Dec 202011
 
Dec19

Оқланмаган ишонч қиссаси (2-33-9)

by adminon december 19th, 2011 at 10:01 e m

(ёки “Президент эркаси”нинг хотиралари…)
Исмат Хушев, Канада

КАРИМОВНИНГ ЙИГИРМА ИККИ ЙИЛЛИК СИРДОШИ
ёки МАМЛАКАТДАГИ ИККИНЧИ ОДАМ

33-боб якуни (2-33-9)

Ўзбекистон Президенти Девони раҳбари Зелемхон Ҳайдаровга
очиқ хат!

1.

Одамнинг умри жуда тез ўтар экан, Зелемхон ака!

Тожу-тахт вориси бўлиб, давру-даврон сурган бўлсанг, унинг бу қадар тез ўтиб кетганини билмай ҳам қоларкансан.

Омадингиз бор экан, мана салкам қирқ йилдирки, эл назаридасиз.

Ислом Каримов Ўзбекистонга раҳбар бўлганидан бўён, йигирма икки йилдирки, Сиз ҳам каттакон бир мамлакат арбобисиз – давлат раҳбарининг ўнг қўлисиз.

Тарихда, таьбир жоиз бўлса, Сизни вазири олам ёки Сарой эгаси деб аташган.

Сиз бугун ростдан ҳам Ислом Каримов хукмдорлик қилиб келаётган Ўзбекистон салтанатининг Девон бегисиз.

Бу салтанат йигирма икки йилдирки, гўзал бир парвозда.

Лекин ҳар бир ишнинг якуни бўлгани каби, бу парвознинг ҳам эрта бир кун тугаши бор…

Мен бугун Сиз бевосита штурвалини бошқарган салкам чорак асрлик бу оламшумул парвознинг ютуқ ва камчиликлари, инқироз ва эҳтирослари ҳақида гапирмоқчи эмасман.

Буни тарихчи ва сиёсатчиларга қўйиб берайлик.

Мен бугун, дўст ва душман наздида жуда узоқ давом этган, улкан ва олмшумул ютуқлар билан бирга жиддий хатоларга ҳам йўл қўйилган ана шу тарихий ва буюк парвознинг қўниш асослари – рус тилида содда қилиб айтганда – “посадка”си ҳам буюк ва оламшумул бўлишини, хато ва камчиликларсиз, гўзал якун топишини истардим.

Иззат-ҳурмат ва обрў-эътибор билан пенсияга чиқиб, тинч-омон бола-чақа ва набираларга шакар кулча билан музқаймоқ олиб бериб, дунё кезиб, умрнинг кексалик даврини роҳат ва фароғатда ўтказишга нима етсин, Зелемхон ака!

2.

Қадим замонларда ҳам шоҳ ва ҳукмдорлар фарзанд ва ё набиралик бўлса, ўғил уйлантириб, қиз чиқарса ёки ёши етиб, салтанатини ўз шогирди ва ё фарзандларидан бирига топширса – қирқ кечаю, қирқ кундуз элу-юртга ош бериб, тўй-томошо қилишган.

Фуқароларга закот улашиб, садақа чиқарган, зиндонбанд этилганларни авф этиб, қафаслардан озод қилган.

Бунга жавобан миннатдор эл ҳам ўз подшосининг янги тайинланган меросхўрини яхши кутиб олган, унга бўйин эккан, итоат этган…

Тарихда мисоллар жуда кўп бунга.

Ислом ака билан Сиз ҳукмронлик қилган йиллар давомида Ўзбекистонда ҳам шоҳ ва хонлар давридагидай ажиб бир даврон ҳукм сурди десам, муболаға бўлмас.

Энди Сизлар учун ишончли ва фараҳли ўтган ана шу ҳукмронликнинг якуни биз – бир умр Сизни елкасида кўтариб юрган халқингиз учун ҳам қувончли ва шарафли бўлиши керак.

Ана шу борадаги баъзи мулоҳаза ва таклифларимни айтсам, мендан ранжимассизлар, мени тўғри тушунарсизлар деган умиддаман.

Ўтган бу йиллар давомида бизда ҳам жуда кўп одамлар зиндонбанд этилди.

Мен уларнинг ҳаммаси ҳам ноҳақ ҳибс этилди деган фикрдан йироқман. Лекин сиёсий ва диний мотивлар билан қамалганлари ҳам кўп уларнинг ичида.

Узоқ йиллардан бўён қамоқда қолаётган Самандар Қўқонов, Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, Муҳаммаджон Бекжон ва бошқалар (рўйхат тақдим этилади) ни умумий авф (амниятия) эълон қилиб, ҳибсдан озод этиш керак.

Кейинги йилларда “Тошкент портлашлари” ва “Андижон қирғини” деб аталган фожеалар боис ноҳақ ҳибс этилган минглаб бугуноҳ одамларни қамоқдан чиқариш керак.

Менга ўхшаб баъзан хатога йўл қўйган ёки шаккоклик қилиб эрк, бирлик ва демократия деб асабларингизга теккан ва охир-оқибат хориж эллар сари юз тутган Муҳаммад Солиҳ бошчилигидаги мухолифат аъзоларини Ватанга қайтариш керак.

Бунинг учун шахсан Президентнинг кафолати бўлиши шарт!

Ота баъзан гапига кирмай ўзбошимчалик қилган, ўзига гап қайтарган қайсар ўғлини уйдан ҳайдаб юборганидан кейин бир кун келиб яна қайтариб қучоғига олгани каби, Ислом ака ҳам бизга Ватан дарвозаларини очиши, бағри кенглик қилиб, мухолифатга нисбатан умумий яраш актини эълон қилиши керак!

3.

Ислом ака, ҳақли равишда, ҳар гал ўз нутқларида биз – Ўзбекистон фуқароларини баб-баравар ва бирдай фарзандларим деб атайдилар.

Фарзандлар орасида гуноҳкори бўлиши мумкин, лекин бегонаси бўлмайди.

Ўзбекистон Президентининг “Фарзандларим” деган мурожаати бошқалар қатори биз – хориждаги “ўгай” болаларига ҳам бирдай тегишли ва тааллуқли бўлишини истардик.

Отамизни – Ўзбекистон Президентини йигирма йил ёлғиз қолдирганимиз етар. Энди у кишининг ҳузурига қайтишимиз керак!

Биз у кишининг бағри кенглиги билан бирга, баъзан қаҳри қаттиқ ота эканини ҳам яхши биламиз.

Ўтган бу йиллар мобайнида у киши бирор маротаба бўлса ҳам, бизларни сўрамадилар, холимиздан хабар олмадилар.

Бир пайтлар аччиқ ва қизиққонлик қилиб уйдан чиқиб кетган бу ўжар болаларимнинг муҳожиротдаги аҳволи қандай экан деб биз билан қизиқмадилар…

Ўзлари тинч-омон ва фаровон, бағирлари бутун ва юртга устун эканликларини эшитиб турибмиз. Барибир ота ота экан, энди ўзимиз бориб ҳолларидан хабар олмоқчимиз…

Ҳолбуки, бутун дунёга тариқдай сочилиб кетган бу ўгай болаларнинг қоринлари оч, устилари йиртиқ эмас.

Меҳнаткаш ўзбекнинг боласи ҳар жойда ўзининг ҳалол меҳнати билан ризқ -рўзини топиб юрибди.

Лекин уларга етмайдиган нарса фақат битта: Ватан меҳри, халқ дийдори ва қолаверса Сизнинг мурувватингиз ва шафқатингиз, Ислом ака!

Ўтган йиллар давомида бизга ҳамроҳ бўлган бу аччиқ қисматга ўзбек халқининг ҳеч қандай гуноҳи ва алоқаси йўқ.

Бу аввало тақдир, қолаверса, турли даврларда Сизнинг атрофингизда турган, саройни митадай қуршаган ва салтанатни ичдан емириб бораётган манқурт “Раҳбар ва раҳбарчалар” олиб борган бемаъни ва тутуриқсиз сиёсатнинг ҳукми бу.

Темур Алимов каби хоинлик ва муртадлик билан Президент ишончини қозонган бу дили қора кимсаларга ғайри ихтиёрий равишда баъзан Ислом аканинг ўзлари ҳам бас келолмадилар…

Ажабки, аксар ўзбек халқини Президент сиёсатига қарши қилиб қўйган бу манфур кимса бош бўлган жиноий гуруҳ аъзолари қисмати бугун бизникидан кам бўлгани йўқ.

Бугун булар юзидан ниқоби тушиб, ўз ватанида – ўз халқи олдида бош кўтариб юролмагани аниқ.

Биз-ку, худога минг қатла шукур, ўзимиз истамаган ҳолда Ватандан жудо бўлсак-да, бошимизни бир зум ҳам хам этганимиз йўқ!

Ўзбекистон деган буюк ғурурни бир зум ҳам тарк этганимиз йўқ!

Лекин начора, Ватан шундай буюк неъмат ва қадрият эканки, Париждаги Эйфель минораси-ю, дунёга машҳур Мон Мартер черкови қуббалари ҳам, Нью Йоркнинг Манҳеттенидан тортиб, Дубай, Торонто, Италиянинг булутларга ёндош, осмонўпар бинолари, ҳатто Ҳиндистоннинг Бобурийлар қурган “Тож маҳал”и ҳам унинг қоп-қора ва бир сиқим тупроғи ўрнини босолмаскан…

Бу олий ва муқаддас туйғуни Ватанида яшаб беватан бўлиб юрган Темур Алимовга ўхшаш худо бехабар суллоҳлар қаердан билсин?

Майли, “ББС” ва “Озодлик”ни Тошкент сарҳадларига яқинлаштирманг. Унинг мухбирлари тугул, тўлқинларининг ҳам йўлини тўсинг. Ўзбекистон ҳудудига киритманг!

Ўзбек матбуотини қулф ва калитда ушлаб туринг. Йиллар ўтиб, бу тақиқлар унутилиши мумкин.

Чунки эрта бир кун бу тўлқинлар очилиб, матбуот ҳам эркин бўладиган кунлар келади. Менинг бунга ишончим комил!

Лекин сиёсий муҳожирлар Ватанига қайтарилмай, ёт элларда хор-зор бўлиб ўлиб кетса, уларнинг безовта ва чинқирган руҳлари хоки-поклари билан бегона юрт қабристонларида қолиб кетса, халқ буни кечирмайди!

Сочининг қорасидан кўра оқлари тобора кўпайиб бораётган нуроний Ота дийдорига талпиниш, унинг ҳузурига қайтиш, кексалик ва нафақа даврида у билан бирга бўлиш, унинг дийдорига тўйиб қолишни истайди хориждаги фарзандлар бугун…

Ислом Каримовнинг самимий ва ёруғ юз билан жилмайиб турган мунис портретини эрта бир кун биз ҳам фарзандларимизга кўрсатиб: “Бу улуғ зот бизга Ватанимизни қайтариб берган буюк бобонг бўлади!” деб васият қилишни истаймиз…

Ватанга қайтишдан асл муддао ҳам шу!

Ислом Каримовнинг бу бағри кенглиги бошқа авторитар давлатларга ҳам ўрнак бўлар ва Ўзбекистон Президентининг бу ташаббуси дунё ҳамжамияти томонидан муносиб тақдирланиб, ижобий баҳоланар деган умиддаман.

Қолаверса, Ўзбекистон тарихида Амир Темурдан кейин шундай улуғ бахт ва тождорлик насиб этган Ислом Каримов ўз сиёсий-ижтимоий биографиясини абадий безаб турадиган бу бебаҳо имкониятни қўлдан бой бермаслиги керак!

Буни Ўзбекистон ичкарисидаги дўстлар ҳам, ташқарисидаги ғанимлар ҳам тўғри тушунишига ишончим комил.

4.

Зелемхон ака!

Абдулла Қодирий ўзининг “Ўтган кунлар” китобида “Мозийга қайтиб иш тутиш – хайрлидир” деб ёзган эди.

Келинг, биз ҳам тарихга назар ташлаб фикримизни далил ва мисоллар билан исботлашга уриниб кўрайлик.

Шароф Рашидов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари этиб тайинланган тарихий Пленумда Марказқўмнинг уч бюро аъзоси унга қарши чиққанини билсангиз керак.

Шулардан бири – Ориф Алимов ўша Пленумдан кейин Ўзбекистонни тарк этиб, узоқ йиллар Москвада яшаб юрган.

Ниҳоят етмишинчи йилларнинг бошида пенсидаги етмиш ёшли Ориф Алимов муҳожирликда ўлиб кетишини истамай, Ватанда вафот этишига рухсат беришини илтимос қилиб Рашидов номига хат ёзганини ҳам билсангиз керак.

Ушбу хатни олганидан кейин Шароф ака у кишини чақириб, қабул қилиб, сўнг Марказқўм Бюросида айтган сўзлар ҳам ёдингиздадир:

“Биз Сизнинг ўлишингизга йўл қўймаймиз. Бугундан эътиборан Сизнинг елкангизда катта вазифалар бор. Сиз Ўзбекистонни боққа айлантирасиз!” – деб 300 дан зиёд совхозни ўзида бирлаштирган “Узплодоовощвинпром” вазирлигига раҳбар этиб тайинлаганидан хабарингиз бўлса керак.

Ана шундан кейин Ориф Алимов ўн йиллар чамаси министр бўлиб, Ўзбекистонни ростдан ҳам боққа айлантирди.

Сизлар раҳбарлик қилаётган мустақиллик йилларига ҳам эсон омон етиб келган эди у.

Лекин бундан беш-олти йил муқаддам, 94 ёшида Тошкентда вафот этганида уни ҳеч ким эсламади…

У узоқ йиллар Наманган , Тошкент, Самарқанд вилоятларини бошқарган, республика Министрлар советига раислик қилган истеъдодли раҳбар эди.

Умрининг 40 йилдан зиёд даврини Ўзбекистоннинг юқори давлат ва ҳукумат бўғинларида ўтказган бу тажрибали ва табаррук зотни хотирлаб бирор бир газета уч сатрлик таъзияни раво кўрмади.

Ўзбек халқининг яна бир таниқли фарзанди Нуриддин Акромович Муҳиддинов 2009-йил 93 ёшида вафот этганида ҳам худди шундай ачинарли ҳол юз берган эди.

Гўё Ориф Алимов ва Нуриддин Муҳиддинов деган шахслар дунёга келмаган ва Ўзбекистон тарихида бундан одамлар умуман бўлмаган ва яшамаган…

Яқинда Ўзбекистон ҳукуматининг яна бир собиқ раиси Нормуҳаммад Худойбердиев 84 ёшида Тошкентда вафот этди.

Унинг таъзиясига ўзингиз бош-қош бўлганингизни менга айтишди, Зелемхон ака!

Айниқса, Президентнинг таъзиясини унинг оиласига етказганингизда, ўша ерда иштирок этган жамики мункиллаган ветеранларнинг кўзларидан ёш чиқиб кетди.

Президент томонидан кўрсатилган бу эътироф ва эҳтиромни уларнинг ҳар бири шахсан ўзларига билдирилган иззат-икром сифатида қабул қилишганини кўриш мумкин эди.

Маърака тугаганидан сўнг одамларнинг анча пайтгача тарқалмай туриб қолишининг боиси ҳам эҳтимол шундандир. Улар ҳам бир-бирини соғиниб қолишган экан.

Уч Олий Кенгаш раиси (Салимов, Иброҳимов, Юлдошев), уч ҳукумат бошлиғи (Мирқосимов, Мўталов, Султонов) лар иштирок этган бу маъракада ҳукумат номидан ош берилиши, газеталарда таъзия эълон қилинишини ҳам қутлаш керак.

Худойбердиев дастурхони устида ҳамма Президентни дуо қилиб кетди дейишди…

Ўн тўрт йил Ўзбекистон ҳукуматини бошқарган таниқли инсонга кўрсатилган бу сўнгги эҳтиромлар ўзбек халқи ва жамоатчилиги томонидан муносиб баҳоланишига шубҳа йўқ.

Ана шундай мўътабар ва табаррук сиймолардан яна бири Ўзбекистон ҳукуматига ўн йилдан зиёд раҳбарлик қилган Раҳмонқул Қурбонов бугун ўзининг муборак юз ёшини қарши олмоқда.

Лекин бу табаррук инсон ҳақида узоқ йиллардан бўён ўзбек матбуотида гапириш ва ёзиш тақиқланган.

Республика тараққиёти ва равнақига ўз пайтида катта ҳисса қўшган бу мўътабар зот шаънига бир оғиз илиқ сўз айтиш учун наҳотки унинг ўлимини кутиш керак?

“Ўзга юртда шоҳ бўлгунча, ўз юртингда гадо бўл!” деганлар.

Ҳолбуки биз ҳали Ориф Алимовдек пенсия ёшига етмаган бўлсак ҳам, майли Сизлардан лавозим сўрамаймиз. Ватан дарвозаларини очсангизлар, бас! Қолганига ўзимиз эришамиз…

5.

Умр оқар дарё деганлари рост экан, Зелемхон ака!

Қаранг, кечагина Сиз билан биз Москвадан келган “Аргументы и факты” газетаси мухбирларига нима совға қилишни билмай, Алишер Навий суърати туширилган оддийгина лаганларни топширган эдик.

Бугун энди давлатимиз у қадар бой бўлмаса ҳам, ҳар қалай, ўзимиз камбағал эмасмиз. Бугун бизга тенг келадиган “олигарх” дунёда бўлмаса керак.

Биз энди набираларимизга ўша шакар кулча ва музқаймоқ билан бирга уни ишлаб чиқарадиган завод-фабрикаларни ишчи-хизматчилари билан қўшиб олиб беришга ҳам қодирмиз.

Одам қанча бой бўлса, дасти ҳам шунча узун бўларкан.

Одатда бой-бадавлат ва дасти узун одамларнинг бағри ҳам кенг, гина-кудуратларни тез унутадиган, кечиримли ва иримли бўлади дейишади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад Алайҳиссалом ўз оятларининг бирида “Сен бировни кечирсанг, унга яхши муносабатда бўлсанг, билгинки, мен сен томондаман!” деганлар.

Яна бошқа бир оятларида: “Бир ватангадо мўминни юртига қайтариб, кўнглини шод айласанг, юз маротаба ҳажга бориб келганга тенг хайрли ва савобли иш қилган бўласан!” деган эканлар…

Ҳаммамиз бир биримизни кечирсак, биз Ватанга қайтиб яна аввалгидай ота- бола, дўст-биродар бўлиб Ўзбекистоннинг янги саҳифасини биргалашиб очсак, қандай яхши бўларди.

Муҳаммад Солиҳ ёки Исмат Хушев бугун Ватанга қайтса, эртага бутун ўзбек халқи уларнинг изидан эргашиб кетмаса керак.

Тўрт-бешта ватангадо келиб ўттиз миллионли каттакон бир карвонни йўлдан адаштиришига мен ишонмайман.

Қолаверса, бу карвоннинг карвонбошиси ҳам ўзига, карвонининг порлоқ келажагига ишонган, узоқни кўра биладиган одам эди-ку.

Мухолифат келса, халқ уларнинг кетидан кетиб қолади деган гапга ҳамма ишонса ҳам, Ислом ака ва Сиз ишонмасликларингиз керак эди!

Негаки, Сизлар йигирма йил одамлар онгига сингдирган мустақиллик ғоялари асосли бўлса, у қасосли тугамайди. Бундан қўрқмаслик керак…

6.

Мен Президентни яхши ва яқиндан билган киши сифатида шуни комил ишонч билан айтишим мумкинки, агар у кишига кимдир мухолифатни ватанга қайтариш ҳақидаги таклифни ақл ва идрок билан асослаб беролса, бундан Ўзбекистон фақат ютишини мантиқан ва маънан исботлай олса, Ислом ака бу ишни шу бугуноқ қилишларига ишонаман.

Лекин, минг афсуски, у кишининг атрофида тўғри гапни айтолмайдиган – қўрқоқ, халқ ва миллат дардини тушунмайдиган – мудроқ, оёғи остидан нарини кўрмайдиган, кечаю кундуз фақат ва фақат ўз шахсий фароғатинигина ўйлайдиган – савияси паст ва мансабпараст одамлар ўтирибди!

Президент ҳалол ва рост даъватни, соғлом ва ақлли маслаҳатни, ҳатто шахсий душманлари ҳақида бўлса ҳам, доим тўғри тушуниб, тўғри қабул қилиши мумкинлигини Сиз ўзингиз яхши биласиз-ку, Зелемхон ака!

Сўзимнинг исботи сифатида тарихий ва оламшумул бир воқеани ёдингизга солмоқчиман. Буни Сиз унутмагансиз деган умиддаман.

Агар эсингизда бўлса, 1991 йил “Халқ сўзи” газетасида юзага келган “фавқулоддан ташқари ҳол”дан сўнг Президент Сизни, Давлат маслаҳатчилари Мавлон Умрзоқов, Темур Алимов, Исмоил Жўрабековларни ҳузурига чорлаб, бу қалтис вазиятдан чиқиш йўларини муҳокама қилган эди.

Ўшанда “Халқ сўзи” бир муддат муҳаррирсиз қолган бўлиб, Намоз Саъдуллаевни тайинлашганда жамоа уни қабул қилмаган, норозилик сифатида иш ташлаб, “забастовка” уюштириб юрган кунлар эди.

Айтиш мумкинки, бу мустақил Ўзбекистон тарихида оммавий ахборот воситаларидаги илк иш ташлаш акцияси бўлиб, у Президентни ниҳоятда қаттиқ ўйлантириб қўйган эди.

Саройдаги ўша муҳокамада, агар эсингизда бўлса, тепада Президент, унинг ўнг қўлида Жўрабеков, кейин Сиз, чап ёнида Умрзоқов, ундан кейин Алимов ўтириб, кутилмаган “забастовка”дан ҳар бирингиз чуқур ўйга толган эдингиз.

Бу исёнкор ва бунтар журналистларни кимдир қаттиқ танобини тортиб қўйиш устида ўйласа, кимдир бу муаммодан имкон қадар силлиқ чиқиб кетиш йўлини ахтарарди.

Тўпланганларнинг ҳар бири ўзига хос хаёл сурмасин, лекин ўз шахсий фикрини жиловлаган ҳолда, ҳамма бирдай Президентнинг оғзини пойларди.

Ўша давр тақозосига кўра давлатнинг устуни мана шу тўрт одам эди. Мана шу тўртта устуни билан мамлакатни бошқарар эди Президент ўша пайтларда.

Қолган Президент Кенгаши, Олий Мажлис, ҳукумат – ҳаммаси бекор гап эди.

Биз ўшанда Мавлон аканинг хонасида Шароф Убайдуллаев билан Сизларни кутиб ўтирган эдик.

Кутилмаганда Президентнинг ёрдамчиси Крайнов телефон қилиб, Шароф акани тепага чақириб қолди.

Биласиз, Крайнов одатда яхши хабар бўлса ҳазил-ҳузулни канда қилмай, соф ўзбек тилида, масала жиддий бўлганда фақат рус тилида ва фақат ҳарбий оҳангда гапирарди.

Ўшанда унинг: “Товарищ Убайдуллаев. Быстро на верх!» деганини мен ҳам эшитдим.

Шароф ака отилиб тепага чиқққанда, Крайнов Президент кабинети эшигини очиб турган экан. Вақт тиғиз ва вазият ниҳоятда жиддийлигидан нишона эди унинг бу ҳаракатлари.

Ўтиришини ҳам, тик туришини ҳам билмай бир зум давлат устунлари олдида саросимага тушиб қолган журналист уларни бу важоҳатда кўриб ўрганмаган эди.

Шунда Президент бевосита унга мурожаат қилиб: “Халқ сўзи газетасига қачон бир нормальний реадактор топилади?” – деб, қатьий савол қўйган.

Шундай қатьий савол қўйганлигини ҳануз эсласангиз керак.

Ўша йилларда Президент девонининг кадрлар билан ишлаш Бошқармасида оммавий ахборот воситаларига бевосита масъул бўлган Шароф Убайдуллаев савол мағзини чақиб, масала нима эканини англаб етгач, ундан жавоб кутиб турган Президентга қараб айтган сўзлари ҳам ёдингиздадир.

Шароф Убайдуллаев бу вазиятдан чиқишнинг бирдан бир йўли газетанинг олдинги муҳаррири Аҳмаджон Мухторовни вазифасига қайтариш керак деб айтганида, Ислом ака жаҳли чиқиб: “Бу номни иккинчи оғзингга олма! Сен унинг кимлигини билмас экансан!…” деб жеркиб берганини ҳам унутмаган бўлсангиз керак.

Бу таклиф қанчалик адолатли бўлмасин, биринчи марта ўтирганларнинг бошига гурзи билан ургандай таъсир этган ва таклифи тескари акс садо берган Шароф Убайдуллаев олдиларингизга қандай шитоб билан кирган бўлса, ўшандай шитоб билан қайтиб чиқди.

Журналистнинг ташрифидан ўтирганларнинг ҳафсаласи пир бўлган эди…

Аниқроғи, ана шу тўғри ва рост гапидан кейин Шароф акани даврадан чиқариб юборган эдинглар. У кишининг олдингиздан чиқиб келгандаги асабий ва руҳий ҳолатини кўриб, рости жуда қўрқиб кетган эдим.

“Нима бўлди?” деган саволимга жавоб бераркан, Шароф ака: “Барибир Президентга айтган сўзимда қоламан. Бу ерни ҳозирги шароитда Мухторовдан бошқа ҳеч ким тартибга сололмайди!” деган ишончда собит эди.

Ўша куни бу масала Президент ҳузурида ўз ечимини топмади. Қарор қабул қилинмади.

Кўп ўтмай тепадан Жўрабеков билан Умрзоқовлар тушиб келиб, менинг борлигимга ҳам эътибор бермай Шароф акага ташланиб қолишган эди: “Нега биздан бемаслаҳат давлат раҳбарининг олдида Мухторовнинг номини тилга оласан” деб, бири қўйиб бири танбеҳ бера бошлади…

Кечқурун бизнинг қаердадир ўтиришимиз бор эди. Ўша даврада ҳам шу ҳақда гап бўлди.

Биласиз, мен Шароф Убайдуллаев таклифига қарши эдим. Чунки, Аҳмаджон Мухторовни ёқтирмасдим. Бунинг сабабларини Сиз яхши билардингиз.

Эртайиси куни яна Президент шу масалани муҳокама қилганини эшитдим.

Ислом ака ҳаммани тинглаб бўлгач, Шароф Убайдуллаевга юзланиб: “Бугун сизда қандай янги таклиф бор?” деганида жасоратли журналист яна ўша нобакор Мухторовни қайтариш керак деб туриб олганидан хабарингиз бўлса керак.

Ўшанда Президент ғазаб билан: “Мен сенга кеча унинг номини тилга олма ортиқ!” деб айтгандим-ку, деб ўшқирганида Шароф Убайдуллаев одоб билан айтган гапларни ҳам эсласангиз керак.

– Ислом ака! Мени маъзур тутинг. Биз олдингизда фақат Сизга ёқадиган гапни эмас, бор ҳақиқатни айтишимиз керак. Ҳақиқат шуки, биз СССР Олий Совети депутати бўлган Мухторовни қип-ялонғоч қилиб кўчага ҳайдаб юбордик. Ҳозирча у нариги томонга ўтиб кетмади. Лекин эртами-кеч улар ўзига тортиб олади. Унда кеч бўлади. Биринчидан, газетадаги 120 кишининг ҳаммаси унинг одамлари, ўзи уларни бирма бир суҳбатдан ўтказиб, ишга олган. Иккинчидан, Мухторов талантли журналист. Тили ҳам, қалами ҳам ўткир раҳбар. Ҳозир газетанинг тепасида турган Намоз шахс сифатида жуда майда одам. Уни ҳеч ким журналист сифатида тан олмайди. У ўз ходимларига қандай ёзишни ўргата олмайдигина эмас, балки ёзганларини таҳрир ҳам қилолмайди. Бу муҳаррир учун фожеа! Мухторов эса бутунлай унинг акси. Шахс сифатида ҳам. Муҳаррир сифатида ҳам. Буни ҳамма тан олади. Қолаверса муҳаррирни севиш ёки унга меҳр қўйиш шарт эмас. Лекин уни журналист сифатида ҳамма тан олиши, ҳурмат қилиши шарт! Акс ҳолда газета тўғри ва мустаҳкам бир йўлдан боролмайди. “Халқ сўзи” газетасини бугун ҳалокатдан сақлаб қолиш учун Мухторовни қайтариш керак деган фикримда якдил қоламан. Газета жамоасини бугун фақат ва фақат Мухторов келиб тинчитиши мумкин. Кейин маълум муддат ўтгач, уни истаган одамимизга алмаштиришимиз мумкин. Бу ўзимизнинг қўлимизда…

Бу юракдан айтилган мардона сўз эди!

Давлат раҳбарининг кечаги огоҳлантиришига қарамай бу шаккок журналист ўз сўзида қолганидан ҳамма, ҳатто Сиз ҳам ғазабланганингиз тушунарли эди. Негаки, Шароф Убайдуллаев ўзи билиб ё билмай Президентнинг умумий йўлига қарши борган эди.

Тамом, энди унинг тақдири ҳал бўлди. Эҳтимол, унга қўшилиб Президент ҳузурида ўтирганлардан ҳам кимнингдир мулозимлик қисмати битгандир бугун.

Ислом ака телефон гўшагини кўтарганида ҳамма ҳозир Президент соқчилари келиб Убайдуллаевни олиб кетади деб ўйламаганмиди?

“Президентнинг аввалги учрашувдаги сўзларига очиқ-ойдин шак келтираётган бу гапга кирмас журналист ҳозир ҳибсга кетади ёки камида бу идорани тарк этади деган хаёлга борганлигингиз рост эмасмиди?

Шу гаплардан кейин Ислом аканинг юзида, кўзида бутунлай бошқача манзара пайдо бўлган, бояги қаҳр ва жаҳл секин аста чекиниб, унинг ўрнини ажиб бир меҳр ва мурувват эгаллаган экан.

Бу – юракдан мардона айтилган тўғри сўзнинг таъсири эди.

Таниқли ва тажрибали журналистнинг бу мантиқли ва асосли гапларидан кейин Ислом ака бояги жаҳлидан тушиб, ёнидаги телефон гўшагини кўтариб коммутатордаги қизларга: “Найдите мне Мухтарова в Москве!” деб кўрсатма берганини эсласангиз керак.

Ва кейин Сизга қараб: “Шароф Убайдуллаев шу бугун, шу сониядан бошлаб Ўзбекистон Президентининг матбуот котиби этиб тайинлансин!” деб топшириқ берганларида ўз ҳамюртингиз ва сафдош дўстингиз камолидан бошингиз кўкка етиб қувонганингизни менга айтиб беришган эди.

Шароф ака амалдаги матбуот котиби Ирисмат Абдухолиқовнинг оғир аҳволда касалхонада ётгани боис бу вазифани қабул қилолмагани ва Сиз Президентни қандай қийинчиликлар билан бу қарордан қайтарганингиз бу энди бошқа масала.

Биз ҳали “Президентнинг мабуот котиблари” қисмида бу мавзуга бафуржа қайтамиз.

Эртайиси куни Москвадан учиб келган Аҳмаджон Мухторовни Шароф Убайдуллаев аэропортда кутиб олган. Сўнг Олий Мажлисга келиб, Шавкат Юлдошев ҳузурида бўлишган.

Бу ердаги бир зумлик муҳокамадан сўнг Олий Совет Президиуми раиси ўринбосари Борис Бугров билан биргаликда “Халқ сўзи” газетасига бориб, Мухторовни ўз ўрнига қўйиб келишган эди.

Ислом ака – тўғри ва рост сўзни қўрқмай, ситқидилдан айтсангиз, унга бир пайтлар қилич кўтарган бўлсангиз ҳам, тинглай оладиган, агар у асосли ва мантиқли бўлса ҳамиша амал қиладиган мард одам эканини билганим учун ҳам бу воқеани Сизга эслатишни лозим топдим.

Ҳолбуки, Сиз буни мендан ҳам яхшироқ биласиз-ку, Зелемхон ака!

Худди Шароф Убайдуллаев сингари бугун ҳам кимдир бошини кундага қўйиб Президентга мен тилга олаётган масалаларни айтса, ҳалол ва пок юрак билан ситқидилдан асослаб берса, ўйлайманки, Ислом ака буни тўғри тушунади…

7.

Дунёнинг турли бурчакларида муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юрган хориждаги ўзбек мухолифатини Ватанга қайтариш таклифини аслида мамлакатнинг тараққиёт стратегияси ва хавфсизлиги билан бевосита шуғулланувчи куч ишлатар тизимлари, Хусусан Миллий Хавфсизлик Хизмати Президентга айтиши, кўриб чиқиб қарор қабул қилиши учун таклиф киритиши лозим эди.

Бу уларнинг – Давлат ва Ватан олдидаги муқаддас бурчи эди!

Улар Президентга доим адолатни ва ҳақиқатни очиқ айтамиз ва етказамиз деб қасамёд қилишган эдилар-ку!

Лекин, минг афсуски, Рустам Иноятов бош бўлган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати бугун ўзининг бевосита хизмат вазифасига кирадиган бу шарафли ва масъулиятли ишни қилишга қодир эмас!

Шунинг учун ҳам, Зелемхон ака, бу вазифани ўзимиз бажаришимизга тўғри келади…

Советлар даврида СССР КГБ си бошлиғи Юрий Андропов бир пайтлар Андрей Сахаровни Горький сургунидан қайтариш ҳақидаги таклифни кўриб чиқиш учун КПСС МК Сиёсий Бюросига хат берганини биламиз.

СССР Афғонистонга қўшин киритганидан кейин эса: “Энди бу масала ўз актуаллигини юқотди. Сахаров қўшин киритишимизга қарши. Уни озод қилишнинг ўрнимас ҳозир” деган мазмунда яна хат ёзган.

Михаил Горбачёв даврида бу масала яна кун тартибига чиққан ва Андрей Сахаров Горькийдан Москвага қайтарилган.

Яна такрор айтаман: Буларнинг ҳаммаси КГБнинг тавсияси билан амалга оширилган.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ва бошқа куч ишлатар тизимлари ҳам аслида мухолифат аъзоларини таъқиб ва тазйиққа олиб, ҳибс ва хорижга сургун қилгандан кўра улар билан конструктив мулоқот олиб бориш йўлларини изласалар яхши бўларди…

8.

Ростини айтганда, менда баъзан Ўзбекистонда мухолифатни атай яратишади деган таассурот ҳам йўқ эмас.

Давлат ва ҳукумат мулозимлари атайлабдан одамларни Президент ва у олиб бораётган сиёсатга қарши қўйишади ва “тарбия” қилиб боришади.

Ёки атай шундай таассурот уйғотишади…

Менинг эътирозларим нафақат мухолифат масаласида, Зелемхон ака, балки бошқа соҳаларда ҳам талайгина.

Президентнинг атрофида қалам ва блокнот тутган, у киши гапирганда кўзларини пирпиратиб турган арбоблар сон саноқсиз.

Лекин юрагида борини айта оладиганлар йўқ ҳисоби.

Давлат арбобларининг вазифаси фақат ёзиб олиш эмас-ку!

Қолаверса ёзиш машқини пухта эгаллаган бу мулозимларни телевидения орқали кузатган халқ давлатимиз тепасида ёлғиз Президентнинг тили бор, қолганлари гунгми деган хаёлга ҳам борса ажаб эмас…

Битта одам гапиради, қолган ҳамма фақат ёзиб олади. Лекин бу мутеларча қойилмақом қилиб ёзиб олишларнинг натижаси кўринмайди.

Мулозимлар қиладиган ишнинг тайини йўқ.

Бу бемаъни одат қачонгача давом этиши мумкин, Зелемхон ака!?

Афсуски, ўзига озгина масъулият оладиган мард одам борми ўзи бугун Президентнинг ёнида?

9.

Биз хорижда юрган бу йиллар давомида фарзандларимиз ҳам балоғат ёшига етиб қолди.

Биз ҳам юртга бориб тўй-томошо қилсак, Сизлар келиб даврамизнинг азиз меҳмони бўлсаларингиз, қандай яхши бўларди.

Бунга асосли сабаб ҳам бор.

Биласиз, Ислом ака билан Сиз эндигина Ўзбекистон раҳбарлигига келган муборак кунларда – 1989 йилнинг 2 август куни менинг тўнғич ўғлим дунёга келган эди.

Агар ёдингизда бўлса унга Шукрилла Мирсаидовнинг ташаббуси ва Ислом Абдуғаниевичнинг розилиги билан “Ислом “деб ном қўйган эдик.

(Суъратда: Исмат Хушев фарзандлари билан).

Куни кеча “Госплан” раиси, Ўзбекистон ҳукумати бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланган Шукрилла Раҳматович кабинетидаги “ВЧ” телефони орқали бўлган мулоқотда Ислом ака мени табриклаб: “Ўғилчанинг барча тадбирларида сиз билан бирга бўлайлик. Ҳали яхши кунларимиз олдинда. Шукр акангиз билан маслаҳатлашиб туринг!” деб оқ фотиҳа берган эдилар.

Ислом аканинг хотиралари кучли, айтган бу гаплари-ю, менга берган ваъдаларини эсласалар керак…

Бугун энди Шукрилла ака билан эмас, Сиз билан маслаҳат қилаяпман. Ҳозир ўша ўғлим, Оллоҳга шукрки, йигирма икки ёшга тўлди!

Ислом ака менга берган ваъдаларини бажарсалар, ўғлимни мен ўз юртида, ўз Ватанида уйлантириш имконига эга бўлсам, бу жуда ҳам адолатли ва саодатли иш булар эди!

Майли, қирқ кечаю қирқ кундуз бўлмаса ҳам, ҳамма қатори камтарона тўй қилишга, мунаввар ва нурафшон тонгларнинг бирида элга баҳоли қудрат ош беришга қурбим етади.

Камига Сизлар ёрдам қиларсизлар…

Сизда ҳам Зелемхон ака, Ислом акада ҳам бири-биридан ширин фарзанд ва набиралар бор.

Сиз уларни қанчалар суйсангиз, қанчалар улар тақдирини ўйлаб, тунларни тонгларга уласангиз, бу ғамхўрлик оддий фуқарода ҳам шундай кечади.

“Танаси бошқа дард билмас” деган нақл бор халқимизда. Келинг, бир биримизнинг дардимизни тушуниб етайлик.

Зотан, фарзанд дарди шоҳда ҳам, гадода ҳам бар-баробар. Уларнинг қалбини бирдай ўртайди.

(Суъратда: Исмат Хушев ўғли Ислом билан).

Буюк бобомиз Бобирнинг тўнғич фарзанди оғир дардга чалиниб, тўшакда ётганда шоҳ Бобир унинг атрофини етти бор айланиб, зор қақшаб, тиз чўкиб худога ёлворган экан: “Оллоҳим, сендан ўтиниб сўрайман, ўғлим Хумойиннинг дардини менга бер ва унинг ўрнига менинг жонимни ол!” деб.

Ҳақиқатда ҳам тез кунда Бобирнинг бу астойдил илтижоси ижобат бўлиб, Хумойин оёққа туради ва минг афсуслар бўлсинки, шоҳ жаҳон Бобирнинг ўзи худди шу дардга чалиниб бу ёруғ оламни тарк этади…

Худога шукр, биз ҳали тирикмиз, Зелемхон ака! Фарзандларимиз ҳам соғ-саломат!

Даврани кенг олиб, шу ёруғ ва яхши кунлар учун Оллоҳга шукроналар айтиб, келин-куёв баҳонасида Ўзбекистоннинг янги ва муборак саҳифасини биргалашиб очсак, қандай яхши бўларди.

Бир пайтлар Сизлар билан бирга ишлаш бахтига муяссар бўлган, бугун эса синиқ кўнгил ва шикаста дил билан кексалик ва хасталикда умргўзаронлик қилиб юрган Шукрилла Мирсаидов бошчилигидаги Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчилари, ҳукумат раҳбарлари, Олий Кенгаш раислари, депутат ва вазирлар, шаҳар ва вилоят ҳокимлари бир тараф, отасига зарда қилиб, она маконини тарк этган, ватангадо бўлиб йигирма йилдан зиёд хорижда муҳожирликнинг аччиқ нонини еб юрган гапга кирмас ва қайсар, эрк ва бирликпараст фарзандларингиз бир тараф бўлиб, тўрда Сизлар, гина- кудуратларни унутиб, шодон ва каҳкашон давралар қурсак, алёр айтиб, бир биримизни қутласак, бунинг нимаси ёмон?!

Ана шу тантаналарда Шерали Жўраев, Дадахон Хасанов, Юлдуз Усмонова, Фаррух Зокировлар саҳнага чиқса, барча чекланишлар олиб ташланиб, аввалгидай ҳур ва озод қўшиқлар янграб турса, Обид Асомов қувноқ аскиялар айтиб даврани бошқариб борса, қандай яхши ва гўзал иш бўларди!

Ўзбекистон халқи узоқдаги – бизларни соғингани каби, яқинидаги – уларни ҳам соғиниб қолган ҳозир.

10.

Халққа ҳам қулоқ солиш керак, Зелемхон ака. Атрофдаги бир ҳовуч одамлар фикри билан яшамаслик керак шоҳлар бу дунёда.

Шоир шеър ёзгани учун (Юсуф Жума), ашулачи қўшиқ айтгани учун (Дадахон Хасан), мулло жаноза ўқигани учун (Обидхон Қори) жазоланмаслиги, тазйиқ ва ҳақорат, ҳибс ва жаҳолатга гирифтор этилмаслиги керак!

Ислом ака дунё ҳукмдорларининг биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас.

Ўшалар ҳам ҳокимият қўлдан кетгандан кейин кўп масалаларда афсус -надомат қилишган.

Айниқса, зиёлиларни оёқ ости қилиб, уларни ранжитган, дилини хуфтон айлаган ҳукмдорлар ҳамиша юзи қаро ва мотамсаро бўлиб, мағлубиятга юз тутишган.

Модомики, зиёлилар ҳақида гап кетган экан, яна бир мулоҳазани айтмай ўтсам, бўлмас.

Сиз билан мен учун суюкли бўлган Абдулла Орипов бир пайтлар Президент Олий Мажлис сессиясида Ўзбекистоннинг денгизга чиқадиган йўли йўқлигидан куюниб нутқ сўзлаганида:

– Афсус, бизнинг денгизимиз йўқ,
Гоҳо алам билан янграр сўзингиз.
Лекин Ислом ака, менинг кўнглим тўқ,
Бизлар учун денгиз – ўзингиз!

деб, юртбошининг кўнглига бир қадар таскин берганидан хабарингиз бўлса керак.

Худди шунингдек, Эркин Воҳидов ҳам тўқсонинчи йилларнинг бошида “Вузгородок”даги ғалаёнлар ва Паркентдаги тўполонлардан кейин бир муддат ёлғизланиб, мададга зор бўлиб қолган Президентга атаб: “Сизга отилган ўққа мен рўпара бўлайин!” деб жуда гўзал шеърий мисаралар битган эди.

Яқинда “Жаҳон адабиёти” журналининг 2011- йил сўнгги сонида Эркин Воҳидовнинг “Сен давлатсан, азиз Ватандош!” номли бир шеъри чиқибди.

Бугун юракларимизни қийнаб, ҳаммамизни ўйлантириб келаётган мамлакат ва давлатга эгалик муаммоларини дадил кўтариб чиққани учун ҳам ушбу шеър биз учун ниҳоятда азиз ва қимматлидир:

Дўстим, сен ўзни кўп хокисор тутма,
Ожиз бандаман деб эгиб юрма бош.
Юртнинг эгаси сен, зинҳор унутма!
Сен ўзинг давлатсан, азиз Ватандош!

Мустақил, мўътабар мамлакат сенсан.
Мамлакатда олий машварат сенсан.
Халқсан, ҳукуматсан, салтанат сенсан.
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Панада турмоқнинг фурсати эмас,
Бу тупроқ фақирлар турбати эмас,
Соҳиб бўл, давлатнинг – мурвати эмас,
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Ғайратсиз зотларга замонлар ёмон,
Жасорат йўқ ерда ёмонлар омон.
Давлат не – мардона бўлмасанг қалқон.
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Диёнатли ўтган наслу-насабинг,
Ноҳақликка бардош бермас асабинг.
Керагида бўлсин қаҳринг, ғазабинг,
Сен ўзинг давлатсан, азиз ватандош!

Юрт фарзанди асли ўзи юрт бўлур,
Кўзи чақноқ бўлур, қалби ўт бўлур,
Қаторда нори бор Ватан бут бўлур,
Сен ўзинг давлатсан, азиз Ватандош!

Мен деб кўкрак кериб юргувчи ўзинг,
Юртга соқчи бўлиб тургувчи ўзинг,
Буюк келажакни қургувчи ўзинг,
Сен ўзинг давлатсан азиз ватандош!
Бошқаси бекордир, азиз ватандош!

Ўзбек адабиётининг бу икки истеъдодли вакили ҳақида ким нима дейишидан қатьий назар, биз истаймизми йўқми, улар барибир буюк ва бетакрор ижодкор!

Бир пайтлар улар ҳақли равишда Ўзбекистон сенатининг аъзоси қилиб сайланган эдилар.

Бундан Сенат ҳам, давлат ва жамият ҳам ютган эди!

Бугун энди бу шоирларнинг ўзлари меҳр ва мурувватга зор. Ажаб, уларнинг матбуот, радио ва телевиденияда чиқишлари тақиқланибди.

Ҳали тарқаб улгурмаган “Жаҳон адабиёти” журнали раҳбарияти аҳволини тасаввур қилиш мумкин.

Намангандаги “Маърифан гулшани” газетаси 2011- йилнинг 44-сонида Абдулла Ориповнинг “Соддалик”, “Умр” ва “Маймуният” номли янги шеърларини босгани учун Президент девонига нима деб жавоб бериш ҳақида ўйлаб турганини эшитиш жуда ташвишли ҳолдир.

Президент бир пайтлар ўзига кўрсатилган руҳий кўмак ва мададни энди уларга қайтариши керак!

Бугун Эркин Воҳидовнинг ўрнига Иқбол Мирзо, Абдула Орипов ўрнига Маҳмуд Тоировлар сенатга тайинланган экан, наҳот улар орасида ер билан осмонча фарқ борлигини ҳукуматдагилар сезмаган бўлса?!

Сиёсат оламида баъзан янги ва ёш авлод кутилмаганда давлат ва ҳукуматнинг юқори тизимларига чиқиб қолса, буни тушуниш мумкин.

Лекин адабиётга шу бугун кириб келиб, шу бугуноқ тўрга ўтаман деса, бу нотўғри бўлади, Зелемхон ака! Буни тушуниш қийин!

Иқбол ҳам, Маҳмуд ҳам Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповлар ёшига етишса, улардай машҳур шоир бўлишар, эҳтимол.

Лекин бугун маълум ва машҳур бу ижодкорлар ўрнига номаълум ва номашҳур бу икки ҳаваскорнинг сенатга аъзо қилиб сайланиши ўзбек зиёлиларига нисбатан бориб турган ҳурматсизлик ва адолатсизликдир!

Бундан энди Сенат ҳам, давлат ва жамият ҳам ютқазди, холос!

11.

Алишер Навоий таъзиясида Ҳусайн Бойқаро 40 кун мотамда бўлган экан…

Кечагина аламзада ва ўксик дил билан бу ёруғ оламни тарк этган Одил Ёқубовнинг безовта руҳи менга ҳануз тинчлик бермай келади, Зелемхон ака!

Майли, Одил ака энди йўқ, у кишини энди қайтариб бўлмайди.

Лекин Шукрилла ака барҳаёт-ку! Нега устознинг яқинда нишонланган дийдорлашув тўйида ҳукуматдан ҳеч ким келмади?

Бир пайтлар шоирни ўз Кенгашига аъзо қилиб олган давлат нега у кишини шу муборак ёшида ҳам эсламади?

Сибир сургунларидан соғ-омон келган бу одамнинг тўқсон йиллик ошида девондан бирорта кичикроқ одам ҳам келмади.

Шундай табаррук ёшида ҳам нафақат девон ва ҳукумат, ҳатто қурт-қумурсқадай болалаб кетган вазирликлардан ҳам кекса маҳбуснинг ош тутиб мунтазир турган дастурхонига бирорта мулозим келишни эп кўрмади.

Президент ва ҳукуматдан бир оғиз илиқ сўз эшитмаган Шукрилло домланинг гуноҳи нима?

Ахир тўқсон йиллик тўй баҳонасидаги дийдорлашув аслида – ҳаётимнинг кўпи кетиб, ози қолди, мендан рози бўлинглар деган хайрлашув ва видолашув оши эмасмиди?

Одил Ёқубнинг 80 йиллик тўйида ҳам айнан шундай нохуш ва шармандали ҳол содир бўлган, унинг “Нур” кафесида берилган ошига ҳам ҳукуматдан ҳеч ким келмаган эди.

Балки бу асосий сабаб эмасдир, лекин айни таҳқирдан кейин буюк ёзувчи ҳам узоқ яшамаган эди…

Наҳот шуни Ислом аканинг ёнидаги оёғи остидан нарини кўра олмайдиган, фаросатсиз ва сифатсиз кимсалар тушунмаса?

Давлат раҳбарининг ёнида кимлар ўтирибди ўзи?

Бир пайтлар “Кафансиз кўмилганлар” номли китоби билан миллионлаб мухлислари кўнглига кириб борган Шукрилло домлани тирик бўла туриб кафансиз кўмилгандан-да бадтар аҳволга туширганлар наҳот ўзларини бу дунёга устун бўлиб, мангу яшайман деб ўйласалар?

Зелемхон ака! Бир пайтлар бизда отаси учун боласини, боласи учун отасини жазолаш одат эди. Энди эри учун хотинини жазолаш ҳам урф бўлибди.

Истеъдодли ўзбек шоираси Ҳалима Ҳудойбердиева бир пайтлар Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитасининг биринчи раҳбари бўлган. Президент Давлат Кенгашининг аъзоси эди.

Унинг ўзбек адабиётидаги бетакрор ижоди Зулфия, Саида Зуннунова, Кибрия Қаҳҳорова, Зарифа Саидносирова, Холида Аҳророва, Ойдин Ҳожиева, Эътибор Охунова, Гулчеҳра Жўраеваларникидан ҳам бир неча маротаба ортиқ бўлса борки, сира кам эмас.

Салкам йигирма йилдан бўён унинг дилбар шеърияти тақиқ ва тазйиқда.

Нега энди бир пайтлар Президентга давлат маслаҳатчиси бўлган турмуш ўртоғининг аянчли тугаган сиёсий фаолияти учун ҳанузга қадар у жавоб бериши керак?

Ёки яна бир нозик таъб, истеъдодли шоира Гулчеҳра Нуруллаеванинг мухолифат тарафдори бўлгани учун ҳам йигирма йилдан бўён таъқиб ва тазйиқда қолиб келаётганини қандай тушуниш мумкин?

Ўзбек адабиётидаги бу шармандали ва фожеали ишлар учун ким масъул, жавобгар ким?!

Умуман, Шукрилло, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Гулчеҳра Нуруллаева, Юсуф Жума каби юз йилларда бир маротаба туғиладиган, ўзбек халқининг пешонасига битган, уларнинг қон-қонига сингиб кетган бу каҳкашон юлдузларни адабиёт оламидан четлатаман деган одам тарихда қандай ном олиши мумкин?

Наҳот шуларни Президент тушунмаса, Зелемхон ака!

Ахир мен бир пайтлар билган ва меҳр қўйган Ислом ака адабиёт ва санъат вакилларини ҳурмат қиладиган, уларни ҳамиша қўллаб-қувватлайдиган одам эди-ку!

Ўтган бу йиллар давомида у киши ўз идеал ва принципларидан нима учун бу қадар узоқлашиб кетдилар?

Нега у киши бу қадар ўзгариб қолди? Бунинг боиси нима?

Тўқсонинчи йиллардаги меҳр-муҳаббатли Ислом Каримовга нима бўлди?

Бугун мен билган ва меҳр қўйган Ислом Каримов қани?

12.

Қадим тарихда ҳам ҳукмдорлар зиёлиларга яхши ва эҳтиромли муносабатда бўлишган. Улардан ҳайиқиб, сўзларига ҳамиша қулоқ тутиб туришган.

Советлар даврига келиб, Ленин “Интеллегенция – это говно!” деган машҳур ва шармандали иборасини айтганидан кейин, у қурган жамият ҳам, юритган сиёсат ҳам аслида ана шу гапдан кейин инқирозга юз тутишни бошлаган бўлса не ажаб!

Эҳтимол шунинг учун ҳам пайғамбарларимиз ва пирларимиз ўз ҳадисларида шоҳ ва ҳукмдорларга ўгит бераркан: “Кабани вайрон қилсанг ҳам, зиёлиларга, илм ва маърифат фидойиларига озор етказма!” деб айтганлари бежиз бўлмаса керак…

Нега бугунги ақлли ва ҳушёр раҳбарлар тарих хатоларидан сабоқ чиқармаслиги керак?

Нега бу хатоларини такрорлашлари лозим?

Мен бугун тилга олаётган зиёлилар ҳаётидаги бу нохуш ҳолларни аслида адабиёт ва маъанавият масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов Президентга айтиши, давлат раҳбарини бу хато йўлдан қайтариши бурчи эди. .

Лекин биз бир пайтлар дилбар асарларини ўқиб, бетакрор истеъдодига меҳр қўйган Хайриддин Президентга секин-аста яқинлашаркан, китобларида тараннум этган озодлик ва ҳур фикрлилик принципларидан жуда тез узоқлашиб кетди…

677/1. Абу Саид ва Абу Ҳурайралардан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Аллоҳ қайси бир пайғамбарни юборса ёки халифани тайин этса, албатта, уларнинг икки қисм сирдошлари бўлади. Бири яхшиликка буюриб, унга далолат қилади. Иккинчиси ёмонликка буюриб, унга далолат қилади. Аллоҳ асраган одам пок кимсадир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

678/2. Оишадан р.а. ривоят қилинади. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар Аллоҳ бир амир (бошлиқ) га яхшиликни ирода қилса, унга ростгўй вазирни насиб қиладики, бошлиқ эсидан чиқарган нарсани у эсига солади. Агар эсида бўлса, уни рўёбга чиқаришга ёрдам беради. Бордию Аллоҳ бошлиққа ёмонликни ирода қилса, унга ёмон вазирни насиб қиладики, агар бошлиқнинг эсидан чиқса, у эсига солмайди. Агар эсласа, ёрдам бермайди», дедилар. Бу ҳадисни Абу Довуд Имом Муслимнинг шартларига мувофиқ яхши иснод билан ривоят қилганлар.

Биз ҳозирча Президентнинг ёнида туриб, яхшиликка далолат қиладиган маслаҳатчиларни кўрмаяпмиз…

Зелемхон ака, келинг энди, зиёлиларга бўлган бу бемаъни сиёсатни ўзгартирайлик.

Уларнинг давлат ва жамиятдаги олдинги обрў-эътиборини тиклаб, ҳурмат- иззатини жойига қўяйлик!

Умуман кечиримли бўлайлик.

Ярашайлик ва бир-биримизни кечирайлик.

Яна ўша Пайғамбаримиз: “Сен бировни кечирсанг, Оллоҳ ҳам сени кечиради” деган эканлар…

13.

Мен юқорида тилга олган мулоҳазалар – қабул қилса бўладиган. Таклифлар – ўйлаб кўрса осмон узилиб ерга тушмайдиган таклифлар.

Агар Исмат Хушевнинг гуноҳи кўп, юраги ва орзуси жуда катта бўлса, гарчи у ўзини шу пайтгача мухолифат сафларида кўрмаган бўлса ҳам, майли, унга изн берманглар, у қайтмасин.

Лекин бошқалар қайтиши керак.

Майли, барча ўзбек мухолифатининг хато-ю, гуноҳларига у балогардон, бошқаларнинг айбини ҳам унга беринг, у бўйнига олишга тайёр.

Лекин бошқалар қайтсин!

Бу дунёга одам бир марта келади ахир, Зелемхон ака!

Агар эътибор қилган бўлсангиз кейинги йигирма йилда чет элларга чиқиб кетган мухолифат фаолларининг кўпчилиги муҳожирликда бу фоний дунёни тарк этишди.

Лекин бу дегани улар йўқ бўлди дегани эмас. Улар бор, улар яшаяпти. Уларнинг болалари, оила аъзолари ва қариндошлари бор.

Уларнинг ҳаммасини ҳам муҳожирликда дунёдан ўткариб юборамиз деб ўйлаш нотўғри ва калтабинлик бўлади…

14.

Зелемхон ака!

Пайғамбаримиз ўз ҳадисларининг бирида: “Албатта, бошлиқларнинг ёмони қўл остидагиларга озор етказадиганидир. Сен ана шунақа бўлишдан четлангин” деган эканлар. (656/5. Оиз ибн Амрдан р.а. ривоят қилинади Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Ислом ака бизга озор етказишни истамасалар керак деган умиддаман…

Менинг бу сўзларимни Президент билан маслаҳат қилиб кўринг.

Зора, кўнгилларига Оллоҳ раҳм солиб, худди ёзги резиденцияда бир пайтлар мени амалга тайинлаш ҳақида Сизга фармойиш берганларидай, бу гал ҳам “майли, қайтарайлик уларни” деб фармойиш бериб қолсалар, не ажаб!

Нега мен юрагимда чўкиб ётган бу гап сўзларни айнан Сизга айтишга қарор қилдим?

Негаки, Президентга бўлган садоқатингизга шубҳа қилмайман. Мен Сизнинг шахсий садоқатингизга ҳам ишонаман, Зелемхон ака!

Сиз Ислом Каримов бошчилигида бундан йигирма икки йил муқаддам йўлга чиққан карвоннинг олдидасиз.

Ўтган бу йиллар давомида мустақиллик пойдеворига ғишт қўйганларнинг аксарияти турли баҳона-ю, сабаблар билан бу карвондан тушириб юборилди.

Ҳаммага ҳам насиб этмас экан бу улуғ ва қутлуғ карвонда манзилга етмоқ!

Ҳалол ва покизалигингиз билан жамиятнинг энг юқори буғинида чексиз иззат ва ҳурматга сазовор бўлдингиз.

Президент билан мангу бирга бўлиш ёлғиз Сизга насиб этди!

Шунинг учун ҳам айнан Сизга мурожаат қилаяпман, Зелемхон ака!

Мен айтган орзу-армонларни Президентга сингдиришдек қутлуғ вазифа, халқни бирлаштириш йўлидаги улуғ фидойилик тақдир тақозоси билан Сизнинг чекингизга тушган шарафли мажбурият эмасмикан?

Президентга бу ҳақиқатни Сиздан бошқа ким ҳам айта олиши мумкин?

Сиздан ёлғиз ўтинчим – фидойилик кўрсатинг!

15.

Рус тилида “Возвращения блудного ребёнка” деган бир ибора бор. Буни ўзбек тилида “адашган ўғилнинг қайтиши” деб айтиш мумкин.

Биз шаккок ва нобакор муҳожирларнинг Ватанга қайтадиган доруламон кунларимиз бир кун келади. Бунга ишончим комил.

Биз Ватанга албатта қайтамиз!

Лекин ўзбек мухолифатининг ана шу “адашган ўғил”лари Ўзбекистонга Сизлар сиёсат ва ҳокимиятдан кетгандан кейин аламзада ва қасоскор дил билан эмас, ҳокимиятингиз мустаҳкам, тахти-равонингиз маҳкам бўлган ҳозирги кунларда миннатдор кўнгил билан қайтса, даврага бошқача файз, бошқача тароват кашф этган бўларди…

Кечиримни ҳам вақтида – салтанат ва саройнинг кучи, довруғи бор пайтда қилиш керак демоқчиман, Зелемхон ака. Дунё чайқалиб турибди. Умр қисқа. Кейин кеч бўлади!

Сизга ҳурмат билан, дунёнинг у бурчидан бу бурчига хат йўлловчи, Сизларни Ватан каби соғиниб қолувчи, Исмат Хушев.

2011- йил, 20 – декабрь, Канада.

(Зелемхон Ҳайдаровга бағишланган бу боб тугади)

 

http://yangidunyo.com/?p=225

Sorry, the comment form is closed at this time.