Apr 192012
 

2012 йил 16-17 апрель кунлари аҳоли шикоятларига асосан ЎИҲЖ томонидан Ўзбекистон-Қозоғистон чегара нуқтаси бўлмиш Черняевский постида кузатув ишлари олиб борилди.Кузатув 16 апрель соат 16 лардан бошланди ва17 апрель куни тамомланди.

Ҳали пост худудига кирилмасданоқ дарвоза олдида 5-6 минг оломоннинг қатор терилиб пост ҳудудига кириш учун ўз навбатини кўрган ҳар қандай одамнинг капалаги учиб кетиши ҳеч гап эмас.

Бундай кўп одамнинг йиғилганини мен умрим давомида кузатмаган эдим.Пост ҳудудига камдан-кам ва ниҳоятда секин одам ўтказилар эди, аммо бу одамларнинг камайишига олиб келмас,балки тескари натижани кўрсатар эди, яъни навбатга турувчиларнинг қаторига янги-янги одамлар келиб қўшилар эди, модомики, пост суткада узлуксиз ишлаши керак эди, аммо тун давомида бирорта одамнинг ҳам ўтказилгани кузатилмади.Тун бўйи оёқда тик туриб ниҳоят17 апрелда пост ҳудудига киришга муваффақ бўлдим ва даҳшатдан яна кўнглим орқага тортиб кетди-бу ерда кўчадагидан ҳам кўп одам навбатга тикилишиб туришар эди, тўғри аёллар ва болали одамлар учун алоҳида навбат ташкил қилинган эди ва асосан улар кўплаб ўтказилар эди, аммо навбатнинг асосий тармоғида ўзимизнинг Ўзбекистон фуқаролари, асосан эркаклар тизилишиб туришар ва уларнинг таможнядан ўтиб кетиш шанслари деярли йўқ эди.Кузатувда шу нарса аниқ бўлдики Ўзбекистон чегара постида Ўзбекистон фуқаролари, яъни ўзбек миллатига мансуб,эркаклар энг ҳуқуқсизлари эканлиги намоён бўлди. Қозоқлар,европа ирқига мансублар биринчилардан бўлиб ўтиб кетишади. Бир рус аёли 100 тача Тожикистон фуқароларини группа сифатида олиб келиб келиб алоҳида териб қўйди ва ўзи таможня маъмуриятига кириб кетди. Ярим соатдан кейин чиқиб барча Тожикистонликларни обкириб кетди. Ва яна таможнянинг бир ходими ўн тўрт чоғли одамни бенавбат олиб келиб навбатда турганларнинг барчасини орқага тисартириб ўша одамларни биринчилар қаторига қўйиб қўйди.Бундан ташқари сайланма одамлар ҳам ҳеч қандай навбатсиз ўтказилди -Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Илҳом Формонов ҳам келиб, лип этиб панжарадан бир сакраб ўтиб кетди.

Бу шуни кўрсатадики таможняда коррупция ўзининг кульминацион нуқтасига етган ва умуман кузатган одамда таможня худди таможниячиларнинг ХУСУСИЙ МУЛКИ бўлиб қолган деган хулосага келиши жуда осон – кимки ёқса –у биринчилар бўлиб ўтиб кетади,кимки ёқмаса уни биринчилар қаторидан шундоққина судраб чиқариб энг охирига турғазиб қўйишади ёки паспортини олиб қўйишади. Албатта бундай хўрлашга шўрпешона ўзбегимдан бошқа миллат чидай олмайди.

Бундай бўлишининг сабаби сўралганда, айб Қозоғистон томонга тўнкаб қўйилди – «Қозоғистон тортмаяпти» – деган жавоб берилди,тамом. Шу ерда алоҳида навбатга турган қозоқ фуқароларидан –шу гап ростми-деб сўралганда, улар-бўлмаган гап, бунақа сансолорлик фақат шу ерда бўлади, бизда тез ўткариб юборишади – деб жавоб берди. Кун давомида навбатга турган бечора миллатим устидан таможня ходимлари ҳохлаганларча кулишди – бир ходим келиб барча одам икки қатор бўлиб тизилишларини талаб қилади ва барчани икки қатор бўлиб тизилмагунича бақириб сўкиб,ҳақорат қилади. Барча икки қатор бўлиб тизилганидан кейин, у кетади, у кетиши биланоқ бошқа ходим келиб, барча тўрт қатор бўлиб тизилишлари зарур эканлигини айтади ва шу 5-6 минг одам (эсимздан чиқармайлик, ҳали кўчада ҳам шунча одам бор) 4 қатор бўлмагунича бақириб уришаверади ва у кетганидан кейин яна биттаси келиб ҳамма уч қатор бўлиб тизилиши керак эканлигини айтади ва жараён яна қайтадан бошланади. Буларнинг барчаси бошқа миллатларнинг кўз ўнгида –мана сизлар учун ўз миллатимизни шундай топтаяпмиз-дегандек намойишкорона қилинади.

Навбатда турган 5-6 минг киши бундай хўрликка чидаб ўтирди аммо мен чидай олмадим – шартта Республика Таможня комитетининг 120-76-33 телефонига сим қоқдим.У ердан Эргашев деган одам трубкани кўтарди.Мен вазиятни унга тушунтирдим.У-«ўша ердаги бирор бошлиққа берингчи-деди.Мен ўша ерга юрган капитанга трубкани узатдим, аммо капитан ишонасизми ҳатто гаплашишни ҳам истамади, бир сержантча қўлимдан телефон юлиб олиб қочиб кетди-да бир оздан кейин- Ўзим гаплашдим -деб телефонимни қайтариб берди.Ҳар тугул бир соатлардан кейин қора Джипда бир киши келди.Таможня бошлиғи шахдам қадам билан унига чест ва доклад берди, шунингдек уни ичкарига олиб кириб кетди. Барча одамлар-мана энди яхши бўлади –деб умид бойлашди, аммо жараён ўша номаълум одам келганидан кейин тамоман чаппасига кетди.

Одамларни итариш, бақиришларга кейинчалик узун таёқ билан, дубинка билан аямасдан уриш практикаси қўлланила бошланди. Бирорта таможня ходимининг бировни сизсираганини кўрмадим.Энг қизиғи уларнинг барчаси шу одамларнинг йиғилиб қолишига айнан шу навбатда турган одамларнинг ўзини айбдор деб талқин қилишар эди, лекин ўзлари одамларга бақирмасдан, ичкарига кириб, ҳар биттаси биттадан одамни текшириб ўтказишса, айтмоқчиманки касблари бўлмаган «тарбиячиликни» қўйиб вазифаларини бажаришга киришишса ишончим комилки вазият бундай бўлмасди.Модомики кўчада оз-эмас ўнтача таможнячи санғиб юришарди.Ахир улар шунинг учун ойлик оладилар-ку, ахир шу одамлар чегара кесиб ўтишмаса уларнинг чегарада қиладиган ишлари қолмай ишсиз қоладилар-ку. Наҳотки бир ҳуқуқпарвар 500 км.дан келиб аҳволни ўрганиб кетишга ҳам имконият ҳам вақт топса-ю,(текшириб кўринг-мен таможнядан ўтмаганман), шундоққина борса 5 км чиқадиган масофага миллий хавфсизлик учун, қонуният учун жавоб берадиган идоралар ходимлари азиз ва юмшоқ кетларини кўтариб узоқдан ё яқиндан аҳволдан хабар олишмаса. Таможнядаги вазиятни кўрган одам албатта ушбу ур-йиқит таможня ходимлари учун туганмас даромад манбаа сифатида хазина кўринишига келганини тезда илғаб олади.

Эслатиш лозимки ушбу муаммони авваллари ҳам Тошкентлик ҳуқуқпарварлар – Елена Урлаева, Владимир Хусейнов, Дмитрий Тихонов ва бошқалар кўтариб чиқишган эди. Аммо хукумат уларнинг мақсадини умуман бошқача талқин қилган, яъни масъул ходимлар эътиборларини мавжуд муаммони ечишга эмас, балки таможняни замонавий кўринишга,унга алюмин профиллар билан безатишга қаратишган. Бундай миллатни хўрлаш кимга керак экан,қизиқ.

 

19-апрель, 2012- йил.
Нодир Ахатов
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қарши шаҳар бўлими раиси

 

Sorry, the comment form is closed at this time.