May 242019
 

Менинг охирги 2 мақолам ва видеоларим сиёсий фирибгарликка бағишланган эди. Мен яна 3-марта сиёсий фирибгарлик ҳақида мақола ёзишни лозим топдим. Чунки, Ўзбекистонда бўлаётган воқеалар сиёсий фирибгарликнинг моҳиятини яққол очиб беради. Қуйидаги 4 далил бунинг аниқ тиниқ исботидир.

1-далил. Фарғоналик “экологлар” “экологик партия”га аъзо бўлишга мажбурланмоқда. [1].

Озодликдан иқтибос: “Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг айрим ходимлари Озодликка “Ўзбекистон Экологик партияси” га аъзо бўлишга мажбурланганликларини хабар қилди.

Бошқарманинг исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган ходими ўзи ва ўнлаб ҳамкасби ишдан ҳайдалиш ҳақидаги пўписалар билан “Ўзбекистон Экологик партияси” аъзосига айлантирилганини айтди.

Улардан партияга ҳар ой 2200 сўмлик аъзолик бадалини тўлашга розилиги ҳақида ҳам тилхат олинган.

Ўзбекистон Экологик партияси” Марказий Кенгашининг Озодлик гаплашган мулозими партияга аъзоларни жалб этиш мутлақо ихтиёрий бўлаётганини айтди.

Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган ходими “Ўзбекистон Экологик партияси” аъзоларни қабул қилиш партия устави ва мамлакат конституциясига зид тарзда амалга оширилаётганини айтди.

Экологик ҳаракат” негизида яқинда “Экологик партия” тузилганди. 400 мингта аъзоси бўлмаса¸ партия бўлмас экан. Шунга булар бошлиғимизни ўртага қўйиб бизни ҳаммамизни, мутлақо қонунчиликка зид тарзда аъзо қилдиришаяпти. Аъзо бўлишдан бош тортганларни рўйхат қилиб, раҳбарнинг столига қўйишар экан. Қўрқиб ҳамма аъзо бўлаяпти”.

Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг яна бир ходими илгари бошқа партияга аъзо бўлиб қўйганлар ҳам “Ўзбекистон Экологик партияси”га аъзо қилдирилаётганини айтади.

Бизга ҳар ой взнос тўлаш ёқмаяпти. Ҳозирча бир ойда 2200 сўм бўлиб, йил сайин ортиб борар экан бу. Шунақа план қўйишган, 100 фоиз ҳамма шу партиянинг аъзоси бўлиши керак экан. Илгари бошқа партияга аъзо бўлиб қўйганларни ҳам мажбурлашяпти. Ҳужжатларни тўлдиришга ҳам одамларни олиб келишган, анкеталарни ўзлари тўлдириб, партияга қўшиб қўйишяпти”.

Фарғона вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими идоранинг аксар ходими “Ўзбекистон Экологик партияси” аъзолигига қабул қилинганини тасдиқлади”. Иқтибос тугади. [1].

2-далил. Ноқонуний кесилган 40 чинор. [2].


Озодликдан иқтибос: “НАРПАЙ. “Самарқанд вилояти Нарпай тумани Ислом шоир даҳасидан ёзмоқдамиз. Даҳамизда 40 туп чинор ноқонуний кесилди. Билишимизча, дарахтларни ноқонуний кесганларга жарима белгиланган. Аммо жарима ундирилмади. Хўш, зарар қачон қопланади? Пул-ку ундирилади, аммо кесилган дарахтларни ўрни нима билан тўлдирилади?”

(Бу хабар Озодликка 13 май куни келди)”. Иқтибос тугади. [2].​

 

 

3-далил. Бухоро-”Бу йўлларда машина тугул пиёдалар юролмайди”. [3].

 

Озодликдан иқтибос:”ҚОРАКЎЛ. “Бухоро вилояти Қоракўл тумани Қозон қишлоғининг асосий автомобиль йўли абгор аҳволда. Бу йўлларда машина тугул пиёдалар ҳам юролмайди!”

(Бу хабар Озодликка 20 май куни келди)”.Иқтибос тугади. [3].

4-далил. Президент келишига экилган гулларни суғоришга чиқарилган уч ҳашарчи аёл, машина уриб, ҳалок бўлди. [4].

Озодликдан иқтибос: “Андижон вилоят, Асака туманининг ободонлаштириш бўлимига ёрдам сифатида маҳалладан юборилган, катта йўл четидаги гулларни суғораётган уч нафар аёлни 16 май куни эрталаб Cobalt автомобили босиб кетди.

Аёллардан икки нафари воқеа жойида ҳалок бўлди, бир нафари эса касалхонада вафот этди.

Аёллар президент ўтиши эҳтимоли бўлган автомобиль йўли четида ишлаётган бўлган. Шу куни Андижон вилоятига президент Мирзиёев келди.

Асака туман ички ишлар бўлимидан олинган маълумотга кўра, автомобиль ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетган ва қидирув эълон қилинган.

Ўзбекистон президенти 16 май куни Андижон вилоятига сафар қилди.

Шу куни эрта тонгдан Асака туманининг ободонлаштириш бўлими ишчилари ва маҳалладан юборилган аёллар президент ўтиш эҳтимоли бўлган йўлларни тозалашга, экилган гулларни суғоришга сафарбар қилинди.

Асака туманининг Дастурхончи қишлоғида яшайдиган, исми сир қолишини сўраган маҳалла фаолларидан бирининг айтишича, уларнинг қишлоғидан юборилган уч аёлни машина босиб кетган:

Бизнинг маҳалладан ҳам аёллар ободонлаштириш ишларига жалб қилинган эди. Йўл четидаги гулларга сув қуйишга чиқарилган. Бугун эрталаб, Қадим қипчоқ йўлида аёлларни машина уриб юборибди, деган хабарни эшитганимдан сўнг воқеа жойига бордим. Ўша ердаги қизлардан бири билан суҳбатлашдим. Унинг айтишича, катта тезликда келган Кобалт машинаси Омадхон, Фазилатхон, Барчин опаларни уриб юборибди. Омадхон билан Фазилатхон ўша жойнинг ўзида жон таслим қилибди, Барчин опани эса йўловчилардан бири машинада касалхонага олиб кетибди. Ҳозиргина у опанинг ҳам вафот этганини эшитдик. Кобалт ҳайдовчиси воқеа жойидан қочиб кетган”.

Асака туман ободонлаштириш бўлимида ишлайдиган, исми сир қолишини сўраган ишчилардан бирининг айтишича, бу аёллар доимий ишчи бўлмаган:

Бу аёллар жамоатчиликдан келган аёллар, ободонлаштириш бўлимининг доимий маош олиб ишлайдиган ишчилари эмас. Уларни бригада қилиб, сариқ форма бериб ишлатишади”.

Ўзини Валижон деб таништирган Асака туман ободонлаштириш бўлимининг бошлиғи Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортиб, алоқани узиб қўйди”. Иқтибос тугади. [4].

Юқорида келтирилган 1-далил, яъни мамлакат ватандошларининг “Ўзбекистон экологик партияси”га мажбуран аъзо қилиниши президент Шавкат Мирзиёев авторитаризмининг яна бир сиёсий фирибгарлигидир.

Сохта Ўзбекистон экологик партияси 2-далилда келтирилганидек 40 чинорнинг ноқонуний кесилишини сезмайди, билмайди. Бу партия “Ўзбекистон экологик ҳаракати” бўлган йиллар ҳам ( 2008-2019 йил 8-январгача) мамлакатда чинорларга қирон келтирилганда ҳам, дарахтларга қирон келтириш авжга чиққан кунларда ҳам, Орол экологик фожеаси ҳақида ҳам ҳеч нарсани сезмаган, билмаган, ҳимоя қилмаган.

Ўзбекистонда ҳамма нарса сохта, ҳаракатлар ҳам, партиялар ҳам, касаба уюшмалари ҳам, фермерлар ҳам, хотин қизлар қўмитаси ҳам, парламент ҳам, суд тизими ҳам, фуқаровий жамият ҳам.

Ўзбекистон Республикаси конституцияси бўйича: [5].

13-модда.

Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади.

Афсуски, реал ҳаётда мамлакатда президент Шавкат Мирзиёевнинг авторитар режими ҳукмрон.

Фуқаровий эркинликлар чегараланган, эркин, демократик сайловлар йўқ.

Ўзбекистондаги сохта фуқаровий жамият 40 та чинорнинг ноқонуний кесилишини, йўлларнинг абгорлигини, 3 аёлнинг мажбурий меҳнатга жалб қилинганлигини кўрмайди. Сохта фуқаровий жамият кўзбўямачилик билан машғул.

Оқибати, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди. Ўзбекистонда коррупция гуллаб яшнамоқда. Мамлакат иқтисоди ўта қолоқ.

Зеро, сиёсий эркинлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 9 балл билан Тожикистон ( 9 балл ) даражасига эришган ва албатта Шимолий Кореадан ( 3 балл ), Туркманистондан ( 2 балл ) анча узоқлашган. Бироқ, дунёнинг энг эркин мамлакатлари Финляндия ( 100 балл ), Норвегия ( 100 балл ), Швециялардан ( 100 балл ) жуда кейинда ва ҳаттоки Афғонистон (27 балл), Эрондан (18 балл) ҳам сиёсий эркинликлар бўйича орқада. [6].

Умуман олганда Ўзбекистон ёмонларнинг энг ёмонлари бўлган 13 мамлакат қаторида.[7].

Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [8].

Коррупция гуллаб яшнаётган мамлакатга ҳалол чет эллик тадбиркорлар инвестиция, сармоя киритмайди. Мамлакат иқтисоди ривожланмайди.

Дарҳақиқат,Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам (7,48).

Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси ($7,810) дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан ($18,961) 2 баравардан кўпроқ кам (2,43).

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсисдан 7 баравардан кўпроқ, Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан 2 баравардан кўпроқ орқадалигини баралла ўта иқтисодий қолоқ дейишга мажбур бўламиз. [9,10].

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch va Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [11,12].

АЖБ ЯИМ 1,460 АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон 10-20 йиллар олдин жуда қолоқ бўлган Ҳиндистон (АЖБ ЯИМ 2,188), Нигерия (2,244) ва ҳаттоки Бангладешдан (1,882) ҳам орқада қолиб кетди.

Ўзбекистон фақат 40 йилдан бери уруш бўлаётган Афғонистон (АЖБ ЯИМ 577) ва 5 йил фуқаролар уруши бўлган Тожикистондан ( АЖБ ЯИМ 815) олдиндалиги билан фахрлана олади.[10].

Ўзбекистон мустақил бўлганига 28 йил, қарийб 30 йил бўлябди.

Ҳануз мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинмайди, жамият коррупция ботқоғига ботган, ўта иқтисодий қолоқ, сиёсий фирибгарликларга, сохтагарчиликларга тўла. Наҳотки бундай абгор ҳолат, Ўзбекистон ватандошларининг жонига тегмаган?!

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

24май, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Фарғоналик экологлар “Экологик партия”га аъзо бўлишга мажбурланмоқда. 21.05.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-ekologik-partiya-majburlash/29954639.html ).

2. CАМАРҚАНД – “Ноқонуний кесилган 40 туп чинорнинг зарарини ким қоплайди?”. 21.05.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/sizdan-telegram-daraxt/29954179.html ).

3. БУХОРО – “Бу йўлларда машина тугул пиёдалар юролмайди!” . 21.05.2019.

( https://www.ozodlik.org/a/sizdan-telegram-yullar/29952160.html ).

4. Президент келишига экилган гулларни суғоришга чиқарилган уч ҳашарчи аёл, машина уриб, ҳалок бўлди. 16.05.2019. (https://www.ozodlik.org/a/uch-hasharchi-ayolni-mashina-bosdi/29944452.html ).

5. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

6. Freedom in the World 2019.

( https://freedomhouse.org/report/countries-world-freedom-2019).

7. Worst of the worst. 2019. ( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2019/democracy-in-retreat ).

8.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

9. International Monetary Fund. 2019.GDP per capita, current prices. U.S. dollars per capita(https://www.imf.org/external/datamapper/NGDPDPC@WEO/OEMDC/ADVEC/WEOWORLD ).

10. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).

11. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).

12. Первый суверенный кредитный рейтинг от Fitch оказался благосклонен к Узбекистану. 21.12.2018. (https://fergana.agency/news/103789/ ).