Oct 302011
 

Қарши шаҳар “Махаллот” маҳалласидаги аҳоли шахсий уйларига
ўрнатилган газ ҳисоблаш мосламаларидан газ босимининг пастлиги
боисидан газ ўтмай қолаяпти, ўтиб қолгудек бўлганида эса, газ
оқимининг тўхтаб қолиш ҳоллари кузатилаяпти.

Бу йил Қашқадарё вилоятида совуқнинг бемахал келгани аҳолини таҳликага
солиб қўйди. Тўлиқ ишонч билан қайд этиш мумкинки, шаҳарликлар бу
йилги қиш мавсумига тайёр эмаслар. Бундан ўн беш  йиллар илгари
вилоятимиз туманларининг бирида истиқомат қиладиган танишимиз электр
қуввати берилмаслиги сабаб уйидаги холодилнигини сотиш учун Қарши
шаҳрига харидор излаб келганди.

“Нима қиламан свет бўлмаса? Буни олиб ўтиришга не ҳожат. Биз томонда
хамма холодилниги, телевизорларини сота бошлаганлар. Ундан кўра сотиб
пулига буғдой оламан,бир кун келиб сизлар ҳам сотишни бошлайсизлар шу
кетишда кетаверса”, –  деганди ўшанда танишимиз.

Орадан анча йил ўтиб, бу танишимизнинг гапларида жон борлигига тан
бердик. Биз музлаткичимизни эмас, энди иситиш учун мўлжалланган иситиш
мосламаларини кесиб сотишимизга тўғри келади. Газсиз уни иситиб
бўлмаса, ёнимиздаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган “Кунчиқар”
маҳалла аҳолиси иситиш системаси батаереяларини сотиб ейишганига эса
анча йил бўлди. Бу кўп қаватли уйларда иситиш тизими умуман йуқ. Иссиқ
сувни кўришмаганларига, совуқ сувни эса кўчадан ташиб келаётганларига
ҳам кўп бўлаяпти. Эндинги навбат бизларга, маҳаллаларда яшайдиган
аҳолига ҳам етиб келди.

Газнинг босими паст ва у ўрнатилган счётчиклардан ўтмай, олов ўчиб
қолаяпти. Қаровсиз қолгудек бўлса, бирон бир хонадон газдан портлаб
кетиши хавфи хам мавжуд. Шундан сўнг қаровсиз қолдирганлиги учун  улар
кимни айблашади? Ҳа, тағин ўша жабрдийдани, яна оддий одамларни,
халқни! Яшаворинглар мансабдорлар! Ўз фуқароларингни ўзларинг оёқ ости
килаяпсизлар. Эрта индин аҳоли газ сўраб кўчаларга  намойишга чиқиб
кетгудек бўлса, унда нима қиласизлар? Тағин уларни отасизларми?
Сабрнинг хам чеки бор ахир!

Мабодо Қарши шахрида бирон бир юқумли касаллик авж олиб тарқалгудек
бўлса, билингларки бунга хам хукумат айбдор! Оддий халқнинг ювиниши,
кир ювиши учун етарли  шароити йуқлиги, мансабдорлар эса  “ўзим чиққан
тепа омон бўлсин” қабилида иш тутишаётганларидан сўнг нимани хам кутиш
мумкин?!

Халқ эса хамон  ўша ваьда қилинган буюк келажакка умид қилишни тўхтатмаяпти.

 

 

30-октябрь, 2011- йил.

Гулшан Қораева

Ўзбекистон Инсон Хуқуқлари Жамиятининг
Қашқадарё вилоят бўлими раиси

 

Sorry, the comment form is closed at this time.