Mar 272020
 

Хукуматда иқтисодиётни эркинлаштиришда давлат иштирокини қисқартиришга давлат хусусий шериклик принципларини ривожлантиришга, инвестиция сиёсатини фаоллаштиришга, экспорт салоҳиятини ва ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга, эркин тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги бюрократик тўсикларини олиб ташлашга йўналтирилган бир қатор комплекс дастурлар амалга оширилиш тўғрисидаги чора тадбирлар кўрилишига қарамай вилоят миқёсида маҳаллий мутасаддилар томонидан бу айтилган йўналишлар бўйича деярлик ижобий ўзгаришлар бўлмади ҳисоб.

Эркин иктисодиёт бўлишлик учун албатта коррупцияга чек қуйилиш билан бир бараварда эркин демократик сайловларни шаффовлик билан ўтказилиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки Ислом Каримов давридан кўра ҳозирги Шавкат Миромонович Мирзиёев даврида иқтисодий эркинлик кўрсаткичлари анча олдинга силжиган. Яъни иқтисодий эркинлик кўрсаткичи Ислом Каримов даврида 46-48 балл бўлса ҳозирги даврга келиб бу кўрсаткич 57,2 баллни кўрсатади. Мол-мулк дахлсизлиги кўрсаткичи ҳам олдин 25 балл булса ҳозирга келиб 28 баллга кўтарилди. «Инвестмент фредом» яъни инвестициялар кириб келиши эркинлиги кўрсаткичи ҳам ўн баллдан йигирма баллга кўтарилган. Молиявий эркинлик кўрсаткичи ҳам худди шундай яъни ўн баллдан йигирма баллгача кўтарилган. Коррупция кўрсаткичи ҳам 19 баллдан йигирма беш баллгача кўтарилган. Лекин ўз ўрнида бу кўрсаткичлар яхшилангани билан халқаро миқёс учун бу кўрсаткичлар барибир пастрок. Ўзбекистон халқи орасида бу кўрсаткичларни кўтарилиши амалда кўзга ташланяпти. Масалан тадбиркорларга эркинлик берилиши, валюта конвертацияси очилгани ва ҳ.к.

Шуларга қарамасдан маҳаллий мутасаддилар коррупцияни болалатишни давом эттирмокдалар. Президентимиз кўрсатмаларини ўз ўзича ўзбошимчалик билан ажиотаж қилиб келишмоқда.

Андижон вилояти мисолида кўриладиган бўлса бу юқорида айтилган барча кўрсаткичлар бўйича йўналишлар оқсамокда. Коррупция жуда авж олган. Ҳамма соҳада бу ҳар қадамда учрайди. Президент қанчалик таъкидламасин, барибир коррупция урчигандан урчиб боряпти. Эркин демократик сайловлар, шаффофлик ҳам йўқ. Маҳаллий аҳоли деярли ўзлари сайлаган депутатларни танимайдилар. Депутатлар ҳам ўзлари сайлаган аҳоли билан биргаликда ҳамжиҳат бўлиб уларга ёрдам бериб муаммоларини ҳал қилишда кўзбўямачиликларга йўл қўймоқдалар.

Буни Андижон вилоятида Асака шаҳрида жойлашган бир маҳалла мисолида кўрсатиб беришлик мумкин.

Асакада энг оғир ҳудуд ҳисобланадиган аҳоли яшайдиган жойлар умуман Асака ҳокимлиги томонидан атайлаб эътиборсиз қолган. Бу аҳоли ўртасида «лагерь» деб аталадиган ҳудуд. Бу ҳудудга тегишли маҳалла фуқаролар йиғинини номи «Нурафшон» деб аталар экан. Бу ном атайин махсус бу жой учун ўйлаб топилган бўлса керак. Бу ерда Улуғ Ватан Уруши даврида асирга олинган немислар яшашган. Улар ўзларига ўша вақтдаги шароитга мос равишда бараксимон уйлар қуриб шу ерда ишлаб ўз жонларини сақлашган. Халқ орасида шунинг учун юқорида айтилгандек «лагерь» деган сўз шундан сақланиб қолган. Афсуски ҳозирги кунга қадар бу баракларда энди немислар эмас, балки маҳаллий аҳоли яшаб келмоқда. Бу маҳалла фуқаролар йиғинига юқорида кўрсатилгандек «Нурафшон» деб ном берилган. Лекин, ҳақиқатда бу ер нурафшонмикан деган савол туғилади.

Бу ҳудудда яшаётганлар жазони ўтаётган маҳкумлардан ҳам ночор аҳволда яшашади. Ичимлик суви йўқ. Шунинг учун улар ойлаб чўмилишмайди. Чўмиладиган ҳаммоми шу сассиқ сув оқадиган канал ҳисобланади.

Яна бу ерга футбол стадиони қурилганига нима дейсиз. Футболдан чиқиб душда роҳатланиб чўмилиб, чарчоқни кетказишнинг ўрнига булар каналга калла ташлашади.

Бу ерда на соғлиқни сақлаш, на санитар эпидемиологик назорат, на ҳокимият бирон бир ҳаракат қилганини кўрасиз. Аҳоли шунақа чарчаганки, статистика бўйича уларни яшаш ёши ўртача олтмишга ҳам етмаса керак. Эркакларига жазони ўтаб чиққан маҳкумларга қарагандай қарашади. Эркакларини овози бўҳилганлиги учун улар ўзларини ичкилик билан овутишади.

Кўчалари асфальтни умуман кўрмаса ҳам керак. Ҳа ҳокимлик селектрида айтиладиган ободончилик бу маҳаллага умуман тегишли эмас шекилли.

Бу ердаги муаммоларни ўрганишлик учун шу аҳоли сайлаган, лекин ўзлари сайлов бўлиб ўтганига анча вақт бўлганига қарамай танимаган депутатлар таклиф қилинди. Хусусан улар вилоят кенгашига ЎзЛиДеп томонидан номзоди қўйилган ва сайланган Баҳодир Аҳмедов, туман кенгашига ҳам шу партия томонидан номзоди кўрсатилиб, сайланган Сайдилло Эргашев, сенатор эди. Ўзи аслида бу депутатларни алоҳида битта оилани муаммосини ўрганишлик учун таклиф қилинганди. Лекин бу депутатларни келишини аҳоли сезиб, дарҳол улар билан учрашиб уларга ўзларини дардларини баён қилишлик учун ташрифларга пешвоз чиқдилар. Депутатлар бу ерга келишликдан олдин ҳозирда маҳаллий ҳокимият томонидан тайинланган вақтинча маҳалла фуқаролар йиғини раиси вазифасини бажарувчи шахсни олдиндан огоҳлантириб қўйишди. Бу «раис» эса аҳолини огоҳлантириб қўйди. Бу ерда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, депутатлар аслида муаммоларни эшитиб уларни ҳал қилишлик учун ташриф буюришмаган, улар аҳоли билан бўлаётган учрашувни видеога олиб ўзларини худди ишлаётгандек қилиб кўрсатишлик учун ва шу тўғрисида ўзларидан юқори турувчиларга яъни партия кенгашига ҳисобот беришлик учун келганликлари маълум бўлди. Чунки улар аҳолига берган ваъдаларини биронтасини бажариш у ёкда турсин, ҳаттоки ўрганиб қўйишга ҳам ўз «қимматлик» вақтларини ажратишмади.

Депутатлар билан суҳбатда улар маҳалла фуқаролар раиси устидан шикоят қилдилар. Хусусан маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳисобланмиш Таджибаева Ойдонахон аҳолига нафақа пулларини ва моддий ёрдам пулларини тайинлашда коррупцияга йўл қўйишлик билан бир қаторда ўша пулларни аҳоли номидан банкдан ҳужжатларни сохталаштириб, ўз манфаатлари йўлида олиб ишлатиб юрган. Мисол учун. «Нурафшон» МФЙ Таровот кўчаси 64-уйда яшовчи Каримова Замирага моддий ёрдам тайинлашда унга «сиз комиссиядан ўтмадингиз» , деб важ кўрсатиб, аслида у унга моддий ёрдам тайинлаб, ўзи олиб юрган. Банкка у ўзи, ўзини лавозимини суиистеъмол қилган ҳолда, (маҳалла раиси фуқароларга бир марталик ишончнома бериб уни тасдиқлашга ҳақли), Таджибаева Ойдона ўзига ўзи ишончнома қилиб, банкдаги ведомостга имзо чекиб пулни олиб ўзлаштириб юборган. Банкдаги ходимни айби ишончномага яхшилаб эътибор бермаган, шошилиб бериб юбордим дея, ўзини олиб қочган.

Ногаҳонда Каримова Замира шу ведомостни кўриб қоладида, дарҳол расмга олиб прокуратурага топширади. Лекин прокуратура аризачига жавоб хати йўллаш билан қутулади. Хуллас мана коррупцияни бир тури. Тўғри у ҳозирча раислик вазифасидан четлатилди, лекин маҳаллада ишлаб юрибди, қандай лавозимда эканлиги номаълум. Янги ҳокимият томонидан ҳеч қандай маълумотга эга бўлмаган, халқни ўзи билан эргаштира олиш маҳоратидан йироқ шахс тайинландики, у албатта қўпол қилиб айтганда, фақат ҳокимият учун югурдаклик вазифасини бажаради. Ушбу шахс Таровот кўчасидаги аҳоли билан гаплашаётганида, раислар нафақа пулларини олдиндан пул олиб тайинлаши, ёки тайинлаган вақтида бир икки ойлигини ўзлари олиб ишлатилиши жиноят эмаслиги, чунки улар ушбу пулларни юқори турувчи мансабдорларга олиб боришлигини, вақти келса улар берган чиқимли топшириқларни шу пуллар эвазига бажаришликларини айтиб ўтган. Мана сизга оддий қилиб айтганда коррупциянинг бир тури.

Мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини, жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истаги бўлган паст даромадли оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалий чоралар кўрилиши ;

хусусан, оғир ижтимоий-маиший шароитларда яшовчи оилаларни арзон уй-жой билан таъминлаш, уларга тиббий хизматларни олиш, маиший техникалар ва уй ҳайвонларини сотиб олишда беғараз ёрдамлар кўрсатилиб келишлик ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчилар ва уларнинг бандлигини таъминлаётган ташкилотларга солиқ ва кредит имтиёзлари тизими назарда тутилиши тўгрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПК 3782 Қарорида кўрсатиб ўтилган. Лекин аслида бу айтилган сўзлар барчаси деярли кўзбўямачилик асосида ёки умуман қилинмай фақат қоғозда қолиб кетаётганлигини кўриш мумкин.

Шу юқорида кўрсатилган Каримовлар оиласида умуман ишсиз, Россия Федерациясида қолиб мажбурликдан қайтиб келган 1981 йилда туғилган Каримов Руслан бор. Мана ўйлаб кўрингчи, ёши қирққа бориб қолган бўлишига қарамай, шу муҳтожликдан уй жойи йўқлигидан оиласи билан кичик катак мисоли баракда яшаб келаётганлиги учун уйланмасдан бола чақа қила олмасдан ва албатта иш ҳам тополмасдан умри ўтиб кетмоқда.

У олдин (2001-2002 йиллар) жазони ўташ муассасида бўлиб қайтганлиги учун жиноят йўлига қайта киришдан ўзини тийиб, аранг кун кечириб келмоқда. Унинг тақдири билан на ҳокимият, на маҳалла шуғуллангани йўқ. Яна шу оиланинг бир аъзоси Абдураззақов Отабек 1995 йилда туғилган автомобилсозлик коллежини битирганига кўп вақт бўлганига қарамай, уни Асакадаги машина ишлаб чиқариш заводига ишга олишлик учун рўйҳатга қўйиб қўйилганига қарийб яқинда ўн йил бўлади. Коррупция бўлмаганида ушбу шахс иш билан таъминланар эди. У ҳам мана ҳозир уйланиб бола чақа қилиш ёшидан ўтиб бормоқда. Лекин буни ҳам на ишга олишади, на бир тадбиркорлик қилишлик учун йўл очиб, ёрдам беришади. Бу ҳам жиноят қилсинми? Яшашга умуман имконияти йўқ. Қанчадан қанча ярмаркаларга бориб қайтди. Ҳаммаси ўз вақтида худди ишга олишгандек, бориб мурожаат қилганидан сўнг важ кўрсатишади. Булар нима қилишсин.

Ундан ташқари шу оилани яна бир вакили Каримова Зулфия ўзининг ногирон фарзанди билан уйсиз сарсон саргардон. Уни ҳам коллежни битирган катта ўғли РФда. У ерда фақат ўзининг эҳтиёжи учун зўрға кун кўриб ўтирибди. Уни ҳам бу ерда ишга олишмаган. Кичик ўғли ногирон. Лекин мана маҳалла бунга ҳам кўзини юмяпти. Улар оиласини шу бараксимон уйига сиғмасдан ижарада кун кўришяпти. Ногиронларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисидаги қарорлар умуман бу маҳаллага тегишли эмасдек. Қани Президентимизнинг қилаётган меҳрибончиликларини бу маҳаллий мутасаддилар тушиниб етса.

Шу оилани урганишлик учун чақиртирилган депутатлар ҳам бу оилани мукаммал ўрганиб, шу оилага ёрдам беришлик ўрнига, аҳолини янги тайинланган раисни огоҳлантириб аҳолини чакириб олишиб, ўзларича аҳоли билан учрашув уюштиришди. Видеоларга тушишди. Лекин қани натижа? Натижа нольга тенг. Буни асли сабаби шу эркин, демократик сайлов бўлмаганидан.

Хуллас бир оғиз сўз билан айтиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда ҳеч қандай иқтисодий эркинлик кўрсаткичлари кўтарилгандек сезилса ҳам бу Асака мисолида бу кўрсаткичларни кўтарилганини сезмай қоласан киши. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш индекси жуда ҳам паст.

Гулбаҳор Тўраева, врач, Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг Андижон вилояти бўлими раиси.

27- март, 2020- йил.