Jul 122011
 

Толиб Ёқубов мен учун ҳурматли Толиб акадан қандай қилиб фитначи Толиб Ёқубовга айланди.

 

 

Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси ва мухолифатчи Толиб Ёқубов томонидан Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг 2011 йил 23-24 май кунлари бўлиб ўтган қурултойидан сўнг мен ЎИҲЖ президенти сифатида ва фаолларимиз Толиб Ёқубов ва Ҳазратқул Худойбердини мендан ва ЎИҲЖининг фаол аъзоларидан яширин равишда ЎХҲнинг муассисларидан бири бўлганлигини жамиятимиз Низомини ўта қўпол равишда бузиш ва бу харакатни фитна сифатида баҳолаган эдик.

 

Бу фитнани исботловчи далилларни шу йилнинг 25 май [1], 12 июнда[2] ёйинланган баёнотларда, билдиришларда[3,6,11] ва 9 июндаги “Замондош”да Улугбек Бакиров билан бўлган суҳбатда келтирилган эди[4]. Албатта, Толиб Ёкубов ва Ҳазратқул Худойбердининг фитнани амалга оширганлигини исботловчи далиллар ёйинлангандан кейин Толиб Ёқубовдаҳшатлиғазабга тушди. Бу ғазабнинг қанчалик даҳшатли эканлигини, Толиб Ёқубовнинг “Замондош”да 11 июнда Улуғбек Бакиров билан бўлгансуҳбатини эшитиб[5], 30 июнь куни чоп килинган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг собиқ президенти Абдужалил Бойматов тўлиқ сукутга кетди”[12], 5 июль куни чоп қилинган “Шотирларга жавобим”[13] каби мақола ва бошқа баёнотлар билан танишиб , мен ўзимдаҳис қилдим.

 

Бу ғазабдан изоҳ ёзувчилар ҳам бебаҳра қолишмадилар.Айникса, демократ тахаллуси билан Толиб Ёқубовга ўринли, объектив саволлар берган, унинг харакатларини фош қилувчи бахолар берганлиги учун Толиб ака бу демократни “ғўла” деган ном билан сийлади. Тўғрисини айтганда, мендан ҳам олдин Толиб аканинг Саиджаҳон Зайнобитдинов, Абдураҳим Пўлатов, Суръат Икромов, Васила Иноятова ва бошқалар ҳақида бурнини ерга ишқаб ёзган жуда ўткир, аёвсиз, моҳирона ёзилган танқидий ўзбек ва рус тилидаги маколаларини ўкиб жуда завқланар эдим. Мана энди Толиб аканинг менга қарши бурнимни ерга ишқаб ёзган мақолаларини ўкиб жуда кўпчилик завқланган бўлсалар керак, чунки бир мақолада мени Вацлав Ҳавел, Нельсон Манделла ва Андрей Сахаров билан қиёслаган бўлса, бошқа бир мақолада ҳаттоки маърузаларни ҳам ўзи ёза олмасдан Толиб Ёқубовни қарол сифатида ишлатиб ёздирган ўта ношуд,золим президент сифатида айбланганман. Кискаси, ЎИҲЖни ҳозирги сиёсий инқирозида асосий айбдор киши сифатида кўрсатилганман.

Тўғрисини айтганда, бу мақолани ёзишдан олдин Толиб Ёқубовнинг моҳирона ёзилган, лекин асосланмаган, ярим ёлғон ярим рост далилларга асосланган мақоласига жавоб ёзайми ёки ёзмайми деб иккиландим, охири жавоб ёзишга қарор қилдим, чунки Толиб Ёқубовнинг менга нисбатан айблашларининг кўпчилиги асоссизлигидан жамиятимизнинг фаол аъзоларидан аксарияти хабардор бўлсада, ташкилотимизни ташқаридан кузатаётганлар бу ҳақда кам маълумотга эгадирлар.

 

Яна бир жиҳати, менинг мухолифатга ва инсон ҳуқуқларига Толиб Ёқубовга нисбатан кўрсатган хизматим анча кам. Толиб Ёқубовнинг машҳурлиги билан таққосласак мен соясида қолиб кетаман. Кўпчиликнинг назарида мен атайлаб Толиб Ёқубовнинг машҳурлигига тажовуз қилувчи, ношукур инсонман. Шу сабабли, Толиб Ёқубовнинг ўринсиз иддаолари, ярим ёлғон ярим рост ёзилган айбловларига жавоб беришни лозим топдим, бошқача айтганда ўз қадр-қимматимни ҳимоя қилиш учун шу мақолани ёзишга мажбур бўлдим. Толиб Ёқубов менинг уқувсизлигим, буюклигим, золимлигим тўғрисида кўп иддаоларни, айбловларни илгари сурган, бу иддаоларнинг ҳаммасига жавоб бериш учун жуда кўп вақт кетади ва бу ўқувчиларга ҳам ортиқчадир,лекин энг мухим 5та иддаоларга нисбатан ўз муносабатимни очиқламоқчиман.


Толиб Ёкубов 11 июнда Улуғбек Бакиров билан суҳбатда[5] менга нисбатан ЎИҲЖда президент сифатида фаолиятимни нимадан иборат эканлигини кўрсатувчи уч мисол келтиради.
Булар: электрон почта орқали тарқатмалар (Рассылка)тарқатиш, мухолифат лидерлари Абдураҳим Пўлатов ва Мухаммад Солиҳни нодемократик лидер эмаслиги тўғрисида кампания олиб бориш, жамият учун пул маблағини шакллантириш,яъни( фандрайзинг,fundraising).


Толиб Ёқубовнинг Улуғбек Бакиров билан суҳбатда иддао қилишича мен тарқатмаларни шунчалик кўп тарқатганманки, уларни ўқишга ҳам улгура олмаган,яъни бу гапдан шу фикр келиб чиқадики, мен ташкилотнинг асосий ишлари қолиб гўёки фақат тарқатмалар тарқатиш билан шуғулланганман.
Менинг жавобим:- Мен тан оламан ҳақиқатан кўп тарқатмалар тарқатганман, бунинг икки сабаби бор:


1.Ўзбекистон ичкарисида фаолият олиб бораётган инсон ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат фаоллари учун Ўзбекистонда мухолифат интернет сайтлари тўсиб қўйилганлиги учун ҳуқуқбон ва мухолифат фаоллари учун объектив маълумотлар олиш ўта қийин. Бу тарқатмалардан мақсад Ўзбекистон ичкарисидаги ва ташқарисидаги фаоллар ўртасида кўприк ўрнатиш эди.


2.Ташкилотимиз болалар меҳнати, мажбурий меҳнат, сиёсий маҳбусларни озод қилиш, қийноқлар ва ўзбек мухолифатини ва ўзбек жамиятини демократлаштириш бўйича кампаниялар олиб борди.

 

Тарқатмалар ўзбек, рус,инглиз тилларида тарқатилди.
Менинг хатоим бу тарқатмаларни мамлакат ташкарисида фаолият юритувчи ҳуқуқбон ва мухолифат фаолларига ҳам жўнатганимдир. Ўзбекистон ташқарисида мухолифат сайтларига кириш қулай бўлганлиги сабабли, менинг тарқатмаларим улар учун ортиқча, очиқрок айтганда уларнинг ғашига теккан, шу жумладан Толиб Ёқубовнинг ҳам. Мен тарқатмаларим орқали кимларнингдир ғашига теккан бўлсам узр сўрайман.


Бу тарқатмаларнинг фойдаси ёки зиёни кўпми камлигини аниқлаш учун фойда зиёнини тарозига қўйиб тортишга тўғри келади. 2011 йилнинг февралидан бошлаб Facebookдан фойдаланишни бошлаганимдан бери электрон почта орқали тарқатмалар тарқатишни кескин камайтирдим. Бошқача айтганда Толиб Ёқубовнинг бу иддаоси ўз долзарблигини йўқотган.

 

Толиб Ёқубовнинг иккинчи иддаоси бўйича мен икки йиллик президент сифатидаги фаолиятимда мухолифат лидерлари Абдураҳим Пўлатов ва Мухаммад Солиҳларни нодемократик лидерлар деб фаолият олиб борибман.Яъни,Толиб Ёқубовнинг иддаоси бўйича фаолиятим асосан сиёсий публицистикадан иборат бўлган, инсон ҳуқуқларига эса кам эътибор берилган.
Бу иддаога жавобим:


Мен Ўзбекистонда ҳуқуқбонлик фаолияти билан шуғулланган пайтимдан то Ўзбекистонни тарк этгунимга қадар (2006 йилнинг 31 июлига кадар) ўзбек мухолифати янги стратегия ишлаб чиқилиши зарурлигини ҳис қилардим ва бу ҳақда кўп ўйлардим, лекин афсуски, мухожиратдаги мухолифат янги стратегияни ишлаб чиқмади. Менинг 2009 йилнинг 6 майида ЎИҲЖга президент бўлиб сайланишим менга кўп имкониятлар яратди. Толиб Ёқубовнинг яхши хабари бор мен жамиятимиз ва ўзбек мухолифати учун янги стратегия ишлаб чиқдим.


Жамиятимиз учун янги стратегия қуйидаги олти йўналишдан иборат:

2009-2011 йиллар мобайнида Жамиятимиз қуйидаги йўналишларни устивор деб билади:

1. Сохта айблар билан, адолатсиз Ўзбекистон судлари томонидан қамалган ЎИҲЖ аъзолари ва
бошқа ҳуқуқбонлар, журналистлар ва мухолифат фаолларини озодликка чиқариш кампаниясида қатнашиш;

2. Ўзбекистонда болалар меҳнатига батамом чек қўйиш кампаниясида қатнашиш;

3. Ўзбекистонда қийноқларга қарши кампанияда қатнашиш;

4. Ўзбекистон фуқароларининг эркинликлари учун курашга кенг аҳоли қатламларини жалб этиш.

5.Ўзбекистонда қашшоқлик ва коррупцияга қарши кураш;

6.Ўзбекистон жамиятини ва мухолифатини демократиялаштириш
бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш.


Мухолифат учун янги стратегия ҳам олти йўналишдан иборат:

1.Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат;
2. Юсуф Жумани озод қилиш.(ва бошқа сиёсий маҳбусларни ҳам);
3. Андижон қирғини;
4. Диктатор Ислом Каримов истеъфоси;
5.Ўш-Жалолобод қирғини;
6.Ўзбекистонни Турк кенгаши ваТурк ПА(Турк давлатлари парламент ассамблеяси) аъзо бўлишига эришиш.


Афсус,ўзбек мухолифати ва ўзбек жамоатчилиги бу стратегияларга нисбатан ўз муносабатини очиқламади, яъни камчиликлари ёки ижобий томонлари тўғрисида деярли таҳлилий мақолалар ёзилмади,чоп қилинмади. Мен бунинг сабабини билмайман. Мен фақат тахмин қилишим мумкин, ўзбек мухолифати бошқа “мухим” ишлар билан банд, шу жумладан Толиб Ёқубов ҳам.


Жамиятимиз учун ишлаб чиқилган янги стратегиянинг 6-йўналиши -ўзбек мухолифати ва ўзбек жамиятини демократлаштириш. Бу йўналиш бўйича мен кампания олиб бордим, бу кампанияни олиб боришда менга “Янги дунё” мухаррири Юсуф Расулнинг хизматлари мақтовга арзигуликдир. Биз Юсуф Расул билан биргаликда 2009 йилнинг июнь ойидан декабрига кадар тахминан олти ой давомида “Янги дунё” сайтида қатор суҳбатлар чоп этдик. Яъни, бу кампания 6-7 ойлар давом этди, 2010-2011 йилларда ўрни келганда бу йўналиш бўйича ҳар-ҳар замонда бу мавзу кўтарилиб турилди. Яъни Толиб Ёқубов иддао қилаётганидек мен учун бу фаолият асосий фаолият эмас,балким президентлик фаолиятимнинг бир қисми холос. 2011 йилнинг 15 июлида бўладиган конгресснинг кун тартибига президент ҳисоботи белгиланган. Мен ҳисоботни қарийб тамомладим, мен хисоботни конгресс куни ўкиб эшиттираман, лекин унгача Толиб Ёқубовга юбормайман, яъни Толиб Ёқубовнинг “Шотирларга жавобим” мақоласига изоҳ ёзган демократ айтганидек мен Толиб Ёқубовга хисобот бермайман, жамият фаолларига ҳисобот бераман. Ҳисобот интернет-сайтларда чоп этилади, факат конгресс бўлиб ўтгандан сўнг.

 

Толиб Ёқубовнинг менга нисбатан қўяётган айбловларидан бири жамият учун пул маблағи шакллантириш билан шуғулланмаган эмишман. Жамият учун пул маблағи шакллантириш бўйича мен маълум бир ишларни амалга оширдим. Жамият учун янги стратегия ишлаб чиқилди ва шу янги стратегия асосида ўзбек халқига, чет эл жамоатчилигига мурожаат ёзилди. Бу мурожаат “Хайрия қилинг”,” Пожертвуйте, пожалуйста”, “Please, donate” номли мурожаат билан ўзбек, рус, инглиз тилларида таркатилди ва жамият сайтларига қўйилди. Лекин афсуски, бу мурожаатлар ижобий натижа бермади, ташкилотимиз хисобига 1 евро ёки1 доллар ҳам келиб тушмади.
Афсуски, ўзбек ҳуқуқбонлари, мухолифати сафларида фандрайзинг билан шуғулланувчи мутахассислар йўқ.
Грант лойихаларини мамлакат ичида фаолият юритувчи ҳуқуқбонлар, мухолифат фаоллари ёзганлари маъқул. АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа бой давлатларда яшайдиган ёки мухожиротда юрган ўзбеклар пул маблағлари билан инсон ҳуқуқи ташкилотларини, мухолифатни таъминлашлари мақсадга мувофик бўлади. Ўзбек жамиятининг энг катта бир камчилиги бор, яъни у ҳам бўлса инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича эзгу ишларга хайрия қилиш маданиятининг йўқлиги. Толиб Ёқубов билан биз бу мавзуда кўп гаплашганмиз, бу суҳбатларимизда Қрим-татарлари ўзларининг ҳуқуқлари учун курашганда ҳар бир оила ҳар ойда 5 рублдан пул ажратишганлиги тўғрисида. Шу йиғилган пуллар ҳисобига Қрим-татарлари мухолифати фаолият кўрсатган. Болтиқ бўйи республикаларида ҳам СССРдан ажралиб чиқиш учун кураш олиб борилганда бу мамлакат фуқаролари ўз мухолифати аъзоларини тўла пул билан таъминлашган. Ўзбекистон фуқароларининг инсон ҳуқуқлари ташкилотлари учун, мухолифат учун хайрия қилиш маданиятини шакллантириш жуда долзарб вазифа. Бу маданиятни шакллантирмасдан Ўзбекистонда фуқаролар жамиятини шакллантириб бўлмайди.

 

Толиб Ёқубовнинг мени президент сифатида, инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида обрўйимни бир пул қиладиган, қарта ўйинида ишлатиладиган сўз билан айтганда энг кучли, туз иддао,айблов мен конференцияларга боргандаги ҳамма докладларни, ўзбек, рус тилидаги баёнотномаларни мен ёзиб берганман деган иддаосидир.


Тўғрисини айтганда, Толиб Ёқубовнинг қалами жуда ўткир, Толиб ака ўзбек ва рус тилида ёзган мақола, баёнотларни мен ҳам завқланиб ўқийман. Толиб акани айтиши бўйича, мен 2004, 2006 йилларда Лондонда бўлиб ўтган Европа Ривожланиш ва Тараққиёт Банки директорлар кенгашининг йиғилишида қилган маърузаларимни ҳам Толиб ака ёзиб берган эмиш. Толиб аканинг кўп ишлатадиган сўзи билан айтганда бу мутлақо ёлғондир. Менинг ёзиш услубим билан Толиб аканинг ёзиш услуби кескин фарқ қилади. Толиб ака 30 йил студентларга ўзбек ва рус тилида дарс берган, мен эса Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Ядро Физикаси интитутида физик-экспериментатор бўлиб ишладим, 10 йил бизнес билан шуғулландим. 2002 йиллардан бери инсон ҳуқуқи ҳимоячиси сифатида фаолият олиб боряпман. Кўриниб турибдики, Толиб ака билан менинг ҳаётий тажрибам, бинобарин фикрлаш тарзим ҳам кескин фарк килади. Мен ёзган маколаларимнинг ёзиш услуби хам кескин фарқ қилади. Лондонда қилган маърузаларимни ҳаммасини мен ўзим ёзганман, бу маърузаларни ёзилишига Толиб аканинг 1 фоизчалик ҳам ҳиссаси бўлмаган[15].
Буни текшириб кўриш осон, бунинг учун Google ва Яндекс интернет излаш системасига кирилл ёзувида Абдужалил Бойматов деб ёзсангиз ёки энг қулайи Центр Азиа интернет сайтининг Google излаш системасига ёзилса мен томонимдан эълон килинган мақолалар рўйхати чиқади.

 

Менинг айрим мақолаларимга Толиб ака ўзгартиришлар киритган ёки кириш сўзи ёзган. Бу кириш сўзлари ва ўзгартиришлар услуби билан мен ёзган мақолалар кескин фарққилади. Мен 2004 йилнинг ноябрь ойида компьютер сотиб олганман ва 2005 йилнинг февралида биринчи марта интернетга уланганман. Ўша даврга қадар мақолаларимТолиб аканинг уйида компьютер бўлганлиги учун, Толиб аканинг компьютеридан фойдаланиб Толиб ака томонидан тарқатилган. Компьютер сотиб олганимдан кейин ҳам кўпмақолаларим Толиб аканинг компьютери орқалитарқатилган, лекин мақолаларимни компьютеримда ёзишни бошлаганим учун Толиб акага ҳам мақолаларимнитарқатиш кескин осонлашди.

 

Толиб ака бир марта мен учун маъруза ёзиб берган,у ҳам бўлса 2010 йилнинг 6-10 апрель ойида Арманистоннинг Ереван шаҳрида бўладиган ФИДЧнинг конференциясига ёзиб берган эди, мен Толиб акага:-”Cизга маъруза ёзиб беринг демаганман нега маъруза ёздингиз”- деганимда, “Доклад яхши бўлса бу сизнинг обрўингиз, ташкилотимизнинг обрўи “-деб жавоб берган эди. Мен Толиб акага менга сохта обрў керак эмас, ташкилотга ҳам сохта обрў керак эмас, мен сиз ёзиб берган маърузадан фойдаланмайман, мен ўзимда борини ўз сўзим билан маъруза қиламан деганман.Ҳакикатан ҳам ФИДЧ конференциясида инглиз тилида маъруза қилдим.

Тўғрисини тан олиш керак шу икки йил давомида ташкилот томонидан тарқатилган ўзбек ва рус тилидаги баёнотлар Толиб Ёқубов томонидан ёзилган, лекин ҳаммаси ҳам эмас. Қашшоқлик, коррупция, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат, ЎИҲЖ аъзоларига тазйиқлар тўғрисидаги баёнотлар тўла мен томондан ёзилган ва ўзбек ва инглиз тилларига менинг ҳисобимдан таржима қилинган. Бу баёнотларга Толиб Ёқубов айрим қўшимча ва тузатишлар киритган холос. Бу нарсаларни Толиб ака мен ёзганман деб даъво қилиб кўрмасин, шарманда бўлади, чунки электрон почтамда жўнатилган ва келган хатлар сақланган.

 

2011 йилнинг 25 майигача, яъни Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг қурултойи тугашигача Толиб Ёқубов мен учун ҳурматли Толиб ака эди. Қурултойдан кейин 10 кунлар давомида Толиб Ёқубов ва Ҳазратқул Худойбердининг фитналари фош бўлгандан кейин мен учун фитначи Толиб Ёқубовга айланди.


Ўз фитнасини яшириш учун Толиб ака ва унинг фитнадошлари томонидан қуйидаги ҳаракатлар қилинди:

1.Толиб Ёқубов фитнаси ошкор бўлгандан кейин ўзини оқлаш учун, Ҳазратқул Худойбердига ваколатни факатгина мен берган эмасман, балким 11 киши билан маслахатлашилиб қилинган деган мазмундаги очиқ хатни “Эрк” демократик партияси сайтида ёйинлади [3]. Қуйида шу 11 кишининг исм, фамилиялари ва яшаётган мамлакатларининг номлари келтирилган.

ЎИҲЖ вакиллари

Толиб Ёқубов (Франция)
Ҳазратқул Худойбердиев (Швеция)
Турсунбой Ўтамуродов (АҚШ)
Собир Тўлаганов (АҚШ)
Абдуҳамид Пўлатов (Россия)
Олим Ёқубов (Франция)
Тўлқин Қараев (Швеция)
Лариса Мичкина (Франция)
Даниель Матерон (Франция)
Ойдин Абдуллахўжаева (Россия)
Сайфиддин Пазлетдинов (АҚШ)

Юқорида номлари келтирилган ЎИҲЖ аъзоларини Толиб акадан ташқари, мен ва ЎИҲЖ фаолларининг кўпчилиги танимайдиям. Масалан: (Абдуҳамид Пўлатов-Россия, Лариса Мичкина-Франция, Даниель Матерон-Франция, Ойдин Абдуллахўжаева-Россия, Сайфиддин Фазлиддинов-АҚШ).


2.Баходир Намозов томонидан 2011 йилнинг 29 июнида “Заявление ОПЧУ” тарқатилди[8]. Бу баёнотнинг мазмуни шундан иборатки, ЎИҲЖ фаоллари Баходир Намозов, Маматқул Мухторов, Маъмир Азимов, Саида Қурбоновалар президент Абдужалил Бойматовнинг фаолиятини қониқарсиз деб хисоблайди ва жамиятнинг 2-конгрессида ўз номзодини қайта президентликка қўймасликка чақиради. Баходир Намозов тўғрисида мен шуни айтишим керакки, у “Комитет узники совести”нинг раиси ва “Озод деҳқонлар партияси”нинг фаолидир. Лекин у ЎИҲЖ аъзоси эмас. Толиб Ёқубов томонидан Баходир Намозов жамиятнинг Ўзбекистондаги бўлимини шакллантириш ва рўйхатга олиш бўйича ташаббус гуруҳининг рахбари этиб тайинланган эди. Толиб Ёқубов Баходир Намозовга маълум миқдорда пул жўнатган эди (200-400евро атрофида). Лекин Баходир Намозов жамиятни рўйхатга олиш бўйича деярли ҳеч қандай иш қилмади, бошқача айтганда Толиб Ёқубов жўнатган пулларни еб кетди. Мен “Заявление ОПЧУ” билан танишгандан сўнг Маматқул Мухторов, Маъмир Азимов ва Саида Қурбоноваларга телефон килиб, Баходир Намозов томонидан тарқатилган “Заявление ОПЧУ”га нима сабабдан қўшилганликлари тўғрисида сўрадим, Маматқул Мухторов ва Маъмир Азимовлар “Заявление ОПЧУ”дан умуман хабарлари йўқлигини айтишди, Саида Қурбанова эса Баходир Намозов унга телефон қилиб, Абдужалил Бойматовнинг президентлик фаолиятига оид бир нечта саволлар берган ва Саида Қурбанова бу саволларга жавоб берган. Саида Қурбонованинг айтиши бўйича унинг ҳам “Заявление ОПЧУ”дан умуман хабари йўқ.


3.Толиб Ёқубов томонидан 2011 йилнинг 30 июнь куни “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг собиқ президенти Абдужалил Бойматов тўлиқ сукутга кетди” ва шу йилнинг 5 июлида “Шотирларга жавобим” номли мақолалари тарқатилди ва ёйинланди. Толиб ака бу мақолаларида мени обрўсизлантириш, мени сиёсий тирик мурдага айлантириш учун бисотидаги бор ярим ёлғон, ярим рост иддаоларни тўкиб солган. “Шотирларга жавобим”мақоласида ЎИҲЖ НизомигаТолиб Ёқубов томонидан гўёки 2009 йилнинг 18 сентябрида тузилган Ички регламентация эълон қилинган.
Шуниси ажабланарлики, бу Ички рагламентация билан мен 1-марта “Шотирларга жавобим”да танишдим. Бу Ички рагламентация на менга, на бошқа аъзоларимизга Толиб ака томонидан хабардор қилинган. Бу Ички рагламентация кучга кириши учун аъзоларимиз томонидан муҳокама қилинмаган ва албатта ўз-ўзидан маълумки, бирор қарор қабул қилинмаган[16].

 

Толиб ака ва менинг ўртамизда келишмовчиликлар келиб чиқишини тушунишга қуйидагилар ойдинлик кирита олади деб уйлайман.

Мен ва Толиб Ёқубов билан икки мавзуда ўзаро аччиқ-тирсиқ билан якунланадиган баҳслар келиб чиқар эди.


1-мавзу-Толиб Ёқубов мен Абдураҳим Пўлатов ва Мухаммад Солиҳларни нодемократик лидер деб танқид қилганимда норози бўлиб,- “Нега сиз Мухаммад Солиҳни танқид қилаверасиз, нега Абдураҳим Пўлатовни кам танқид қиласиз”- деб норози бўлар эди. Мен Толиб аканинг бу норозилигига жавобан мен иккаласини ҳам бирдай танқид қиляпман, бу танқидларни 20 йилдан кейин (2009- йилнинг майидан) бошладим. Абдураҳим Пўлатов Мухаммад Солиҳни тинмай айблагани учун сизга шундай туюлади деб жавоб берар эдим.


2-мавзу-бу ислом дини. Толиб Ёқубов ислом демократияси тўғрисида менга узундан-узоқ лекциялар ўкирди, лекин мен Ўзбекистондаги диний билимлар билан чекланган мусулмонларда қашшоқлик, порахўрлик, коррупция ва давлат террорига қарши курашишга интеллектлари етишмайди ва умуман мусулмон оламининг интеллектуал савияси жуда паст, билими фақат диний билимлар билан чекланган, ўта диндор мусулмонларга таянган ҳолда Ўзбекистонда демократик жамият қуришга мен ўта салбий қарайман деб ўз фикримни билдирар эдим. Толиб ака менинг бу гапларимдан аччиқланиб сиз чегараланган ва диндорларга нисбатан тоқатли эмассиз деб айтарди.

 

Мен ва Толиб ака ўртасидаги шу келишмовчиликлар Толиб Ёқубов ва Ҳазратқул Худойберди томонидан фитна уюштирилиб, ЎИҲЖнинг инсон ҳуқуқи ташкилоти сифатида карийб йўқ бўлиш даражасига келинади деб ўйламаган, хаёлимга ҳам келмаган эди. Дарҳақиқат, ЎХҲ Низомига кўра ва олдига қўйган мақсадларига кўра сиёсий ташкилотдир. ЎХҲ чиқарган қарорлар сиёсий қарорлар бўлади. ЎИҲЖ эса инсон ҳуқуқи ташкилотидир. Толиб Ёқубов жуда кўп мақолаларида ва ўзаро суҳбатларда ЎИҲЖ сиёсий фаолият билан шуғулланмайди деб таъкидлаб келарди.

 

Мен Толиб Ёқубовнинг бу фитнани амалга оширилишида икки нарса асосий роль ўйнаган деб ўйлайман:

 

1.Толиб Ёқубов ва Мухаммад Солиҳ ҳам диний билимлар билан чекланган мусулмонлар билан ҳамкорликда демократик жамият қуришга ишончлари юқори, иккаласи ҳам Абдураҳим Пўлатовнинг очиқдан-очиқ душмани;

 

2.Толиб Ёқубов ҳам Мухаммад Солиҳ ҳам, Абдураҳим Пўлатов ҳам нодемократик лидерлар, улар оғизда инсон ҳуқуқлари ва демократияни байроқ қилиб олиб амалда ўзбек мухолифатининг ўзаро ҳамкорлик қилиши ва ҳаракатларини мувофиқлаштиришига тиш-тирноғи билан қарши курашадиган одамлардир.

Балки мен хато қилаётгандирман, бу тўғрида ўзбек мухолифати,ўзбек жамияти ўз фикрини очиқ айтадиган пайт келди деб ўйлайман[7,9,10,14].

 

12-июль, 2011-йил.

Абдужалил Бойматов, фитначи Толиб Ёқубовнинг “Ички регламентация”га биноан ЎИҲЖнинг собиқ президенти.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

 

1.Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг баёноти.2011 йил 23-24 майида Германиянинг Берлин шаҳрида Ўзбекистон ҳалқ ҳаракатининг таъсис қурултойи бўлиб ўтганлиги муносабати билан. 25-май, 2011-йил. (http://yangidunyo.com/?p=19339)

 

2.Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти баёноти. Жамиятимизга нисбатан фитна. 5- июнь, 2011-йил. (http://yangidunyo.com/?p=19909)

 

3.Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Муассислар Мажлисининг Раиси Муҳаммад Солиҳга.ЎИҲЖ вакиллари: “Бойматовнинг президентлик ваколати тугаган”.2011 йил, 9-июнь.(http://uzbekistanerk.com/uzb/?p=2385)

 

4.”Замондош” муҳаррири Улуғбек Бакировнинг ЎИҲЖ президенти Абдужалил Бойматов билан ўтказган суҳбати. 9-июнь, 2011-йил.

Abdujalil Boymatov bilan suhbat ( 1)(http://www.livestream.com/zamondosh/video?clipId=flv_522c5850-dc63-4f2f-ada8-ff3fa94a8b47)

 

ЎИҲЖ Президенти Абдужалил Бойматов билан суҳбат ( 2 )

(Read more: http://zamondosh.blogspot.com/search/label/%D0%90%D0%B1%D0%B4%D1%83%D0%B6%D0%B0%D0%BB%D0%B8%D0%BB%20%D0%91%D0%BE%D0%B9%D0%BC%D0%B0%D1%82%D0%BE%D0%B2#ixzz1Rmy9Pd7O)

5.Ҳуқуқбон Толиб Ёқубов билан эксклюзив суҳбат. 11-июнь, 2011-йил.(http://zamondosh.blogspot.com/search/label/%D0%A2%D0%BE%D0%BB%D0%B8%D0%B1%20%D0%81%D2%9B%D1%83%D0%B1%D0%BE%D0%B2)

6.Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти фаолларига БИЛДИРИШ!

Толиб Ёкубов , Ҳазраткул Худойберди ва Тўлқин Қораевлар ЎХҲидаги фаолиятларини ва ҳамкорликларини давом эттираверадилар.. 12-июнь, 2011-йил.(http://yangidunyo.com/?p=20092)

7.Нодир Ахатов.Абдужалил аканинг ёқасини қўйворинглар.13-июнь, 2011-йил.

(http://zamondosh.blogspot.com/2011/06/blog-post_2671.html)

8.Бахадыр Намазов. Заявление ОПЧУ. 29 июня 2011 года. (http://yangidunyo.com/?p=20409)

9. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти фаолларининг билдириши. Толиб Ёқубов ва Ҳазратқул Худойбердиларнинг фитначилик фаолияти ЎИҲЖ нинг онлайн конгресси кун тартибига киритилсин. 30- июнь, 2011-йил. (http://yangidunyo.com/?p=20483)

10.Н.Зокир – ЎИХЖ Наманган вилояи бўлимии раиси.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг 2-Конгрессига  МАКТУБ. 30-июнь, 2011-йил.(http://uz.hrsu.org/?p=2210#more-2210)

11. Ўзбекистон Инсон ҲуқуқлариЖамияти фаолларининг билдириши.30-июнь, 2011-йил.ЎИҲЖнинг 15-июлда бўладиганконгресси Толиб Ёқубовяшайдиганжойда эмас, онлайнорқалиўтказилсин.(http://uz.hrsu.org/?p=2212#more-2212)

12.Толиб Ёқубов. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг собиқ президенти Абдужалил Бойматов тўлиқ сукутга кетди. 30-июнь, 2011-йил.

(http://uz.hrsu.org/?p=2215#more-2215)

13.Толиб Ёқубов.Шотирларга жавобим.5-июль, 2011-йил.(http://uz.hrsu.org/?p=2223#more-2223)

14.Носир Зокир.РАДДИЯ.Толиб Ёқубовга. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг 2-чи Конгрессига2-чи мактуб. 7-июль, 2011-йил. (http://uz.hrsu.org/?p=2230#more-2230)

15.Абдужалил Бойматов. Толиб Ёқубовнинг ярим ёлғон,ярим рост сафсаталари. 10-июль, 2011-йил.(http://uz.hrsu.org/?p=2245#more-2245)

16.Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятиининг жамият Низомига “ички регламентация”си ва жамиятнинг 2011 йилнинг 15 июлида бўладиган 2-конгресси кун тартибига оид баёноти.11-июль, 2011-йил.

(http://uz.hrsu.org/?p=2255#more-2255)


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Sorry, the comment form is closed at this time.