Aug 282011
 

28.08.2011

Умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган ҳуқуқ фаоли Асқаров АҚШнинг Қирғизистондаги элчисидан ўз иши бўйича адолатни тиклашда кўмаклашишини сўрамоқда.

Жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг Қирғизистондаги АҚШ элчиси Памела Спратленга мурожаатномаси матнини Озодлик овози (Voice of Freedom) веб-сайти чоп қилди.

Америкалик дипломат хонимга мурожаат қилар экан, жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси, айни пайтда қамоқда бўлган Азимжон Асқаров маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари унга нисбатан адолатли муносабатда бўлмаганларидан, тергов чоғида қийноқ қўллаганларидан шикоят қилади.

Ҳуқуқ фаоли аввалроқ расмийлар, хусусан, муваққат ҳукумат раис ўринбосари Азимбек Бекназаров унинг бозорқўрғонлик милиционер ўлимида иштирок этганини исботловчи видеотасвир борлиги ҳақида айтгани, айнан шу айблов билан у умрбод қамалгани, бироқ шу кунгача бу видеотасвир далил ўлароқ ҳеч кимга кўрсатилмагани, чунки бундай видеотасвирнинг ўзи йўқлиги ҳақида ёзади. Айни пайтда Асқаров 2010 йилнинг 13 июн куни Бозорқўрғонда фақат милиция ходимигина эмас, яна 23 киши ҳалок бўлгани, 50 дан зиёд киши яралангани, 205 та уй ёқиб юборилганини, бироқ бу ҳақда ҳеч ким сўзламаётганини қайд этади.

Ўзининг ҳибсга олинишига эса Азимжон Асқаров ўша машъум кунлари қаерда бўлмасин, ҳаммасини суратга олганини асосий сабаб сифатида кўради. Асқаровга кўра, бу нарсалар куч ишлатар тузилмаларини қаттиқ хавотирга солган.

“Улар фақат  бир нарсадан – менинг кадрларимда одамларга қарата ўт очган кишилар акс этганидан чўчиётгандилар. Бироқ мен фақат оммавий ўққа тутувдан ўлаётган ва ярадор бўлаётган тинч аҳоли вакилларини суратга ололгандим, холос”, деб ёзади Азимжон Асқаров ўз мурожаатида.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли америкалик дипломатдан бу сўзларини Қирғизистон расмийларига етказишни ҳамда ўзининг топталган ҳуқуқларининг тикланишида кўмак беришни сўрайди.

Азимжон Асқаров 2010 йилнинг июн ойида бўлиб ўтган Ўш қирғини чоғида Бозорқўрғон туманидан ўтувчи Ўш-Бишкек йўлини тўсиб қўйиш, милиция ходимларини ўлдириш ва тартибсизликларни уюштириш каби ҳатти-ҳаракатларда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

2 сентябрдан 15 сентябргача давом этган дастлабки суд жараёнида Азимжон Асқаров ва у билан биргаликда қора курсига ўтқазилган ўзбек миллатига мансуб 7 нафар судланувчига қарши асосан милиция ходимлари гувоҳлик берган эди.

15 сентябр куни Новкен туман суди судланувчилар Азимжон Асқаров ва яна икки кишини умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди, қолган тўрт кишини 20 йилга ва яна бир судланувчини 9 йилга озодликдан маҳрум этди.

Айни пайтда¸ судланувчилар, шу жумладан, Азимжон Асқаров ўтган барча маҳкамаларда ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилган.

Халқаро ва маҳаллий ҳуқуқ ташкилотлари жалолободлик ҳуқуқ фаолининг айбсиз эканини, унга нисбатан чиқарилган ҳукм сиёсий қарор эканини таъкидлаб келадилар.

Жалолободлик ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаровнинг тақдири Халқаро Амнистия, Ҳюман Райтс Уотч ва бошқа кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари эътиборида қолмоқда ва қатор ноҳукумат ташкилотлари унинг зудлик билан озод этилишини сўраб келмоқда.

Бундай сўровларга қарамай¸ Қирғизистон Олий суди Азимжон Асқаров  судини кечиктириб келмоқда.

Асқаров айни пайтда Бишкекдаги 47-ёпиқ жазо муассасасида сақланаяпти.

1996 йилдан бери ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланиб келган 60 ёшли ҳуқуқ фаоли Азимжон Асқаров халқаро ташкилотлар томонидан виждон тутқуни деб тан олинган ва унга жорий йилнинг март ойида Ноmo Homini мукофоти топширилган.

Людмила Алексеева раҳбарлигидаги Хелсинки Москва гуруҳининг “Жасорати учун” дипломи 17 май куни Азимжон Асқаровга турмада топширилди.

http://www.ozodlik.org/content/article/24310507.html

Sorry, the comment form is closed at this time.