Aug 082011
 

Пахта ўзбек қишлоқ хўжалигидаги асосий маҳсулот бўлиб қолмоқда

Ўзбекистондан келаётган хабарларга кўра, вилоятларда давлат бюджети ишчилари оммавий равишда дала ишларига жалб қилинган. Мустақил журналистнинг Ўзбекистондан хабар беришича, болалар боғчасида ишловчилардан тортиб солиқ идораси ходимларигача мажбурий равишда пахта даласига жалб қилинмоқда.

Кузатувчиларга кўра, муқобил иш топа олмаслик ва ишхонадаги айрим “имтиёзлар” уларни шундай ҳолатда ишлашга мажбур қилмоқда.

Ўтган йили жаҳон савдо биржаларида пахта нархининг мисли кўрилмаган даражада қимматлашиб кетиши ҳукуматни ушбу хом-ашёни бу йил янада кўпроқ ва арзонроқ услубда етиштиришга ундади.

Бу йилги хосилнинг кўп бўлиши учун давлат бюджетидан маош олувчи ҳамма муассасалар далага чиқиб кетди.

Пахтани ягона қилишдан тортиб, чопиқ ва чеканкаларнинг ҳаммаси боғча опалар, ўқитувчи, шифокор ва завод ишчиларининг қўли билан амалга оширилмоқда.

Эрталаб соат 6 да фермер томонидан ажратилган машина ишчиларни далага олиб кетади. Шу билан кечки 5-6 гача далада ишланади. Айни вақтда пахтани чопиқ қилиш ниҳоялаб қолди, энди ҳамма уни чеканка қилишга киришиб кетган.

Ягона танлов

“Аксарият одамлар мана шундай шароитга кўниб яшашга мажбур. Истамасангиз, бошқа йўлингиз йўқ. Мисол учун мен ёлғиз ўғлим билан яшайман. Уни ўқитишим, едиришим керак. Агар ўз ҳаққимни талаб қиладиган бўлсам, ишдан бўшашимга тўғри келади. Қишлоқ шароитида муқобил иш йўқ”, – дейди болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишловчи аёл.

Ўз вазифасидан ташқари ишни қилиш ҳамманинг жонига теккан, аммо ҳеч ким юрак ютиниб бу нарсани нотўғри эканлигини айта олмайди.

Пахта иши бу ўлкалардан шўролар давридан бери давлат сиёсати даражасига чиққан ва шу кунгача давом этмоқда.

“Онам поликлиникада бош врач бўлиб ишлайди. Туман ҳокими 15 ишчинг бўлса шунинг 10тасини далага чиқарасан деб шарт қўйибди. Қолган 5 киши аҳолига қандай хизмат кўрсатади”, – деб савол беради бош шифокорнинг ўғли.

Кузатувчилар давлат муассасаси раҳбарлари ҳозирда ўзларининг энг қийин дамларини бошдан кечираётганини урғулашади. Ишламаса унда бало, ишласа – бунда.

“Ҳамма бир-бирини алдашга киришиб кетган. Бир корхонада аслида 70 одам ишласа, ҳокимнинг далага ҳайдашидан безиган директор ишчилар сонини 35та қилиб кўрсатмоқда. Натижада 70 одамдан 20си далага чиқади? қолгани ўз ишида ишлайди,” – дейди воқеаларни ичида бўлган бир ишчи.

Бундай тадбир корхона раҳбарига қимматга тушиши мумкин. Агар шу юзасидан текширувлар бошланиб қолса, директор креслосидан ажралиши ё қамалиши мумкин.

Аммо, ҳокимиятнинг инжиқликлари деб давлат томонидан қўйилган режа бажарилмаса ҳам, ҳудди шундай аҳвол қайталанииши мумкин.

Тешик қувур

Туманимизнинг айрим қишлоқларида уч ҳафтадирки газ ёнмаяпти. Одатда ёз ойлари бундай узилишлар ойига бир ёки икки ҳафтага чўзиларди.

Газни тежаш мақсадида қилинадиган бундай узилишларга одамлар кўникиб ҳам кетишган. Аммо, газнинг уч ҳафта ёнмаганлиги турли саволларни пайдо қилди.

Маълум бўлишича, марказий қувурлардан бири тешилибди. Уни таъмирлаш учун туман газ корхонасида мутахассис йўқ экан. Таъмирловчиларнинг ҳаммаси фермерларга ёрдам бериш учун далага чиқиб кетишибди.

Солиқ, прокуратура, молия ташкилотлари ходимлари ҳамда заводлардаги раҳбар лавозимида ишловчилар ҳам далага чиқиб кетган. Оддий ишчилардан фарқи улар пахта даласида назоратчи вазифасини бажаришади.

Сув вақтида қуйилаяптими, чопиқ чеканка, ўғит каби масалаларни назорат қилиб юришади. Ҳар куни ҳисобот ёзиб ҳокимиятга узатилади.

“Ит бўлиб акилла”

“Ўз ҳисобимиздан фермернинг даласига борамиз, бечора фермернинг аҳволини кўриб тушлик ва машинада олиб юришарини талаб қилолмайман. Аммо, кўпчилик назоратчилар ҳамма ҳаржларни фермернинг зиммасига юклайди. Вазифамиз фермер хўжалигидаги камчиликларни ёзиб ҳокимиятга узатиш”, – дейди назоратчилардан бири.

Назоратчига кўра ўз вазифаси қолиб куннинг иссиғида далама-дала юриш унга ёқмайди. Аммо ишдан ажраб қолмаслик истаги чўнтагидан пул ҳаржлаб шундай юришга мажбур қилади.

“Ҳоким, ҳамманг қандай кун кўраётганингни фактлари билан биламан, ким далага чиқишни истамаса иш ўрнини бўшатиб қўйсин, деб очиқ айтади. Назоратчи бўлиб юрганларнинг аксарияти қонун ташқарисида иш қилади. Тизим шундай қилиб қўйилган, бусиз иложи йўқ. Айнан мана шу қонунга хилоф ишлар, бизни ҳокимият олдида муттаҳам қилиб қўйган. Шунинг учун керак бўлса, “ит бўлиб акилла” деса бажаришга мажбурмиз”, – дейди назоратчилардан бири.

Кўзбўямачилик

Натижада ҳар қадамда кўзбўямачилик ва алдашларнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Пахтаси яхши қаралган далалар раҳбарлар серқатнов марказий йўлларнинг ёқасидаги карталар бўлиб қолган.

Ичкарироқда эса ўғит берилмаган, чопиқ қилинмаган пахта далаларига дуч келасиз. Томорқа учун ер берилмаслиги ва банкдан нақд пул ололмаслик, оммавий равишда ўғит ва нефт маҳсулотларининг сотилишига олиб келган.

Назоратчининг оғзи ана шу пуллар билан ёпилади ёки жондан ўтган фермер муҳрни “керак бўлса, ўзинг ишла” деб отиб юборади.

Натижада қўшиб ёзишлар ва қоғозда режани бажаришлар 80-чи йилларда қандай бўлган бўлса, ҳозир ундандан ҳам гуркираган.

Пахтадан максимал даражада фойда олиш илинжида фермерлар кун кўриб турган томорқа бу йил ҳеч кимга берилмади.

Йўлини топганлар пулини бериб, ярим ва 1 гектар ерни ажратиб олди.

Натижада полиз экинларининг баҳоси бу йил ҳар йилгидан қиммат бўлди. Чунки бозорга чиқадиган маҳсулотнинг ўзи йўқ.

Ҳар йили шу вақти сув текин бўлиб қоладиган қовун-тарвузлар 2 минг сўмдан тушмаяпти.

Пиёзнинг нархи эса 1000 бўлиб турибди. Нарх-наво билан эса мулозимларнинг иши йўқ.

 

http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/08/110808_uzbek_cotton.shtml

 Posted by at 20:21

Sorry, the comment form is closed at this time.