлаолмайди… Бунинг сабабларини очсам, А. Пўлатнинг ўзи уялиб қолиши мумкин.
Иккинчидан, Туркий Бирлик ғояси муаллифи Бирлик дейиш (“Туркистонни бирлаштириш, “Туркистон Бирлиги” ёки “Марказий Осиё Бирлиги” тузиш ғоясининг муаллифи “Бирлик”дир” деб ёзиш) ажабланарли. Бу ғоя битта Бирликка ёки Абдураҳим Пўлатга эмас, ундан 60-70 йиллар олдин тузилган қатор ташкилотларга, ўзбек туркларидан Беҳбудий, Мунаввар қори, Чўлпон, Боймирза Ҳайит, қозоқ туркларидан Мустафо Чўқай, Мағжан Жумабой каби ўнлаб зиёлиларга ҳам тегишлидир. Қолаверса, Туркистон бирлиги ҳақида гапира туриб, Баҳром Ғойиб, Сейитбой Байдуллаев, Иброҳим Ал Ҳошимий каби турли миллат кишилари тузган “Туркистон халқ ҳаракати”ни эсга олмасликнинг ўзи, тарихни сохталаштириб, ҳамма нарсани Бирликка боғлашга уринишдир.

Мен бир пайтлар, Абдужалил Бойматовнинг А.Пўлатов 20 йилдан бери Бирликнинг раиси. У ўз ўрнини ёшларга бўшатиб бериши керак, деган фикрини қўллаб ташкилот раислигига ёпишиб олгани учун Абдураҳим акани танқид қилгандим. Назаримда юқоридаги гапларимни у хоинлик белгиси деб ўйлаган кўринади. Мен А. Пўлатовнинг баъзи фикрларига қўшилмаганим ёки бошқа ҳаракатларда фаолият олиб бораётганим хоинлик белгиси эмас. КАРИМОВГА ҚЎШИЛМАГАНЛАР ВАТАН ХОИНИ БЎЛМАГАНИ КАБИ ПЎЛАТОВГА ҚЎШИЛМАГАНЛАР ҲАМ БИРЛИККА ХИЁНАТ ҚИЛМАГАНДИР.“Туркистон тонги” қозоқ ва ўзбек зиёлиларининг кучи билан чиқарилаётганини, Бирлик партиясига ёпишиб олиб унинг ишларини олдинга эмас, орқага юритаётган Абдураҳим акага муҳтож эмаслигини эълон қиламиз, кўп ижодкорларга юборилган хат А. Пўлат адресига тасодифан юборилган деб ҳисоблаймиз.

Ботир Норбой.

http://zamondosh.blogspot.ie/2012/06/blog-post_6797.html#more

АБДУРАҲИМ ПЎЛАТОВ НОСИР ЗОКИРГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛДИ

 

 2   июнь  куни  кутилмаганда  Абдураҳим   ака   менга  қўнғироқ   қилиб   қолди.
 

 

 

 

Носир Зокир

Бунинг сабабини суҳбат сўнгида   тушиндим. Унинг   айтишича,  унинг башоратлари доимо ўзини оқлаб келган. Ўзбекистонда “Бирдамлик”,“Эрк” партиялари   йўқ. Демак уларни сафида аъзолар ҳам йўқ. Шунинг  учун  улар ҳеч қандай йиғилишлар қила олмайди. Диолором  Исоқова   билан   мени   Б. Чориев билан фақат пул учунгина  ишлаб  келаётганимиз  ҳақида  у  кишида  фактлар бор экан. Бизларни Чориевдан олаётган пулларимиз харом экан. Уни еган  болаларимиз ва набираларимиз  ҳам  харом  луқма еяпди экан. Менга Пўлатов бир ҳафта муҳлат берди. Келгуси шанба куни Қўқонда водий бўйича бўладиган  “Бирлик”нинг йиғилишигача мен “Бирлик” сафига қайтиб кираманми,йўқми,шуни ҳал қилишим керак экан. Агар “Бирлик”га қайтмагудек бўлсам,мени  сотқин деб эълон қилар эмиш. Шунда ҳам инсонгарчилик ва мени узоқ йиллар  “Бирлик” сафида  халқ учун қилган   меҳнатларимни инобатга олган ҳолда мени  огоҳлантириб  қўяётган эканлар. Пўлатовнинг   айтишларича инсон  ҳуқуқларини  ҳимоячиси,юрист Суҳроб Исмоилов четдан  катта-катта ноқонуний пул олаяпти экан. Абдураҳим ака уни қаматар эмиш. Ярим соатлар ўтгач,  “Мен ҳам гапириб олай,ҳозир телефон  узилиб  қолади” деганимга қарамай,гапиравердилар. Охири,“Ака,мен сизни ҳурмат қиламан” деб гап бошлашим билан ҳақиқатда ҳам телефон узилиб қолди. Сўнг  у  киши  менга  қайта қўнғироқ қилмади. Абдураҳим ака Суҳроб Исмоилов ҳақида гапириб,нимага шаъма қилаётганларини тушингандай   бўлдим.

Энди  ўз  миулоҳазаларимни  билдирсам. Биринчидан,мен “Бирлик” ни ёки бу ҳаракат сафидаги дўстларимни  сотиб,“Бирдамлик”ка ўтганим йўқ. Улар билан ҳозир ҳам доимо алоқадаман. Одатда,демократик принсиплардан   воз кечиб бошқа ғоя ёки ҳукумат томонига ўтиб кетганларни сотқин дейилади. Масалан,Россияда Зюганов Немцовлар томонига  ўтиб  кетса  уни сотқин   дейиш   мумкин. Мен эса бошқа ғоядаги  ҳаракатга ўтиб кетганим йўқ. Мени “Бирлик”дан  чиқиб кетишмининг сабаби бундай: Абдураҳим акани  бирликчи   биродарларимизнинг қаршиликларига   қарамай,  муттасил равишда Муҳаммад Солиҳ билан олишавергани жонимдан ўтиб кетди. Ҳаракат ичида бўлиниш ҳосил бўлди. Ҳозирга келиб сиёсий кучлар бутунлай парчаланиб кетди. Мен Америкада бўлганимда Пўлатовга шу фикрни тушинтирдим.  “Агар Сиз шу ҳаракатларингзни тўхтатмасангиз ҳаммамиз бўлиниб кетамиз. Агар  М. Солиҳ ҳақидаги фикрларингиз тўғри бўлса ҳам,ҳозир буни мавруди  эмас. Вақтики келиб бу масалани халқнинг ўзи муҳокама  қилади” деб кўп тушинтирдим. Бўлмади. У киши ўз  сўзида туриб олди. Бундан ташқари,Пўлатов “Озодлик” радиоси ходимларини  ҳам СНБ айғоқчилари деб атаб,бу радиода чиқишдан бош тортганини менга Вашингтонда айтган эди. Эмишки,  Ўзбекистонда “Озодлик” ни ҳеч ким эшитмас эмиш. Тўғри,уларнинг ҳам камчиллиги бордир. Уларни ҳам саимий танқид қилиш мумкиндир. Лекин,муҳолифатчи сифатида улардан фойдаланиш ўрнига,баҳоли қудрат ишлаб турган журналистларни батамом сотқинга чиқаришга  ҳеч кимнинг  ҳаққи йўқ.

Мен Абдураҳим Пўлатовни қаттиқ ҳурмат қиламан. Чунки,А. Пўлатов М. Солиҳ,Г. Нуриллаева,Д. Ҳасанов,Ё. Обид,Т. Ёқубов сингари узтозларимизга эргашиб ҳақиқатни англаганмиз. Кўр кўзларимиз очилган. Буни эсдан чиқариш нонкўрлик бўлар эди. Лекин Ўзбекистон ичида қилиниши керак бўлган муаммолар қалашиб ётган бир пайтда,ҳа   деб  “53-54” деб  ёзавериши  асабларимизни тугатиб юборди. Илгари  ҳам айтганман,Баҳодир Чориев ҳақиқатда ҳам Абдураҳим ака даражасидаги сиёсатчи эмасдир. Лекин кимдир сиёсатга аралашиб нималардир қилмоқчи бўлса,тажрибали инсон сифатида унга тушинмаган жойларини тушинтириб,  яҳши гапириб,ўзига яқинлаштириб,ёрдам  бериш  ўрнига,ўзидан бездириб,у ҳақда куракда турмайдиган  гапларни гапириш,ёзиш А. Пўлатов даражасидаги сиёсатчига тўғри  келадими? Абдурахим  аканинг 90- йилларда айтгангапларини кўпчилиги тўғри бўлиб чиқди. Буни тан оламан. Лекин ўзини сўзига нисбатан муҳолиф фикр билдириб танқид қилган кишиларни сотқинга чиқариб,бадном қилишга ҳаракат қилиш коммунистларни иши эди шекилли? Ахир,ўзимиз шундай ноҳақликларга қарши курашаяпмизку! Мен “Бирлик”дан чиқиб кетган бўлсам ҳам Горбачёв замонида,  айнан  Пўлатовлар томонидан онгимизга  сингдирилган  демократик ғоялардан воз кечганим йўқ.

Пўлатов менга қўнғироқ қилганида ҳар икки ҳаракатнинг ҳам ғоялари бир эканлигини айтиб,“Бас шундай экан,Боҳодир бошқа ташкилот тузмасдан бир ташкилотда ишлавермаймизми?” деди. Тўғри,лекин,биринчидан,биргалашиб ишлаш масаласини,энди сиёсатга кириб келган одамни ўзидан бездирмасдан,тажрибали инсон сифатида,бу юмушни Пўлатовнинг ўзи бажариши керак эди. Иккинчидан,ахир,қўшни мамлакатларда  қанчадан-қанча демократик ташкилотлар фолият олиб браяпди. Улар  келиша  олмаётган  бўлиши  мумкин,лекин бошқа ташкилот тузганлиги  учун,бири-бирини сотқинга чиқармаяпдику?!

Тушиниб турибман,эртадан бошлаб Пўлатов мен ҳақимда куракда турмайдиган гапларни тарқатиб,албатта,мени сотқинга чиқаради. Ҳаттоки,фикрларига қўшилмаганим учун Суҳроб Исмоиловга қўшиб мен ҳам қаматиб қўйса ҳам,майли. Қўрқиб кетдим. Ахир Океан ортида туриб,Ўзбекистондаги  кишиларни қаматиб қўйиш қўлидан келадиган одамдан қўрқмай бўладими? Лекин Абдураҳим ака шундай катта кучга эга экан,бу кучини хайрли ишларга сарфласа бўларди.

Баҳодир Чориев Абдураҳим Пўлатов билан,2009 йил.
Баҳодир Чориев Абдураҳим Пўлатовнинг хонадонида,2009 йил.
Баҳодир Чориев Носир Зокир билан,2008 йил.

 

 

 

 

 

 

 

Носир   ЗОКИР

“Бирдамлик” халқ демократик ҳаракати Наманган ва Фарғона вилоятлари бўйича координатор

http://birdamlik.info/?p=22360

Sorry, the comment form is closed at this time.