Aug 072011
 

Posted by on August 6, 2011 // 7 Comments

Юсуф Расул

Таниқли журналист ва адиб Исмат Хушевнинг халқимизнинг севимли фарзанди, айни пайтда Австрияда яшаётган диссидент шоир Ёдгор Обидга бағишлаб ёзган самимий фикрлари ва шеъри саҳифамизда эълон қилинди.  Мақоладаги Исмат аканинг қуйидаги фикрлари беихтиёр ўтган йилнинг охирги кунларида юз берган бир баҳсни ёдимга солди:  “Ҳозир мухолифат нашрлари орасида энг кўп ўқувчиси борлиги даъво қилинаётган машҳур сайт муҳаррири Юсуф Расул ўтган йил якунлари бўйича мени “Янги дунё”нинг энг кўп ўқилган муаллифи сифатида ғолибликка тавсия қилганида Ёдгор ака “бу ҳукуматнинг одами” деб қарши бўлган эканлар…”

Ҳақиқатдан ҳам ўтган 2010 йилнинг декабр ойи охирлари Исмат Хушев айтган воқеалар бўлиб ўтган, Янги 2011 йил арафасида бу тортишувга саҳифадан ўрин беришни истамаган эдим. Сабаби, ўша вақтда кўпчиликнинг байрам кайфиятини бузгим келмаган, бу ҳақда вақти келиб албатта сўз очилишини билган эдим.

Мавриди келган экан ва не тонгки, Исмат аканинг ўзлари ўтган воқеаларни ёдга олишимизга туртки бўлиб турибдилар.

*****

Ўтган 2010 йилнинг декабр ойида “Янги Дунё”да эълон қилинган барча асарлар ва журналистик ишларни кўздан кечириб, уларни орасидан мақола ва бадиий асарлари энг кўп ўқилган ўндан ошиқ муаллифларни ажратиб олдим. Шу муаллиф ичида асарлари энг кўп ўқилган ва баҳсу мунозараларга сабаб бўлган адиб Исмат Хушев эди.

“Балки, энг фаол муаллифларга “Янги Дунё”нинг дипломи ва эсдалик совғаларини топширсак, мақсадга мувофиқ бўлармикан?” деб ўйладим. Бу ҳақда шоир Холдор Вулқон фикрларини сўраганимда, у киши рози бўлдилар. Биз Холдор ака иккаламиз энг фаол муаллифлар рўйхатини қайта кўриб чиқдик, мени хаёлимдан кўтарилган муаллифларни қўшиб қўйдик. “Янги Дунё” Дипломи эскизини тайёрлашга Холдор аканинг ўғиллари Азизбек катта ёрдам берди.  Тақдирлаш учун алоҳида бир Кенгаш туздик, унга шоир Ёдгор Обидни ҳам киритиш зарур деган хулосага келдик. Шундан сўнг мен қуйидаги хат билан рўйхатни Ёдгор акага юбордим.

Тарихий тортишув шундан кейин бошланди….

*****

25 декабр 2010 йил

Assalomu alaykum Yodgor aka!
Sog’-salomatmisiz?
Biz Xoldor aka bilan kelishib 2010 yilda yangidunyo sahifasida e’lon qilingan eng yaxshi maqola va badiiuy asarlar mualliflarini maxsus diplom bilan taqdirlash qaroriga keldik. Kengash ga sizni ham a’zo qilib oldik. Taqdirlanadigan kishilarni taxminiy ro’yxatini yuborayapman. O’qib fikrlaringiz atsangiz. Qo’shimcha va o’zgartirishlaringiz bo’lsa bemalol qo’shishingiz mumkin.

Hurmat bilan YR

Танишинг – “Янги Дунё” совриндорлари!

2010 йил давомида “Янги Дунё” интернет нашрида ўз журналистик ва адабий ишлари билан қатнашган қуйидаги энг фаол муаллифлар таҳририят томонидан махсус соврин- Диплом билан тақдирланади.

Толиб Ёқубов – демократия ва инсон ҳуқуқлари соҳасида эьлон қилган таҳлилий мақолалари учун.

Алибой Йўляхшиев “Бирлик” ҳақида мен билган ҳақиқатлар” хотира-қиссаси, “Диний экстремизм хавфи ҳамиша мавжуд” туркум суҳбати учун.

Ахмад ҳожи Хоразмий – ўзбек жамияти ҳаётидаги турли муаммолар танқид қилинган ҳажвий асарлари учун.

Абдулазиз Маҳмудов – Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар қатлиоми ҳақидаги “Жоҳиллар” филми ва туркум мақолалари учун.

Абдужалил Бойматов – ўзбек мухолифати ҳаётидаги муаммолар, Ўзбекистонда коррупция ва болалар меҳнати танқидига бағишланган туркум мақолалари учун.

Раҳмат Қурбон- “Хасталик дафтари” шеьрий тўплами учун.

Шаҳодат Улуғова- “Ватан ичра беватан” қиссаси, “Афтондил” достони, “Сен йиғлама, фақат” романи учун.

Тошпўлат Йўлдошев- Дин ва демократия мавзусидаги таҳлилий мақола ва суҳбатлари учун.

Абдуқодир Саттаров – халқ табобати ва саломатлик соҳасидаги мақолалари учун.

Исмат Хушев – “Оқланмаган ишонч қиссаси” автобиографик асари ва “Қирғизларга очиқ хат” шеьри учун.

Саиджаҳон Равоний– “Қамоқхона дафтари” шеьрлар тўплами учун.

Абдулла Абдуқодир ўғли- Демократия ва ислом мавзусидаги мақолалари учун.

Абулфайз Баротов – ҳуқуқ ҳимоячилари ва ҳукумат сиёсати танқидига бағишланган мақола ва лавҳалари учун.

Абулқосим Мамарасулов – “Мен қанай ёзувчи бўлган эдим?” хотира- қиссаси учун.

Тўлқин Қораев- Демократия ва мусулмонлар мавзуси таҳлил қилинган туркум мақолалари учун.

****

Орадан бир кун ўтгач, Ёдгор акадан қуйидаги мактубни олдим.

26 декабр 2010 йил

Салом, Юсуфжон! Узр, фаол муаллифларни тақдирлаш ҳақидаги хатингизга бугун кўзим тушди. Соғлигим заифлашгани туфайли компьютер олдига кўп келавермайман…
Кенгаш тузилибди. Хурсандман. Яхши ташаббус. Фақат кенгашда кимлар борлигини айтмабсиз. Қолаверса, муаллифларни қайси принципларга асосан тақдирланмоқчи? Фақат фаоллиги, сайтга кўп ёзганлиги учунми ёки воқеьликларга бераётган баҳоларининг ҳолислиги учунми? Асарларнинг бадиийлиги, долзарблиги ҳам эътибрга олинадими? Биз кимларнинг кўнглини кўтаришимиз, тақдирлашимиз керак? Хатни ўқиб туриб, шулар ҳақида ўйланиб қолдим.Мени кенгаш аъзолигига муносиб кўрганингиз учун раҳмат. Бу ерда ҳам бир савол туғилади. Кенгаш аъзоси сифатида менинг фикрим эътиборга олинадими ёки шунчаки номигами? Ҳарқалай, фикримни айтиб қўймоқчиман. Яна ўйлаб кўрарсизлар.
Ҳарқалай, диплом билан тақдирлаш – эътибор белгиси. Бу сиз ва бизнинг дунёқарашимизни ҳам белгилайди. Сиз билан биз эса, маълумки, биринчи навбатда ҳалқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда иш тутамиз. Рўйхатдаги муаллифлардан қайбирлари шу йўналишда ижод қилаябди, қайбирлари ўз ёзувлари билан бугунги қонхўр, қотил, зулмкор ,жоҳиллар тўдаси бошқараётган режимга ҳизмат қилаябди. Масаланинг бу томонларини эътиборга оламизми?
Сиз билан бир вақтлар телефон орқали гаплашганимизда, эсингизда бўлса, „Исмат Хушевнинг ёзмаларини бериш керакми-йўқми?“ мазмунида гап айланганди. Мен ўз фикримни билдириб, „ менимча, берилавергани маъқул. Ўқиганларнинг фаросатларига ишониш керак. Ким- кимлигини билиб олишади“ дегандим. Ҳозир ҳам шу фикрдаман. „ Янги дунё“нинг очиқлиги менга маъқул. Лекин бу- режим маддоҳлари ва югурдакларини тақдирлаш, қўлтиғига сув пуркаш керак дегани эмас.
Исмат Хушев мамлакатдан чиқиб кетмасдан бир ҳафта олдин „озодлик“ радиосига берган интервьсида „ президентимизга қарши бўлганларнинг ҳаммасини пешонасидан отиб ташлаш керрак. Шахсан ўзим унақаларни аяб ўтирмасдан отиб ташлаган бўлардим!“дегандии. Радио архивида сақланиб қолган бўлиши керак. Ёки унинг бу гапини эшитганлар эслаб, тасдиқлашлари мумкин. Яшириб бўладиган сир эмас. Қолаверса, унинг ўзи ҳам, ёзаётган нарсаларининг мазмунига қараганда, яшириб ўтиргани йўқ. Мен унинг нима сабабдан қамалганини ҳам ёзса керак деб ўйлагандим. Ёзмади. Фақат қамоқхонада назоратчи милиционернинг оёғини ўпганини ёзибди. Қолгани- маддоҳликдан нарига ўтмаган ёки ҳали ҳам нимадандир умидворлиги сабаб ундан нарига ўтолмайди. Унинг ёзмаларини мақтаганлар бўлди. Баъзила „ ўзи ташкил қилган“ деган гапларни ҳам айтишди. Гап бунда эмас. Кўпчиликнинг ичидан ҳамма нарсани мақтовчилар чиқаверади. Тўғри, Исмат ҳам, Абулқосим Мамарасулов, Абулфайз Баратов, Аливой Йўляхшиев ҳам профессоналлра қаторида ёзишни билишади. Бу- бошқа масала. Кенгашнинг танлов принципи қандай? Гап шунда.
Яна бир гап. Доим Хукумат раҳбарларини ҳимоя қилиб, оддий ҳалқни қоралаб келаёган, Андижон қирғини жаллодларини қўллаган Марат Зоҳидов, Исмат Хушевлар Жанубий Қирғизистон фожеаларидан кейин негадир тўсатдан бошқача сайрайбошлаганлари менда шубҳа уйғотди. Айниқса Исматнинг „ Агар подшо бўлганимда Бишкекни қонга ботирган бўлардим“ деган мисралари ва бошқалар. Ҳалқ тақдирини ўйлаган одам бундай демаган бўларди. Аслида бундай дейиш ҳам катта жиноят. Ўйлаб ва „юқори“нинг ишоратига мослаб қилинган жиноят. Буни эси жойида бўлганлар ўйлаб кўрсинлар Дунёда ҳечбир ҳалқни мутлоқ йўқ қилиб юбориш мумкин эмас ва бундай имкон ҳечкимда йўқ. Мен ўзим йўқ бўлиб кетган деб ҳисобланадига қадимий Аккадлар, бобиллар, шумерлар вакилларини кўрганман. Оз қолишган. Лекин бор.
Мен Исматни Ўзбекистондаги даврида ҳам, Москвадаги ўқиши даврида ҳам кўп учратганман. Яхши биламан Ҳозир булар ҳақида ёзиб ўтирмоқчи эмасман. Одам боласида фикр ўзгариши рўй бериши мумкин. Лекин руҳ ўзгармайди. Ўттиз йил илгари Исмат ва Исматлар қандай бўлсалар шундайлигиа қолиб келишаябди. Улар Андижон қатлиомида қурол кўтариб майдондаги бегунҳ, аёлларни, гўдакларни отишмаган. Аслида, Ислом Каримов „акажон“лари ҳам қурол кўтармаган. Лекин бу уларнинг қотил эмаслигини кўрсатмайди. Аксинча, биринчи жинояткорлар- бу хунхўрликни ташкил қилганлар ва дастаклаганлардир. Улар милиция ва аскар формасини киймаганлар. Лекин қилмишлари уларникидан кам эмас. Жаллод кийимини киймаган жаллодлар.
Рўйхатда Аливой Йўляхшиев, Абулқосим Мамарасулов, Абулфайз Баратов номларини ҳам кўрдим. Ўйлаб кўрилса, мантиқан, уларнинг қаторида туриш, масалан, Тўлқин Қораев, Тошпўлат Йўлдош,Толиб Ёқуб ва бошқа тоза виждон билан ижод қилаётганлар учун ҳақорат бўлмайдими? Мен ҳамманинг номларини санаб ўтирмадим.
Агар менинг ҳам фикрим эътиборга олинадиган бўлса, юқорида айтиб ўтганим тўрт кишидан ташқари ҳаммаларига розиман. Ҳарким қўлидан келганча ёзаябди. Барака топишсин.
Менда бироз инжиқлик кўрган бўлсангиз узр.
Саломлар билан: Ёдгор.

27 декабр 2010 йил

****

Ёдгор аканинг бу хатлари мени чуқур ўйга толдирди. Негаки, “Янги Дунё”да энг кўп баҳсу мунозараларга сабаб бўлган асарлар муаллифи Исмат Хушевни рўйхатдан чиқариб ташлашни талаб қилаётган эдилар. Аслида, “Янги Дунё” саҳифаси барча учун эркин минбар, сўз ва фикр эркинлиги устувор бўлган интернет нашр сифатида кўрилади. Саҳифада турли сиёсий гуруҳлар аро тарафкашлик қилиб, ҳукумат ва мухолифат ўртасини ажратиш, уларни ўртасида девор ўрнатиш фикри менда йўқ эди. Ёдгор акани фикрларига қўшилмасамда, мулоҳаза қилиб кўриш учун, бу фикрларни Кенгаш аъзоси Холдор Вулқонга йўлладим. Холдор ака куттирмасдан тезда ўз фикрларини ёзиб юбордилар.

****

Тўғриси, Юсуфжон,  диплом макетини  юборгач, сиздан  бир  нарсани,  мени  кенгаш аъзолари рўйхатига киритмаслигингизни  илтимос  қилмоқчийдим. Мен  Исмат Хушевнинг  ўта ўзгарувчан  феълини  яхши билсамда,  у  ёзган қисса   “Оқланмаган  ишонч” демократик ҳолисликка  яқин экани учун, қолаверса  у  асарни  енгил  ўқилиши  учунгина  қадрлайман.   Мен  бу гапларим  билан  минбаъд  Каримов  ва  унинг  ажал  мошинасини  оқламоқчи  эмасман.Аммо  тарих  кундасига яқин  келган  ҳар  қандай  ёвуз  қотилнинг  ҳам  адвокати  бўлиши  керак эмасми? Ялтоқланаётган  бўлсада,  Исмат  Хушев  Каримовнинг  биз  кўришни  истамаган,  лекин  оз  бўлсада  бор  ижобий  қирраларини  ёритаётгандай. Афсуски,  у  Ўзбек – қирғиз  қатлиоми  пайтида   хукуматнинг  оркестр  ҳандагида  дирежер  таёқчаларига  хушёрлик  билан  қараб  турган  чолғучи  каби  илкис  бир  имодан  карнай  чалиб   юборди гўё. Тўғри  ҳақиқий  шоир – ёзувчиларда бироз  дарвешлик  феъли  бўлади. Лекин  бу  даражадаги  масъулиятсизлик  ҳақиқий  ижодкорнинг,  ойдин  зиёлининг, бўлғуси раҳбарнинг   иши  эмас.  Ёзувчи  шоирлар  асарларни  руҳ  билан  ёзмоқлари,  халқимиз  тақдири  билан  боғлиқ  вазиятларда  эса  мохир  жаррох  сингари  совуқ  ақл  билан  иш  тутмоқлари  керак. Ўша  қонхўрликка  даъват  қилувчи  шеърдан  минг  баробар  кучлироғини  ёза  оладиган  шоирларимиз  бўлсаларда,  улар  ўпкаларини  босиб  сабр  қилдилар. Эл  кўз  тикиб  турган  ижодкорлар  бир  сўз  билан  урушларни  тўхтатиши,  бир  сўз  билан   эса тўхтатиб  бўлмас  урушларга  сабаб  бўлиши  ҳам  мумкин. Ижодкорнинг  оддий  одамлардан  фарқи  ҳам  шунда.Шу  масалада  жуда  хушёр  бўлмоқлик  даркор. Энди  ҳурматли  шоир  Ёдгор  Обид  жанобларининг  гапларига  эътирозимни  ҳам  баён  қилай. Модомики  мухолифатни  ватанга  киритмаётган  Каримов  режимини  самоизоляцияда  айблар  эканмиз,  ўзимиз  ҳам  мухолифатни  самоизоляция  қилмаслигимиз, ватан  ичкарисидаги  ёзувчи  шоирлар,  зиёлийлар  билан  муносабатда  қўполлашмаслигимиз  керакдай. Бағрикенгроқ  бўлайлик. Улар  биз  мукофот  бермасак  бир  нарса  бўлиб  қолмайдилар. Агар  биз  қачондир  бир  кун  ватанга  қайтмоқчи  бўлсак,  ватан  ичкарисидаги  ҳамютларимиз  билан  яқин  муносабатда  бўлмоғимиз  фақат  фойдалидир. Шу  маънода,  ҳеч  бўлмаса  ватан  билан  бизни  боғлаб  турган  арқонларни  кесмаслик  учун  Абулқосим  Мамарасуловга  ва  Абдулазиз  Маҳмудовларга  “Янги  дунё”  мукофотини  тақдим  этайлик.Токи  бошқа  ёзувчи  шоирлар,  зиёлийлар  ҳам  бизга  талпинсинлар. Яна  ўзларингиз  биласизлар. Дарвоқе, Юсуфжон  сиздан  ўша  илтимос,  иложи  бўлса  мени  кенгаш  аъзолари  рўйхатига  киритмасангиз. Қўполроқ  гапларни  ёзиб  юборган  бўлсам,  узр. Барчага  бирдай  ҳурматлар  билан  Холдор  Вулқон.

*****

Ўртада баҳсу мунозаралар қизий бошлагани сабаблими, Холдор ака тезроқ бу даврадан чиқиб кетгилари келаётгани кўриниб турарди. Лекин нима бўлганда ҳам ҳали тарихий тортишув ўз ниҳоясига етмаган эди. Бу турли қарашдаги ижодкорларнинг узоқ вақтдан буён давом этиб келаётган тортишувлари давомидек кўринарди менга. Сабаби, мухолифатдаги ижодкорлар ҳукуматга мойил ижодкорларни ҳамиша қоралаб келишади. Ҳукумат билан ишлайдиган ижодкорлар эса мухолифатдаги диссидентларнинг турли интернет нашрлари орқали тарақатаётган фикрларига у қадар эътибор беришмайди. Уларнинг айримлари, имкони борича, диссидентлар билан яхши муносабатда бўлишни исташади. Нафсилампирини айтганда, Холдор ака мухолифатга яқин келаётган айрим ижодкорларни кўксидан итармасликни истаётган эдилар холос. Лекин, бу фикрларга Ёдгор ака бироз кескинлик билан, лекин ўта самимий жавоб берибдилар.

****

28 декабр 2010 йил

Салом, Юсуфжон! Кечаги хатингизни ўқиб, анча хурсанд бўлувдим. Бугун
Холдорбекнинг жавобини юборибсиз.Муҳтарам шоиримизнинг ва таниқли
ёзувчимизнинг фикрларини ўқиган одамда кўплаб саволлар уйғонади: 1)
Демократик холислик деганда нимани тушунамиз ва қай ҳолатларни назарда
тутишимиз керак? Диктаторга мадҳия ўқишними? Тошкент талабалар
шаҳарчасида, Наманганда, Паркентда, Андижондаги Ислом Каримов қилган
хунрезликларни оқлашними? Қамоқхоналарда азоб чекиб ётган юзминглаб
бегуноҳ бечоралар аҳволларидан захархандалик қилиб кулишними? Биз
Мамадали Махмуд, Юсуф Жума, Дилмурод Саид, Мурод Жўра ва бошқалар бошига
тушган ва тушаётган қора кунлар учун Ислом Каримга мадҳиялар айтайликми,
мақтайликми? Ё оқлайликми? Ўзбекистонга қайтсак шу жабрдийдалар олдида
юзимиз қора бўлмайдими? Қандайдир Исматлар, Баротлар,
Абулқосимлар,Аливойлар биз билан муомала қилмай қўйишидан қўрқиб,
мунофиқлик йўлига ўтайликми? Бегуноҳ ҳалқни “пешонасидан отиб
ташлайвериш керак” дейликми? Биз шунда демократ бўлиб қоламизми? Ислом
Каримов демократ бўлди-ю, биз жиноятчилар, айбдорлар, тушунмаган
нодонлар бўлиб қолдикми? Сиз билган демократия шуми? Биз демократияни
бошқачароқ тушунар эканмиз ва шу нодонлигимизча қолишни истаймиз.
“Адвокат ҳам керак” деган жумлага йўлиқдим. Ислом Каримовга адвокат
керак бўлиб қолибдими? Исмат ва унга ўхшаганларни, демак, Ислом Каримов
чет элларга адвокат қилиб юборибдими? Агар Холдорбекнинг шу гапи рост
бўлса, ” отахон”ларининг ҳалқ қаҳрига учрашига оз қолибдида! Лекин
шошмасалар бўларди. Адвокат, одатда бир киши жиноий жавобгарликка
тортилганидан кейин ёлланарди одатда.
Яна “изоляция”, “самоизоляция” ҳақида гаплар. Аввало мен мухолифот
гуруҳларидан бирининг аъзоси эмасман. Оддий бир инсон сифатида фикр
билдираябман. Лекин оддий инсон сифатида ҳам ким кимни “изоляция”
қилаётганини тушунмайман. Ҳуллас, Юсуфжон, саволларнинг охири йўқ. Яна
истаганча давом эттириш мумкин. Зарурат юзасидан шошилиб ёздим. Бугун
тушдан кейин йўлга чиқишим керак. Душанба куни қайтаман. Холдорбек хафа
бўлмасинлар. Бировни ҳатто бир оғиз яҳши гап билан кўнглини кўтариш ҳам,
аслида, майда-чуйда, арзимас гап эмас. Маъсулияти бор. Диплом масаласи
ҳам шундай. Кимнинг кўнглини кўтариш, тақдирлаш- ўзимизнинг ҳам
кимлигимизни кўрсатади.Шу масалани кўтарганингиз яхши
бўлди. Холдорбекнинг баҳслари ҳам фойдадан холи эмас. Кенгашга менимча,
уч киши камлик қилади. Хорижда етарлича етук ижодкорлар бор.Жалб
қилавериш керак. Бунда ҳам кимнинг кимлиги очилади. Ҳозирча хайр.
Саломлар билан:Ёдгор.

*****

Ёдгор аканинг бу хатларидан кейин Холдор Вулқон барибир Исмат Хушевни тақдирлаш керак, деган фикрда собит эканликларини билдирибдилар.

*****

29 декабр 2010 йил

Яхши, Юсуфжон. Фақат  менинг  ҳам  бир  таклифга ҳаддим  сиғадими? У таклиф  шундай. Исмат Хушевга  қирғизларга қарши ёзган  шеъри учун эмас,  воқеъликни  холис  ёритган  “Оқланмаган  ишонч”  қиссаси  учун  тақдим  қилинса  бўлмайдими? Шунда  нафрат оловига  керосин  қуймаган  бўлармидик. Ўзи  бусиз  ҳам  қишлик – қировлик кунлар  қирғизистонлик  ўзбекларга,  қарияларга, болакайларга  қийин.Сиз  шунга нима  дейсиз? Ҳурмат билан Холдор  Вулқон.

****

Бу хатга Ёдгор аканинг жавоби қуйидагича эди:

Салом, Юсуфжон! Шу бугун сафардан қайтдим. Э-майл адресимни очиб, сиз юборган Холдор Вулқоннинг сизнинг номингизга илтимос билан юброган хатига кўзим тушди. Мен иложи борич фикримни очиқ ва тушунарли билдиришга уринган эдим. Назаримда, унчалик тушунтиролмадим шекиллик.
Мен Холдорбекнинг ғайратли ижодкор, ҳар томонлама фикр юритаоладиган йигит сифатида ҳурмат қилардим. Ҳозир ҳам ҳурмат қиламан ва ҳурматини сақлаган ҳолда яна жавоб қилишга қарор қилдим. Баъзилар айтгандай, менинг махсус тарафдорларим йўқ. Қолаверса, биронта гуруҳга ҳам мансуб эмасман. Умуман, эсимни таниганимдан бери турли гуруҳлашиб юрадиганларни тушунолмайман. Умуман, бундай гуруҳбозликларнинг ижодий ишларга алоқаси йўқ. Шоир, ёзувчи ўз асарини гуруҳлашиб ёзмайди. Ижод вақти у ўз ижоди билан ёлғиз қолади.
Яна бир арзимас нарса ҳақида айтиб қўймоқчиман. Кўпинча ёзувчи, шоир, адабиётшунос, санъаткорлар орасида ҳасад кўплиги ҳақида гаплар юради.Назаримда, бу гапда ҳам асос йўқ. Адабиёт ва санъат майдони шу қадар кенгки, истаган одамга истаганча жой топилади. Буюк океанда бирор кемага жой торлик қилиб қоларканми? Қолаверса, адабиёт майдонида ҳаркимнинг ўз ўрни бор. Ҳечким бировнинг ўрнини тортиб ололмайди. Биров ёзган нарсани бошқа биров ҳечқачон ёзолмайди. Табиат қонуни бўйича ҳам,дунёда бир- бирини такрорлайдиган, бир хилдаги нарса йўқ. Ҳаммамизни яратган қудрат ҳаммамизни ва ҳамма нарсани ўзига ҳос хусусиятлар билан яратиб қўйибди. Ҳаркимнинг қўли ҳарҳил. Меҳнат қилган одам меҳнатига яраша улушини олади. Талашиб ёки гуруҳлашиб ололмайди ва ҳечнарсага эришолмайди. Ўзбек адабиётининг Алишер Навоийдек, Лутфий, Бобораҳим Машрабдек даҳолари бўлгани билан Фурқат, Муқимий, Фитрат, Чўлпонларнинг ўрни қисқариб қолгани йўқ. Ҳаммалари учун юрагимиздан, ҳалқимиз юрагидан жой топилади. Бундан кейин келаётганлар, келадиганлар учун ҳам истаганларича майдон бор. Ҳеч иккиланмасдан, бемалол, дадил қадамлар билан келаверсинлар.
Фақат кимнинг қай йўналишда, қандай ва ким учун ижод қилишлари масаласи бор. Масалан, Гитлер ва гитлерчи фашистларга, Сталин ва сталинчиларга ҳизмат қилган ижодкорлар бўлган. Ҳудди шу йўналишда бугунги „бошизм“ ва диктатор юрбошиларга ҳизмат қилаётганлар бор. Гитлер ҳам, Сталин ҳам қурол кўтариб, ўзлари бирон одамни отиб ўлдирмаган. Шунингдек, Ислом Каримов ҳам Андижондаги қонга ботирилган Бобур майдонида шахсан ўзи одамларга, бегуноҳ гўдакларга ўқ отмаган. Бу билан у бегуноҳ, беайб бўлиб қолмайди. Барча жиноятларнинг асосий айбдори – бу жиноятларнинг ташкилотчиси ва ташкилотчилари ҳисобланади. Бу барча мамлакатлар ва ҳалқоро қонунларда кўрсатилган. Қолаверса, Исмат ва исматларнинг „ акажонлари“ бу хунхўрликларнинг бошида шахсан ўзи турганини яшириб ўтиргани йўқ. Унинг кўплаб чиқишларида „ аямаслик“, „пешонасидан отиб ташлаш“ каби жумлалар кўпчиликка маълум. Унинг шундай чиқишларидан кейин қайбири „ёзувчи“ минглаб қонига беланган бегуноҳ меҳнат одамларини „ қайнатма шўрванинг кўпиги“га чиқарди. Зиёли, илмли одамнинг ёвузлиги амалда қонхўрлик қилганлар ёвулигидан ортиқ бўлса ортиқки, кам эмас. Ана ўша „ёзувчи“нинг мудҳиш чиқишидан кейн Исматнинг „озодлик“ радиосига берган интервьюсни, „ президентимизга қарши бўлганларнинг ҳаммасини пешонасидан аямай отиб ташлаш керак, Керак бўлса шахсан ўзим отиб ташлайман“ деган гапларини эшитдик. Президентлари гапига ҳамоҳангликни кўраябсизми?! Орадан кўп ўтмай, негадир, оиласи билан чет элга чиқиб, Канададан бошпана олди. Ўйлайманки, хукуматдан жабр кўргани сабабли эмас.
Қамалиб чиққани тўғри. Лекин нима учун қамалганди? Ҳақиқатни айтгани, бева- бечораларни ҳимоя қилгани, Холдорбек айтганларидек, „холислик“ қилгани учун эмас албатта. Балки, президентнинг эркаси сифатида ҳаддан ошгани, ўзи эгаллаб турган мавқеъни суйиистемол қилгани учундир. У ҳечқачон ҳалқ манфаатини, мамлакат тақдири устида бош қотирмаганини мен яхши биламан. Абдулла Ориповнинг машинасини ювиб юрган пайларидан тортиб, то президентга „эркатой“ бўлган пайларига қадар…Москвада ҳам бирнеча бор кўришганмиз. Студентлик пайтларида бир йигитни кўрсатиб „ мана бу- дўстим. КГБнинг маъсул хизматчиси. Бундан қўрқишингиз керак!“ деганини, қамоқдан чиқиб келганидан кейин раҳматлик Мадамин Нарзиқулов билан ўтирганимизда бюромизга кириб, Мен яна президентга яқинлашишга харакат қилиб кўраман, Бўлмаса сизлар томонга ўтаман“ деганларини ҳам ҳечким унутгани йўқ.
Тўғри, унинг журналист сифатида мутахасислиги бор. Холдорбек айтганларидек, равон ёзиш қўлидан келади.Лекин ҳарбир жумласидан қон ҳиди келиб турганини наҳотки, кўриб туриб, ўзимизни кўрмаганга олишимиз керак. Шундай қилиб, эртага уни, миқёсидан қатъий назар, тақдирлагудек бўлсак, қамоқхонада, терговчилар- каримовнинг ёлланган қотиллари қўлида жон берган Шовруқ Рўзимуроднинг, юксак истеъдодли шоир ва ёзувчи Эмин Усмон ва кўплаб режим қурбонларининг арвоҳлари бўғзимиздан тутмайдими? Паркент, Наманган, Бўка, тошкент талабалар шаҳарчаси, Андижон фожеалари қурбонлари арвоҳларичи? Мен „Каримовнинг ёлланган қотиллари“ деган атамани ишлатдим. „жаллодлари“ деяолмадим. Чунки, жаллодлар қонуний ҳукмларни ижро этадилар. Буларнинг қилмишлари эса ўз қонуний ечимларини топмаган қотилликлардан бошқа нарса эмас. Қолган кўп гапларни олдинги хатимда айтиб ўтганим учун бу ерда яна қайтариб ўтирмайман. Хуллас, бундай ишларга „ майда – чуйда иш“ деб қараш, бепарволик билан ёндошиш ҳам катта гуноҳгина эмас, жиноят ҳамдир. Ҳамма ишда асосан мантиққа суяниш керак. Мен, рости гап, бу гапларни ёзишга мажбур бўлганимдан оғринаман. Лекин мен айтмасам ким айтади! Ҳамма сохта либераллик, „холислик“, сохта „демократ“лик ниқобига яшириниб, тинчгина ширин эртаклар, қўшиқлар айтиб юришни маъқул кўрадилар… Ҳозирги кунларда юз бераётган ёвузликларга қарши курашиш қўлимиздан келмас экан, ҳеч бўлмаса ҳақиқатни айтсак бўлмайдими? Шундан ҳам ўзимизни эҳтиёт қилайликми!
Ишимизда ҳам, сўзимизда ҳам мантиққа суянишимиз керак эмасми?Холдорбекнинг охирги хатидаги сўзларга эътибор беринг: „Қирғизларга қарши ёзган шеъри учун эмас,воқеъликни ХОЛИС ёритган „оқланмаган ишонч“қиссаси учунтақдим қилинса бўлмайдими?Шунда нафрат оловига керосин сепмаган бўлардик.Ўзи шундай ҳам қишлик- қировлик кунлар қирғизистонлик ўзбекларга, қарияларга, болакайларга қийин“. Холислик ҳақида юқорида қисқа айтдик Яна ўйлаб кўрарсиз. Қолган, кейинги жумлалардаги мантиққа эътибор беринг. Гўё ҳаммага маълум шеърига эмас, бошқа ўта мунофиқоналик, инсон қонига ташналик билан ёзилган нарсага „ баракалла“ десак, „керосин сепмаган“ бўларканмиз… Қанақа керосин? Ким кимга сепаябди? қандай йўл билан сепаябди? Агар унинг айтганинии қилсак қирғизистонда азобларда қолганларнинг жонига оро кирган, дардларини енгиллатган, ёрдам қилган бўламизми? Шу жумлаларда ўзингиз мантиқ кўраябсизми? Илтимос, яна бир кўздан кечириб, ўйлаб кўринг. Шахсан менга оҳирги ечимингизнинг оғир- енгили йўқ. Фақат шу масалада фикримни айтдим холос. Дарвоқеъ, Қирғизистон мустақил миллий комиссияси Ислом Каримов қандайдир мукофотга тавсия қилибди. Нима учун? Мен ўйлаб-ўйлаб, сабабини тополмадим. Сиз ҳам ўйлаб кўринг. Андижондаги қурбонлар сони ҳам, таҳминан, Жанубий Қирғизистон қурбонлари сони билан тенг. Қирғин ташкилотчиларининг ўзларини оқлаш учун қилаётган уринишларида ҳам ўҳшашлик бор. Яъни, қандайдир мавҳум „учинчи кучларга“ ишоралар ва бошқалар. Куракда турмайдиган баҳоналар. Жиноят рўй берди. Ҳали ҳам давом этаябди. Ҳарқанча чалғитишга уринмасинлар, барибир, яранинг ўзаги кўриниб турибди. Бу фожеанинг тўғри маънода геноцид эканини тан олишимиз ва тан олдиришимиз керак.
Қотилларни эса- қотиллар қўллаб, тақдирлайверсинлар.

 

****

 

Ҳақиқатдан, булар шунчаки фикрлар эмас, балки икки ижодкорнинг бир масаладаги  баҳсу мунозараси, таъбир жоиз бўлса айтиш керакки, бу уларнинг тарихий тортишуви эди.

Ёдгор аканинг бу фикрларидан сўнг “Янги Дунё” саҳифасида 2010 йил мобайнида фаол қатнашган муаллифларни тақдирлаш ҳақидаги орзуларимиз амалга ошмай қолиб кетди. Унинг ўрнида қисқача табрик билан кифояландик. Табрик хатида саҳифамизда фаол қатнашган барча муаллифларни номма – ном келтириб, уларга миннаддорчилик билдирилган эди.

****
Орадан бир кун ўтгач Ёдгор акадан қуйидагича хат келди:

Салом, Юсуфжон! Янги йил билан боғлиқ мурожаатни кўрдим. Фикримни
эътиборга олганингиз учун катта раҳмат. Кейин яна гаплашармиз. Сиз, оила
аъзоларингизни ва барча яқинларингизни кириб келаётган ЯНГИ ЙИЛ билан
табриклайман. Эзгулик йўлида қилаётган барча ишларингизда яратган
қудратнинг ўзи қўлласин! Ҳурматлар билан: Ёдгор.

****

Бу ёзишмаларни орадан бир йилга яқин вақт ўтиб эълон қилишдан мақсад нима эканлигини муҳокама қилиш фикридан йироқман. Кимнинг ким эканлигини ва ким нимага хизмат қилганини кўрсатувчи одил ҳакам – Вақт бор. Кимдир ҳукумат томонда, кимдир мухолифат томонда, бошқа биров икки фронтда ҳам фаолият кўрсатаётган бўлиши мумкин. Яна кимдир бу тарафлар тарафдори эмас.

Лекин буларга қасдма қасд адабиёт яшайверади. Чунки, адабиёт биз яшаб турган ҳаётнинг ўзидир. Ҳаётнинг сўзга айланиб, кўнгилларга сизиб кирган руҳидир балки адабиёт…

www.yangidunyo.com

Bu maqola 729 marotaba 246 ziyoratchi tarafidan o`qilgan

7 Comments

  1. Зебо (Москва)

    Мен Исмат Хушевни Ёдгор Обиддан устун кураман. Исмат ака жуда самимий, кўнгилни тортадиган, асарлар ёзадилар. Чин юракдан ёзадилар. Айниқса президентимиз Каримов ҳақида ёзганлари бизга кўп нарсаларни тушуниб етишимизга катта ёрдам берди. Раҳмат сизга Исмат ака!

  2. Гузал

    Исмат Хушев барибир буюк инсон ва ажойиб ёзувчи. Майли у мухолифат тарафда бўлмасин, майли Каримовни мақтаб ёзсин, лекин Оқланмаган ишонч қиссаси билан тарихда қоладиган улкан иш қилди шу одам.

  3. Farhod

    Fazliddin aka, arablar 7 asrda yurimizni bosib olib, barcha tarixiy, ilmiy, madaniy adabiyotlarimizni yo’qotib o’z dinlarini zo’rlab kiritgan edilar. Nega biz bu qonxo’r arablarni dinini, adabiyotini, urf odatlarini o’rganish bilan kifoyalanib hamma narsani ulardan qidirishimiz kerak ekan? kalla bormi sizlarda? Dunyoda qancha dinlar, madaniyatlar bor, ularni o’rganish kerak emasmi? Ilm fan egalari dinni o’rganib kashfiyot qilishmaganku. Mana siz har kuni poylab o’tiradigan kompyuterni, internetni arablarni dinini o’rganib ixtiro qilishmagandir. nega har bir gapingizda dinni o’rganishga chaqirasiz.? Nega zamonaviy ilm fanlarni o’rganishga da’vat qilmaysiz? Yoki farzandlarimizni ham diniy dogma qilib tarbiyalamoqchimizsiz? Siz ham vahobiylarga qo’shilib qolganmisiz yoki?
    Yodgor akaga esa dunyoga kengroq qarashni maslahat berradim. Muxolifatman deganlarni hammasi farishta emas. Qani ulardan birortasi ismat Xushev yozganlarni yoza olsin Yozolmaydi, chunki muxolifatchilarning hammasi chalasavod, shallaqi, dovdir odamlar.

  4. Dunyoda va Vatanimizda nimalar boldi ? Yana nimalar boladi ? Nimalar hozir bolayapti ? Ohirgi 20- 30 yillar ichidagi hayotga karab , Shularning ichida yashab , ohiri inson Allohni taniganiga , Hidoyat topganiga , shukr etmasdan hech iloji yok . Allohimizga beadad hamdu sanolar va ohir zamon paygambarimizga salovatu salomlar bolsin . Endi Edgor akaga kelsak , hakikatdan ham , uzok Sovetlar davridan beri tolmay Vatan va ozodlik uchun kurashib kelayotgan bir vijdonli veteran inkilobchilarimizdan hisoblanadi .Shuning uchun ham bu kishini ijodlarini marok bilan kuzatib kelayapmiz . Mavzudagi javob hatlariga kelsak ,Vatan va Ozodlik uchun befark turolmaydigan , kurashib olamdan otib ketgan va hozirda shu kurashlar okibatida dunyoga sochilib ketgan 80 – 90 yillarning mard oglonlarining aytadigan mulohazalarini aytibdi holos . Boshka ism va mavzularga tohtashni istamadim , chunki gap chozilib ketadi . Lekin men bitta narsani hamma kurashayotgan hamurtlarimga ilinardim – dinimizni , Islomni , hidoyatni , ilm olishni . Chunki kaysi mavzuga kelsak , dinimizdan uzokdaligimiz korinib kolayapti . Hozirgidek bizning halklarimiz Islomga ,Islom olimlariga , ilmli iymonli kishilarga , Islom va dunyo ilmini mukammal egallagan iymoni butun bolgan ahlok soiblariga muhtoj ekanliklarini korib turibsizlar . Iltimos, halkimizning mashur odamlari – sizlar kaysi sohada bolsalaring ham, dinimizga befark bolmanglar . Bu gaplarim Islomda turib ijod kilayotgan , dinimizga amal kilib kurashayotgan va organayotgan hamurtlarimizga tegishli emas . Fazliddin Yokub . Amerikadan .

  5. Юкоридаги тортишувни, айникса унинг натижасини укиб узбек халки келажаги бутунлай поймол булмаганини тушуниб етдим. Ёдгор акадек миллатимиз жонкуярлари куп. Лекин зулм билан соглом фикр орасидаги кураш, тортишув минг афсуски хар доим хам яхши натижа беравермайди. Бугун билганларимиз кичик булсада зулм устидан эришилган кичик бир галабадир. Ёдгор ака Сизга улкан соглик тилайман, юртимиз, миллатимиз равнакига кушаётган хиссангиз учун катта рахмат Сизга!
    Юсуфжон, Сизга хам уз миннатдорчилигимни билдириб куймочкиман. Ушбу масала буича холис йул тутиб, адолат карор топишига кушган хиссангиз учун. Исмат Хушевга булган шахсий симпатиянгизни иккинчи уринга суриб куя олганингиз хам катта мактовга арзигулик.

  6. Yodgar aka,
    Sizda vijdon bor ekan. Afsuski ko’pgina shaxslarda vijdon qolmagan. Ularda faqat jig’ildon bor.
    Biz vijdoni bor shaxslarni jig’ildoni bor shaxslardan ajratib ularga alohida hurmat ko’rsatishimiz kerak. Chunki vijdoni bor shaxslar hech qachon o’zini yoki birovni sotmaydi.

  7. Ismat Hushev bilan orangizda ola pishak o’tganmi deyman, oradan 1 yil o’tib chop qilibsiz?

    Yodgor aka fikrlashingizga tasanno!

  8. http://yangidunyo.com/?p=21279#comment-65323

Sorry, the comment form is closed at this time.