Dec 202011
 

  Менинг яқинларим (Миллий Хавфсизлик Хизмати) МХХ босими остида қолди.
Бир неча кундирки, яқинларим томонидан айтилаётган турли-туман гаплар
қулоғимга кела бошлади. Нима эмиш, мен фаолият юритаётган  Ўзбекистон
Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) жуда ёмон ташкилот эканлиги уларга
уқтириб келинаяпти. Ўйлайманки ЎИҲЖ ташкилоти оддий халқ учун асло
ёмон эмас, бироқ  баьзи бир ҳукуматпараст ташкилотлар учун энг ёмони
бўлса ажаб эмас.

МХХ ходимлари менинг шахсий ва оилавий ҳаётимга ҳам аралаша
бошладилар. Бундан кўра улар қишнинг изғиринида газсиз ва электр
қувватисиз қолаётган халқнинг ғамини есалар ва уларнинг ҳуқуқларини
ҳимоя қилишса тузукроқ бўларди. Айни кунларда нафақат Қашқадарё
аҳолиси, балки бутун бошлиқ Республика халқини қишдан соғ-омон олиб
чиқиш муаммоси бош муаммо бўлиши керак эмасми? Масалан, Қарши шаҳри
мактабларида иситиш тизимини ишлатиш масаласини масъуллар
ўрганишмаяпти ва иссиқлик таъминоти ишламаётгани боисидан болаларимиз
музлаб қолган мактабларда таҳсил олишга мажбур бўлишаяпти.  Хар қалай,  бу уларнинг бевосита вазифасига кирмаса ҳам, улар кучли таъсир этиш имконига эгалар.

Гоҳида  ўзимга ўзим савол бераман: нега энди бу ташкилот ўз мустақил фикрга
эга одамларни бунчалар ёмон кўради? Ахир халқнинг фаравон ҳаёти учун
азал азалдан кимлардир курашиб келган ва табиийки, ҳозирги кунларда
ҳам бу сингари курашлар давом этаяпти. Халқдан ишлатилмаган газ учун
пул ундириб олинсада, бунга МХХ сукут билан томошобин бўлиб тургани,
одамлар ишсиз бўлишсада,  ўзга юртларга нон қидириб
кетганини маъқул  деб кўришмоқда шекилли. Балки бу каби хизматлари
билан улар фахрланаётгандирлар!?

Ўзбек халқининг ижтимоий ва иқтисодий аҳволи бир абгор ҳолатга келиб
қолганини ҳар бир ўзбек билади ва у буни зоҳиран тан ололмасада, аммо ботинан тан олмай иложи йўқ. Бироқ кўпчилик, жумладан МХХ га ўхшаш органлар ҳам,қонунлар ижросини талаб қилиш ўрнига, ”сен менга тегинма, мен сенга тегинмайман” қабилида иш юритишдан нарига ўтишмаяпти. Сабр қилишнинг ҳам чеки бор ахир, бир кун келиб элнинг сабр косаси тўлади-ку.

Бу ташкилот (МХХ) аслида халқ манфаати томонда бўлиши керак эди, аммо
бундай бўлмаяпти. Мамлакатнинг йирик бир куч ишлатар тизими кўча
ғийбатчи аёлларига хос шаклда, ғийбатлар тарқатиш билан машғул
бўлаётганлигини қандай тушунса бўлади? Ўзбекистон Республикаси МХХ
раиси Рустам Иноятовга Интернет тармоғи  орқали юзланмоқчиман.

Ҳурматли раис! Авваламбор  олдиндан Сиздан  узр сўрайман, дилимдагини
ёзаётганим учун. ”Бетга айтганнинг заҳри йуқ” дейишади қадимдан.
Айтингчи, мен нима қилдимки, Сиз бошқараётган муассаса ходимлари мен
билан шуғулланиб қолишган?  МХХ ни мендан, менинг оилавий ва шахсий
ҳаётимдан бошқа ишлари кўп бўлса керак. Мен хеч қанака экстремизм
билан шуғулланаётганим йуқ. Аввало менинг ЎИҲЖ ташкилотидаги
фаолиятим, қолаверса шу ташкилотнинг олиб бораётган фаолияти ҳам
Сизлар учун фойдалик эмасми?  Қонунлар ижросини биз талаб қилаяпмиз ва
бу аслида Сизнинг бурчингиз эди. Биз биргаликда мамлакатимизда адолатни
қарор топтирсак яхши эмасми?

Бугунги кунда халқимиз  судларда адолат топа олмаяпти ва бизга
мурожаат қиладиганлар сони ортгандан ортиб бораяпти. Шундан келиб
чиқиб бизга “ёмон ташкилот” ёрлиғини ёпиштираяпсизларми? Биз бу
ҳолатларга бефарқ қараб тура олмаяпмиз ва зудликда халқаро
жамоатчиликга тақдим этаямиз. Шуғулланаётган фаолиятимиз нимаси билан
ёмон экан? Сиздан илтимос, мен хам ўз ватанимни жонимдан ортиқ кўраман
ва шунинг учун ҳам Президентимиз И. А. Каримов айтганлари, ”Келажаги
буюк давлатнинг” қурилишида баҳоли қудрат ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.
Бизга биров Европадан ёки Америкадан  келиб юрт келажагини яратиб
бермайди. МХХ нинг Қашқадарё вилоятидаги ходимлари, яъни Сизнинг
одамларингиз менга ва яқинларимга босим ўтказишни бас қилишсин!

 

20-декабрь, 2011- йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

Sorry, the comment form is closed at this time.