Sep 232011
 

Американинг Ўзбекистондаги элчиси вакили Эрик Коллингс Қашқадарё вилоятига борган ва у ерда инсон ҳуқуқлари фаоли билан учрашган.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти Қарши шаҳар бўлими раиси Нодир Аҳадовга кўра, АҚШ элчихонасининг инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи котиби жаноб Эрик Коллингс аввало пахта мавсумига болаларни жалб этилиши ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бошқа масалалар хусусида сўраган.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, суҳбат бир соатдан ортиқроқ давом этган.

“Кечқурун соат 8:00ларда учрашдик, 21 сентябрда эди, манимча. Жаноб Эрик Коллингсни айтиши бўйича, у фақат ҳуқуқпарварлар билан танишиш учун регионларга чиққан”, дейди у.

Шунингдек, у Нодир Аҳатов ва жамиятнинг яна бир фаоли Гулшан Қораева Косон туманида болаларни пахта теримига сафарбарлиги оид мониторинг ўтказишаётган пайтда милиция томонидан ушлаб олиб кетилганлиги тафсилотлари билан ҳам қизиққан. У бу ҳақдаги хабарларни ўқиганини айтган.

Америка элчихонасининг инсон ҳуқуқлари бўйича котиби Эрик Коллингс қамоққа олинаётган диндорлар масаласи юзасидан ҳам саволлар сўраган.

“Умуман, инсон ҳуқуқлари бўйича, диний масалар бўйича ҳам гаплашдик”, дейди Нодир Аҳатов.

Ҳуқуқ фаоли Ўзбекистонга молиявий ёрдамлар масаласи бўйича фикр алмашгани ва ҳар қандай молиявий ёрдамлар инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни яхшилаш шарти билан ажратилиши кераклигини урғулаганини айтади.

Айни пайтда эса, Қўшма Штатлар Конгресси Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамга қўйилган инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ чекловларни олиб ташлаган.

Бу қатор халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг қаттиқ қаршиликларига қарамай, кузатилмоқда.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/09/110923_audio_us_diplomat_meets_hr_activist.shtml

Sorry, the comment form is closed at this time.