May 012012
 

Абулқосим МАМАРАСУЛОВ

“ПОЛИТБЮРОГА МАКТУБ”
Ёки Муҳаммад СОЛИҲга очиқ хат

Адашмасам, 1985 йили Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг навбатдаги съезди чақирилди.Унга барча уюшма аъзолари таклиф этилди. Шу жумладан мен ҳам. Съезд Алишер Навоий номли опера ва балет театрида бўлди. Съездда Ўзбекистон Компартияси МК идеология секретари Раъно Абдуллаева қатнашди. Айтиш мумкинки, съездни салкам ўзи бошқариб борди. 1984 йилги маълум ва машҳур ХV1 Пленумдан кейинги кўтаринки давр. Кўплар: «мана энди ҳақиқат бўлади, ёмонлар жазо олади, яхшилар рўёбга чиқади», дея умид билан юрипти. Гаплар қиличдай кесади. Ким, қандай танқид қилиниши аниқ. Айбдор аниқ, унга берилиши лозим бўлган жазо аниқ.: фалон, фалон, фалонлар отилсин, сўйилсин, қамалсин,.. ва ҳоказо. Аниқ номлар, аниқ кўрсатмалар, аниқ маконлар.
Йиғин қизғин тусда ўтарди. Минбарга Эркин Воҳидов кўтарилиб:
– Бир вилоятга борганимизда ижодкорларнинг бир бири билан келиша олмаслигига дуч келдик, – дея мавҳум гап сўз қилаётганда Раъно Абдуллаева кесиб ташлади:
– Биз бор гапни рўй-рост айтяпмиз. Ким қанақа кирдикорлар қилганини номма-ном яширмаяпмиз.Сиз нега бунақа гап қиласиз? Ё қўрқасизми?
– Ҳақиқатан ҳам юз-хотир қилиб ўрганиб қолганмиз, Андижонга борганимизда шундай ҳолга дуч келдик, – дея Эркин Воҳидов ҳам бир лаҳзалик қизариб-бўзаришдан сўнг очиқ-ошкор танқидга ўтиб кетди.
Хуллас, ана шунақа ола-тасир замон эди. Юмалоқ хатлар бекор қилинган, арз аниқ киши номидан аниқ макондан аниқ шахслар устидан ёзилиши шарт қилиб қўйилган эди. Съезднинг биринчи танаффусида ёнимга Мирза Кенжабоев келди-да, қўлимга тўрт-беш бетлик нарса тутди.
– Нима бу?
– Ўзбекистон КП МКга хат. Ёш ижодкорлардан. Ҳозир съездда ўқилади
Хатни нари – бери варақлаб, охирига қарасам, имзо қўювчилар рақамланган. 52 да тўхтаган. Мен 53 рақамини ёзиб, исми-шарифимни қўйиб, имзоимни босдим-да, сўрадим:
– Хат ўзи нима ҳақда?
– Кейин билиб оласиз. Ёш ижодкорларга кенг йўл очиш, уларга тўғаноқ бўлаётганларни суриб ташлаш ҳақида.
Ўша кунлари Сарвар Азимов Шароф Рашидов одами сифатида Ёзувчилар уюшмаси раҳбарлигидан бўшатилиб, ўрнига Ўлмас Умарбеков қўйилган, бундан айниқса ёшлар кўпроқ норози эди. Чунки, Сарвар Азимов раҳбарлиги даврида ёш ижодкорларга уйлар олиб берилган, янги газета, янги журнал, янги нашриёт ташкил этилган, менга ўхшаш бир қатор ёшлар уюшма аъзолигига қабул қилинган ва ҳоказо ишлар бўлаётган эди. Мирзанинг гапларига қараганда мазкур хатда биз Сарвар Азимовни ҳимоя қилиб чиққан, унинг тикланишини талаб қилган эдик. Кейинги танаффус пайтида билдимки, хат ваҳимаси анча-мунча. Анча вақтдан бери мазкур хатни имзо чектириш учун кўтариб юришган, айримлар қўл қўйса, айримлар бундай жавобгарликдан бош тортган. Айримлар ўзи имзо чекмасдан ўрнига бошқаларни даъват этган. Масалан, Хайриддин Султонов шахсан имзо чекмаган, аммо ўрнига учта имзо ваъда қилган. Энг қизиғи, хат асосан ўша пайтлари «Совет Ўзбекистони»да бош муҳаррир бўлиб ишлаётган Лазиз Қаюмов устидан шикоят бўлиб, арзчилар рўйхатида мазкур газетанинг вилоятлардаги мухбирлари ҳам бор эдилар. Яъни ходимлар ўз раҳбарлари устидан ёзилган хатга бош қўшган эдилар. Айримлар «мен билмасдан имзо чекиб қўйган эдим», дея тонишга ҳам улгурган эмиш. Шунақа гап-сўзларни эшитиб, менинг ичимга қурт оралади. Ўзи нима гап? Хат нима ҳақда? Мен нимага имзо чекканимни билишим керакку! Мирзани топиб, хат нусхасини сўрадим.
– Нима, қўрқаяпсизми? Сиз ҳам тонмоқчимисиз?
– Мен тонаман, демаяпман. Билайчи, у ерда нималар ёзилган экан. Ё ҳаққим йўқми?
Мирза гап-сўзсиз менга хат нусхасини тутди. Мен хатни ўқидим. Афтидан қўрқадиган, тонадиган ҳеч нарса йўқ эди, фақат айтилган гаплар камдай туюлди менга.
– Хатда Сарвар Азимов бирон марта ҳам тилга олинмаган-ку, – дея сўрадим кейинги танаффусда Мирзадан. – Қўшимча қилиш керак шекилли.
– Хатга Сарвар Азимов номини аралаштириш мумкин эмас. Унда «Сарвар Азимов ўз жойига қайтиш учун уюштираяпти», деган даъво билан уни янчиб ташлашга уринишади. Хат бошдан охиригача у кишининг ишларини ёқлаяпти-ку.
Мирзанинг жавоблари мени қониқтирди.
– Хатни ким ўқийди?
– Бу аблахлар хатни ўқишга рухсат беришмайди шекилли. Агар рухсат беришмаса, тўполон кўтарамиз. Талаб қиламиз. Тайёр туринг. Имкон топилса, 53 кишидан исталган биримиз сўз оламиз-да, талабларимизни баралла айтамиз.
Съезднинг кейинги мажлиси бошланди. Агар менда сўзга чиқиш имкони пайдо бўлиб қолса тайёр турай деб, ўзимча айтмоқчи бўлган гапларимни тартибга сола бошладим: «Хатда 53 кишининг имзоси бор. Уларнинг айримлари “мен хатни ўқимай имзо чекканман. Мени алдашган», деган гап билан ўз имзосидан воз кечяпти экан. Агар гап шу ҳақда кетадиган бўлса, ўшаларнинг энг охиргиси менман.Хатга мен бугун, съезд бошланганда ўқимасдан имзо чекдим Лекин кейин хатни ўқиб кўриб билдимки, хатда асосан мен айтмоқчи бўлган, аммо айтолмай юрган гапларим битилган экан” ва ҳ.к. дея, хатни ўқиб бошламоқчи эдим.
Съезд асабий тарзда давом этди. Уни бошқараётганлар асабий, сўз ололмаётган 53 ёш ижодкор асабий. Бу ёғи ХУ1 Пленум ўтиб қўйган, катталар ёшларни «нари тур» дейишдан ҳайиқишади. Бу ёғи ҳали 1985 йил боши. Ёшлар ҳам ҳали катталарнинг йўлига чиқишни одат қилиб улгургани йўқ. Тўполон қилиб, минбарни эгаллаб олишдан ҳайиқишади Не бировлар ваҳимада: энди 53 нафар ёшни янчиб ташлашса керак деб. 53 нафар ёш ижодкорлар орасида ҳам ҳар хил гап-сўз: собит турганлар ҳам бор, аросатда қолганлар ҳам бор, имзосидан воз кечганлар ҳам бор. Қорақалпоғистонлик Гулистон Матёқубова, Пахтачидан шоир Исмат Санаев… Аксарият имзо чекканлар вилоятлардан эдилар. Уларнинг айримларига кимлардир нималарнидир ваъда ҳам қилган. Уларнинг аксарияти менга ўхшаб Тошкентга келиб қолган пайтлари қизиқ устида имзо чеккан ва энди…
– Имзо керак бўлса, бизга ўхшаш вилоятдагиларга суянасизлар-а, – дедим Мирзага.
– Бутун республика шикоят қиляпти, дегани-да бу.
– Лекин имкониятлар топилса, биринчи навбатда ўзларингиз – Тошкентдагилар фойдаланасизлар.
– Ҳа энди, шароитга қараб…
Хуллас, 53 нафар ёшга сўз тегмай, съезд ўтди. Биз уй-уйимизга тарқадик.
Кунлардан бир кун мени вилоят партия комитетига чақириб, тез Тошкентга, Ёзувчилар уюшмасига етиб боришим кераклигини буюришди. Мен тез етиб бордим. Йўл устида Одил Ёқубовга учрадим.
– Сизни нега чақиришганини биласизми?
– Йўқ.
– Хат ёзган 52 ёш ижодкорнинг биримисиз?
– Ҳа. Мен эллик учинчисиман. Съезд давом этаётганда имзо чекканман.
– Ҳозир уюшмага сизга ухшаб имзо чеккан ижодкорларни битта-битта чақириб суҳбатлашяптилар. Айримлар товба қилишяпти экан? Сиз нима қилмоқчисиз?
– Мен энди ўйинга қўшилиб бўлганман. Ўйин тугамасдан чиқиб кетаман десам, икки томонлама калтак ейман. Нима бўлса бўлар, яхшиси, охиригача туриб бермоқчиман.
– Маъқул. Шошиб қолманг. Шошсангиз сизни чалкаштиришга уринишлари мумкин. Саволларга ўйлаб, босиқлик билан жавоб беринг, – деди Одил ака.
Ўша пайтлари уюшма раиси Ўлмас Умарбеков, ўринбосарлари Абдулла Орипов ва Асқад Мухтор эди. Борсам, Абдулла Орипов йўқ экан, мени Асқад Мухторга дуч қилишди. Мен келишим сабабини айтган эдим, у киши бир зум ўйланиб қолди. Кейин деди:
– Туш вақти бўлиб қолди. Яхшиси тушдан кейин келинг, Ўлмас Умарбековнинг ўзи билан учрашасиз.
Туш пайти Мирзани топдим.
– Ўлмас Умарбековга бемалол бораверинг. Уям сиз билан бизга ўхшаган одам. Ҳайиқмасдан, ҳаяжонланмасдан, дадил жавоб беринг. Керак бўлса, гапини қайтариб ташланг. Ҳў-ў осмондаги одам у, деб ўтирманг. Сизни ҳеч нарса қилолмайди, биз бир эмас, икки эмас, эллик учтамиз, – деди Мирза.
Ўлмас Умарбеков билан суҳбатим ҳақиқатан осон кечди. Республика даражасидаги каттакон раҳбар ва кўчада юрган бир оддий ёзувчиинг эмас, балки тенгма-тенг икки кишининг баҳси бўлди.
– Сиз имзоингиздан воз кечмайсизми? – сўради Ўлмас ака дабдурустдан.
– Нега энди воз кечишим керак экан? Воз кечадиган бўлсам, нега имзо чекдим?
– Сизга ўзи нима керак? Хатга қўшилишдан мақсадингиз нима?
– Мақсадим хатда айтилган. Хатда қўйилган талаблар амалга ошиши керак. Менга керак нарса бор-йўғи шу.
Агар ҳижжалаб сўрайдиган бўлса, хатда нима талаблар борлигини бирма-бир айтиб беролмасдим. Тўғриси, съезд пайти, ур-тўполонда узуқ-юлуқ кўз югуртганим бўйича хатни ўзим ҳам бошқа кўрмаган, умумий мазмунни билардим, холос.
– Устозингизнинг янги романи ҳақида қандай фикрдасиз? – мавзуни ўзгартди Ўлмас ака.
Шу кунларда Одил Ёқубовнинг «Оқ қушлар, оппоқ қушлар» романи «Шарқ юлдузи»да эълон қилинган бўлиб, роман қизғин муҳокамада эди.
– Одил ака ёзгандан кейин зўр бўлади-да, – дедим мен тап тортмай. Зўр роман. ХУ1 Пленум руҳида. Замон талабларига тўлиқ жавоб беради.
– Кўпчилик ўқиганлар «роман анчайин бўш ёзилган. Одил Ёқубов қайтиб қопти», дейишяпти-ку.
– Ҳар ким ҳар нарса дейиши мумкин. Аммо мен учун Одил аканинг ҳар бир асари – мактаб. Ҳар бир асари зўр ёзилади.
– Мана, сиз устозингизни ҳимоя қиляпсиз, бунга имкон топяпсиз, аммо нега менга устозимни ҳимоя қилишга имкон бермайсизлар? Ахир мен ҳам шогирд сифатида устозимни ҳимоя қилишим керак-ку, тўғрими?
Хатдаги асосий нишон Лазиз Қаюмовга тўғриланган бўлиб, Ўлмас ака у кишини назарда тутаётган эди.
– Ҳимоя қиляпсиз-ку, – дедим мен. – Мана, мени обком орқали чақиртириб олдингиз. Жиззахда қанча ваҳима. Не бир ҳамкасбларим ярим ҳазил ярим чин: «боравер, мабодо қамаб қўйишса, қотган нон билан сув олиб бориб турамиз», деб жўнатишган.
Ўлмас аканинг ҳузуридан чиқиб, Одил акага учрадим. Бўлган гапларни айтиб бердим. Одил ака мийиғида кулиб, ҳангомамни тинглади. Ғаффор Ҳотамов айтиб беришича, Одил ака бир-икки кундан сўнг уюшмага бориб, Ўлмас Умарбеков хонасига кириб, қандайдир масалани ҳал қилипти. Кейин бехосдан эсига келиб қолгандай, сўрапти: «Ўлмасжон, менинг янги рўманимни ўқидингизми?»
– Ўқидим, Одил ака, ўқидим.
– Қандай экан?
– Сиз ёзгандан кейин зўр бўлади-да. Замонавий руҳда.
– Бу,.. ҳар хил фикрлар бўлаётган эмиш. Сизнинг фикрингиз қандай? Ё…
– Э, Одил ака, мен сизнинг романингизни зўр ҳаяжон билан ўқидим. Керак бўлса, расмий мажлисда ҳам айтаман шу гапимни.
Шунақа гаплар.
Яна бир муддат ўтиб, 53 нафар аризачи ёш ижодкорни уюшманинг мажлислар залида тўплашди.Бизни инсофга чақириш учун оқсоқол адибларни чақиришипти. Юқоридан ҳам кимлардир бор эди. Биринчилардан бўлиб Усмон Азим сўз олди:
– 53 имзо орасида меники йўқ, – дея гап бошлади у, – аммо мен қалбан улар орасидаман. Шу сабабли мен бугунги йиғинда қатнашиб, ўз сўзимни айтишни лозим топдим, – дея бизнинг номимиздан раҳбарият олдига ўз талабларини қўйди.
Хуллас, бизларнинг вакилларимиз гапиришди. Бизга панд-насиҳат қилиб, оқсоқол адиблар: «қўйинглар энди, нима керак шунақа гина-кудурат» қабилида сўзлашди.Оқсоқол адиблар сафида Одил Ёқубов ҳам бор эди.
– Мен бу ёшларга ҳавас қиламан, – деди Одил ака, сўз беришганда. – Вақтида менга ўхшаганларда ўз сўзини айтиш учун, оқимга қарши туриш учун журъат етишмаган. Бу ёшларнинг келажаги порлоқ.
Хуллас, мажлис яраш-яраш руҳида ўтди. Орамиздан кимдир сўз олиб, агар талабларимиз амалга ошмайдиган бўлса, биздан даъвойимиздан воз кечиш илтимос (талаб) қилинадиган бўлса, унда 53 нафар ёш ижодкорга нисбатан ҳам ҳеч қандай репрессия қўлланмаслигига кафолат беришларини талаб қилди. Охир-оқибат шундай бўлди ҳам.
Нима бўлганда ҳам мазкур арзбозлик, унинг натижалари ёш, келажаги порлоқ , аммо йўлларига банд солинган ижодкорлар номидан иш кўрувчи бир гуруҳнинг дастлабки бет очиши, муваффақиятли дебочаси эди. Ёшлар энди бундан бу ёғига бемалол арз ёзиш, истаган нарсангни талаб қилишинг мумкинлигини, бунинг учун сенга нисбатан ҳеч қандай жисмоний ва бошқа жазолар қўлланмаслигига амин бўлдилар. Ва ана шу 53 ижодкор арзбозлигини ташкил этишда бош-қош бўлганлар 1988-1991 йиллари бу соҳадаги безбетлик қобилиятларини бор бўй-басти билан намоён этдилар.

Х х х
Мен бу гапларни нега энди эслаяпман.
Шунинг учунки, ўтган йили Дюссельдорфда бир гуруҳ хориждаги ўзбек ооппозиционерлари ЎХҲ номли ташкилотни туздилар, унга улуғ! Буюк! Яккаю ягона, такрорланмас Муҳаммад Солиҳ раҳбар этиб сайланди. Ва мен, Муҳаммад Солиҳ таъбири билан айтганда , “Одил Ёқубовнинг шогирдчаларидан А.Мамарасуловнинг (Бу фермер =ёзувчи йигитча”) га маъқул келмади. Нега?
Негаки, мен биламанки,
авваламбор, Муҳаммад Солиҳ қонхўр, манфур бир инсон;
ўз манфаатлари йўлида ҳеч қандай разилликдан қайтмайди:
Ислом Каримовдан минг баравар баттарроқ диктатор
Мана энди диндорлар билан бирлашиб, керак бўлса, қон тўкиб, Ўзбекистонда ҳокимиятни қўлга киритмоқчи.
Энди савол туғилади:
Муҳаммад Солиҳ кимнинг қонини тўкмоқчи?
Ўзбекистонда яшаётган халқнинг қонини тўкмоқчи. Ўзи Туркияда ётиб, Ленин Разлив кўли бўйида ётгандай, кутмоқчи. Унинг режаси бўйича, Ўзбекистон 1992 йилдаги Тожикистон аҳволига тушиши керак. Ўзбекистон бугунги Қирғизистон аҳволига тушиши керак. Халқ қирилиб кетиши керак. “Окамла” эса Истанбулда ётиииб, студентларни қўзғаб, таксистларни қўзғаб, вақти соатини кутиб ётишлари керак.
Иш юришиб кетса, жуда яхши. Қаҳрамон бўлиб Ўзбекистонга келадилар!!!
Олий марҳаматли улуғ, буюк, (яна қанақа таъриф тафсифларни истасалар ўзлари қўшиб қўяверсинлар) окам тахтга ўтирадилар. Агар иш юришмай қолса, “ничего, опять не беда”, энг асосийси, олинган грантлар оқланяпти. Ҳисобот бериш мумкин, “берган пулингни бекорга еганим йўқ” дея.

“ х х х “

“Каминанинг Одил Ёқубов билан ҳеч қандай олди-бердиси бўлмаган, на у билан рақобат, на унга ҳавас бўлган. Иснод этилган “оёғидан чалиш” сўзи камина учун энг тубан ҳакоратдир. Кин сақлаш табиатимга бегона, фикрим бўлса, инсонларнинг юзига айтганман. Одил Ёқубов ҳам бундан истисно бўлмаган”, дейдилар буюк, улуғ аллома, тенги йўқ шоир, ажабтовур сиёсатчи, халқ севган даҳо Муҳаммад Солиҳ ўзининг муборак ҳадисларида, йўғе, бизга ўхшаган ҳар хил “…ча”ларни эзиб янчиб ташлаш ниятида ирод этган “Халқнинг хотираси” номли мақоласида. (April 28th, 2011 admin Edit).
О буюк, улуғ, яккаю ягона Муҳаммад Солиҳ жаноблари!
Узр! Бу даъвойингиз ҳам асоссиз. Бунга истаганингизча мисол келтира оламан.
Бу борада ёзувчи Ғаффор Ҳотамовнинг қуйидаги сўзларига эътибор қилинг:

“Қаранг, бу кўзбойлагич, янги замон модерн-демократи, мен найновни айтаяпман, Мадаминовни, шайтонни миниб олган, илинган нарсага чанг солади, ҳеч балодан қайтмайди!
Албатта, иймони саломат одам бундай вазиятда қийналади, силлимарг бўлади, йўлсизлик-чорасизлик юрагига тўкилади. Уюшма раисининг биринчи ўринбосари, оғир, вазмин одам, Березиков унинг макрига чидай олмай, шўрликни қаттиқ қўрқитишган, ахийри, ишни ташлаб кетди. Бу палид эса, ҳеч тап тортмай унинг кабинетини “ишғол” этди, лекин биров лом-мим дея олмади. Ҳамма гап … Бир нафас урса, қиёмат қўпади. У чол ибн Хаттоб, унча-мунча бас кела олмайди. Мана, энди у баланд дорга кўз тикиб от сураётир…
Бир куни ўша найнов кечки сайрга таклиф этди. Кўчада айланиб юриб, “Ёқубов чарчаб қолди, сиз айтинг, у истеъфо берсин!” – деб хархаша қилди. “Одил ака истеъфо бериши мумкин, лекин аввал ёзувчи халқига бош бўладиган бир муносиб одам топиш керак”, – дедим унга. “Бу ишни мен уддалайман!” – деб керилди у. Шунда энсам қотди. Биламан, биринчи хотини “алимент тўламай қочиб юрибди”, деб “Совет Ўзбекистони”га роса шикоят ёзган. Шунга ишора қилиб, “Сиз аввал биринчи оилангизни эвлаб олинг!” – деб маслаҳат бердим, унга.
Йўқ, ўчди.
Қаранг, кеча бир тўрвани ортмоқлаб юрган, ҳатто бола-чақасини кўчага ташлаб қўйган дардисар, бугун тикка от солаяпти, раисликка!
Ёзувчиларга бош бўлмоқчи!
Кимсан ўзинг?!
Ивирсиган фасод хабар беришича, у коллегалари билан тил бириктирган. ”Сен менга ўринбосар бўласан! Сен журнал муҳаррири! Сен газетага ўтасан! Чолни четга суриб қўямиз!”
Мана шу “заговор” ҳаётга кўчаяпти… “

Муҳаммад Солиҳ!!!
Ҳолбуки сиз ўзингизни қўй оғзидан чўп олмайдигандай, бузоқнинг ҳаққи бор дея, сигирнинг сутини ичмайдигандай кўрсатмоқчи бўласиз. Ҳолбуки, сиз ўзингиз тан олганингиздай, қип қизил гуруҳбоз эдингиз:
“Бизнинг гуруҳ (агар гуруҳ дейиш жоиз булса) гуруҳларнинг энг кичиги эди:
Миразиз Аъзам, Рауф Парфи, Чулпон Эргаш, Иброҳим Ҳаққул, Аҳмад Аъзам, Олим Отахон, камина, ҳали танилмаган ўн-ўнбештача истеъдодли ёш шоир ва шоиралардан иборат эди. Бу гуруҳда на котиблик, на-да раисликни орзу қилган борди”.

Ҳолбуки, Одил Ёқубов ҳеч қачон Сизга ўхшаб, гуруҳбозлик қилмаган, бировнинг ўрнини тортиб олишга уринмаган.

Х х х

О, буюкларнинг буюги, улуғларнинг улуғи Муҳаммад Солиҳ ҳазратлари! Сиз нақадар олижанобсиз! Сиз нақадар марҳаматлисиз!
Сиз айтасизки, “Роббимга шукрлар бўлсин, У менга ҳеч қачон шахсий ташвишларимни тилимга олдирмади, доим халқимнинг дардини айттирди: мудофаа этаркан, халқимнинг манфаатларини мудофаа эттирди.Бу уруш фонида мен Ёзувчилар котиблигига сайландим. Оллоҳ шохид, бу мақомга асло интилмадим, мени у ерга воқеалар тадрижи олиб борди. Кейин ЭРКка раҳбар бўлдим. Буни ҳам орзу қилмагандим, ватанимдаги шароит шу ишга киришга мажбур қилди”.
Афсуски, бу ўринда ҳам ёлғон сўйлаётганингиз билиниб қолаётир.
Сиз ўз ўзидан Ёзувчилар уюшмасига раҳбар ўринбосари бўлиб қолганингиз йўқ. Сиз ҳамиша бир четда ўтириб олиб, арқонни чувалатиб ўтирадиган одам эдингиз. Гўё буни ҳеч ким билмайди, деб ўйлардингиз. “Политбюрога мактуб”нинг бош муаллифи, ҳа ҳа, БОШ МУААЛИФИ сиз эдингиз. Фақат ўзингизни панага олган эдингиз.
Кейин “Бирлик” тузилди. Сиз “Бирлик”нинг ҳам панадаги раҳбари бўлишга интилдингиз. Яъни бошқалар отилиб чиқиши, калтак ейиши, қамалиши, отилиши, ўлиши,жонини фидо қилиши ва ҳоказо ғалваларга дучор бўлиши, сиз эса ўзингиз чизиб берган йўлда қурбон бўлганлар устидан ўтиб, ҳокимиятни эгалламоқчи эдингиз.
Бўлмади.
Қарасангиз, раис этиб сайланганлар байроқни баланд кўтариб кета бошлашди.
Ийе! , дедингиз сиз: “бу қандай гап? Қачондан бошлаб, географияда бундай янгилик?” , дея ҳайқирдингиз. Аммо сизга қулоқ соладиганлар камайиб бораверди, шунда дарҳол саҳнага отилиб чиқдингиз. Чунки ким саҳнага чиқса, барча эътибор шу тарафга қаратилади. Саҳнага чиққан одам эса, албатта, томоша кўрсатиши шарт. Йўқса, саҳнадан ҳайдалади. Шунда сиз “ЭРК”ни ўйлаб топдингиз.
Ёки бошқалар ўйлаб, топиб, қўлингизга тутқазишди.
Сиз шу тахлит эндигина шаклланиб келаётган ўзбек мухолифатини парчалаб ташладингиз. Ўзбек мухолифатига нисбатан бу хиёнатингиз асрлар оша сизнинг номингизга лаънат тамғаси бўлиб ёпиштирилажак. Сиз минг бир хил жодугарлик йўллари билан бўлсада, ўзингизни оқлаб олишга уринишингиз мумкин, аммо, аммо лаънат тамғасидан қутула олмайсиз.

Х х х
“Бўлиб ташлаш” усули сизга жуда ёқиб кетди. Бир четда ўтириб олиб, арқонни узун ташлаб, атрофдагиларни минг бир куйга солиб ўтириш усулини иккинчи сафар: сизни Ёзувчилар уюшмасига ишга олган, сизни, сизнинг тимсолингизда Ёзувчилар уюшмаси биносида шаклланиб келаётган мухолифатни бир неча бор ўзи қалқон бўлиб ҳимоя қилган Одил Ёқубовни ҳам бир ҳамла билан отиб юбориб, раислик креслосини эгаллаб олмоқчи бўлдингиз. Шотирларингиз бу ишни ҳам эплай олишмади. Шу тахлит 1991 йил 17 октябр куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ёзувчиларининг навбатдаги съездида уюшмани ҳам иккига ажратиб юбордингиз.
Кейин эса, ўзингиз айтмоқчи:
“Шу боис, уюшма Қурутойида котиблигидан истеъфо қилдим”.
Э, жудаям бало экансизей сиз!
Э, қойил сизга!

Х х х

Улуғларнинг улуғи Муҳаммад Солиҳ!
Сиз: “Ўзларини жайдари ўзбек қилиб курсатишни ва бунинг исботи учун сўкиниб гапиришни севадилар”, дейсиз бизга ўхшаганлар ҳақида.
Мен сиз ҳақингизда “янгидунё”га икки марта интервью бердим. Буниси сизга биринчи мактубим, балки биринчи мақоламдир. Бирон марта сўкинганим йўқ. Мен бирон марта Сизни кўплаб рақибларингиз қатори Салай Мадаминов, дея ҳақорат қилмадим. Ҳамиша ҳурмат эътиром билан Муҳаммад Солиҳ дедим. Бирон марта сизга нисбатан ҳақоратли сўз ишлатмадим. Фақат кирдикорларингизни номма ном санадим, холос.
Ҳолбуки, сиз ўзингизни Муҳаммад Солиҳ дея аташингизнинг ўзи ўғрилик бўлса керак. Жуда шу ном керак бўлса, сиз ўзингизни Муҳаммад Солиҳ Соний (ёки иккинчи) дея атасангиз инсоф даражасидаги иш бўлиши мумкин эди.
Аммо сиз бундай нарсага қодир эмассиз.
Чунки сиз ҳамиша бировларнинг ҳисобига кун кўриб келган одамсиз.Яъни укаларингиз ҳисобига, Мамадали Маҳмудов ҳисобига, бошқа ёру дўстларингиз ҳисобига. Рақибларннгиз ҳисобига. Қолаверса, 1999 йил 16 феврал қурбонлари ҳисобига, 2005 йил 13 май Андижон қурбонлари эвазига кун кўриб келяпсиз. Биласизки, бу қурбонлар сиз учун камлик қилди.

Сиз ёзасиз:
“Тарих буларнинг Андижон воқеaларида халқ тарафини олиб, норозилик бидирганини ёзмаяжак албатта. Чунки улар норозилик билдирмадилар. Улар халқ ўққа тутилаётган пайтда, балки, Дўрмон ишратгоҳида кайфу-сафо сураётгандилар. Режимдан норози мухолифат устидан кулиб, истеҳзоли матнлар тузаётган эдилар”.
Тўғри, билишимизча, сиз Туркияда ўтириб олиб, норозилик билдиргансиз. Ёки ўша қуролли қўзғолон бошланганда Ўшда кутиб ўтирганмидингиз, илҳақ бўлиб… Илтимос қилиб чақиришларини, “келинг, ока, Бош Вазир бўлинг. Ўзбекистонни Сиздан бошқа ҳеч ким эплай олмайди”, деб, а?!!
Шунақамиди Муҳаммад Солиҳ жаноблари???
Ёки Черняевкадамидингиз?
Андижонда урушни бошлаган ким эди???
Энг аввал қўлини қонга бўяган ким эди?
Чегарада ухлаб ётган аскарларни ўлдириб, қуролини тортиб олган ким эди?! турмадаги ёшгина, бегуноҳ аскар йигитчаларни битта қўймай қириб ташлаган ким эди?!
Ким эди?
Айтинг!!!

Х х х

Муҳаммад Солиҳ!
Сиз ўтакетган ҳасадгўйсиз!
Ҳамиша Абдулла Ориповга тармашиб келасиз. Ўйлайсизки, Абдулла Орипов шеъриятни эгаллаб олган, уни четга сурмасдан шеъриятда ном қозониш даргумон.
“Абдулла Орипов ўлсин, биз унга ҳайкал қўяйлик!”, деган ибора эсингиздадир. Уни ким айтганини ҳам айтайми?
Абдулла Орипов ҳаётда қанақа одам бўлишидан қатъий назар, шоир сифатида Абдулла Ориповга тенг келадиган бошқа шоир йўқ.
Ўтиб кетган шоирлар ичида ҳам йўқ!
Тирик шоирлар ичида ҳам йўқ!
Сизга ўхшаш минглаб шоирликка даъвогарларнинг ёзган чизгани… эҳҳее…
Айтингчи, бирон шеърингизни қаердадир биров ёддан айтиб юрганини эслай оласизми?
Йўқ. Чунки сиз яхши шоир эмассиз. Беш ўнта шотирларингиз нима деса деб, сизни қанчалар улуғлагани билан аслида ҳеч нарса ўзгармайди.
Мис билан олтиннинг фарқи жуда катта! Мен шоирликни назарда тутяпман.
Абдулла Орипов нима деганда ҳам, сиз каби бировларга ўлим тилагани йўқ.
Бировларни ўлимга йўллагани йўқ.
Ўзи панада биқиниб олиб, бузғунчилик билан шуғуллангани йўқ.
Биз каби етмишинчи йилларнинг ёшлари Абдулла Орипов шеърларини ёд олиб ўсдик, улғайдик.
Ҳолбуки, бугунги ёшлар ҳам Абдулла Орипов шеъларини ёддан билишади.
Ўзбекистонда исталган бозорга киринг, овоз ёзиш студияларига яқин боринг: аксарият Шерали Жўраев ижросида “Биринчи муҳаббатим” айтилаётган бўлади.
Бу шеър ёзилганига қирқ йил бўлди.
Бу шеър қўшиқ қилиб айтилаётганига қирқ йил бўлди.
Аммо у ҳамон бугунгидек, ёшу қарининг ардоғида.
Бошқа бирон шоирнинг, ёки Муҳаммад Солиҳнинг, шу қадар халқнинг қатламларига қадар сингиб кетган шеъри борми?
Ана шу нарса сизнинг ғазабингизни қўзғайди. Қари товуқ гўнг титгандай, Абдулла Ориповдан кир ахтарасиз, ўзингизча топасиз, тўрт бешта шеригингиз билан шу тахлит шоирлик даъвойингизга таскин берасиз…
Ҳолбуки, бу билан ҳеч нарса ўзгармайди.
Сиз нима дейишингиздан қатъий назар, халқ ичида шоир Абдулла Ориповнинг қадри пасайиб қолмайди.
Сиз хоҳласангиз, хоҳламасангиз, Абдулла Ориповнинг шеърларини ёд олаверишади, бир бирига айтаверишади. Абдулла Ориповнинг ўзи айтгандай:
Дейдилар ит ҳурар, ўтади карвон,
Ранжу маломатдан ёнмасин жонинг.
Лекин алам қилар бир умр гирён
Итлар орасидан ўтса карвонинг.
Менимча, мазкур шеър сизга ўхшаганларга аталган.
Кўрдингизми, Абдулла Орипов дегандан унинг мисралари ёдга қуйилиб келаверади.
Қанийди Муҳаммад Солиҳ деганда унинг ҳам мисралари қуйилиб келса, тилдан тилга, қоғоздан қоғозга кўчиб юрса…

Х х х

Шу ўринда Юсуф Жуманинг иборалари ёдимга тушаяпти:
“Салай Мадаминов ҳазратлари, Хоразмда яқинларим кўп, Холиқ Холбоев деган дўстим бор. У менга Хоразмда кўрсатишган бир иффатли қиз ҳақида гапириб берган. Қиз бир йилда йигирма саккизта йигитга тегибди, 28 карра!
Лекин қизиғи бу эмас, қизиғи: Қиз йигирма саккиз карра ҳам қиз чиқибди.
Салай Мадаминов десалар шу бокира қиз ёдимга тушади”.

Шунақа, Муҳаммад Солиҳ жаноблари!
Пайғамбар ёшига етиб қўйдингиз. Ҳадеб бокираликни даъво қилавермай, ўзингизга ўзингиз ҳисоб берадиган, товба қиладиган вақтингиз етди.
Афсуски, ўзингиз айтмоқчи: “Булар ҳеч ўзгармабди. Сочлари оқарган, аммо ичлари аввалгидай”, деган иборангизни ўзингизга нисбатан ишлатиш керак бўляпти.
Ва ишонаманки, ўзгармасдан қоласиз.
Чунки букрини гўр тузатади.

http://turonzamin.org/2012/05/01/ab-2/

Sorry, the comment form is closed at this time.