Jul 112011
 

Франциянинг 1901 йилдаги қонунига асосан нодавлат ташкилоти (уюшмаси) тузиш учун камида уч одам уюшиши, ташкилот уставини ишлаб чиқиши ва уни давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида ҳужжатларни маҳаллий префектурага топшириши лозим. Агар уч одамга бошқа одамлар қўшилмаса, яъни ташкилотга янги аъзолар кирмаса ҳам, шу уч одам регистрациядан кейин бир йил ичида ташкилотнинг таъсис Конгрессини ўтказиши, унда уставни тасдиқлаши ва раҳбариятни сайлаши лозим. Бир йил ичида Конгресс ўтказилмаса, префектура ташкилотни бекитар экан.

Мен маҳаллий ҳуқуқбонлик ташкилоти “Инсон ҳуқуқлари лигаси” раҳбарларига 2008 йил майида: “Мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти номли ташкилотнинг раиси бўлганман. Бу ташкилотни ҳукумат Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказмади. Шу ташкилотни Францияда давлат рўйхатидан ўтказсам бўладими?” деб сўраганимда, улар: “Йўқ, шу ном билан янги ташкилот тузиш керак ва шу ташкилотни рўйхатдан ўтказиш керак. Франциянинг Африкадаги Марокаш, Жазойир каби собиқ колонияларидан келган одамлар ҳам ўз юртларида сиёсий партия ёки бошқа ташкилотлар туза олмайдилар, шу сабабли улар ташкилотларини буерда тузишади” деб тушунтиришди. Лиганинг президенти Жак Ассерой, унинг муовини Кристин Лассаль ва мен шу ишни қилдик. Давлат рўйхатидан ўтганда бу ташкилотда фақат учта аъзо бор эди. Ташкилот 2008 йил 21 октябрда рўйхатдан ўтди. Кейинчалик ташкилотимизга эру-хотин Рубцовлар (Владимир ва Ольга), Лариса Мичкина, Даниель Матерон ва бошқалар аъзо бўлишди. Менинг ахволим жуда оғир эди, бирор иш қила олмадим. 2009 йил май яқинлашди, май ўтгач сентябргача каникуллар бошланади. Конгресс ўтказилмаса шунча қилган меҳнатимиз чиппакка чиқиши аниқ эди. Мен 6 майни танладим. Конгрессни уч одам: мен, Ассерой ва Лассаль, ўтказсак ҳам бўлар эди, бироқ улар: “Биз раҳбарликка ўтмаймиз, бизнинг ўзимизнинг ташкилотимиз бор” дейишди. Мен ўзбекистонлик одамларни чақира бошладим: Умида Ниёзова, Абдужалил Бойматов, Юсуф Расулов ва Тўлқин Қараевлар келишди. Улар менинг уйимда аъзолик бланкини тўлдиришди. Франция қонунига асосан аъзолар тўлдирган ва имзо чеккан бланклар ташкилотни рўйхатга олган префектурада сақланар экан.

Туғилиши мумкин бўлган асосий савол ушбудир: «Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган ЎИҲЖ Францияда худди шу ном остида тузилган ташкилотга қандай алоқаси бор?». Ўзбекистонда «қолган» ЎИҲЖ билан Францияда тузилган ЎИҲЖ орасида номини демасангиз ҳеч қандай боғлиқлик йўқ. Лекин мен демократик давлатда ташкилотни ярим соатда давлат рўйхатидан ўтказиш мумкинлигини кўрсатмоқчи эдим ва шунга эришдим. Ҳақиқатан, менинг олдимда, Angers шаҳар префектурасида ташкилот ярим соатда давлат рўйхатидан ўтди.

Иккинчи асосий савол эса – бу икки ЎИҲЖни қандай қилиб бирлаштириш мумкин? деган саволдир. Бунинг иккита йўли бор экан (яна Франция қонунига асосан):

1) Ўзбекистондаги ЎИҲЖнинг ҳар бир аъзоси Франциядаги ЎИҲЖнинг уставига асосланиб унга аъзо бўлиб кириши йўли (бизнинг махсус тайёрланган аъзолик бланк-бюллетенимиз борлигини юқорида айтиб ўтдим), чунки 2009 йилда қабул қилинган уставда «бошқа давлатлар фуқаролари ҳам аъзо бўлиши мумкин» дейилган;

2) Ўзбекистон қонунлари асосида Ўзбекистонда Франциядаги ЎИҲЖнинг филиалини тузиш ва уни халқаро ташкилот сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш йўли бўлиб, Ўзбекистондаги ЎИҲЖ аъзолари (хоҳишларига қараб) ташкил этилган филиалга аъзо бўлишлари мумкин.

Биринчи вариантни амалга ошириб бўлмайди, чунки ташкилотнинг архиви Ўзбекистонда қолиб кетган, вилоят, шаҳар ва туман ташкилотларимиз архивлари сақланганми-йўқми, менга қоронғу. Иккинчи вариантни амалга ошириш қийин эмас – бунда масала яна ўша олдинги ғовга дуч келмаса, албатта, яъни ҳуқумат турли найранглар билан филиални давлат рўйхатидан ўтишига тўсқинлик қилмаса.

Баъзи одамлар ЎИҲЖнинг 1-Конгресси қонуний кучга эга эмас, дея иддао қилишмоқда. Уларнинг фикрича мен бу Конгресснинг ўтишини эълон қилишим ва унга Ўзбекистондаги ЎИҲЖ аъзоларини таклиф этишим керак экан. Бу мутлаво нотўғри фикр, чунки, яна такрорлайман, 1-Конгресс Францияда ташкил этилган ЎИҲЖ (фақат ном бирхил, холос!)нинг таъсис йиғилиши эди. 2009 йил 6 майгача Франция фуқаровий жамиятига тегишли бўлган ЎИҲЖда 10 тача аъзо бор эди (ўзбеклардан учта – мен, ўғлим ва келиним, – руслардан учта, французлардан 4-5 та). 1-Конгрессни ўтказиш учун эса шу 10-11 одам етарли эди. Бироқ менинг олдимда турган асосий масала ташкилотнинг раҳбариятини шакллантириш эди. Раҳбарият масаласида французларнинг позициясини мен юқорида айтиб ўтдим. Раҳбарлар, табиий, Ўзбекистондан бўлиши керак эди. 1-Конгресс пайтида мен Умида ва Абдужалилни кўрсатиб: «Мана бу дўстларимиз мендан ёш ва соғлом, булар инглиз тилини билишади ва ташкилотни бошқариб кета олади» дедим. Умида Германияда янги ҳуқуқбонлик ташкилотини тузаётганини ва узрини айтди. Конгресс бир овоздан Абдужалилни президент қилиб сайлади.

Шундай қилиб, Франция фуқаровий жамиятига тегишли ЎИҲЖнинг 1-Конгресси қонуний ташкил этилиб, у бу ердаги аъзоларимизга эълон қилинган ва уларнинг деярли ҳаммаси қатнашган. Ўзбекистондаги ЎИҲЖ учун 1-Конгресснинг алоқаси бўлмаганлиги сабабли уни ЎИҲЖнинг 5-Қурултойи дейиш нотўғри ва бошида баъзилар 5-Қурултой деб одамларни чалғитишди. Раҳматлик Абдуманноб ҳам 1-Конгрессни ноқонуний деб атаган одамларнинг бири бўлиб, ўзи Конгрессдан бехабар эканини айтган эди. Бироқ у ҳам Францияда тузилган ЎИҲЖ ва Ўзбекистонда «қолган» ЎИҲЖлар турли ташкилотлар эканини тушунмаган.

Абдужалилнинг вазифаси юқорида айтилган 2-чи йўл билан бу икки ташкилотни бирлаштириш устида ишлашидан иборат эди, бироқ у бу иш билан шуғулланмади. У интернетда чиққан юзлаб мақолаларни ўқиб, ўзбеклар учун энг муҳимларини тарқатишга вақт топди, бироқ ташкилотнинг асосий ишига вақт топа олмади. У мухолифатни бирлаштириш, унинг олдида турган асосий вазифаларини аниқлаш, унинг лидерини сайлаш ва ротация қилиш, маблағини шакллантириш каби масалаларга вақт топди, бироқ ўзимизнинг ишимизга вақти етишмади.

Ёш президентнинг олдида яна бир муҳим вазифа – секин-аста Ўзбекистондаги аъзоларимизни Францияда тузилган ЎИҲЖга жалб қилиш эди, бироқ унинг вақти бўлмади. Истаги бўлганми-йўқми мен билмайман. Мен Ўзбекистондаги 10 тача аъзомиз билан боғланиб, уларга аъзолик бланкини юбориб, бу ташкилотга тортишга эришдим. Менинг кучим шунга етди, холос.

Собиржон Тўлаганов ўз мақоласида «Тушинишимча, Франтсияда ташкил топган “ташкилот”нинг, 5 киши иштирок етган “1-Конгресси”да қабул қилинган, “Низоми”да “вице-президент”лик лавозими назарда тутилмаган экан» деб ёзадилар. Собиржон, чамаси, ташкилот уставини яхшилаб ўқимаган кўринадилар. Уставнинг 7.10. моддаси (Котибият ваколатлари)нинг 2-қисмида «- у ЎИҲЖ Президенти ўринбосари вазифасини бажарувчи Котибни сайлайди» дейилган. Ўзбекча «раис» сўзи французчада «президент», унинг муовини «вице-президент» дейилар экан. Мен ягона Котиб эдим, чунки Франциядаги аъзоларимиз Котиб бўлиши учун уларга маош тўлаш лозим экан ва улар бу лавозимларда ишлашни исташмади. Конгрессда мени президент муовини, яъни вице-президент этиб сайлашди.

Шундай қилиб, ушбу тушунтиришларим билан мен «ЎИҲЖнинг 2009 йил 6 майда ўтказилган 1-Конгресси ЎИҲЖнинг Низомига зид», «унинг қабул қилган қарорлари кучга эга эмас», «ЎИХЖда хеч қандай Қурултой ёки конференция ўтказилмай президент тайинланганини тасдиқлаган» каби бир қатор иддаолар асоссиз эканини кўрсатиб, бу бахсга чек қўйганман деб ҳисоблайман. Франциянинг 1901 йилда қабул қилинган «Нодавлат ташкилотлари ҳақида»ги декрет (қонун)ини билган ва уни ҳурмат қилган одам бу масалани бошқа кўтармайди, деб умид қиламан.

Собиржон кўп жумлаларида мен, Умида, Абдужалил, Тўлқин ва Юсуфларни назарда тутган ҳолда “Беш қадрдон дўст” дея истеҳзоми, ёки заҳархандалик биланми, тилга оладилар. Собиржон учун алоҳида яна бир марта айтиб ўтай: бу қадрдон дўстлар келишмаганда ҳам 2009 йил 6 майда ўтган 1-Конгресс Францияда тузилган ЎИҲЖнинг таъсис Конгресси ҳисобланади. Уни 17 одам билан эмас, УЧ одам (Ж.Ассерой, К.Лассаль ва мен) ўтказганимизда ҳам Конгресс легитим бўлаверар эди.

Шундай қилиб, ҳурматли Собиржон Тўлагановнинг мақоласи сарлавҳасидаги саволга жавоб ушбудир: «Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти» номи остида икки ташкилот бор: бири Францияда давлат рўйхатидан ўтган ва ўзининг 1-чи таъсис Конгрессини ўтказган ташкилот (унинг аъзолари сони ҳозирча кўп эмас), иккинчиси Ўзбекистонда ҳукумат томонидан тан олинмаган, яъни давлат рўйхатидан ўтказилмаган ноформал ташкилотдир.

Мен ҳозир ҳам ноформал ташкилотнинг, 2003 йилда ўтказилган 4-Қурултойи қарорига асосан, раисиман. Бироқ унинг 11 аъзоси қамоққа ташланди, 15 дан ортиқ фаоллари эса, шу жумладан мен ҳам, ватанни ташлаб, чет элга чиқиб кетишди, ташкилотнинг Ўзбекистондаги жўшқин фаолияти деярли сўнди. Бундай пайтда мен ўзимни раис сифатида кўра олмайман. Қарилик ва ногиронлик мени енгаётган бўлса-да, мен ташкилот ишини тиклашга ҳаракат қилдим. Уни Франция шароитида қандай амалга ошириш мумкинлиги ҳақида мен юқорида айтиб ўтдим. Менинг режам бўйича Ўзбекистон, Европанинг бир қатор мамлакатлари, АҚШ, Канада, Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда ЎИҲЖнинг филиалларини очиш лозим эди. Бу филиаллар учун мен алоҳида ўзбек ва рус тилларида уставлар тайёрладим. Бироқ мазкур филиалларни очиш учун маблағ ва одамлар топилмади. Ташкилот тузилгандан бери 1 евро ҳам грант олган эмас, унинг банкдаги ҳисоб-рақамида 360 евро пул бор, холос. Уни ҳам бўлса мен ва ўғлим ўз ёнимиздан қўйганмиз. Мен ўз орзу ва режамдан қайтган эмасман. Ўлмай юрсам, ҳар икки – формал ва ноформал – ЎИҲЖларни бирлаштириш йўлида кучим етганча ишлайман.

Хорижда легал, бироқ ватанда ноформал бўлган ташкилот фақат битта ЎИҲЖми ёки у ёлғиз эмасми? Ёлғиз эмас! Мас., «Бирдамлик» халқ ҳаракати ҳам айни шу мақомда, чунки бу ташкилот АҚШда тузилган ва АҚШ фуқаровий жамиятининг вакили ҳисобланади, бироқ Ўзбекистонда ноформал ҳолатда фаолият олиб бормоқда. Мазкур ташкилот ўз Қурултойини нафақат Ўзбекистонда, ҳанузгача ҳатто хорижда ҳам ўтказган эмас. Лекин тошбўронга негадир ЎИҲЖ дучор бўлмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг ЎИҲЖга нисбатан олиб бораётган сиёсатини тушуниш мумкин ва буни муҳтарам Собиржон Тўлаганов ўз бошидан ўтказиб амин бўлганлар. Бироқ бу ҳурматли зот нега бунчалик ЎИҲЖ ва менга нисбатан жон-жаҳди билан кураш олиб бораётганларини мен ҳеч ҳам тушуна олмаяпман. Гап шунда-ки, бундан 2-3 кун олдин мен Собиржонга юқорида айтилган гапларни етарлича батафсил ёзган эдим. Собиржондай юқори интеллектуал инсон масала моҳиятини дарров илғаб олиши керак эди. Бироқ Собиржон ўзларининг «ЎИҲЖ номли нечта ташкилот бор?» мақолаларида яна ўша эски ашулани такрорлаганлар.

Абдуманноб ҳақида. Абдуманноб зиддиятли шахс бўлса-да, бироқ у табиатан юмшоқ одам эди. Унинг ўзига хос камчилик ва хатолари бор эди, албатта. Бироқ у ЎИҲЖ тарихида унинг ташкилотчиси сифатида қолади. Абдуманнобнинг номини ташкилот номига қўшиш менинг ташаббусим ва уни қабул қилишни мен ҳеч кимга мажбўр қилаётганим йўқ. Бу масала кун тартибига киритилган ва Конгресс қандай қарор қабул қилса ўша бўлади.

Баъзи одамлар Абдуманноб Францияда тузилган ЎИҲЖга ҳеч қандай алоқаси йўқ-ку, дейишмоқда. Бу тўғри фикр. Аммо вақти келиб ҳар икки ЎИҲЖни бир ташкилотга йиғсак ёки Ўзбекистонда унинг филиалини тузсак, у ҳолда бу зиддият ўз-ўзидан йўқолади. ЎИҲЖнинг 2001 йил 5 октябрда ўтказилган 3-Қурултойида Абдуманноб унинг фахрий раиси этиб сайланган. У ҳозир орамизда йўқ. Унинг номини ташкилотга бериш айни пайт, деб ўйлайман.

Собиржоннинг «Нечун “ески ОПЧУ”нинг “Франтсия ЎИХЖ” ташкилотига кирмаган а`золари, 2-Конгрессга делегат сифатида расмий таклифномалар олишаябди?» деган саволига жавоб юзада кўриниб турибди: «эски ОПЧУ»нинг аъзоларини легитим ташкилотга жалб этишдир. Савол эгасидан бошқа бирорта «эски аъзомиз» бу саволни менга берган эмас – оддий қилиб айтганда улар менинг бу ҳаракатим жиноят эмаслигини тушундилар.

Ҳуқуқбонлик ташкилотининг партиядан фарқининг бир элементи шу-ки, биринчисида программа бўлмайди, ҳуқуқбонлик ташкилоти программа асосида ишламайди. У фақат ўзининг устави ва давлат қонунлари асосида ишлайди. Партия ҳокимият учун курашгани сабабли у жамиятга ўз сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва бошқа йўналишдаги ишланган программасини тақдим этиши лозим. Биз 2-Конгрессда сайланадиган президентдан программа талаб қила олмаймиз.

Кўз қурғур ёмон бўлгани учун мен дуч келган нарсани ўқийвермайман. Хусусан, Анвар Каримовнинг тахлилини ҳам ўқиган эмасман. Гарчи мен унинг бобоси профессор Олим Каримовни яхши билган, иккаламиз ҳам «Бирлик» халқ ҳаракати Марказий Кенгаш Ҳайъатининг аъзоси бўлганимиз туфайли кўп учрашган, Анварнинг рафиқасининг ота-онасини яхши таниган ва чуқур ҳурмат қилган бўлсам-да, унинг Юсуф Расулов билан олиб борган жанги ва қозоғистонлик қочқинлар масаласида тутган позициясидан сўнг мен Анвардан ихлосимни қайтиб олганман. Шунинг учун унинг тахлиллари мени ҳеч ҳам қизиқтирмайди. Менинг ушбу мақола-жавобимни Анвар ҳам ўқир, деган умиддаман. У ёш, ақли яхши ишлайди. Агар унинг тахлили нотўғри бўлса, у менинг юқорида келтирган тушунтиришларимни ўқиб, ўзининг хатосини тушуниб етар, деган умиддаман.

Мен умримда нима ёзган бўлсам, ҳаммасини ўз исмим ва фамилиямни қўйиб ёзганман. Менга қарши ёзаётганлар эса исмсиз ғўладай ўзини «Демократ», «Бек», «Самандар Самарқандий» ва яна алламбало исмлар остида ёзишмоқда. Айтмоқчи, Самандар Самарқандий хусусида. Бу ниқоб остида ким ёзаётганини мен унинг биринчи мақоласини ўқибоқ тушунганман. Мен кўп одамларнинг ёзиш стили, ёзув маданияти ва улар ишлатадиган ўзига хос сўзлар (ключевые слова)ига эътибор қилганман. Самандар Самарқандий ниқоби остида менинг ҳурматим баланд бўлган Собиржон Тўлаганов турганини билсам-да, ҳатто ўзлари тан олгандан кейин ҳам бу «сир»ни ҳеч кимга ошкор қилмадим. Ошкор қилиш пайти энди етди, чоғи. Собиржон мени риёкорликда айблаб келаётган бўлсалар-да, бироқ ўзларининг охирги мақолаларида ҳам Самандар Самарқандий ҳақида танимаган одамдай гап юритганлар. «Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич» деган донолар!

Илгари сурилган илмий физик гипотезани яхши амалга оширилган эксперимент рад қилиши мумкин, дейишади физиклар. Францияда тузилган ЎИҲЖга президент танлаш гипотезамиз амалда нотўғри эканлиги аён бўлди, деб ҳисоблаш мумкин. ЎИҲЖ бундан-да даҳшатли босимларни бошидан кечирган, бироқ йўқ бўлиб кетмаган. Собиржон Тўлаганов олий таълим системасида шаклланган коррупцияга қарши мардонавор курашган ҳамда ўз фарзандлари ҳуқуқини юзага чиқариш масаласида тўҳматга учраган ва буларнинг натижаси ўлароқ 19 кун қамоқда ётган ўта оғир пайтларида ЎИҲЖ у кишининг ёнларида бўлган. Собиржон шуни унутмасалар бўлгани.

Sorry, the comment form is closed at this time.