Dec 312011
 

  2011 йилнинг 10 ва 24 декабрь кунлари Москванинг Болотная майдони ва Сахаров проспектида Россия мухолифати уюштирган оммавий митинглар бўлиб ўтди.[1,2] Бу митингларда 50 мингдан 120 минггача намойишчилар иштирок этишди. Шунингдек Россиянинг бир неча ўнлаб шаҳарларида бўлиб ўтган намойишларда бир неча минглаб Россия фуқаролари ўз норозиликларини изҳор қилдилар.[3] Намойишчиларнинг асосий талаблари Россияда 4 декабрда Россия Давлат Думасига бўлиб ўтган сайлов натижаларининг сохталаштирилганлиги сабабли, Парламент сайловларини қайтадан ўтказиш, Марказий сайлов комиссиясининг раиси Владимир Чуров истеъфоси, мухолиф партияларни рўйхатга олишни, сиёсий маҳбусларни қамоқлардан озод қилишни талаб қилишган эди.
Владимир Путин хукумати намойишчиларнинг асосий талабларини бажариш ўрнига қийин сиёсий кризисдан чиқиб кетиш учун сиёсий ислоҳотлар ўтказишга ваъда берди.


Дмитрий Медведев 23 декабрь куни партиялар тўгрисида янги конунни Давлат Думасига тақдим килди[4]. Россия хукумати губернаторлар сайланишини, сайлов участкаларида веб-камералар ўрнатилишини ваъда берди ва бошқа чоралар кўра бошлади.
Дмитрий Медведев томонидан бир неча кадрлар алмаштирилиши амалга оширилди.[5]
Дмитрий Медведев, Владимир Путин шошилинч бу тадбирларни амалга ошириш баробарида мухолифатнинг ягона лидери ва программаси йўқлиги билан айблади.[6] Путиннинг Россия мухолифатининг сиёсий обрўсини пасайтириш мақсадида айтилган бу айбловига жавобан Бирлашган Фуқаролик Фронтининг етакчиси Гарри Каспаров[7] ва коррупцияга қарши матонатли курашувчи ва блоггер Алексей Навальний[8] Россия мухолифатининг программаси бор, бу программанинг асосий гояси “Путинсиз- Россия”шиорига асосланган бўлиб, келажакда Владимир Путинни президент бўлиб сайланишига йўл қўймаслик. Россия мухолифати етакчилари мухолифатнинг ягона лидерини танлаш йўлидан бормасдан асосий мақсад қилиб, Россия президент сайловларини ва Давлат Думасига қайта сайловларни сохталаштиришга йўл қўймасдан эркин демократик сайловларга эришишдан иборат эканлигини таъкидлашди.

 

Бу эркин демократик сайловлар ўтказиш даври 1,5-2 йилга чўзилиши мумкин,бу ўтиш даврида Россия президенти техник президент, вақтинча президентлик вазифасини бажаради. Россиядаги ўтиш даври президенти лавозимини ташкил қилиниши Қирғизистонда Роза Ўтинбоеванинг 2010 йилнинг апрелидан 2011 йилнинг декабригача ўтиш даври президенти лавозимини эслатади. Россия мухолифати 2012 йилда намойишчилар сонини миллионларга етказишни, 4 март куни бўлиб ўтадиган президент сайловларидан бир ҳафта олдин ва сайловнинг эртаси куни оммавий намойишлар ўтказишни режаламоқда.

 

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, Россия мухолифати сиёсий кучга айланди. Россия сиёсий саҳнасида рўй бераётган жараёнларни кузатиб, ўзбек мухолифати ҳам ўз стратегиясига ўзгартиришлар киритиши керак ўйлайман.
Бунинг учун қуйидагиларни ҳисобга олиш керак:
1. Ўзбек мухолифат лидерлари “Бирлик” Халқ Ҳаракати партияси раиси Абдураҳим Пўлатов АҚШда, “ЭРК” демократик партияси лидери Мухаммад Солиҳ Туркияда, “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати раиси Баҳодир Чориев АҚШда фаолият юритяпти.
2.Абдураҳим Пўлатов “Бирлик” Халқ Ҳаракатини 1989 йилнинг 28 майидан бери бошқариб келаётганлиги, Мухаммад Солиҳ “Эрк” демократик партиясини 1990 йилнинг 30 апрелидан бери бошкариб келаётганлиги билан ўзларининг демократик лидер эмасликларини исботлашди.
3.”Бирдамлик” Халқ Ҳаракатининг раиси Баҳодир Чориев бу ҳаракатни 2004 йилдан бери бошқариб келаётганлиги сабабли унинг демократик ёки нодемократик лидерлигини билиш учун яна 2-3 йил керак бўлади.
4.”Бирлик” Халқ Ҳаракати партияси ва “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати Ўзбекистон ичкарисида яхши ташкиллашган, Ўзбекистон Халқ ҳаракати эса Ўзбекистон ташқарисида яхши ташкилланган.
5.Ўзбек мухолифати етакчилари орасида ўзаро ҳамкорлик ва келишувчиликдан кўра, ўзаро душманлик ва фитначилик устун.[9]

6. Россия мухолифат ҳаракатлари, партиялари алоҳида,уюшмасдан курашса “Бирлашган Россия” (Единая Россия) зўравонлигига бас кела олмаслиги каби ўзбек мухолифати ҳам ўзаро келишмасдан, ҳаракатларни мувофиқлаштирмасдан сиёсий кучга айлана олмайди,Ислом Каримов диктатурасига барҳам бера олмайди.


Менимча,ўзбек мухолифати сиёсий кучга айланиши учун қуйидаги чора-тадбирларни кўриши керак:
1.Мухолифат кенгашини тузиш.
2.Мухолифат етакчисини сайлаш.
3.Мухолифат соя хукуматини шакллантириш.
4.Мухолифат маблағини шакллантириш.

Мен мухолифат кенгаши, мухолифат соя хукумати ва мухолифат маблағини қандай ташкил қилиш тўғрисида олдинги мақолаларимда айтиб ўтганлигим сабабли бу сафар такрорлашга ҳожат йўқ деб ўйлайман [10,11,12]. Жаҳон тажрибаси шуни кўрсатадики, қайси мамлакатда мухолифатнинг ягона лидери бўлса ва у лидер оғизда эмас амалий ишлар билан ўзининг демократлигини исботлаган бўлса ва фуқароларда мавжуд нодемократик сиёсий тузумга нисбатан норозилик, ғазаб кучли бўлса, улар мухолифатни кўпчилик бўлиб қўллаб-қувватласа шу мамлакатдаги мухолифат ғалабага эришади. Бунга Жанубий Африка Республикасидаги Нельсон Мандела, Чехословакия ва кейинчалик Чехия Республикаси президенти бўлган Вацлав Ҳавел ва қолаверса Жаҳон Уйгурлари Конгрессининг раиси Робия Қодир ва Қирғизистоннинг ўтиш даври президенти Роза Ўтинбоевалар мисол бўла олади.
Шу сабабли мен мухолифатнинг ягона лидерлигига Мўътабар Тожибоева, Елена Урлаева, Абдулла Тожибой ўғлининг номзодларини кўрсатган бўлар эдим. Мухолифатнинг ягона лидери мухолифат кенгаши томонидан 1 йилга сайланади. Мухолифатнинг ягона лидери, мухолифат кенгашининг асосий вазифаси Ўзбекистонда парламент ва президент сайловларини эркин демократик ўтказилишига эришишдан иборатдир. Мухолифатнинг ягона лидери Роза Ўтинбоева даражасидаги сиёсий мавкега эришса 1,5-2 йил давомида техник президент ёки бошқача айтганда вақтинчалик президент вазифасини бажариб туради.


Ўзбек мухолифати лидерлари Абдурахим Пўлатов ва Мухаммад Солиҳлар Россиядаги “Яблоко” партиясининг асосчиси Григорий Явлинскийдан ўрнак олиб, раисликдан воз кечиб ўз ҳаракатлари ва партияларида янги раис сайланишига эришсалар яхши бўларди. Мен эслатиб ўтмокчиман, Григорий Явлинский 1993-2008 йилларда “Яблоко” партиясини бошқарган эди [13]. 2008 йилдан бери партияни Сергей Митрохин бошқариб келмоқда. “Яблоко” партиясининг 18 декабрда бўлиб ўтган қурултойида Григорий Явлинский Россия президентлигига номзод қилиб кўрсатилди [14].
Келажакда Абдураҳим Пўлатов ва Мухаммад Солиҳлар ҳам Григорий Явлинскийдек ўз партиялари томонидан Ўзбекистон президентлигига номзодлари кўрсатилиши мумкин. Агар уларда раисликдан воз кечишга жасорат етишса ўзбек мухолифати демократлашган бўларди.


Ўзбек мухолифати ягона лидерини, мухолифат кенгашини, мухолифат соя хукуматини ва мухолифат маблағини шакллантириш учун бир минбарга муҳтож. Мен ўзбек мухолифатига эркин минбар сифатида “Замондош” Халқаро Фондини (www.zamondosh.com) таклиф қилган бўлардим. “Замондош”нинг устун томони шундан иборатки, “Замондош”нинг асосчиси Ризо Обидов “Замондош”да ҳам интернет сайт, ҳам интернет радио, ҳам интернет ТВни йўлга қўйишга муваффак бўлган. Кейинчалик Ўзбекистондаги оммавий намойишлар, Ўзбекистон телеканалларидан бири жамоатчилик телевидениси сифатида ўзбек мухолифатига “Замондош”дек минбар бўлиши мумкин.

 

Албатта, бу ўзбек мухолифатининг сиёсий уюша олишига ва Ўзбекистон фуқароларининг қўллаб-қувватлашига эриша олишига боғлик. Яна бир таклиф, дунёнинг аксарият мамлакатларида парламент бошқаруви ўзининг самарадорлигини оқлаган, бинобарин ўзбек мухолифати ҳам Ўзбекистонда президентлик бошқарувидан воз кечиб,парламент бошқарувига ўтишни мақсад қилиб қўйишни ўйлаб кўрса бўларди.Ўзбек мухолифати Ўзбекистон фуқароларининг қўллаб-қувватлашига эришиш учун фақат диктатор Ислом Каримов истеьфосини талаб қилиш билан чегараланмасдан, Ўзбекистондаги қашшоқлик,болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, газ,свет,бензин тақчиллиги, қийноқлар, порахўрлик,
коррупция, меҳнат мухожирлари, сиёсий маҳбуслар, Андижон, Ўш-Жалолобод фожеалари ва ҳакозо муаммоларни амалий ечиш йўлларини кўрсатиш ва бу муаммоларни ҳал қилиш учун амалий қадамлар қўйиш билан эриша олади.

31 декабрь 2011 йил.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти президенти.

 

 

Фойдаланилган адабиётлар.

 

 

1.Митингующие требуют перевыборов.материал размещен 10 декабря 2011 в 16:16 .(http://www.mk.ru/politics/article/2011/12/10/651730-mitinguyuschie-trebuyut-perevyiborov.html).

 

2. Митинг на проспекте Сахарова. ВИДЕО.ФОТО .Обновлено: 25.12.2011 03:53 (http://www.svobodanews.ru/content/article/24431541.html).

 

3.День протеста. 24 декабря. Оппозиционые митинги прошли сразу в нескольких городах России.2011-12-24 / НГ-Online.(http://n.ng.ru/newsng/2011-12-24/100_meeting.html)

 

4.Медведев внес в Госдуму законопроект об упрощении регистрации партий и кандидатов в президенты.23.12.2011 (http://kp.ru/daily/25809/2788985/)

 

5.Дмитрий Медведев произвел кадровые перестановки в Кремле. 27 декабря 2011, 21:50

(http://www.vz.ru/politics/2011/12/27/550283.html )

 

6. Владимир Путин: нынешняя оппозиция не имеет ни единой программы, ни лидеров

время публикации: 27 декабря 2011 г., 13:03 (http://newsru.co.il/world/27dec2011/poo456.html).

 

7.Интервью Гарри Каспарова радио “Свобода”.29.12.2011.(http://www.kasparov.ru/material.php?id=4EFC539540BE2).

 

8.Полный Альбац : Протестный декабрь 2011: чем это закончится? 26.12.2011 21:07(http://echo.msk.ru/programs/albac/842708-echo/).

 

9.Ўзбек мухолифати етакчилари Абдужалил Бойматовнинг танқидига қандай жавоб беришди!?.21.08.2011.(http://uz.hrsu.org/archives/2403#more-2403).

 

10. Абдужалил Бойматов.Мухолифат кенгаши,мухолифат етакчиси,мухолифат маблағи ва мухолифат соя хукумати ҳақида баъзи фикрлар .02.01.2011.(http://www.google.ie/search?)

 

11. Абдужалил Бойматов.Ўзбек мухолифати қачон сиёсий кучга айланади? 02.02.2011.(http://himoyachi.at.ua/news/2011-02-02-1939).

 

12. Абдужалил Бойматов. Ўзбек миллатини қачон дунё ҳурмат қилади?! 06.03.2011.(http://himoyachi.at.ua/news/2011-03-06-2046).

 

13.Явлинский, Григорий Алексеевич.(http://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%AF%D0%B2%D0%BB%D0%B8%D0%BD%D1%81%D0%BA%D0%B8%D0%B9,_%D0%93%D1%80%D0%B8%D0%B3%D0%BE%D1%80%D0%B8%D0%B9_%D0%90%D0%BB%D0%B5%D0%BA%D1%81%D0%B5%D0%B5%D0%B2%D0%B8%D1%87)

 

14.Григорий Явлинский выдвинут кандидатом в президенты РФ от партии «Яблоко».18.12.2011.(http://svpressa.ru/politic/news/51090/).

 

Sorry, the comment form is closed at this time.