Mar 212012
 

   Ҳар қандай байрамлар олдидан албатта  мухолифат фаоли бўладими, ҳуқуқ

Ҳимоячисими, қўриқлаш ишлари бошланиб кетади бизда! Ҳайронманман нега?

Бир ойдан буён тобим бўлмай, даволаниб ётибман. Ҳаттоки пикет қилиб қолгудай бўлсам, ўша плакатини кўтаришга ҳам ҳолим йўқ-да! Кечагина қўшниларим келиб, ”яна сени пойлашаяпти”- деган гапни айтиб қолишди.

 

Ҳа, ҳукуматимиз бизни авайлайди, асрайди, пойлаверишсин”- деб қўя қолдим. Узоқдан пойлаб тургандан кўра, дориларни дорихонадан олиб келишга ёрдам беринглар, мен тан берай сизларга, дегим келади. Аммо бу гапни эшитадиган расмий қулоқ йўқ. Норасмий қулоқларни эса тахлаб чиқсангиз хитой деворидан ҳам баландроқ, узунроқ девор қурган бўлардик.

 

Жуда бўлмаса газимизни беринглар. Уй уйларимизда соғ-саломат ўтирайлик! Бечораларга совуқда ўтиришни ўзи бўладими ахир, у хам бировнинг боласи, уларнинг ҳам болалари бор. Ўтирсинлар уйда. ”Маош оламан, нафақага чиқишим керак” дея уриб кетмасин яна!

 

Сира тушунмайман бу хукуматга, ўзим билан келишиб қўйсаларинг бўлмайдими? Газни, электрни, сувни берсаларинг ўтираман тинчгина! Халқ ҳам бир йилда бир марта байрам қилишига  имкон яратиб беринглар, етади қиши билан итни кунини кўриб чиққанимиз!

Биз хам инсонмиз, фақат сизлар чиққан тепа омон бўлса басми? Шартми плакат кўтариб чиқиш, байрамона кайфиятни бузиш!

Келинглар мултфильмдаги “КОТ  ЛЯПОЛД” айтганидек “ДЎСТ” бўлайлик….

Байрамни иссиқина уйда, тўкин дастурхон олдида нишонлайлик. Байрам бўлмаса ҳам шу қишдан эсон- омон чиқаётганимизни нишонлайлик! Бу  кунларга етганлар бор, етмаганлар  хам бор! Шукур қилайлик, етганимизга! Қишнинг изғиринида ўлганларни эса ёд олайлик, фақат тинчгина, сасимизни ҳам чиқармай. Ҳукумат билиб қолса яхши бўлмайди. Ахир қулоқлари кузатаяпти, бир балони бошлаб қўйишларидан чўчиб, қўрқиб – қўрқиб, дир-дир титраб яшаб турайлик. Айтадиларку, қирқ йил тиз чўкиб яшагандан, бир кун тик туриб ўлган афзал. Аммо бу мақол бизга ёт! Келинглар, қўрқиб, қалтираб яшайлик ва Наврўзимизни нишонлайлик. Навруз байрами муборак бўлсин, азиз ватандошлар!

21-март, 2012- йил.
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

Sorry, the comment form is closed at this time.