Jan 202012
 


Шу кунларда Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг Қарши шаҳар бўлими
раиси Нодир Ахатовга нисбатан назорат кучайтирилган. У  ўтган 2011
йилнинг  декабрь ойида Қарши шаҳар паспорт столига  45 ёшга тўлганлиги
муносабати билан паспортини алмаштириш учун топширганди. Орадан бир ой
ўтаяптики, паспортдан ҳали-ҳамон дарак йўқ. Паспортни алмаштириб бериш
муддати паспорт столда ҳам кўрсатилиниши шарт, 3 кун, ёки 10 кун,
нариси билан 20 кун оралиғида. Ҳуқуқбон кунора паспорт бўлимига
боришга мажбур бўлаяпти, лекин биров унга паспортини олиши муддатини
ҳам аниқ айта олмайди.

18 январь куни менинг туғилган куним муносабати билан Нодир Ахатов
табриклаб қўйиш мақсадида уйимга кириб келди. У тағин паспорт столига
бораётиб кириб ўтишга қарор қилган экан. Уйга кириб келаркан, нега
менинг уйим назоратда эканлигини сўраб қолди. Мен ҳам кўчага
чиқмагандим, шу сабабдан ҳам сезмаган бўлсам керак. Тахминан соат 11
ёки 12 лар атрофида почтадан  уй телефонимга қўнғироқ  қилишди
(2217079 рақамидан).

“Болаларингизнинг нафақа пулини олиб кетинг” – хабар қилишди. Нодир
акани уйдаги қариндошларим билан гаплашиб туринг деб почта томон
кетдим. Уйимиз тўғрисида эса ”қаймоқ” рангли “Нексия” русумидаги
машина турарди. Унда ўтирган уч нафар шахс ҳовли дарвозамизга қараб
ўтиришган экан.

Мен йўлимда давом этдим. Почтадан қайтаётиб, яна бир бор уларга
аҳамият бердим, машина “ўз жойида” турибди. Нодир акага назорат
хақиқатан ҳам турганини айтдим. Бир соатлардан сўнг Нодир Ахатов
паспорт столга боришини айтиб чиқиб кетаркан, машина ҳам унинг
орқасидан кетди.

19 январь эса куни Нодир Ахатов билан телефонда гаплашганимизда назорат
кучайтирилганини айтиб қолди. Шу хулосага келдимки, Нодир Ахатовга
нисбатан бирон бир провокация уюштирилиши мумкин ва шу сабабдан бўлса
керак, паспортни беришларини ҳам атайин орқага суришмоқда. Яқинда
Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида газ ва электр қуввати
таъминотини яхшиланиш талаби билан норозилик пикети ўтказишга уриниб
қамоққа олинган ва 15 суткалик жазони ўтаб чиқган Нурали Кўлобовнинг
адвокати билан учрашганимиз ҳам яна бир сабаб бўлиши мумкин. Тахминан
12 ёки 13январь кунларида. Нурали Кўлобов менга қўнғироқ қилди.
Адовакатимиз ҳам шу ерда, ҳаммамиз бир учрашайлик деганди. Мен ҳам
Нодир Аҳатовга қўнғироқ қилиб чақирдим.
Соат 12 лар атрофида вокзалга бориб, биргаликда чойхонага кирдик.
Суҳбатлашиб ўтирардик. Адвокатга ҳам провокациялар ҳақида айтиб
ўтдик. Мисоллар тариқасида ўзимизни бошимиздан ўтганларини хам ҳикоя
қилдик. Шунда адвокат опа бирданига бир ғалати гапни айтиб қолди:
“Сизлар билан мана бу ерда ўтиришим ҳавфли экан, мени лицензиямдан
маҳрум қилишади. Биз адвокатлар учун шундай бир  тартиб жорий
қилинганки, ҳар бир хавфлик шахсларнинг гапларини МХХга етказиб
туришимиз керак. Акс ҳолда лицензиямдан ажралиб қоламан”.

Нодир Ахатов ҳам тутоқиб кетдида, ўрнидан туриб чойхонани тарк этди.
Мен эса қолдим келган “мехмонни” ҳурматини жойига қўйиб. У кишини
вокзалгача кузатиб, сўнг уйга қайтдим.

Ҳалқаро Инсон Ҳуқуқлари Ташкилотлари ва Ўзбекистон ичкарисидаги Консуллардан Ўзбекистон ичкарисида фаолият юритаётган ҳуқуқ фаоли Нодир Ахтовга бўлаётган босимларга бефарқ қарамасликга чақираман. Унга нисбатан
бирор туҳматона вазият уюштирилиши мумкин. Ва умид қиламанки,
Ўзбекистон ҳукумати Нодир Ахатовнинг  паспортини  беради. У ҳуқуқ
фаоли бўлишидан қатъий назар, Ўзбекистон фуқароси ҳамдир!

20-январь, 2012- йил.
Гулшан Қораева
Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

Sorry, the comment form is closed at this time.