Nov 302011
 

Қаршиликлар президент ташриф буюраётганидан бехабарлар

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ва Бош Вазири Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига келишган.

Вилоят халқ депутатлари кенгашида президент Қашқадарё вилояти ҳокими Нуриддин Зайниевни лавозимидан олган ва унинг ўрнига Сурхондарё вилояти ҳокими Туробжон Жўраевни тайинлаган.

Туробжон Жўраев қатор йиллар Ўзбекистон молия вазирининг муовини бўлиб ҳам ишлаган.

Қаршилик фаолларнинг Би-би-сига айтишларича, шаҳар бўйлаб йирик хавфсизлик чоралари кўрилган: йўллар катта машиналар билан тўсилган ва шаҳардаги милиция ходимлари сони кўпайтирилган.

Бироқ, уларга кўра, оддий халқ нима бўлаётганидан бехабар эди, кимдир президент келаяпти деса, кимдир бош вазир келишини кутаётганди.

Нуриддин Зайниев 2002 йилдан бери Қашқадарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаб келган.

Ўзбекистон президенти йиғинда вилоятдаги қишлоқ хўжалиги вазиятини танқид қилган.

Йиғиндан аввал Би-би-сига гапирган маҳаллий фаол Гулшан Қораевага кўра, қашқадарёликларни энг кўп хавотирга солаётган газ тақчиллиги муаммоси бу юқори даражали ташриф чоғида ҳал этилиши ёки уни ечиш йўлида бирон чора кўрилишига ишора йўқ.

“Балконларда ўтин ёқилаяпти”

У газ ва электр таъминоти билан боғлиқ вилоятда ўта абгор ҳолда эканини айтади.

“Ўтин ёқиб кун кўраяпмиз. Газ бўлса, электр энергиясига ҳам унча зарурат бўлмасди, лекин мана икки кун электр бермади, халқнинг дабдаласи чиқиб қолди. Чойини ҳам қилиб ичолмай қолди. Одамлар қочиб кетаяпти бошқа жойларга. Уйингизга кирсангиз, қалин кийиниб олиб, фуф десангиз оғзингиздан тутун чиқади. Домда яшайдиганлар балконларида ўтин ёқиб овқат пишираяпти, учқун аланга олиб, ёниб кетиши ҳеч гапмас” дейди Гулшан Қораева.

Маҳаллий фаол Нодир Аҳатов ҳокимнинг ишдан олиниши ёки президентнинг ташрифи билан вилоятдаги газ таъминотига боғлиқ муаммолар ечилишига ишонмайди.

Бош вазир яқинда Фарғона вилоятига сафар қилиб вилоят халқ депутатлари кенгаши билан мажлисда кадр масалаларига эътиборни қаратган ва шаҳарни ободонлаштириш мақсадида 500га яқин хонадоннинг уйи бузилишини эълон қилганди.

Қиш мавсумининг қаттиқ келиши билан Ўзбекистоннинг барча вилоятларида йирик муаммога айланган иситиш, газ ва электр таъминоти муаммолари бу каби мажлислар кун тартибида юқори ўринларни эгалламаган.

“Бош вазир халқ билан учрашиши керак. Мана Путин масалан бош вазир бўлиб халқ орасида юради-ку. Нимага бизда бундай бўлмайди? Халқнинг дардини ҳам эшитиш керак. Булар халқни орасига кирмайди, халқ ҳам уларга яқинлаша олмайди. Бизнинг ҳоким телемулоқотда газ йўқ деб шахсан айтган. Бу ишлар вилоят ҳокими қўлида эмас. Бунинг ҳаммаси юқори билан боғлиқ. Шавкат Мирзиёев бер деса, бериши мумкин газни. У эса бу муаммоларга эътибор қаратмайди деб ўйлайман”, дейди Гулшан Қораева.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/11/111130_uzbek_pm_qarshi.shtml

Sorry, the comment form is closed at this time.