May 312019
 

Ўзбекистондаги сиёсий фирибгарлик ҳақида 3 мақола ва 3 видео чоп қилганимдан кейин мана яна 4-мақола ва 4-видеони чоп қилишни лозим топдим, чунки президент Шавкат Мирзиёев режимининг асл моҳиятини очиб берувчи воқеалар бўлиб ўтди. Бунга қуйидаги 5 далил яққол мисол бўла олади.

1-далил. ДХХ чегарадан киритмаган Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати Насрулло Саййидни ИИВ қидирувга берди. [1].

BBCдан иқтибос:”Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, мухолиф сиёсатчи Насрулло Саййид Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилди. Шу йилнинг 20 апрель куни Истанбулдан Тошкентга учиб борган собиқ депутат ДХХ томонидан Туркияга қайтариб юборилганди.

Тошкентдаги халқаро аэропорт ва бошқа жойларга осилган “Диққат қидирув” эълонларида Насрулло Саййид рўйхатнинг бошида турганини кўриш мумкин.

Эътиборли томони қидирувдаги депутатнинг ҳозирги манзили ва телефон рақамларигача берилган. Бундан ташқари депутат “мени ушланглар”, деб ўз оёғи билан Тошкентга учиб борган.

Би-би-си Ўзбекистон куч идоралари томонидан қидирилаётган Насрулло Саййидга, қидирув эълонида кўрсатилган рақамларга қўнғироқ қилиб боғланди.

“Масхарабозликни қаранг. Қидирилаётган шахс, қаерда эканлиги номаълум бўлгани учун қидирилмайдими? Улар менинг манзилим ва телефон номеримгача аниқ ёзиб қўйишибди. Келиб олиб кетишмайдими”, дейди у.

Насрулло Саййид Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларидан қочиб юрмагани, аксинча уларнинг олдига боришда ДХХ чегара хизмати тўсқинлик қилганини айтади.

У шу йилнинг 20 апрел куни Тошкент халқаро аэропорти келган вақтида ҳам қидирувда бўлган. Бироқ ДХХнинг чегара хизмати уни Ўзбекистон ичига киритмаган.

“Тошкентга учиб борганимда ДХХ хизматчисига “мени Ички ишлар ва Бош прокуратура қидирувга берган, рухсат бер уларнинг олдига ўтайин, мени ушлашсин”, дедим. Лекин гапимга қулоқ солмади. Мени Истанбулга қайтариб юборишди”, дейди Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати.

Насрулло Саййид Жиноят кодексининг 4 моддаси бўйича айбланиб қидирувга берилган:

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш, қонунга хилоф равишда жамоат бирлашмалари тузиш, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш ҳамда диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш”. Иқтибос тугади. [1].

2-далил. Ўзбекистонга бораолмаётган мухолифат фаоли Исоқжон Зокиров. [2].

Америка овозидан иқтибос: “Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги консуллиги маълумотига кўра,шу йилнинг январь-апрель ойларида 3,5 мингга яқин америкалик электрон виза олиб, Ўзбекистонга борган. Бу ўтган йилгига нисбатан 145 фоиз. Бироқ виза ололмаётганлар ҳам йўқ эмас. Улардан бири асли ўзбекистонлик Исоқжон Зокиров”. Иқтибос тугади.[2].

3-далил. Фахриддин Тиллаев: қамоядаги йилларим учун 25 млн сўм коммунал тўловни тўла, дейишяпти. [3].

BBCдан иқтибос:”Мухолифат ва инсон ҳақлари фаоли Фахриддин Тиллаевга кўра, Мажбурий Ижро бюроси ўзидан 32 миллиондан ортиқ сўмни ноқонуний ундиришга ҳаракат қилаяпти, шундан 25 миллиони у қамоқдалигида тўпланиб қолгани айтилаётган коммунал тўловлар.

“Мен 2018 йил 12-май куни озодликка чиққанимдан кейин Ўзбекистон Республикасининг Бош Прокуратураси қошида ташкил этилган “Мажбурий Ижро Бўлими” бир гуруҳ ходимлари томонидан мени таъқиб ва тазйиққа олиш бошланди”, дейилади Фахриддин Тиллаев мурожаатида.

Мажбурий Ижро бюроси Фахриддин Тиллаевдан 7 миллион 235 минг 500 сўмни ундиришни хоҳламоқда.

Бу Жиноят ишлари бўйича Ҳамза туман судининг 2012 йили инсон ҳуқуқлари фаолига тайинлаган жаримаси бўлган.

2012 йил 22 сентябрида Тошкент шаҳридаги Қўйлиқ бозорида “Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси” анкеталарини ёлланма ишчилар орасида тарқатаётган Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиёзов милиция томонидан ҳибсга олинган эдилар.

Фаоллар мардикорларни йиғиб уларнинг ўз ҳуқуқлари борасида тушунтириш ишлари олиб бораётганларини айтишган.

23 сентябрь куни суд Фахриддин Тиллаев, Нураддин Жуманиёзов ва Абдулла Тожибой ўғлини Ўзбекистон Маъмурий Кодексининг 202-банди – ноқонуний ташкилот, оқим ёки сектага киришга ундашда айбдор деб топиб, ўша пайтдаги энг кам иш ҳақининг 100 бараварига жаримага тортиш ҳақида қарор чиқаради.

Ўша пайтдаёқ фаоллар ушбу қарорнинг Ўзбекистон Конституциясига зид қарорлигини таъкидлаган эдилар.

2014 йил январида маҳкама Фахриддин Тиллаев ва Нураддин Жуманиёзовни “одам савдо”сида айбдор деб топиб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этди.

Мустақил “Мардикорлар касаба уюшмаси” марҳум президент Ислом Каримовнинг 2013 йилда меҳнат муҳожирларини “дангаса” деб аташини қоралаб чиққанди”. Иқтибос тугади.

Яна BBCдан иқтибос:”Фахриддин Тиллаевнинг шафқатсиз қийноқларга солингани хабарлари тарқалди.

У тутқунликда саломатлиги ёмонлашганини айтади.

Фахриддин Тиллаев 2018 йил май ойида озод этилганидан сўнг ўзи пропискада турадиган Тошкентнинг Чилонзор туманидаги квартира коммунал тўловлари учун 25 миллион сўм қарздорлиги ҳақидаги қоғозларни олган.

“Нега энди мен қамоқда бўлсам ҳам, “коммунал тўлов”ларини тўлашим керак экан…?” Бу-мантиққа тўғри келмайди-ку?”, дейди собиқ сиёсий тутқун”. Иқтибос тугади. [3].

4-далил. Халқаро ташкилотлар ўзбек ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди. [4].

Озодликдан иқтибос: “Amnesty International, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоячилари, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти, Норвегия ва Польша Хельсинки қўмитаси Ўзбекистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячилари Аъзам Турғунов ва Дилмурод Саййидни таъқиб қилиш ва қўрқитишни тўхтатишга чақирди.

Қўшма баёнотда айтилишича, бу икки фаол доимий равишда махсус хизматларнинг кузатуви остида яшамоқда, улар мунтазам тарзда таҳдидларга учрамоқда.

Баёнотда Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти ходимлари Ўзбекистонга 2018 йилнинг октябрида борганларида фуқаролик кийимидаги шахслар Турғуновнинг уйини кузатаётганларини кўрганлари айтилади.

Жорий йилнинг март ойида махсус хизмат ходими Турғуновга автомобиль авариясига учраши мумкинлиги билан таҳдид қилди. Саидовни эса ҳуқуқбонлик фаолиятини тўхтатмаса руҳий касалликлар шифохонасига ётқизиш билан қўрқитишди”, дейилади баёнотда.

Баёнотда Аъзам Турғунов, Дилмурод Саид ва Аъзам Фармонов таъсис этган “Адолатни тиклаш” ҳуқуқ ташкилотини ҳукумат рўйхатга олишдан бош тортгани ҳам танқид қилинди. Фаоллар мазкур ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун 28 февраль куни ариза берган, 29 март куни эса ҳукумат бу ташкилотни рўйхатга олишни рад этган”. Иқтибос тугади. [4].

5-далил. Журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонқулованинг президент Шавкат Мирзиёевга мурожаати. [5].

Мурожаатдан иқтибос:”МАЛОҲАТ ЭШОНҚУЛОВА: “МАНЗИЛГА ЕТИБ КЕЛДИКМИ, ҲУРМАТЛИ ПРЕЗИДЕНТ?”

(Шавкат Мирзиёевга Очиқ хат)

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сиз тайинлаган ҳокимлар орасида фуқаронинг уйини, дўконини ёки корхонасини бузмагани, фермернинг ерини тортиб олмагани қолдими? Қаерга қарама, ҳоким фуқаронинг уйига бульдозер торттирган, дўконини текислаган ёки экинини пайхон қилган. Сиз тайинлаган ҳокимлар Ўзбекистон тарихида “уйбузар”, “дўконбузар” ва “ербузар” номини олиб улгурди-ку!

Сиз тайинлаган айрим ҳокимлар макру ҳийла ишлатмасдан, алдамасдан ишлай олмайдими? Қай бирига қарама, оддий одамларни қақшатгани қақшатган, уларнинг қулоқларига лағмон илгани илган!

Республикадаги барча ҳокимларни шахсан ўзингиз тайинлашингиз сир эмас. Бу лавозимларга ишончингизга кирган одамларни қўйишингизни ҳам биламиз. Сиз туғилиб ўсган Зомин туманига бошқалардан яқинроқ кишингизни ҳоким қилиб қўйганингизга ҳам шубҳам йўқ.

Шу йилнинг 18 май куни Зомин тумани ҳокими Алишер Абдуғаниев ҳокимият юристи Акбар Ўралов ҳамда Ички ишлар бўлими терроризимга қарши кураш бўлинмаси бошлиғи Нуриддин Ҳайдаровларни ёнимга жўнатиб, мени ўз ҳузурига чақиртирди.

Абдуғаниевнинг чопарлари менга: “Зоминлик Нишонбой Худойбердиевнинг уйи бузилиши билан боғлиқ масала юзасидан ҳокимиятда келишув бўлади. Ҳоким бува сизни кузатувчи сифатида иштирок этишингизни сўраяпти. Ҳоким Нишонбой Худойбердиевга етказилган зарарни беради. Сизда адолат тиклангани ҳақида янги лавҳа қилиш имконияти пайдо бўлади”, – дейишди.

25 май куни Зомин тумани ҳокимиятига борганимда, Абдуғаниев томонидан алданганлигимни англадим. Чунки ҳеч қандай келишув ҳам, йиғилиш ҳам бўлмади. Ҳоким эса қорасини ҳам кўрсатмади.

Туман ҳокимиятининг хотин-қизлар қўмитаси раиси Нодира Файзиеванинг хонасига кутаётганим ҳокимбува ўрнига комуфляж кийган, ярми фуқаро кийимидаги, қолган ярми милиция формасидаги 7-8 киши қўлида кишан ва видеокамера билан бостириб кирди. Воҳид Эшбеков деган терговчи ҳокимият биносида мени тергашни бошлади.

Қачондан бери терговчиларнинг дастлабки суриштирув ишлари туман ҳокимиятида олиб бориладиган бўлди? Бу ҳол ҳоким Алишер Абдуғаниевнинг инновацион ташаббусими? Дастлабки суриштирув ишлари воқеа содир бўлган жой, яъни Тошкентда ўтказилиши кераклиги ҳақидаги қонун талаби қаерда қолади унда? Ёки Зомин тумани ҳокими, ИИБ ва прокуратура раҳбарлари қонунни сариқ чақага ҳам олишмайдими?

Эмишки, мен туманда ноқонуний уй ва дўконлар бузилиши ҳақида лавҳа тайёрлаб, президентнинг ишончли вакили бўлмиш Алишер Абдуғаниевни эл олдида обрўсизлантирган эмишман”. Иқтибос тугади. [5].

Юқоридаги келтирилган далиллар шуни кўрсатадики, президент Шавкат Мирзиёев режими ватандошларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини Ўзбекистон Республикаси конституицияси бўйича ҳурмат қилиш ўрнига, аксинча уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини оёқ ости қилаябди, таъқиб қилаябди, тайзиқ ўтказябди. Насрулло Саййидни ДХХ мамлакатга киргазмади, ИИВ қидирув эълон қилди. Исоқжон Зокировга эса Ташқи ишлар вазирлиги ва ДХХ кириш визаси бермаябди.

Фахриддин Тиллаев эса Бош прокуратура ва МИБ ( Мажбурий ижро бюроси) томонидан таъқибга учрамоқда. Ҳуқуқбонлар Дилмурод Саййид, Аъзам Турғунов ва Аъзам Фармоновларнинг эса ДХХ ва Адлия вазирлиги томонидан конституцион ҳуқуқ ва эркинликлари оёқ ости қилинмоқда.

Журналист ва ҳуқуқбон Малоҳат Эшонқулованинг ҳуқуқлари туман ҳокими, туман куч ишлатар ходимлари ва хотин-қизлар қўмитаси томонидан оёқ ости қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси конституцияси бўйича: [6].

13-модда.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

Ўзбекистонда мухолифатчилар, ҳуқуқбонлар ва мустақил журналистлар таъқиб ва тайзиқларга учрар экан, мамлакатда қонун устиворлиги ҳақида сўз юритишнинг ўзи мантиқсиз.

Мен аввалги мақола ва видеоларимда ҳам мухолифатчилар, ҳуқуқбонлар ва мустақил журналистларнинг президент Шавкат Мирзиёев режими томонидан қандай таъқиб ва тайзиқларга учрагани ҳақида мисолларни келтирган эдим.

Хусусан,сиёсатчи Насрулло Саййид,инсон ҳуқуқи ҳимоячилари Муҳиддин Қурбонов, Рафиқ Ғаниев, журналист Галима Бухорбоева, тадбиркор Бобир Ҳасанларнинг Ўзбекистонга киритилмаганлиги ва адиб,журналист,сиёсатчи Жаҳонгир Муҳаммадга Ўзбекистонга бориш учун кириш визаси берилмаганлиги ва бошқа мен билмаган кўп виза бермасликлар, Ўзбекистонга киритмасликлар президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатда фуқаровий жамиятнинг оёққа туришига, сиёсий мухолифатга,сиёсий рақобатга йўл беришни хоҳламаётганлигини яққол, аниқ тиниқ кўрсатади.

Буларга Бирдамлик халқ демократик партиясининг қурултойини 2018 йилнинг ноябрь ойида Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қозоғистон хавфсизлик идораларининг ҳамкорликда ўтказилишига оўл қўймаганлиги ва мухолифатчи Сафар Бекжон Урганжийнинг 2018 йилда Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилиши президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий рақобатга,сиёсий мухолифатга тоқати йўқлигини янада очиқроқ,янада тиниқроқ кўрсатади.

Бу дегани Ўзбекистонда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий жабҳаларда рақобат бўлмайди, коррупция гуллаб яшнайди, мамлакатнинг ўта иқтисодий қолоқликдан чиқиб кета олиши катта савол остида қолади???

Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [7].

Коррупция гуллаб яшнаётган мамлакатга ҳалол чет эллик тадбиркорлар инвестиция, сармоя киритмайди. Мамлакат иқтисоди ривожланмайди.

Дарҳақиқат,Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам (7,48).

Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси ($7,810) дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан ($18,961) 2 баравардан кўпроқ кам (2,43).

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсисдан 7 баравардан кўпроқ, Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан 2 баравардан кўпроқ орқадалигини баралла ўта иқтисодий қолоқ дейишга мажбур бўламиз. [8,9].

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch va Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [10,11].

АЖБ ЯИМ 1,460 АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон 10-20 йиллар олдин жуда қолоқ бўлган Ҳиндистон (АЖБ ЯИМ 2,188), Нигерия (2,244) ва ҳаттоки Бангладешдан (1,882) ҳам орқада қолиб кетди.

Ўзбекистон фақат 40 йилдан бери уруш бўлаётган Афғонистон (АЖБ ЯИМ 577) ва 5 йил фуқаролар уруши бўлган Тожикистондан ( АЖБ ЯИМ 815) олдиндалиги билан фахрлана олади.[10].

Ўзбекистон мустақил бўлганига 28 йил, қарийб 30 йил бўлябди.

Ҳануз мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди, жамият коррупция ботқоғига ботган, ўта иқтисодий қолоқ, сиёсий фирибгарликларга, сохтагарчиликларга тўла.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

31май, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистон: ДХХ чегарадан киритмаган парламент собиқ депутатини ИИВ қидирувга берди. 26.05.2019. ( https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-48415030 ).

2. Amerika ovozi.O’zbekistonga bora olmayotgan o’zbekistonliklar. 27.05.2019. ( https://www.youtube.com/watch?v=9_ObhPaNxDE ).

3. Ўзбекистон: қамоқдаги йилларим учун 25 млн сўм коммунал тўловни тўла, дейишаяпти. 27.05.2019.( https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-48422976

4. Халқаро ташкилотлар ўзбек ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячиларини таъқиб қилишни тўхтатишга чақирди. 16.05.2019. (https://www.ozodlik.org/a/29943587.html ).

5. Малоҳат Эшонқулова: “Манзилга етиб келдикми, ҳурматли президент?”. 26.05.2019.( http://uzxalqharakati.com/archives/62846 ).

6. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

7.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

8. International Monetary Fund. 2019.GDP per capita, current prices. U.S. dollars per capita(https://www.imf.org/external/datamapper/NGDPDPC@WEO/OEMDC/ADVEC/WEOWORLD ).

9. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).

10. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).

11. Первый суверенный кредитный рейтинг от Fitch оказался благосклонен к Узбекистану. 21.12.2018. (https://fergana.agency/news/103789/ ).