May 242012
 

Бу ҳудудларни бўлганлар ва шу асосда фикр юритаётганлар орага совуқчилик солиб, бизнинг халқларимизга билиб билмай зарар келтиришади

Ҳурматли Гога Аброрович!

Ёшингиз анчага бориб қолганига, вақтингиз камлигига қарамасдан кичик бир мақоламизга эътибор бериб муносабат билдирганингиз учун раҳмат…Сиз ҳақиқатан ҳам тарихчисиз. Сизнинг баъзи китобларингизни,мақолаларингизни (ҳатто Бобур Маликовни америкага кетгани учун айблаб ёзган буюртма мақолаларингизгача) ҳам ўқиганмиз,  суҳбатларингиздан айримларини сайтлардан биламиз.

Майли, гапни чўзмайлик!

Хабарингиз бўлса, биз икки қавм вакиллари қозоқ ва ўзбек зиёлилари бирикиб “Туркистон тонги” газетасини таъсис этдик, Остонадан рўйхатдан ўтказдик ва ҳозир (ўзбек ва қозоқ тилларида алоҳида нашр сифатида)дастлабки сонлари (жами 4 минг тиражда) чиқа бошлади. Бу гапларни ёзайтганимизнинг сабаби Сизни шу газетага Туркистон тарихи ҳақидаги (Бирдамлик сайтидаги суҳбатларингизга ўхшамаган) жиддий, ўзингиз айтгандай илмий мақолалар ёзиб беришга даъват этмоқчимиз.

Аммо Сизнинг Бирдамлик сайтига берган суҳбатларингиздан, бизнинг мақолачамизга муносабат билдириб ёзган мақолачангиздан номзодлик ва докторлик ишларингиз бутунлай бошқаларнинг тарихига оидлиги,Сиз (гарчи Сомонийлар ҳақида китоб ёзган бўлсангизда) Марказий Осиё тарихи билан жиддий шуғулланмаганингиз билиниб қолган. Шу ҳолда,Марказий Осиё бўйича ўзингизни ягона тарихчи сифатида кўрсатаётганингиз ғалати. Бизнинг мақолачамиздаги Ўзбек ва Қозоқ хонлиги ҳақидаги гапларга қарши чиқибсиз ва бутун бир халқни нодонга чиқарибсиз.

Қозоқларда ҳам тарих ва тарихчилар борлигини унутибсиз. Ўзингиз айтгандай тарих ниҳоятда мураккаб соҳа ва унга бир томонлама ёндошиб бўлмайди. Қозоқ тарихчилари бугунги кунда совет тарихчиларининг,кўчманчиларда тарих ва маданият йўқ,деган иддаоларини йўққа чиқарадиган китоблар ёзишмоқда. (Тўғри,уларнинг баъзилари ҳам худди Сиз каби ўзбек тарихчилари (тархимизни бўлиб ёзишаётгандай)туркий халқлар тарихини бўлиб ёзишмоқда.

Бугунги кунда бу тенденция ниҳоятда хато ва хавфлидир. Шу маънода,Сизнинг Совет даврида яшаб ижод этганингиз учунми,бошқа сабаблар биланми,бизнингча, Марказий Осиё тарихини битта ўзбекнинг тарихи,деб ўйлаб,шу асосда фикр юритганингиз (айниқса,қозоқларда тарих ва хонлик бўлмаган. тарзида фикрлашингиз) дуруст эмас. Тарих шу ҳудудда яшаган ва яшаётган халқларнинг тарихидир. Уни асли (ўша мақолада ҳам айтилганидек) биргаликда ёзиш керак…

Бизнинг биримиз ўзбек,иккинчимиз қозоқ қавмига мансуб инсонлармиз.Тарихчи бўлмасак ҳам шу масалани қўзғаб,бу ҳақда,тарихни мураккаблигича ёзиш кераклиги ҳақидаги ғояни ўртага ташладик. Сиз эса:“Ботир Норбой ва Сейитбой Байдуллаевларнинг “Ўзбек ва Қозоқ хонликлари ҳақида” сарлавҳали мақоласини ўқиганда бир ибора эсимга келди:“Чўмчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”.

Муаллифлар тарих фанидан узоқ бўлганликлари учун мақоланинг мазмуни саводсиз,келтирилган ғоялар нодон,далилсиз,ғализ,шу каби қатор камчиликларга эга,дебсиз. Биз мақола бошидаёқ ўзимизнинг тарихчи эмаслигимизни алоҳида айтиб ўтганмиз. Аммо тарихчи эмасман. деб билганларини ёзмаслик ҳам гуноҳ.

Сиз бизга:“мақоланинг мазмуни саводсиз,келтирилган ғоялар нодон”,деган айбларни қўйгансиз. аслида бу гапларингизни ўзи саводсизлик белгисидай кўринмоқда. “Мақола мазмуни саводсиз”. дегани филология,мантиқ илми бўйича ғализку! Мазмун саводсиз бўлмайди,одам саводсиз бўлиши мумкин. Келтирилган ғоялар нодон дегани ҳам олимнинг гапи эмас.Одам (ҳатто олим ҳам)нодон бўлиши мумкин,ғоялар нодон дегани ўзбекчада ғалати эшитилади.

Сиз русча ўйлаб ўзбекча гапиряпсиз,шекилли. Гапларингизни кўплари далилсиз. Қозоқ биродарлармизнинг ғашини келтирадиган гаплар. Тарих илми хеч кимнинг онасининг махрига тушмаган. Узр,ёшингизни ҳурматини қилиб қаттиқ гапларни ёзмаяпмиз.Сизнинг Ўзбекистонда чиққан мақолаларингиздан ва (Бирдамлик сайтига берган суҳбатларингиздан)Марказий Осиё тарихни юзаки билишингиз,умумий гаплардан нарига ўтмаслигингиз кўриниб қолади.

Биз буюк тарихчимиз Бўривой Аҳмедов (унинг “Ўзбек улуси”китобини эсланг)ва тарихчи бўлмаган аммо ўта ишончли ва илмий мақоласи билан машҳур Рустам Абдуллаевнинг Ўбеклар ва сартлар тарихи ҳақидаги “Узбеки –дворяне тюркских народов,а сарты –предприниматели Центральной Азии”деган мақоласига асосланганмиз.

Булар Сизнинг мақолаларингиздан яхшироқ бўлиб кўринди ва уларнинг асарларида ҳам Ўзбек хонлиги илгариги Туркистон (ҳозирги Қозоғистон) ҳудудида тузилганига ишора қилинган.Бу тарихий факт ва ундан кўз юмиб бўлмайди.Бу ҳақда ўзбек ва қозоқ тарихчилари (илдизи бир бўлган икки қавмни бўлмасдан) бирга ёзишлари керак.Сиз ўз ўчоғига кул тортаётган тожикларни Самарқанд ва Бухоро бизники,деяётгани учун тўғри танқид қилгансиз.(Бироқ бизга раддия тарзида ёзилган мақолага бунинг нима алоқаси борлигини тушунмадик)Бунинг устига ўзингиз қозоқ туркийлари масаласида,бизнингча адашгансиз.

Бугунги ўзбекистон ҳудудида ўша Абулхайрхон тузган ва унинг невараси Шайбоний аскарлари билан бирга борган туркийларимиз ҳозир Сурхандарё,Қашқадарё вилоятларининг айрим ҳудудларида,Бухоро ва Самарқанд атроф қишлоқларида яшашмоқда. Бугунги кунда ўша ўзини ўзбек деб атаган аҳоли билан ўзини туркий деб атаган (“Темур тузуклар”да Амир Темур,”Бобурнома”да Бобур ўзларини туркийлар деб атаганини эсларсиз)туркийлари Ўзбекистоннинг асосий аҳолисидир.Ўзбекистон ҳар иккаласининг юртидир…(Баъзи ўзбекларимизнинг Туркистон ва Сайрам бизники,баъзи қоқзоқларимизнинг Тошкент ёки Конимех бизники,дейиши асосли эмас.

Улар Сиз мансуб бўлган коммунистлар чизиб берган чегарларга асосланиб гапиршмоқда. Ҳолбуки. совет давригача Қозоғистон ва Ўзбекистон,айтайлик Чимкент ва Тошкент ўртасида чегар бўлмаган. Яна такрорлаймиз, Марказий Осиё туркийлари,ҳ атто форзийзабонлар ҳам ҳамиша аралашиб яшаган ва уларнинг тарихи ҳам бирдир. Бу ҳудудларни бўлганлар ва шу асосда фикр юритаётганлар орага совуқчилик солиб,бизнинг халқларимизга билиб билмай зарар келтиришади.Бу ҳудудлар туркийларга (шу жумладан,тожикларга ҳам) бирдай қадрли. Узр гапимиз (Сизнинг Юнон тарихи ҳақидаги гапларингизга ўхшаб)чўзилиб кетди,Сизнинг шунчаки муносабатингизга шунчаки муносабат билдиряпмиз. Вақти келиб,бу халқлар тарихи бирлиги ҳақида алоҳида мақолалар ёзиш ниятимиз бор.

Бизга шу мақолаларни ёзиш, Сизга эса уларни ўқиш насиб этсин. Яъни узоқ умр,сиҳат саломатлик тилаймиз.

Ҳурмат ила, Ботир Норбой, Сейтбой Байдуллаев.

http://birdamlik.info/?p=22163

БИРИНЧИ МАҚОЛА׃“Ўзбек ва Қозоқ хонликлари ҳақида”

Туркий халқларнинг “дўстлари” бу икки қардош халқни камситиш ёки уларни бир бирига қарши қўйиш учун “Ўзбекларда давлат бўлмаган”,“Қозоқ давлатчилиги йўқ нарса”,деб гап тарқатиб юрадилар. Аслида бу иддиоларга ўзбек ва қозоқ тарихчилари жавоб бериши керак эди. Биз тарихчи бўлмасак ҳам шу масалада билганларимизни айтиб ўтмоқчимиз.

Маълум ва машҳур Нуҳ тўфонидан кейин ўз ривожини қайта бошлаган Одамзодга Ер юзи бўлинганда Нуҳнинг ўғли Ёфас (туркийча Ўлжайхон) чекига Марказий Осиё –Туркистон ерлари тушган. Тарихчиларнинг гувоҳлик беришларича,унинг авлодлари Туркистон тупроқларида кўчманчилик билан кун кечиришган ва тарихчи Рашид-ад-Диннинг  “Жамиъ-ат-таварих”ида ёзилишича,ёзда яйловларда,қишда (Барсуқ ва Корақум атрофларидаги) қишлоқларда,баҳорда эса,Инонч шаҳар ёнидаги Ўртоқ ва Қўртоқ ҳудудларида умргузаронлик қилишган. Ўлжайхон ҳукмронлик қилган замонлардаёқ бу ерларда Сайрам,Талас (Исфижоб) сингари кўплаб шаҳарлар мавжуд эди…

Қадим замонлардан бери туркийлар деб аталган халқлар Туркистон номи билан шуҳрат топган ҳудудда яшашаркан,кўплаб сув тошқинлари,зилзилалар,урушларни бошидан кечиришган. Ўзларининг жанговарликлари туфайли   Чин(Хитой),Ҳиндистон, Эрон,Византия,Сурия,Миср давлатларини забт этиб,жангчиларнинг бир қисми оилалари билан ўша ҳудудларда ҳам яшаб қолишган.

Йиллар, асрлар ўтаркан,Туркистон ҳудудидаги халқлар (худди ўғизлар: қипчоқ,қалач, қангли,қарлуқ каби турли тоифаларга бўлингандай) турли қавмларга бўлиниб,ҳар бири ўзларини ўз уруғлари оти билан атай бошлашган.

Тарихчи олим Рашид-ад- Диннинг гувоҳлик беришича,бу ҳудудда яшаган туркий халқлар ўзининг сони билан бошқа халқлардан устунлик қилган ва кейинроқ мўнғўл номини ҳам олган. Бинобарин,  булар ҳақиқий мўғил эмас,туркийлашган мўғиллар бўлган.

Хуллас,бу ҳудудларда:агар,алчин,арғун,арлат,баған,барлас,баҳрин,бўстон,будай,буйазут,буйтай,буйурак,буркут,бусе,ғариб,гирей,жалайир,жалджут,жуладжи,журат,жусулажи,жыйыт,дуджир,дурмен,йадж. қалмак,қалывай,қанглы,қара,қарлуқ,қары,қатаған,кенагес,қераит,қилечи,қипчоқ,қохат,қўнғирот,қур,қурлаут,қучи,қыргыз,қырк,қышлық,қиёт,манғит,масид,маҳди,меркит (мирзо Улуғбек ва кейинчалик Л.Н. Гумелов бу уруғнинг отини макрит деган сўз билан аташган),минг,митан,найман,никўз,оғлан,оғлен,ойрат,онг,онгачит,онгут,олхонут,пўладчи,рамадан,сарай,сахтиян,сулдуз,сымырчик,табын,там,тама,танғут,тарғил,татар,тувадак,туркман,тушлуб,ўз,уйғур,уймаут,уйшун,урмак,ўтарчи,хафиз,хитай,чақмақ,чилкас,чимбай,ширин,шубурғон,шуран,юз,ябу”,(сингари,тарихчилар гувоҳлик беришича,“92 Ўзбек уруғи” номини олган) уруғлар яшаган.

Кўриб турганимиздай,юқоридаги уруғларнинг баъзилари қозоқ уруғлари,баъзилари ўзбек уруғлари ичида ҳам учрайди. Бунинг асосий сабабларидан бири,қайси уруғнинг қўли баланд келса,ўша уруғданмиз,дейишганидир. Ҳар ҳолда бу ҳол ҳам қозоқ ва ўзбекларнинг туби бирлигидан нишонадир. Буни қуйидаги тарихий далиллар ҳам исботлайди.

Кўплаб тарихчилар,хусусан Мирзо Улуғбек (ўзининг “Тўрт улус тарихи” асарида) Чингизхоннинг катта ўғли Жўжининг онаси туркий қавмдан бўлиб,биологик отаси туркий бўлганига ишора қилади. Яъни туркий элларни босиб олган Чингиз Қўнғирот уруғининг бир шохчаси бўлган Ўлхонут қавмидан бўлган Ўэлун исмли аёлни ўзига хотинликка олади (бу аёлнинг аввалги эри Чилгир-Боқо – Баҳодир эди) ва кўп ўтмай бу аёлдан фарзанд туғилади. Унинг исмини Жўжи (Жўлши) қўйишади. Чингизхон афтидан фарзанди ўзидан бўлмаганини билган кўринади,чунки,Жўжини (яъни катта ўғлини) эмас,учинчи ўғли Ўгэдэйни ўзига ворис қилиб тайинлайди. Шунингдек,Жўжи Баҳодир ҳам ўзининг ҳақиқий отасини билган бўлса керакки,аскарларининг асосий қисмини (70 минги,яъни 80 фоизини) ўз қавмидан,туркий Қўнғирот уруғидан олган. Жўжининг учта аёли ҳам Қўнғирот уруғи вакиллари қизлари бўлиб,афтидан у пайтда ўз уруғидан уйланиш таъқиқланмаган. Кейинчалик ҳам кўплаб туркий уруғлар эса  Жўжи Баҳодир қўл остида умргузаронлик қилишган.

Жўжининг қўл остидаги туркийларнинг кейинчалик Чингизийлардан мутлақо ажралиб чиқиб Олтин Ўрда хонлигига асос солишгани бежиз эмас…Қолаверса,Олтин Ўрданинг энг буюк хони туркнинг Қўнғирот уруғидан бўлган Олжай-хотин ва Мангу-Тимурдан туғилган Ўзбекхон ҳам мўғил эмас,туркий қавмдан эди. Демак,Олтин Ўрда бевосита туркийлар қурган хонлик эди.

Кейинроқ (1428 йили) Ўзбекхон уруғидан бўлган  Абулхайрхон Ўзбек хонлиги деб аталган хонликка асос солган ва 40 йил хонлик қилган…Шу орада Ўзбек хонлиги жунғорлар билан уришган ва енгилган. Абул хайрхон бу енгилишга лашкарбошилар Керей ва Жонибек айбдор деб,уларни жазолашга оғзаки фармон берганини эшитган Жонибек ва Керей аскарлари ва оилаларини олиб,Чу водийсига қочиб кетган ва Қозоқ хонлигини қуришган.

Абулхайрхоннинг болалари ва набиралари Ўзбек хонлигининг давомчилари бўлишган. Жумладан,Шайбонийлар династиясига асос солган Муҳаммад Шайбонийхон ҳам унинг невараси бўлиб,ўзбек хонлигининг йўлбошчиси эди. Ўша пайтдаги удумларга асосан тили ва дини бир подшолар ҳам бир бирига қарши уришаверган. Шу тамойил асосида Амир Темур Олтин Ўрда хонлигига қарши уришгандай,Ўзбек хонлиги вакиллари ҳам Темурийларнинг авлодлари билан жанг олиб бораверган. Шайбоний ҳам Темурийлар авлоди бўлмиш Бобурга қарши курашган ва уни Туркистон ҳудудидан Афғон ва Ҳиндистон ҳудудига кетишга мажбур қилган. Аммо ўша пайтда ўзларини туркий деб атаган Темурийлар ва ўзини ўзбеклар деб атаган,тили,дини,урф одатлари улар билан бир хил (Бунга ўша асрларда яшаган Муҳаммад Солиҳнинг “Шайбонийнома” асари тарихий гувоҳ…) бўлган ўзбеклар Туркистон ҳудудида яшагани аниқ. Рус ҳукумати бу Ерларни Туркисто губрнияси деб атаган ва минг йиллардан бери бўлганидай,орада ҳеч қандай чегара бўлмаган. Туркистон ҳудудидаги қишлоқларнинг бирида ўзбек деб аталган,иккинчисида қозоқ деб аталган,учинчисида уйғур ёки тожик деб аталган миллатлар яшайверишган. Шунинг учун ҳам Сайрам ва Туркистонда ўзбеклар,Конимех,Томди туманларида қозоқлар яшаб келган. Шўро ҳукумати қурилгач,бири олдинроқ,бири кейинроқ Ўзбекистон ва Қозоғистон республикалари ташкил этилган ва рамзий чегаралар чизилган…Кейинчалик тарих тақозаси билан бу хонликлар туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон давлатлари қарор топди. Бугунги кунда бу икки туркий халқ тинчлик ва омонликда,дўстликда яшаб келади.

Бу айтилган тарихий фактларнинг бари қозоқ ва ўзбек халқининг туби бир эканлигининг,қозоқлар бекорга “Ўзбек ўз оғам” демаслигининг далилларидир.

Ботир НОРБОЙ, Сейитбой БАЙДУЛЛАЕВ

Муаллифлар изоҳи: ушбу мақола Рашид-Ад-Диннинг “Жамиъ-ат-таворих”,Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”,Л.Н. Гумилевнинг “Мўғиллар ва меркитлар XII асрда” китобларидан ва Р.Абдуллаевнинг Ўзбекистон:«Чақириқлар,қўрқитишлар,муаммолар ва хулосалар” каби мақолаларидан фойдаланилиб ёзилди…

БУ МАҚОЛГА Гога ҲИДОЯТОВнинг ЖАВОБи

Буюк боболаримиздан бисёр доно иборалар етиб келган. Ҳаттоки,ҳозирги замонда ҳам улар ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ботир Норбой ва Сейитбой Байдуллаевларнинг “Ўзбек ва Қозоқ хонликлари ҳақида” сарлавҳали мақоласини ўқиганда бир ибора эсимга келди:“Чўмчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин”. Муаллифлар тарих фанидан узоқ бўлганликлари учун мақоланинг мазмуни саводсиз,келтирилган ғоялар нодон,далилсиз,ғализ,шу каби қатор камчиликларга эга.

Мазкур  мақола сарлавҳасининг ўзи мутахассисларни ҳаяжонга солиб қўяди. Қозоқларда хонликлар (яъни давлатлар) бўлмаган ва бўлишига ҳам ҳеч қанақа сиёсий,иқтисодий,ижтимоий шартлар йўқ эди. ХVII асрда вужудга келган жузлар каттажуз,ўрта жуз,кичик жуз) кўчман қавмлардан иборат эди. Аниқ ҳудудсиз,заминсиз,қонунсиз,тартибсиз,ягона ихтиётсиз. Хонлари бўлган,лекин бу “хонларни” ҳукмдорлиги ўз чодиридан ташқари тарқалмаган. Ҳар бир қавмни,уруғини ўзларини келишган кўчиб юрган заминлари мавжуд эди. Уларни на урушга,на оломонга,на умумий жамоа ишларга,на қурултойларга жалб этишга асос йўқ эди. Буни дашт демократияси деганлар.

Қозоқ тарихини тахмин мазмунида тахлит этиш мумкин эмас,чунки буларни ёзма тарихи бўлмаган. На алифбо,на қоғоз,на сиёҳ бўлмаган. Тарих воқеаларни  тўйларда ашуласи ва жарчилар  айтиб юрган. Афсона ва эртаклар. Хат-саводли қозоқлар Омскда рус тилида рус ҳарбий мактабда ўқиган,Алаш-орда вакиллари Оренбургда,Чокан Валихонов каби шахслар Омскда таълим олишган. Қозоқ тарихи жарчи ва ашулачилар томонидан тўқилган ва ижро топган. Улар нимани ҳоҳлашса,айтаверишган. Уларнинг айтувларида хонлар,ботирлар,афсонавий қахрамонлар,буюк саркардалар,саркорлар бутун дунёни забт этган. Замонавий қозоқ тарихчилари,асосан,уларнинг ижодидан фойдаланиб юришибди.  Қозоқ тарихчиларнинг асосий манбалари ашулалар бўлган.

Бир мисол,далил сифатида:ҳар бир давлат ўзидан кейин из қолдиради. Асосан,қурилган иншоатларда,суғориш иншоатлари –тўғонлар,эҳромлар,мақбаралар,шаҳарлар,қалъалар қолади давлатдан. Қозоқлар кўчиб юрган далаларида ягона кўзга кўринадиган иншоат бор – Туркистондаги Ҳожа Аҳмад Яссавий мақбараси. У ҳам Амир Темурнинг буйруғи билан бунёд этилган.  Бошқа моддий-маданий иншоатлар ҳалигача топилмаган. Аттанг!  Бунинг сабабини Ботирхон билан Сейитбойхонлар ўйлаб кўришсин. Шимолий Муоварауннаҳрда  Сайрам,Талас,Авлиёота каби шаҳарлар IV-VIII  асрларда буюк Турк ҳоқонати ва Қорахонийлар даврида (X –аср) бунёд этилган. Қозоқларнинг буларга ҳеч қандай даҳли йўқ.

Муаллифлар жиддий муаммога қўл урдилар,лекин қўйган марраларига етиша олмадилар. Бундай жиддий масалалани тадқиқ қилиш учун кўплаб манбаларни,адабиётларни урганиб чиқиш лозим. Ва,албатта,аниқ илмий мактабга эга бўлиш керак. На уни,на буни мақолада топиб бўлмайди. Шу туфайли мақолада бир қатор ноаниқ хулосалар учрайди. Муаллифлар ёзади:“Тарихчи олим Рашид ад-диннинг  гувоҳлий беришича,бу ҳудудда яшаган ( Туркистонда – Г. Ҳ.) туркий халқлар ўзининг сони билан бошқа халқлардан устунлик қилган. Ва кейинроқ мўнғўл номини ҳам олган. Бинобарин,булар ҳақиқий мўғил эмас,туркийлашган мўғиллар бўлган.”  Муаллифларнинг бу дунбул гапларига ишонсак,Амир Темурни “туркийлашган мўғил” деб ҳисоблашамиз керак. Худди шундай йўлда Улуғбек билан Бобур ҳам кетиши керак. Бу бўхтон гаплар Рашид ад-динга тааллуқли эмас. Қай манбадан бу ғоя қабул қилинган,тушуниш қийин.

Яна бир қўпол хато:Муаллифлар ёзишади:“Туркиcтон худудидаги қишлоқларнинг бирида ўзбек деб аталган,иккинчисида қозоқ деб аталган,учинчисида уйғур ё тожик деб аталган  миллатлар яшайверишган”. Туркиcтон байналминалга ўхшаб кетади. Яна бир такрор қайд этиш керак – қозоқлар ҳеч қачон Октябрь қўзғолонига қадар қишлоқ,шаҳарларда яшашмаган,уларнинг турар жойи чўл,чодир ва айман эди. Шаҳар,қишлоқларда на қозоқ,на қирғиз,на туркман яшамаган. Улар учун шаҳар ва қишлоқ қамоқхонадек кўринарди. Барча йирик шаҳарларни ўзбек аҳолиси қурган. Бухоро,Самарқанд,Тошкент,Наманган,Урганч ва  шу каби бошқа шаҳарларни мазаллий ўтроқ аҳолиси бунёд этган.

Мақолада ибтидоий фан белгилари йўқ. Фойдаланилган адабиётларни кўрсатганда қаерда нашр этилганлиги ва санаси аниқ келтирилиши даркор. Бу қоидалар мақолада ўрин топмаган. Шу сабаб ўқувчида мақола мазмуни ва ғоялари нисбатан ишонч йўқолади. Ва муаллифларнинг малакасига шубҳа уйғотади. Масалан,мақолада Л. Гумилевнинг  “Мўғиллар ва меркитлар XII-асрда”  деган асари мавжуд. Мен Л. Гумилевнинг барча асарлари билан танишганман. Лекин шу асар тўғрисида ҳозиргача хабарим йўқ эди. Бундай белгиларсиз тарихга оид асарлар бозор бахшийларининг эртаклари қаторига киради –  ҳоҳласангиз ишонинг,  ҳоҳламасангиз ишонманг. Гап шунда.

Мақоладаги бир гап алоҳида эътиборга сазовор. Муаллифлар сўзи:“Кейинроқ ( 1428 дан кейин – Г.Х.) Ўзбекхон уруғидан бўлган Абулхайрхон Ўзбек деб аталган хонликка асос солган ва 40 йил хонлик қлиган. Шу орада Ўзбек хонлиги жунғорлар билан урушган ва енгилган. Абдулхайирхон бу енгилишларга лашкарбошлар Керей ва Жонибек айбдор деб,уларни жазолашга оғзаки фармон берганини эшитган  Жонибек ва Керей аскарлари ва оилаларини олиб,Чу водийсига қочиб кетган ва  Қозоқ хонлигини қуришган”.

Мақоланинг асосий иллати шу гапда ўз ифодасини топган. Бошидан охирига қадар уйдирма маълумотлардан иборат. Абдулхайр хонни (1412 – 1468 йиллар) Ўзбек хонга (Олтин Ўртда хони -1312-1340 йиллар) уруғчилиги йўқ эди. Ўзбек хонлиги деган  хонлик ( давлат) тарихда бўлмаган.  Қолмақлар (ойрат,чжунгар) босиб кирган санаси ва Кок-Кесенда бўлган жанг 1454 йил эди. Кирай ва Жонибек Абулхайр хонни тарк этган йил 1432  йил,Абулхайрни мағлубияти буларнинг кетишига алоқаси йўқ. Ҳайдар Рашид буларнинг тарк этиши сабабини батафсил таърифлаб берган.    1428 йил 16 ёшга кирган Абулхайр Шайбанилар тўплами қурилтойида ( Чига Тўра,ҳозирги Тюмен) юрт боши деб сайланганида,жануб кетиш ва ўтроқ ҳаётга ўтиш режаларини эълон қилганда,Шайбониларнинг икки гуруҳ уруғлари Кирай ва Жонибек раҳбарлигида бу режаларга қарши чиқишди ва ҳаёт тарзини ўзгартиришга эътироз билдиришди. Кирай Абулхайр хонга деган:“Сен ҳоҳлаганийни қилавер,лекин бизни тинч қолдир. Бизни жаҳонимиз чўл,беқиёс ва бепаён,бизнинг ичимлигимиз – қимиз,бизнинг манзилимиз – чодир,бизнинг овқатимиз – қази”. Шундан кейин тарк этишни истовчи уруғ-авлодларни йиғиб,Моғулистонга кетишади. Ўшандан бошлаб кетганларнинг номи “қочоқ” бўлди. Чунки чўлларда сарсон-саргардон бўлиб юрганлар. На тартибга,на қонун-қоидаларга,на давлатга бўйсунишни,итоат қилишни истамаганларни қочоқ дейишган. Йиллар ўтиб худди ана шу “қочоқ” сўзи бора-бора “қозоқ”га айланди. Кейинроқ қайсак ёки қозоқ,қирғиз-қайсак деган ном билан тарихга кирди.

Демак,қозоқ деган сўзнинг маъноси қочоқ сўзидан келиб чиққан. Ва тарихда сақланган. Уларнинг давлат ёки хонлик тузиши гумон. Кейинчалик,қозоқ,қозоқчилик деган сўзлар салбий маънога эга бўлади. Этник жиҳатдан қозоқларнинг таркиби  ўзбек шайбаниларининг қочоқ уруғларидан иборат эди. Буни XVI аср тарихчиси Ҳайдар Рашид аниқ ва равшан кўрсатиб берган.  (Ҳ. Рашид. “Тарихи Рашиди”,Ташкент,1998 г.). Ҳайдар Рашид ва форс тарихчилар аниқ хулосага келишган – қозоқ этник гуруҳи алоҳида эмас,булар ўзбек авлодларининг қочоқлари деб ҳисобланиши керак. Жонибек ва Кирай хонлари ҳам  ва уларнинг ҳамроҳлари ҳам шайбанилар қавмидан чиққан,ва этник ўзбек деб ҳисобланиш керак. Булар Моғулистонга кетиб,  ( яъни Қашқарга) бу ерда ажратилган заминда истиқомат қилиб юришган. Буларнинг тарихи ноаниқ ва мураккаб. Ҳалигача буларнинг тарихига оид аниқ бир маълумот мавжуд эмас.  Менинг “Шейбаниды,узбеки,Узбекистан»  номли китобимда бу борада кўплаб янги маълумотлар топиш мумкин.

Таҳририятга бир маслаҳат:Мурожаат қилдингиз:“Халқлар ўртасида низо қўзғатмайдиган мақолалар сайтимизда эълон қилинади”,деб. Бунга,шубҳасиз,ҳамма қўшилиши мумкин. Аммо,бир мураккаб аҳвол бор. Тарих кўп қиррали жараён,тадқиқот жараёнида ҳар хил муаммолар кузатилиши мумкин.  Қарасангиз,баъзида сизнинг тарихингизга оид масала қўшнингизга ҳам тааллуқли. Сизнинг талқин қилганингизга қўшни тарихчилар норози бўлишлари мумкин. Айниқса,Ўрта Осиё тарих саҳифаларида. Ҳудуд тор,тарих бой. Шунинг учун баҳслар бўлиши мумкин.  Бундан қочиш мумкин эмас –  баҳсларда ҳақиқат туғилади. Ҳозирги сўз эркнилигида,Интернет ҳукм сурган даврда ғоя ва хулосалар бир-бирига зид келиши мумкин. Бобур Мирзонинг бир гапи бор:“Сен шаҳар дарвозасини бекитишинг мумкин. Лекин душманларнинг овозини боса олмайсан”.

Қўшничиликнинг ўз қонун-қоидалари,узоқ тарихдан келган анъаналари бор. Қарс икки қўлдан чиқар экан.  Ён қўшним – жон қўшним,деган гаплар бежиз эмас. Лекин қўшнилар ҳам ҳар хил бўлар экан. 30 йилдан буён тожик тарихчилар бир овоз билан Бухоро ва Самарқандга даъво қилишмоқда.  Адоб,ахлоқни унутиб,улар ҳар хил бўхтон гаплар билан тожикларнинг феълини бузишмоқда ва булмағур ғояларни миллий мафкурага айлантиришди. Далолат йўқ,фақат қуруқ гап  –бу ерда тожиклар яшайди,шунинг учун Самарқанду Бухоро Тожикистонга қўшилиши керак. Ахир,тожиклар Москвада ҳам бисёр. Шу боис Москва ҳам Тожикистонга қўшилиши керакми?

Бу ғоя ва талаб оммавий бўлиб қолди. Ўзбекистонга мафкуравий кураш пойдевори бўлиб қолди. Ва бу тожик миллий мафкурасига айланди.  Адолат йўқ,фақат қуруқ гап. Бир савол туғилади:Тожик деган этник гуруҳ бир бутун эмас. Буларнинг таркибида эшкашим деган халқлар мавжуд. Йазгулам,ягноб,кулоб,дала тожиклар. Булар бир-биридан узоқ ва баъзи ҳудудда бир-бирларини танимайди. Фикрларимга 1992-1995 йилларда бутун Тожикистонни хонавайрон қилган гражданлар уруши далолат. Бу уруш тожикларнинг қирғинига айланди. Бутун мамлакат ҳудудида ур-йиқит,нафрат,ёвузлик ҳукм сурди. 300 минг тожик жонини сақлаш умидида Афғонга қочоқ бўлишди. Бу фожиалар ақл-идрокни йиғиштириб олишга,ақлни ишга солига дарс бўлмаганмикин?  Фақат Ўзбекистоннинг кўмаги билангина Тожикистонда бу офат босилди ва ҳал қилинди. Бу унутилгандир?

Тарихий манбаларининг гувоҳлик беришича,Ўрта осиё тарихида тожикларнинг фаолияти кўринмайди. Ёдгорликлардан атиги биттаси мавжуд – Бухорода Исмоил Самонийнинг мақбараси.  Аммо у ҳам,яъниким,мақбарадаги гўрда ким ётгани гумон. Ҳар ҳолда тожик тарихчилар фақат оғзаки гувоҳномани кўтариб юришибди. Яна бир мисол:қайд этиш лозим,форс забон  халқни ҳали тожик деб ҳисоблаб бўлмайди. Бу тилда майда миллатлар – Бухоро яхутийлар  ҳам мулоқат қилишади. Бу аҳволда кимни тожик деб тан олиш керак? Уларнинг тожикларга насбатан олиб қараганда,хизматлари анчагина юқори. Лекин бундек ғоя уларнинг хаёлларига ҳам келмайди.

Бу муаммо тўғрисида мен 2004 йилда Москвада нашр этилган “Самонийлар инқирози” сарлавҳали ктиобимда батафсил таърифлаб берганман. Булар хусусида менинг “Азиафорум” деб номланмиш сайтимда  ўқишингиз мумкин. Қолаверса,тарихга ишқибоз тадбиркор топилса,қайта нашрга ҳам розиман. Ҳолис ёзилган бу китобимда масаланинг туб моҳияти очиб берилганлиги учун ҳам тожик тарихчилари,жамоа арбоблари,талабалар томонидан ғазаб ва адоватга тўла айбномалар эшитдим. Гуё мен тожикларнинг ҳиссасига,ҳақига чанг солаётгандек кўриниб қолдим. Аммо  маломатчилар шуни билишларини истардимки,ёвузлик ҳеч қачон ҳақиқатга мадад бермаган.

Тожикларнинг бошлаган ғавғоси мени бир хулосага келтирди:Сукунат икки халқга ҳам путур етказади.  Тарих,албатта,ҳолис бўлиши керак. Лекин шу билан бирга тарихчи ватанпарвар бўлмоғи лозим. Тарих фани қадимги Юнонистонда ватан ишқидан вужудга келган. Бу фаннинг асосий вазифаси ёш авлодни тарбия қилиш ва ватан ишқига ургатиш эди. Ватанпарварлик Юнон халқида энг буюк хислат бўлган. Милоддан илгари,449 йилда Спартага олиб келадиган Фермопил водийсида 300 нафар спартачилар Леонид подшоҳ бошчилигида 300 минг Эрон аскарлари билан жанг қилишди. Бу оммавий жасорат эди. Жанг бўлган жойда уларнинг қахрамонликларига атаб  ёдгорлик сифатида кумуш тахтача ўрнатилган:“Эй,мусофир,шу жойдан ўтганда Спартага хабар қилгин,муқаддас бурчимизни адо этиб,бу ерда мангу уйқуда ётибсиз”  деган унитилмас ёзувлар битилган тахтачага.  Ҳар куни минглаб болалар,сайёҳлар,мусофирлар,дунёнинг барча бурчагидан келган меҳмонлар ана шу кумуш тахтача ёнида бир дақиқа бош эгиб,спартачилар жасоратидан  илҳомланиб кетишади. Бу ёдгорлик икки минг йилдирки ватанпарварликнинг тимсоли бўлиб турибди.

Тарих афсона эмас!

Гога ҲИДОЯТОВ  Тарих фанлари доктори,профиссор.(birdamlik)

http://birdamlik.info/?p=22063#more-22063

 

Sorry, the comment form is closed at this time.