Aug 222011
 

Шошилинч хабар

Бизга маълум бўлишича,бугун Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида яшовчи 54 ёшли ҳуқуқ фаоли,  Бирдамлик Халқ Ҳаракатининг Жиззах вилояти раҳбари  Саида Қурбонова эртага- 23 август куни соат 10.00 га туман ИИБ сига етиб келиши лозимлиги кўрсатилган чақирув қоғозини олган. Бу чақирув қоғозини терговчи Боймуродов Сайидвали имзолаган. Илгарироқ сайтимизда чиққан “Жиззахлик фаол миршабларнинг ўзбошимчалигидан шикоят қилмоқда” номли мақолада биз шу йилнинг 15 август куни Саида Қурбонова Пахтакор тумани ИИБсига куч ишлатиб олиб келинганлиги,у ерда бир неча соат ушлаб турилганлиги,сабаби Саида Қурбонованинг “Пластик чўнтакка зарар бўлаяпти” деган мақоласи юзасидан унинг устидан ариза тушганлиги эканлигини маълум қилган эдик.
Бу халқнинг дардида юрган ҳуқуқ фаоли Саида Қурбоновага нисбатан биринчи тазйиқ кампанияси эмас. Бундан аввал ҳам уни калтаклаш,маҳалладан,яшаётган уйидан қувиб юборишга уринишлар бўлган.
Бу жасур аёл халқнинг ҳозирги оғир кунларидан таъсирланиб,қуйидаги “Кетаяпмиз бир манзил сари” номли шеърни ҳам ёзган эди:
Эй,сиз кўкрак муштлаб,ватан деганлар,
Ва уни бурдалаб,сотиб еганлар,
Аввал туфлаб,сўнгра ялаб олганлар,
Туфлагани халқни талаб олганлар.
Ҳақ номила ëлғон қасам ичганлар,
Ору номус,ҳатто ҳақдин кечганлар,
Иймонини ўз нафсига сотганлар,
Хиëнатнинг ботқоғига ботганлар.
Қаро юз деб туҳмат тошин отганлар,
Бир бошимга минг битта дор тортганлар,
Азал айро тушган сизла йўлларим,
Илло ëқангизда менинг қўлларим,
Кетаяпмиз шошиб бир манзил сари.

Дон экиб,қопида дони йўқ элим,
Нон чопони бўм-бўш,нони йўқ элим,
Орзуси армонга айланган элим,
Қўрқувдан тиллари бойланган элим.
Тўрт фасл меҳнатинг битмайди-я ҳеч,
Шунда ҳам қорнингга етмайди-я ҳеч,
Оға-иним юпун,синглим камқоним,
Дардинг аритолмай қийналди жоним.
Қорни оч бўлса-да,лафзи ҳалолим,
Меҳнати арзону қадри малолим,
Азал бирга тушган сизла йўлларим,
Қўлингизни тутиб маҳкам қўлларим,
Кетаяпмиз шошиб бир манзил сари.

Ҳозир Ўзбекистонда мавжуд бўлган диктаторлик режими малайлари,яъни “кўкрак муштлаб,ватан деганлар ва уни бурдалаб,сотиб еганлар,Ҳақ номила ëлғон қасам ичганлар,ору номус,ҳатто Ҳақдин кечганлар,иймонини ўз нафсига сотганлар,хиëнатнинг ботқоғига ботганлар” энди ҳуқуқ фаоли,Бирдамлик Халқ Ҳаракатининг Жиззах вилояти раҳбари Саида Қурбоновага нисбатан буюртма иш очиб уни “ қаро юз деб туҳмат тошин” отишмоқчи эканлиги кўриниб турибди. “ Бирдамлик” Халқ Ҳаракати барча ўзбекистонликларни,барча ҳуқуқ ҳимоячиларини бу жасур ватандошимизни ҳимоя қилишга чақиради ва ўзи ҳам қўлидан келган ҳамма ёрдамни беришини маълум қилади.

Sorry, the comment form is closed at this time.