Jun 282019
 

Қуйидаги 2 воқеа Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари қанчалик ҳурмат қилинмаслиги, коррупциянинг нақадар чуқур илдиз отганлиги ва коррупцияга қарши курашиш нақадар оғирлигини кўрсатади.

1-воқеа. Миромон Мирзиёев номли тиббиёт бирлашмасининг ўттиз ходими ишдан бўшатилаётганига норозилик билдирди. [1,2].

Озодликдан иқтибос: “Жиззах вилояти Зомин туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам шохобчаларида ишлайдиган 30 нафардан ортиқ ҳамшира, дори тахловчи, санитарка ва диспетчер 18 июнь куни туман Халқ қабулхонасига бориб, ишдан ноқонуний бўшатилаётганига қарши норозилик билдирди.

Ўтган йилнинг ноябрида иш бошлаган бу тиббиёт ходимлари, бирлашма раҳбарларини коррупцияда айблаб, аризаларини халқ қабулхонасига топширган.

Тиббиёт бирлашмаси раҳбари ходимларнинг Халқ қабулхонасига шикоят қилиб борганини тасдиқлар экан, уларнинг ёппасига қисқартирилаётганини инкор қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг отаси Миромон Мирзиёев номига қўйилган Зомин тиббиёт бирлашмасининг ўттиздан ортиқ ходими 18 июн куни туман халқ қабулхонасига арз қилиб боргани ҳақида, исми сир қолишини сўраган шикоятчилардан бири Озодликка хабар қилди:

Ўтган йилнинг ноябр – декабр ойида Зомин тумани қишлоқларида тез ёрдам шохобчалари ташкил этилиб, ҳамшира, санитарка, диспетчер, дори тахловчи штатларига 103 нафар одам ишга олинган эди. Энди эса штат қисқаряпти деб, бизни ишдан бўшатишмоқчи. Ҳаммага огоҳлантириш мактублари берилган. Бу ходимларнинг аксарияти ишга кириш учун бир миллион сўмдан уч миллион сўмгача пора беришга мажбур бўлганини Халқ қабулхонасидаги мулозимларга айтишди. Улар бу гапларнинг ҳаммасини видеога олиб Тошкентга юборишларини ва у ердан бу муаммони ўргангани махсус комиссия келишини айтгандан сўнг, аёллар тарқади”.

Иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётгани ҳақида огоҳлантириш хати олган ҳамшира Ҳилола Кубаеванинг Озодликка айтишича, халқ қабулхонасида барча аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган:

Сешанба куни мен ишда эдим. Ишдан бўшатилаётган ходимлар Халқ қабулхонасига боришганда мени ҳам чақиришди. Борсам ишчиларимиз ишга кириш учун пора беришга мажбур бўлишганини, лекин беш-олти ой ишламай ишдан бўшатилаётгани ҳақида куйиб гапираётган экан. Биз ҳам гапирдик”

Ҳилола Кубаеванинг айтишича, норозилик билдирган аёлларга тиббиёт бирлашмаси мулозимлари қаттиқ босим ўтказган:

Кеча Халқ қабулхонасига бориб, олинган видеодан нусха беришни талаб қилдим, Тошкентга юборганмиз деб, беришмади. Икки ходимнинг аризасидан нусха олиб келдим. Бугун эса ўша норозилик билдирган ҳамкасбларим телефон қилиб, бизни бошқа безовта қилманг, ишдан ҳайдаса ҳам розимиз, тинч қўйишса бўлди, дейишяпти. Мен эса охиригача бораман. Менку пора бермай халқ қабулхонаси орқали ишга кирганман, лекин ўша куни ўнлаб аёллар коррупция тиббиёт бирлашмасида чуқур илдиз отиб кетгани ҳақида мулозимларга айтишди. Тошкентдан махсус комиссия келсин, адолатли текширсин, буларнинг ҳамма найранглари фош бўлади”.

Озодлик олган маълумотга кўра, ходимлар норозилигидан сўнг бирлашма кадрлар бўлими бошлиғи, катта ҳамшира ва бошқа мулозимлар норозиликка чиққан ҳар бир ходимнинг уйига бориб, уни даъволаридан воз кечишини талаб қилган:

Агар пора берганман десаларинг, ўзларинг ҳам қамаласизлар, яхшиси аризаларингни қайтариб олинглар, деб эрларимиз, оталаримиз орқали босим ўтказяпти”, деди исми сир қолишини сўраган ҳамширалардан бири.

Ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган бирлашма шифокорларидан бирининг айтишича, агар ҳақиқатан ҳам холис комиссия президент отаси номидаги тиббиёт бирлашмасини текшириб чиқса, кўп адолатсизликлар намоён бўлади:

Бу бирлашмадаги адолатсизликларни санаб адоғига етолмайсиз. Касалларнинг озиқ-овқат таъминотидаги ўғирликлар, “ўлик штатлар”, моддий ёрдамларнинг асл эгаларига етиб бормаётгани, мукофотларнинг фақат раҳбарларнинг яқин одамларига берилаётгани, буларнинг ҳаммаси холис ревизия қилинса, кўп нарса чиқиб келади”.

Зомин тумани тиббиёт бирлашмаси бош врачи Рустам Ибрагимов Озодлик билан суҳбатда ходимларнинг Халқ қабулхонасига арз қилиб борганини тасдиқлар экан, буни англашилмовчилик деб атади:

– Ходимларнинг ишдан бўшатилиши деган гап йўқ. Буларнинг қабулхонага боргани, қандайдир ноқонуний агитация бўлган. Бир аёл агитация қилган. Бугун ҳам бориб ўша аёллар билан гаплашдик, улар ўша аёл айтгани учун бордик, кейин видеога олиб гапиртирмоқчи бўлганда биз кетдик, дейишди. Ҳаммаси ойлигини олиб, ишлаб юрибди. Тез тиббий ёрдам шохобчаларида фақат дори тахловчи ва диспетчер штатлари масаласи бўлиб турибди. Масалан, дорини ҳар ким ҳам тахлай оладику. Биз тез тиббий ёрдамни марказлаштираётганимиз учун диспетчер масаласи ҳам бор. Лекин бу ходимларга бошқа жойдан иш топиб беришга ҳаракат қиламиз.

Бош врач ходимларнинг коррупция ҳақидаги иддаоларига мужмал жавоб берди:

Ҳар бир ходим мендан ташқари профсоюз, тез ёрдам бўлими бошлиғи, юрист, кадрлар бўлими бошлиғи ва ўша ходимнинг бирор яқини иштирок этган имтиҳонда танлаб олинади. Масалан бешта даъвогар бўлса, энг яхшиси олинади. Яна энди. Қандай ўйинлар бўлган, мен билмайман. Мен ўзимни оқламоқчи эмасман, лекин коррупция борлигини кузатмаганман”

Бош врач ҳеч бир ходимга огоҳлантириш мактуби юборилмаганини айтди”. Иқтибос тугади. [1,2].

2-воқеа. Уюштирилган кампания? Шоу бизнес вакиллари Гулнорага муҳаббат изҳор этишда янги пойга бошлади. [3].

Озодликдан иқтибос: “24-25 июнь кунлари ижтимоий тармоқларда ўзбек шоу бизнесининг айрим таниқли намояндалари марҳум президентнинг қамоқдаги қизи Гулнора Каримованинг яқин кунларда озодликка чиқишини сўраб дуо қилиш ва мадҳ этишга киришди.

Озодлик гаплашган Тошкентдаги блогерлардан бири¸ блогер ва шоу бизнес вакилларига президент администрациясининг айрим мутасаддиларидан махсус буйруқ бўлганини иддао қилди.

Шахси сир қолишини сўраган блогер мазкур кампания жамоатчиликни Гулнора Каримованинг озодликка чиқишига тайëрлаш ва бу эҳтимолга ижобий муносабатни шакллантириш учун уюштирилганини билдирди.

Каримов ўлганда “дода тирик” деб чиққан Жаҳонгир Позилжонов Гулнорани соғинганини ёзди

Божалар” гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжонов Райҳон постидан бир неча соат ўтиб ўзи ва оиласининг Гулнора Каримова билан бирга тушган суратини қўйиб:

– Сизни соғиндик. Тезроқ эсон-омон оилангиз бағрига қайтишингизни тилаб қоламиз¸ сиҳат саломатлик тилаймиз¸ деб ëзди.

Бу ëзуви охирида Позилжонов Имон Каримова ва Гулнора Каримованинг Instagram аккаунтини белгилади (tag).

Ҳалима қизиқчи Гулнора Каримовага – “Вы мой кумир!”

Қизиқчи Ҳалима Ибрагимова ҳам 25 июнь куни Instagramда Каримова ҳаққига дуо қилаëтганлар сафига қўшилди.

Каримованинг шуҳрат ва қудрат шоҳсупасида бўлган пайтидаги суратини қўйган Ҳалима Ибрагимова:

– Оллоҳим қўлласин. Фарзандларингизга бош бўлинг¸ тану жониз соғ бўлсин. Сизи дуогўйларингиз кўп¸ Вы мой кумир¸ – деб ëзди ва бу ëзувида у ҳам Имон Каримова ва Гулнора Каримова аккаунтларини белгилаб қўйди.

Ҳалиманинг Instagramдаги 1¸6 миллион фоловеридан 10 мингдан ошиғи “ëқди” деб ëзган бу пост¸ бир неча соатдан сўнг ғойиб бўлди.

25 июнь куни ижтимоий тармоқ¸ хусусан¸ Instagramдаги ўзбекистонлик фойдаланувчиларни “ғувиллатган” Гулнора Каримова ҳақидаги дуогўйликка шоу бизнеснинг Шаҳзода Матчонова¸ Зиëда¸ Далер Субҳонов¸ Дилфуза Қодирова каби қатор бошқа вакиллари¸ шунингдек¸ танилмаган юзерлар ҳам қўшилди.

Улардан айримлари “Алҳамдулиллаҳ, иншаллаҳ, Оллоҳим ўзингга шукур дуолар қабули учун Роббим”¸ деб ëзган бўлса¸ бошқалари “У яқинда қайтади¸УРА!” деб байрам бошлади.

Гулнорага озодлик!”

Ўзбекистонлик журналист ва блогер Каримберди Тўрамуроднинг Facebook саҳифасида 24 июнь куни пайдо бўлган мурожаати шундай номланди.

Гулноранинг кучи, билими, ташкилотчилик қобилияти, қолаверса, пулидан Ўзбек халқи манфаати йўлида фойдаланиш шарт. Унга озодлик бериш, ҳеч бўлмаса, Фонд форум доирасида фаолият юритишига имкон бериш керак.

Бир ойгина олдин кечирилиши ақлимизга сиғмаган одамлар кечирилиб, уларга уй-жой ҳам берилганда, наҳотки, Гулнорани кечирмаслик керак?

Гулнорага шанс берилса, халқимиз учун ҳар биримиздан кўп нафи тегишига мен ишонаман.

У ҳам Аёл! У ҳам Она!

Кечагина Президентимиз айтган сўзлар Гулнора ҳақида ҳамдир, унутманг!

Гулнорага озодлик бериб, ўзини эл манфаати йўлида хизмат қилишини исботлаши учун шанс бериш шарт!

Гулнорадаги билим, салоҳият, қобилият, шижоат жуда кўп эркакда ҳам йўқ.

Гулнорага озодлик берилсин!”¸ деб ëзди самарқандлик журналист-блогер.

Блогер: кампанияга “тепадан” старт берилди!

25 июнь куни Озодликка боғланган блогерлардан бири ижтимоий тармоқларда фоловерлари кўп бўлган блогер ва шоу бизнес намояндаларига Гулнора Каримованинг озодликка чиқишини сўраб ëзиш ҳақида “тепадан” оғзаки буйруқ берилганини билдирди.

Бу блогер “тепа” атамасига аниқлик киритиб¸ президент администрацияси таркибидаги ваколатли идора ва унинг раҳбари номини тилга олди.

(Бу иддаони қувватловчи далил ихтиëрида ҳозирча йўқлиги боис¸ Озодлик бу идора ва унинг раҳбари номини очиқламаëтир.)

Блогернинг айтишича¸ топшириқ Гулнора Каримованинг яқин орада озодликка чиқарилишига ижтимоий фикрни тайëрлаш ва унинг халқдан сўраган кечирими ижобий қабул қилингани “муждасини ëйиш” мазмунида бўлган.

Озодлик Каримберди Тўрамуроддан ўзига бошқа блогер айтган каби “тепадан” махсус кўрсатма берилган-берилмаганини сўраб мурожаат қилди.

“Буни бир социологик тадқиқот, сўровнома десангиз ҳам бўлади,” дея жавоб қайтарди Каримберди Тўрамурод”. Иқтибос тугади. [3].

Журналист Комилжон Шамшиддиновнинг биринчи ва охирги давлат котиби Раҳим Ражабов билан суҳбатида [5] мамлакатда завод ва корхоналар коррупция йўли билан қандай қилиб хонавайрон қилингани баён этилган бўлса, мухолифатчи сиёсатчи Сафар Бекжон Урганжийнинг “Ҳокимиятдаги 45 рахбар Швейцарияда блокланди” видеосида Ўзбекистоннинг 45 юқори лавозимдаги раҳбарларининг коррупция йўли билан орттирган маблағларининг, пулларининг Швейцария банкларида музлатилганлиги ошкора қилинганди. [6].

Марҳум диктатор Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг 1 миллиард АҚШ долларига яқин пул маблағлари ва мол мулклари ҳам Швейцарияда музлатилган эди. Шу музлатилган пуллардан 133 миллион АҚШ доллари миқдоридаги пуллари Ўзбекистонга қайтариладиган бўлди. [4. Гулнора Каримова ҳаммаси бўлиб 15 миллиард АҚШ доллари ўмарган.

Ўз ўзидан шундай савол туғилади, Ўзбекистонда коррупцияга қарши қандай курашса бўлади?

Коррупцияга қарши курашнинг энг самарали йўли-эркин, демократик сайловлардир. Эркин, демократик сайловлар ўтказиш учун бақувват ўрта синф, кучли фуқаровий жамият шаклланиши зарур.

Афсуски, Ўзбекистонда бақувват ўрта синф ва кучли фуқаровий жамият шаклланиши учун иқтисодий ва сиёсий эркинликлар таъминланган бўлиши керак.

Ўзбекистонда на мухолиф сиёсий партиялар рўйхатга олинган, на эркин матбуот, на эркин интернет, на мустақил суд тизими бор.

Мамлакатда мол мулк дахлсизлиги таъминланмаган, ҳокимият зўравонлиги ва адолатсизлик гуллаб яшнамоқда.

Зеро,Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [7].

Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 152-ўринда бўлган пайтда 51.5 баллга тенг эди, 2019-йилда эса 140-ўриндалагида 53.3га тенг.[8].

Дунё мамлакатлари орасида 12 поғонага кўтарилган бўлсада эркинлик кўрсаткичи атиги 1.8 баллга яхшиланган бўлиб ҳамон кўпроқ эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторида.

Сиёсий эркинлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 9 балл билан Тожикистон ( 9 балл ) даражасига эришган ва албатта Шимолий Кореадан ( 3 балл ), Туркманистондан ( 2 балл ) анча узоқлашган. Бироқ, дунёнинг энг эркин мамлакатлари Финляндия ( 100 балл ), Норвегия ( 100 балл ), Швециялардан ( 100 балл ) жуда кейинда ва ҳаттоки Афғонистон (27 балл), Эрондан (18 балл) ҳам сиёсий эркинликлар бўйича орқада. [9].

Умуман олганда Ўзбекистон ёмонларнинг энг ёмонлари бўлган 13 мамлакат қаторида.[10].

Ажойиб шоиримиз, марҳум Муҳаммад Юсуфнинг қалбларни титратгувчи “Тавалло” [12] шеърини гўзал ном билан “ Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон!” [13] деб мардонавор, қаҳромона руҳда куйлаган машҳур санъаткор Юлдуз Усмонова қўшиғини жон қулоғимиз билан тинглаймиз. Бу қўшиқ марҳум диктатор Ислом Каримов даврида ватанни ташқи душманлар, ички душманлар -террористлардан ҳимоя қилишга бағишланган сифатида куйланган,менимча.

Лекин, реал ҳаётда, бугунда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилмайдиган, зўравонлар, коррупционерлар томонидан ишғол қилинган, бошқарилаябди. Қисқаси, Ўзбекистон ватандошлари корруционерларнинг, ўмарувчиларнинг қуллари бўлиб қолишган.

Ҳа, айтганча Юлдуз Усмонованинг Кун.уз канали орқали “ЮЛДУЗ УСМОНОВА ГУЛНОРА КАРИМОВАНИ «СОҒ‘ИНИБ ҚОЛГАНЛАР»ДАН КЎЗЛАРИНИ КАТТА ОЧИШНИ СЎРАДИ” ( YULDUZ USMONOVA GULNORA KARIMOVANI «SOG‘INIB QOLGANLAR»DAN KO‘ZLARINI KATTA OCHISHNI SO‘RADI) санъаткорларга мурожаати, уларнинг хаддидан ошмасдан, Гулнора Каримовани “соғинмасдан” ўз ижодлари билан шуғулланишларини талаб қилгани, сўрагани мен учун жуда кутилмаган воқеа бўлди. [11].

Тавалло. [12].

Оқ йўргакка ўрагансан ўзинг бизни,

Ҳам оқ ювиб-тарагансан ўзинг бизни.

Бешигимиз узра бедор она бўлиб,

Кунимизга ярагансан ўзинг бизни.

 

Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон,

Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!..

Қалқонинг бор, ким қасд қилса гар жонингга,

Алпомишлар руҳи ёр ҳар ўғлонингга.

 

Асрагаймиз гиёҳинг ҳам гулдай ўпиб,

Ёвлар яқин йўлолмагай қўрғонингга.

Адойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон,

Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон.

 

Тузинг тотиб, унутганлар хор бўлади,

Кўзларига икки дунё тор бўлади.

Шодон даминг кўролмаган юртфурушлар

Бир кун бир кафт қумлоғингга зор бўлади.

 

Ёнингда тургаймиз сени, Ўзбекистон,

Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!..

Гул кўринган даштингдаги гиёҳ-хасдир,

Соддадил-у улуғворлик сенга хосдир.

 

Севамизки, чўлларинг ҳам бизга жаннат,

Тупроғинг ҳам Макка мисол муқаддасдир.

Онадек кўргаймиз сени, Ўзбекистон,

Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!

 

Ҳеч кимга бермаймиз сени Ўзбекистон. [13].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

28июнь, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Миромон Мирзиёев номли тиббиёт бирлашмасининг ўттиз ходими ишдан бўшатилаётганига норозилик билдирди. 20.06.2019. (https://www.ozodlik.org/a/prezident-otasi-nomidagi-tibbiyot-birlashmasida-norozilik/30010724.html ).

2. Миромон Мирзиёев номли тиббиёт бирлашмасининг ўттиз ходими ишдан бўшатилаётганига норозилик билдирди. 21.06.2019. (https://www.ozodlik.org/a/30012666.html ).

3. Уюштирилган кампания? Шоу бизнес вакиллари Гулнорага муҳаббат изҳор этишда янги пойга бошлади (ВИДЕО). 25.06.2019. (https://www.ozodlik.org/a/gulnora-karimova-instagram-rayhon-halima-ahongir-poziljonov-imon-karimova/30019578.html ).

4. Швейцария прокуратураси Каримова пулларидан $133 миллионини Ўзбекистонга қайтаришга қарор қилди. 24.06.2019. (https://www.ozodlik.org/a/gulnora-karimova-shvaytsariya-pullar/30016764.html ).

5. Xurshid Davron Kutubxonasi.Sobiq davlat kotibi Rahim Rajabov bilan suhbat – Xurshid Davron kutubxonasi. 13.05.2019. (https://www.youtube.com/watch?v=q3OOYrfxiGs ).

6. Safar Bekjon Urganjiy.Ҳокимиятдаги 45 рахбар Швейцарияда блокланди. 17. 03.2019. ( https://www.youtube.com/watch?v=Tk6SgEeABFY ).

7.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

8. 2019. Index of Economic Freedom.

( https://www.heritage.org/index/ranking ).

9. Freedom in the World 2019.

( https://freedomhouse.org/report/countries-world-freedom-2019).

10. Worst of the worst. 2019. ( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2019/democracy-in-retreat ).

11. YULDUZ USMONOVA GULNORA KARIMOVANI «SOG‘INIB QOLGANLAR»DAN KO‘ZLARINI KATTA OCHISHNI SO‘RADI. 27.06.2019. (https://www.youtube.com/watch?v=7xiOAjfN_nI ).

12. Muhammad Yusuf. Tavallo. ( Manba http://tafakkur.net/tavallo/muhammad-yusuf.uz ).

13. Yulduz Usmonova.Hech kimga bermaymiz seni O’zbekiston.(https://www.youtube.com/watch?v=hAS-TYZn95A ).