Dec 082011
 

ЎХҲнинг Норвегиядаги пикети.

08.12.2011

8 декабр куни Ўзбекистон халқ ҳаракати(ЎХҲ) Белгия, Норвегия, Туркия ва Канадада Ўзбекистон конституциясининг 19 йиллиги муносабати билан норозилик митинг ва пикетларини ўтказди.

ЎХҲ матбуот хизмати маълумотига кўра, Истанбулдаги Ўзбекистон консуллиги биноси олдида ўтказилган намойишда 30га яқин одам, Белгиянинг Брюссел шаҳрида Ўзбекистон элчихонаси олдидаги намойишда 12 киши, Норвегиянинг Осло шаҳрида парламент биноси олдида 10 киши иштирок этди.

ЎХҲ муассислар мажлиси аъзоси, Тарғибот ва ташвиқот бўлими бошлиғи Намоз Нормўминга кўра, намойишларни ўтказишдан мақсад  Ўзбекистон ҳукуматининг конституцияга амал қилмаётганига норозилик билдиришдир.

– Ўзбекистонда адолат ëки ҳеч бўлмаса ҳуқуқ ҳақида гапиришнинг ҳеч имкони йўқ. Конституцион тузум ҳақида эса умуман гапириб бўлмайди. Чунки Ислом Каримов раҳбарлигида ҳеч қандай конституцияга ëки қонунга амал қилингани йўқ. Ўзбекистонда конституция ëки шунга ўхшаган замонавий давлатни таърифлайдиган ҳеч бир хусус йўқ. Ўзбекистонда диктатура бор. Мана шу диктатурага қарши норозилик билдираяпмиз. Бунинг мақсади Ўзбекистонда замонавий, тараққий этган бир эркинлик, ҳуқуқ, адолатга асосланган давлат қуриш мақсади билан амалга ошираяпмиз, деди Намоз Нормўмин.

Брюсселдаги пикетда қатнашган ЎХҲ фаоли Йўлдош Очиловга кўра, акциялардан мақсад Ўзбекистон конституциясининг оёқости бўлаётганлигидан халқаро жамоатчиликни огоҳ қилишдир.

– Брюсселда Ўзбекистон элчихонасининг олдида норозилик намойиши ўтказдик. Бир неча талаблар қўйилди. Аосий талаблардан бири Ўзбекистон конституциясининг бузилишига йўл қўймаслик. Биз Ўзбекистон ҳукуматидан норозимиз. Унинг янгиланишини хоҳлаймиз, бу ҳукуматга ишончсизлик билдирамиз. Конституцияни бузаяпти бу ҳукумат. Ўзбекистон конституцияси олида жавоб бериши керак бу ҳукумат, дейди Йўлдош Очилов.

Ярим йил муқаддам Европада асос солинган Ўзбекистон Халқ ҳаракати айни пайтда ўз сафида расмий Тошкент режимига мухолиф қарашдаги олтита ташкилотни бирлаштирган.

Айни пайтда¸ ҳаракатнинг яна бир аъзоси – “Андижон – Адолат ва Тикланиш” ташкилоти шу йилнинг 17 ноябр куни ЎХҲ таркибидан чиққанини эълон қилди.

http://www.ozodlik.org/content/article/24415890.html

Sorry, the comment form is closed at this time.