Dec 202019
 

Президент Шавкат Мирзиёев бошқарувининг 4 йиллиги бошларида унинг фуқаролик жамиятига нисбатан 4 қизил чизиқлари маълум бўлиб қолди.

Қизил чизиқлардан бири AsiaTerra нашрида журналист Алексей Волосевич чоп этган (Ташкентца Амира Шарифуллина похитили и избили из-за комментариев в Фейсбуке. 16.12.2019.) мақоласида келтирилган Амир Шарифуллиннинг номаълум шахслар томонидан калтакланганидир. [1].

Озодликдан иқтибос: [2].”Ижтимоий тармоқдаги постлари учун калтакланганини иддао қилган шахс юзасидан текширув бошланди

декабр 17, 2019

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси ижтимоий тармоқдаги постлари учун калтакланган Амир Шарифуллин мурожаати юзасидан текширув ишларини бошлади.

Текширув ишлари бошланди. Натижалар ҳақида алоҳида ахборот берилади. Текширув якунлангунига қадар шошма-шошарлик билан хулоса чиқармасликка чақирамиз”, дейилади Ички ишлар бошқармаси хабарида.

16 декабрь куни AsiaTerra нашри 1984 йилда туғилган тошкентлик Амир Шарифуллин 10 декабрь куни ишга бориш учун уйидан чиққанида нотаниш одамлар томонидан ўғирлаб кетилгани ва “қўриқланадиган жойлардан бирига олиб борилиб, калтаклангани” тўғрисида хабар берган эди.

Номаълум шахслар Шарифуллинга ўзларини “Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари” сифатида таништирганлар. Улар Шарифуллиндан Facebook тармоғидаги матнлари ва шарҳлари учун кечирим сўрашни талаб қилишган ҳамда буни видеокамера воситасида тасвирга туширишган.

Шарифуллин “ўзини кимнингдир буйруғи билан ўғирлашганини, негаки, “ДХХ ходимлари” мунтазам равишда телефон орқали гаплашиб, ўз ҳаракатларини мувофиқлаштиришгани”ни айтган”. Иқтибос тугади. [2].

Юқоридаги далилдан ва бошқа далиллардан президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакат фуқаролик жамиятига нисбатан 4 та қизил чизиқ тортгани маълум бўлди.

1. Биринчи қизил чизиқ. Мухолифатга, сиёсий рақобатга йўл йўқ. Мухолифат фаоли Насрулло Саййид, мухолифат етакчиси Баҳодир Чориевнинг укаси, тадбиркор Бобур Ҳасаннинг, ҳуқуқбонлар, мухолифат фаоллари Муҳиддин Қурбонов, Рафиқ Ғаниев, (Исоқжон Зокировга Ўзбекистонга киришга виза берилмаябди) ва журналист Галима Бухорбоеваларнинг Ўзбекистонга киритилмагани ва Бирлик Халқ Ҳаракати партияси, Эрк демократик партияси, Бирдамлик Халқ демократик партияларининг мамлакатда легал фаолият юритишга йўл қўйилмаганлиги бунинг яққол исботидир.

Ўзбекистон республикаси конституцияси 34-моддасига биноан мухолиф партиялар фаолияти кафолатланган: [3].

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

2. Иккинчи қизил чизиқ. Сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларига эркинликка йўл йўқлиги. Минбар.уз, тогри.уз веб сайтларининг, нашрларининг босимлар остида ёпилиши, Хоразм вилоятидаги норозилик чиқишларини ёритган журналист Давлатназар Рўзметовнинг доимий таъқиб ва тайзиқларга дучор бўлиши ва автоҳалокатда ҳалок бўлиши, журналист, блоггер Нафосат Оллоҳшукурованинг сохта айблар билан аввал 10 суткага қамалиши ва қамоқдан чиқарилмасдан врачлар комиссиясининг сохта хулосаси билан руҳий касалликлар шифохонасига жойлаштирилиши, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг кун.уз журналистларига гей қилиш, йўқолиб қолиш ва ўлим билан таҳдид қилиши, Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг норозилик чиқишларини видеолар кўринишида ижтимоий тармоқларда ёритган журналист ва ватандошларнинг жанозаси ўқилиши билан таҳдид қилишлари ва ҳокимларнинг бу таҳдидлар учун ҳануз жазоланмай қолишлари бунинг яққол исботидир.

Ўзбекистон республикаси конституцияси 67-моддасига биноан сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги кафолатланган:

67-модда.

Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар.

Цензурага йўл қўйилмайди.

3. Учинчи қизил чизиқ. Тинч норозилик намойишлари ўтказиш эркинлиги ҳуқуқига йўл йўқ. Умуман олганда, хонликлар даврида ҳам, Чор Россияси ҳукмронлиги даврида ҳам, СССР даврида ҳам тинч норозилик намойишлари ўтказишга рухсат берилмаган. Ўтказганлар жазоланганлар. Фақат, Михаил Горбачевнинг ошкоралик ва қайта қуриш йилларида Бирлик халқ ҳаракати кўп минг кишилик митинглар ўтказишга эришган. Ўша пайтлари Ўзбекистонни бошқарган Рафиқ Нишонов ва Ислом Каримовлар (1989-1992 йиллар), тишларини ғижирлатиб бўлсада митинглар ўтказишга рухсат беришга мажбур бўлганлар.

Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида диктатор, қонхўр Ислом Каримов тинч норозилик намойишларини аёвсиз бостирган. Бунга 1992 йилдаги талабаларнинг норозилик намойишини аёвсиз бостириши натижасида 2 талабанинг ўлими ва 13 май, 2005 йили Андижонда 10 минглаб намойишчиларнинг ўққа тутилиши натижасида минглаб тинч намойишчиларнинг ҳалок бўлиши тарихан кечирилмайдиган жиноятдир.

Президент Шавкат Мирзиёев бошқаруви йилларида ҳам тинч намойиш иштирокчилари, уларни ёритган журналист ва блоггерлар жазоланаябдилар. Журналист Давлатназар Рўзметов ва журналист ҳамда блоггер Нафосат Оллоҳшукуроваларга ўтказилган таъқиб ва тайзиқлар юқорида айтиб ўтганимдек мисол бўла олади. Тинч намойишчиларга нисбатан маҳаллий туман, вилоят ҳокимиятлари ҳам аёвсиз таъқиб ва тайзиқлар ўтказмоқдалар.

Ўзбекистон республикаси конституцияси 33-моддасига биноан тинч норозилик намойишлари ўтказиш эркинлиги ҳуқуқи кафолатланган:

33-модда

Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўҳтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

4. Тўртинчи қизил чизиқ. Ватандошларга ҳокимиятга нисбатан танқидий фикрларни ижтимоий тармоқлар, facebook, youtube орқали очиқ ифода этиш, баҳслашиш, изоҳ ёзиш ҳам жазоланади. Бунга Амир Шарифулиннинг ДХХ ходимлари томонидан ўғирлаб кетиши ва тахқирланиши мисол бўла олади.

Ўзбекистон республикаси конституцияси 29-моддасига биноан ҳар ким фикрлаш, уни ифодалаш, сўз ва эътиқод эркинлигига эгалиги кафолатланган:

29-модда.

Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустаснодир.

Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин.

5. Ўзбекистон республикаси конституцияси 27-моддасига биноан шахс дахлсизлиги кафолатланган ва 43-моддага биноан “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”.:

27-модда.

Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳоллардан ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас.

43-модда.

Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қизил чизиқлари мамлакатда кучли фуқаровий жамият шаклланишига йўл қўймайди. Кучли фуқаровий жамият бўлмаса, эркин,демократик сайловлар ўтказиб бўлмайди.Оқибатда, мамлакатда коррупция гуллаб яшнаябди. Ўта иқтисодий қолоқликдан чиқиб кетишнинг иложи йўққа ўхшаб қолябди.

6. Зеро, ҳозирги Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида ҳам мамлакат инвестиция жозибардорлиги жуда паст, чунки коррупция кўрсаткичи жуда паст.

Коррупцияга қарши курашда қуйидагилар ҳисобга олинмаябди.

7. Коррупцияга қарши курашда қуйидаги 2 ҳолатни ҳисобга олиш керак:

Мамлакатда давлат мулки эмас, хусусий мулк кўпроқ, устун бўлиши керак.

Лекин, Ўзбекистонда давлат мулки ҳукмрон. Давлат мулки ҳукмрон бўлган жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди.

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали йўли эркин, демократик сайловлардир.

8. Мамлакатда диктатор Ислом Каримов давридагидай сўз эркинлигига, оммавий ахборот воситалари эркинлигига, эркин интернетга, мухолифатга йўл йўқ.

Бақувват ўрта синф, кучли фуқаровий жамият шаклланиши учун, иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик йўқ.

Бундай шароитда мамлакатда эркин, демократик сайловлар мутлақо ўтказиб бўлмайди.

9. Яна таъкидлаб ўтишни лозим топдим, Ўзбекистонда давлат мулкчилиги ҳукмрон. Коррупция гуллаб яшнаябди. Иқтисодий эркинлик кўрсаткичи, сиёсий эркинлик кўрсаткичи, коррупция кўрсаткичи жуда паст ва бунинг оқибатида Ўзбекистон иқтисоди ўта қолоқ.

Зеро,Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 152-ўринда бўлган пайтда 51.5 баллга тенг эди, 2019-йилда эса 140-ўриндалагида 53.3га тенг.[4].

Дунё мамлакатлари орасида 12 поғонага кўтарилган бўлсада эркинлик кўрсаткичи атиги 1.8 баллга яхшиланган бўлиб ҳамон кўпроқ эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторида.

Сиёсий эркинлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 9 балл билан Тожикистон ( 9 балл ) даражасига эришган ва албатта Шимолий Кореадан ( 3 балл ), Туркманистондан ( 2 балл ) анча узоқлашган. Бироқ, дунёнинг энг эркин мамлакатлари Финляндия ( 100 балл ), Норвегия ( 100 балл ), Швециялардан ( 100 балл ) жуда кейинда ва ҳаттоки Афғонистон (27 балл), Эрондан (18 балл) ҳам сиёсий эркинликлар бўйича орқада. [5].

Умуман олганда Ўзбекистон ёмонларнинг энг ёмонлари бўлган 13 мамлакат қаторида.[6].

Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [7].

Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам (7,48). [6,7].

Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси ($7,810) дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан ($18,961) 2 баравардан кўпроқ кам (2,43). [8,9].

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсисдан 7 баравардан кўпроқ, Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан 2 баравардан кўпроқ орқадалигини баралла ўта иқтисодий қолоқ дейишга мажбур бўламиз. [8,9].

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch va Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [10].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

20-декабрь, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ташкентца Амира Шарифуллина похитили и избили из-за комментариев в Фейсбуке. 16.12.2019.

( http://www.asiaterra.info/zhurnalisty-smi/tashkenttsa-amira-sharifullina-pokhitili-i-izbili-iz-za-kommentariev-v-fejsbuke?fbclid=IwAR1IH2gNN5grF0bMgFxRE8zfQJ3n3IsSxiHD8inpvM7813ciLSo_MtGA_4U ).

2. Ижтимоий тармоқдаги постлари учун калтакланганини иддао қилган шахс юзасидан текширув бошланди. 17.12.2019. (https://www.ozodlik.org/a/30329452.html ).

3. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

4. 2019. Index of Economic Freedom.

( https://www.heritage.org/index/ranking ).

5. Freedom in the World 2019.

( https://freedomhouse.org/report/countries-world-freedom-2019).

6. Worst of the worst. 2019. ( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2019/democracy-in-retreat ).

7.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

8. International Monetary Fund. 2019.GDP per capita, current prices. U.S. dollars per capita(https://www.imf.org/external/datamapper/NGDPDPC@WEO/OEMDC/ADVEC/WEOWORLD ).

9. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).

10. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).