Mar 022014
 

 

Ишонмаяпсиз-а?

Ишонаверинг, бир пайтлар телевезорда кўринишдан қўрқадиган, мабодо, бирорта тасвирчи билиб-билмай камера объектини тўғрилагудек бўлса, чатанини олиб тепиб қоладиган кимсан Шавкат Миромонович негадир бугунги кунга келиб Ўзбекистон халқининг кўзига кўрингилари келиб қолибди.

Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсақ, элга ўзларини танитмоқчи!

Лекин-чи, Мирзиёев жанобларининг билоғонликларига қойил қолмасдан илож йўқ!

Негаки, сайлов олди бош вазир кимларни “қўлга олмоқчи” денг?!: Аҳолининг ўзи тўқ тадбиркор қатламини! “Бели бақувватларни”! Ишбилармонларини!

Ҳааа, ўлманг, Миромонович, ўлманг, йигитнинг гули деган мана бундоқ бўлибди-да! Шу аснода рақибларини биру нольга урибди-да! Нима дедингиз?!

Нима, мақсадга ўт дейсизми?: яхши, унда гапнинг бўларини айтганим бўлсин.

Хўш, сизнингча, шунча йиллардан буён гуё тили танглайига ёпишиб қолган кимсадек сукут сақлаб келаётган Бош вазир жаноблари нега энди айнан бугунги кунга келиб бирдан интернет тармоғининг давлат хизматлари порталидан ўзига махсус “саҳифа” очишни истаб қолди?

Нима эмиш, энди Ўзбекистонда маҳаллий амалдорлардан азият чеккан тадбиркорман дегани mv.gov.uz га кириб олиб, мазкур порталнинг “БОШ ВАЗИР” деган “саҳифаси”га истаганича шикоят-аризасини қолдириши мумкин бўлармиш.

Ва яна нима эмиш?!: Мазкур шикоятлар шахсан бош вазирнинг “қўлидан ўтармиш”!

Шавкат Миромонович неча йилдан буён мамлакатнинг бош вазири ҳисобланади, шуни биласизми?

Шунча пайтдан бери аҳолининг арзига қулоқ осмаган одам нега энди айнан бугун элпарвар бўлиб қолдийкин? Ҳеч шу ҳақда ўйлаб кўрдингизми?

Бунингдек текин томошаларга сабаб президентлик сайловларига бир қадам қолганлиги эмасмикин, мабодо?

Аҳ-ҳа, демак, Шавкат Миромонович ҳам “ётиб қолгунча – отиб қол” қабилида иш кўришни хуш кўради.

Айнан аҳолидан тушган аризалар баҳона у сайлов олди халқ орқасига оралаб қўймоқчи! Шундайми? Қойил-э!

Ўзбекистон расмийлари онасининг сутини ангишвонада пишириб ичганлар сарасиданми дейман: ўз манфаатларига қолганда шунақанги ишчан, шунақанги фидойи, шунақанги халқпарвар бўлиб кетишадики, танимай қоласан киши!

Лекин сизга бир сирни айтиб қўяй!

Каримов жанобларининг “шиор”ларида айтилганидек, “Элим деб, юртим деб яшаш” ҳамма учун ҳам эмас.

Негаки, Шавкат Миромонович сайлов олди ўзининг борлиги, ҳаётлиги, ҳар ишга қодирлигини оммага эслатиб қўйиш илинжида ҳафсала билан иш бошлагани рост.

Аммо, лекин, бироқ… кейинги ишлар чатоқроқ…

Шундай!

Таҳдид ва таланишлардан талқон бўлиб кетган тадбиркор шўрлик минг бир ҳасратда бош вазир Шавкат Миромоновичнинг порталига ариза, шикоят ёзиб, йўллаш билан, соат, кун санаб илҳақ кутиш билан овора-ю…

Тадбиркору фуқаролардан, юридик ва жисмоний шахслардан тушган ҳар бир шикоят, аризага шахсан ўзи кўз югуртиришга, шахсан ўзлари шуғулланишга азму қарор қилган, энг муҳими, ул ҲУКМИни халққа етказиб, хафаҳол кўнгилларни хурсанд этган Мирзиёев жаноблари нима қилаяпти денг?!

Нима қиларди, Президент девони, Республика Олий суди, республика прокуратураси, барча вазирлар йўл қўйган хатони такрорлаб ўтирибди-да. Яъни фуқаролардан келган шикоят аризаларни очиб ҳам ўтирмай яна ўз музофотига – арзнома келган вилоят ҳоқонига ҳадя қилиб – ўз изига қайтариш билан овора-ю сарсон.

Хўш, бундан мақсад нима, аризачи кўзлаган кўмак қани, тадбиркор манфаатининг ҳимояси қаерда қолди?

Ҳаммаси яна ўша-ўша, боз-боягидек: эски тос – эски ҳаммом-у. Бас шундай экан, маҳаллий амалдорлар томонидан минг бир таланган тадбиркорларни умидвор қилишнинг нима кераги бор эди?

Бу, Мирзиёев – бош вазир жаноблари сайлов олди ўзини элга эслатиш, тарғибот ва ташвиқот қилиш “амалиётини” то охирига қадар рисоладагидек олиб борса бўлмасмиди, аҳолини сарсону саргардон қилмасдан, рангини сарғайтирмасдан?! Ҳайронсан киши.

Оқибатда эса сурхондарёлик Каромат Қодирова кибалар бош вазирга такрор -такрор нома ёзиб овора, аросатда, аламли армонда…

Элни эриклашни, аҳолини алдашни нима кераги бор эди?

Орзигул ХУДОЁРОВА