May 102019
 

Охирги пайтларда Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида фирибгарлик бўйича жиноий ишлар очмаслик, тергов ишлари олиб бормаслик, ички ишлар профилактика инспекторларининг маошлари миқдорининг улар ундирган жарималар миқдорига боғлиқ қилиб қўйилганлиги , коррупционер инвесторларга мамлакатга инвестициялар киритишга кенг йўл очилгани ва сохта иш ўринлари яратишга олиб келувчи юқоридан буйруқлар пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тез тез ёритилябди.

1.Фирибгарлик. Жарималар. [1].

Озодликдан иқтибос: “Озодликка мурожаат қилган Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари¸ айни пайтда¸ оддий ўзбекистонликлар¸ айни кунларда Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик бўйича тушган аризаларни расмийлаштириш тўхтатилганини билдирди.

Улар таъкидича¸ бу жараëн жиноятчилик бўйича статистикани камайтириш мақсадида қилинмоқда.

Айни пайтда¸ профилактика инспекторлари аҳолини маъмурий қонунчиликни бузганликда айблаб¸ уларни жаримага тортиш бўйича махсус план берилгани ва уларнинг ойлик олиш-олмаслиги ана шу планнинг бажарилишига қарам бўлиб қолганини билдирди.

Бу маълумот ва шикоятлар юзасидан ИИВ Матбуот хизматидан муносабат олишнинг имкони бўлмади – вазирлик расмий сайтида мазкур хизмат учун берилган телефон рақамларига 6 май куни ҳеч ким жавоб бермади.

Фирибгарлик Ўзбекистонда жиноят бўлмай қолди…ми?

Озодликка мурожаат қилган Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги тизими ходимлари ўзларининг Тошкент шаҳар¸ қолаверса¸ айрим вилоятларда профилактика инспектори бўлиб ишлашларини билдирди.

Ишдан ҳайдалиш ва раҳбарият қаҳрига учраш таҳдиди боис¸ улар шахслари очиқланмаслигини сўради.

Озодликка бир-биридан мустақил равишда гапирган бу расмийларга кўра¸ президентга жиноятчиликни камайтирдик¸ деб ҳисоб беришни мақсад қилган жорий кампания боис ўз ҳудудларида Жиноят кодексининг 168-моддаси – фирибгарлик бўйича тушаëтган аризаларни қабул қилиш ва улар асосида жиноят иши қўзғатиш деярли тўхтатилган.

Ҳозирги кунда қўлимизда 100 миллион сўмлик фирибгарлик¸ ëки оғир турдаги тан жароҳати билан боғлиқ аризалар бор¸ лекин бошлиғимиз қабул қилдирмаяпти. Мабодо терговга ўтказаман¸ десангиз¸ дарров “тизимга душманмисан” деб бошлайди. Терговга материал ўтказмасак¸ унда тергов хизмати нима керак? Терговчи ходимлар ҳам қўрқиб юришибди¸ материал беришмаяпти¸ дело чиқармаяпмиз¸ охири нима бўларкан¸ деб. Жиноятчилик фалон фоизга камайди¸ деб катта раҳбарларимиз алдашни билишади¸ аслида жиноят иши қўзғатмай¸ келган аризанинг ечимини ечмай¸ сохтакорлик қилишаяпти”¸ дейди Тошкент шаҳар туманларидан бирида профилактика инспектори бўлиб ишлаëтган ҳуқуқшунос.

Амалдаги Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасида “Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш” жиноят деб белгиланган ва бу жиноятга “энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солишдан то 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди”¸ дейилади ЖКнинг 168-моддасида жумладан.

Фирибгарликни қайдга олмаслик оғир жиноятлар кўпайишига сабаб бўлади”

Ўзбекистон ИИВ тизими мулозимларидан бири – оддий профилактика нозиридан келган бу маълумотнинг ҳақиқат экани ва бу жараëн илдизи президентнинг “жиноятчиликни камайтирасан¸ ëки ишдан кетасан”¸ деб ИИВ ва прокуратура раҳбарларига берган буйруғига бориб тақалишини айтди:

Фирибгарлик бўйича жиноят иши очмаслик фақат Тошкент эмас¸ ҳамма жойда бўлаëтган гап. Жиноятчилик¸ унинг қачон ва қандай ошиб-камайиши ҳақида тушунчага эга бўлмаган одамлардан чиққан бу ташаббус ва буйруқ¸ ниҳоятда хатарли. Уйи¸ машинаси¸ катта пулини мошенниклар олиб¸ жазосиз қолса¸ одамлар адолат истаб қаерга боради? Самосуд бошланади – улар фирибгарлар билан ўз билганича разборка қилишга ўтади – бориб пичоқлашади¸ уйига ўт қўяди¸ машинасини ëндиради¸ ҳатто ўлдиришгача боради. Иккинчи йўл¸ кўча – мафияга бош уриб боради – ака фалончидан фалон пулимни олиб беринг¸ фалон фоизи сизники деб. Яқин орада жиноятчиликни камайтиришнинг бундай нопрофессионал ëндашувининг қанчалик хавфли эканини яшириб бўлмай қолади – оғир турдаги жиноятлар кўпайиб кетади”¸ дейди жиноят қидирув соҳаси мутахассиси.

Озодликка Тошкент ва Наманган вилоятидан мурожаат қилган оддий ўзбекистонликлар¸ ўзларини чув туширган фирибгарлик устидан берган шикоят аризаси рўйхатга олинмаганини билдирдилар.

Профилактика инспектори менинг аризам бўйича жиноят иши очишни сўраб ИИБ бошлиғи номига ариза ëзди. Аммо бошлиқ¸ менинг мурожаатим бўйича суриштирув натижасида унда “жиноят аломатлари йўқлиги ва шу боис¸ жиноят иши очмаслик ҳақида қарор қабул қилган”ини билдирди. ИИБ бошлиғи хатининг охирида¸ норози бўлсангиз¸ асослантирувчи далиллар билан Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилишингиз мумкин¸ деб ëзипти. Бу жиноятчиликни хаспўшлаш ва аризачининг устидан кулишдан бошқа нарса эмаску!”¸ дейилади Намангандан Озодликка юборилган мурожаатда.

(Бу мурожаатга ариза¸ профилактика инспектори баëнномаси ва ИИБ бошлиғининг расмий жавоби илова қилинган – таҳр.)

Катта жиноятларни хаспўшлаб¸ маъмурий протокол бўйича план қўйишди”

Озодликка мурожаат қилган профилактика инспекторлари¸ фирибгарлик бўйича мурожаатларни бости-бости қилиш билан айни пайтда¸ аҳолини маъмурий қонунбузарлик учун жаримага тортиш бўйича план белгиланганини билдирди.

Президент 10 январь кунги селекторда¸ қайси маҳаллада жиноятчилик камайса¸ инспекторига мукофот бер¸ деди. Булар тескарисини қилаяпти – қаердан бўлса ҳам баҳона топиб¸ маъмурий протокол тузасан¸ бўлмаса ойлик йўқ¸ дейди. Биз топ деса¸ баҳона топишимиз мумкин¸ лекин халкниям ўйлаш керакку! Халқни ҳимоя қилиш ўрнига¸ кўчадаги бир бечорани протокол қилиб¸ бола-чақасини ризқини қийиш керакмаску. Кейин халқ бизни ëмон кўрадида!”¸ дейди Озодликка боғланган инспекторлардан бири”. Иқтибос тугади. [1].

2.Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўзбекистонлик олигархга берилди. [2].

Озодликдан иқтибос: “Президентнинг махсус қарори билан Фарғона водийсидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводининг 100 фоизлик улушига эгалик ҳақини олган Индонезиянинг «РТ Trans Asia Resources» ширкати эгалари асли ўзбекистонлик Аслановлардир.

Ҳозирга қадар расмий матбуотда “соҳада катта тажрибаси, жаҳон бозорида ўз ўрни бор” хорижий инвестор деб тақдим этилган «РТ Trans Asia Resources» ширкати эгаси Аъзам Асланов Мирзиëевнинг Фарғона нефтни қайта ишлаш заводига қилган ташрифи чоғида у билан учрашди.

Президент матбуот хизмати “инвестор” деб исми-шарифини очиқламаган Асланов ширкати ва Тошкент ҳукумати билан тузилган келишувга мувофиқ “заводга жорий йилнинг ўзида камида 300 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этилади. Бу маблағ эвазига икки ой давомида ҳозирда ишламай турган 11 қурилманинг 7 тасидан фойдаланиш тикланади. Бунинг натижасида 7 минг 100 та иш жойлари сақлаб қолинади”.

Асли ўзбекистонлик деб айтиладиган Аслановлар ва уларнинг бизнесига оид очиқ манбаларда деярли маълумот йўқ – Фарғона заводига 875 миллион доллардан кўпроқ инвестиция киритиши айтилаëтган «РТ Trans Asia Resources» ширкатининг расмий сайти ҳам мавжуд эмас”. Иқтибос тугади. [2].

3.Президент фарғоналикларни қалбаки ишларга мажбурлаб кетди. [3].

Озодликдан иқтибос:”ФАРҒОНА. 7 май куни Фарғона вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев соат 9.30 да бошланган йиғилишини 13.30 да тугатди.

Йиғилиш якунида 3 та нарса аниқ бўлди:

1. Фарғона вилоятида Фақвулодда ҳолат эълон қилинади. Бу бўйича Прездент девони раҳбари Низомидддин Шахобиддиновичга қарор тайёрлаш топширилди. Бу қарорга биноан ҳамма вилоятда хар қандай иш “фавқуллодда ҳолат” ҳолатида бажарилади. Рахбарларнинг ўз ишига бўлган масъулияти оширилади.

2. Риштон тумани бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори тайёрланади. Қарорни Бош вазир ўринбосари Ж.А.Қўчқоровга топширди. Прездентнинг ўз маблағлари ҳисобидан саноат ва туман инфратузилмаси ўзгартириш бўйича. Бу қарорини Риштон тумани аҳолиси олдидаги қарзи сифатида топширди.

3. Вилоят хокими Ш.М.Ғаниев фақат инвесторлар ва инвестиция билан шуғулланиши таъкидланди. Хамда вилоятда ипакчиликни ривожлантириш орқали 300 000 та янги ишчи ўрин яратиши лозим.

Энг қизиғи, И.Каримов вақтида хар йили 1 млн янги ишчи ўрин яратиларди. Республика бўйича. Шунинг 50 фоизи қўшиб ёзиш бўлар эди.

Бугун вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари шок ҳолатда. Сабаби 300 000 та ишчи ўрнини яратиш учун ҳар бир ҳокимга 25 мингтадан янги ишчи ўрин яратиш белгиланган.

Солиқ инспекцияси тадбиркорларни тўплаяпти. Ҳар бирига 100 тагача ишчи ўрин яратасан деб режа қўйиляпти

Айниқса аёллар бандлигига эътибор беришяпти

Иқтисодиёт бўлимлари шок ҳолатда кечадан бери 25 мингни тармоқларга бўлиб чиқишяпти.

Ҳеч ким Прездентнинг топшириғини тушунмаяпти. Ўзи эски тузумни яхши билар эди. Ўзи қалбаки ишларга мажбурлаяпти”. Иқтибос тугади. [3].

Сиёсий фирибгарлик.

Юқорида келтирилган фирибгарлик бўйича жиноий ишларни очмаслик, тергов олиб бормаслик, профилактика инспекторларининг маошининг миқдорини жарималар миқдорига боғлиқ қилиб қўйилиши ва коррупционер инвесторларнинг мамлакатга инвестиция қилишига кенг йўл очиб берилганлиги ва сохта иш ўринларининг яратилишига олиб келувчи буйруқларнинг президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилиши Ўзбекистонда иқтисодий ва сиёсий эркинликка йўл очилмаслигини билдиради.

Ўзбекистоннинг инвестиция жозибадорлигини ошириш учун мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилиниши керак ва мамлакатда коррупция даражаси кескин камайтирилиши керак. Бунинг учун мамлакатда ўрта синф ва фуқаровий жамият шаклланиши учун шароит яратилиши керак.

Афсуски, мамлакатда Ўзбекистон конституциясининг 53, 33 ва 34-моддалари қўпол равишда оёқ ости қилиняпти. [6].

53-модда

Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жихатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

33-модда

Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

Мамлакатда фуқаровий эркинликлар чекланган. Мен шу ўринда “Ҳанузгача Ўзбекистонда интернет эркин эмас, тезлиги паст, сўз эркинлиги йўқ” номли мақолам [4] ва шу номдаги видеодан [5] иқтибос келтиришни ўринли топдим:

Ўзбекистонда ҳанузгача асосий 5 сиёсий эркинликлар йўқ. Шу сабабли кучли фуқаролик жамияти шаклланиши учун ҳеч қандай шароит йўқ.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 43-моддасида Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши таъкидланади. [6].

43-модда.

Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

Бироқ, Ўзбекистонда

1- Тинч норозилик намойиши эркинлиги ҳуқуқи;

2-Ташкилотларга уюшиш эркинлиги ҳуқуқи;

3-Сўз эркинлиги ҳуқуқи;

4- Эркин кўчиш ва истаган жойда яшаш эркинлиги ҳуқуқи;

5- Эътиқод эркинлиги ҳуқуқлари йўқ, таъминланмаган, юмшоқроқ қилиб айтганда чекланган.

Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ўзгаришлар ватандошлар иштирокида 2 ҳолатда рўй бериши мумкин:

1. Ўзбекистон ватандошлари ўз норозиликларини тинч йўл билан норозилик намойиши орқали ифодалай олса;

2. Эркин, демократик сайловлар билан ҳокимият алмашиши рўй берса.

Лекин, Ўзбекистонда на тинч йўл билан норозилик билдириш эркинлиги ҳуқуқи бор, на эркин, демократик сайловлар бор”. [4,5].Иқтибос тугади.

Зеро,Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 152-ўринда бўлган пайтда 51.5 баллга тенг эди, 2019-йилда эса 140-ўриндалагида 53.3га тенг.[7].

Дунё мамлакатлари орасида 12 поғонага кўтарилган бўлсада эркинлик кўрсаткичи атиги 1.8 баллга яхшиланган бўлиб ҳамон кўпроқ эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторида.

Сиёсий эркинлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 9 балл билан Тожикистон ( 9 балл ) даражасига эришган ва албатта Шимолий Кореадан ( 3 балл ), Туркманистондан ( 2 балл ) анча узоқлашган. Бироқ, дунёнинг энг эркин мамлакатлари Финляндия ( 100 балл ), Норвегия ( 100 балл ), Швециялардан ( 100 балл ) жуда кейинда ва ҳаттоки Афғонистон (27 балл), Эрондан (18 балл) ҳам сиёсий эркинликлар бўйича орқада. [8].

Умуман олганда Ўзбекистон ёмонларнинг энг ёмонлари бўлган 13 мамлакат қаторида.[9].

Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [10].

Сиёсий фирибгарликнинг оқибати.

Охирги пайтларда, айниқса 1-9 май кунлари, хусусан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг 2-майда Ўзбекистонга келиши арафасида ва расмий учрашувларни якунлаб жўнаб кетганидан кейин ҳам рус тилига давлат мақоми бериш ва ўзбек тилининг давлат мақоми бўйича бахс мунозаралар авж олди. [11]. Мен ҳам рус тилига давлат тили мақоми берилишига қаршиман.

СССРда Михаил Горбачев бошчилигида ошкоралик ва қайта қуриш сиёсати авж олган 1989 йилларда Болтиқ бўйи республикалар Эстония, Латвия ва Литвада ўз тилларига давлат тили мақоми бериш ва иқтисодий эркинлик учун ҳаракатлар жуда жўшқинланган эди. Уларга СССР ҳокимияти томонидан Болтиқ бўйи давлатларига ўз тилларига давлат тили мақоми беришга, иқтисодий эркинлик беришга тўсқинликлар кучайиб кетгандан кейин улар СССР дан сиёсий мустақиллигини эълон қилдилар.

СССР йўқ бўлиб кетганига қарийб 30 йил ўтди. Ҳозирги кунда Эстония, Латвия ва Литвалар Европа Иттифоқи аъзоси. Улар сиёсий эркинликларга, иқтисодий эркинликларга эришдилар. Эстон, латиш ва литва тиллари мустаҳкам, обрўли давлат мақомига эга. Ўзбекистонда эса на иқтисодий эркинлик, на сиёсий эркинлик бор. Мамлакатда коррупция, зўравонлик гуллаб яшнаябди. Ўзбек тили тўла лотин ёзувида исътемол қилинмаябди. Рус тилига давлат тили мақоми бериш ҳақида мурожаатномалар пайдо бўлмоқда. “Ўлмас полк” каби СССР даврини қўмсовчи, бошқача шаклда СССР 2 ни тиклашга интилувчи кучларнинг рухсат берилмаганига қарамай тадбирлари бўлиб ўтмоқда. [12].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

10май, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. ИИВ ходимлари: Фирибгарлик бўйича жиноят ишлари қўзғатилмаяпти.06.05.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/prezident-iiv-selektor-firibgarlik-statistika/29924087.html ).

2. Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўзбекистонлик олигархга берилди. 07.05.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/29926047.html ).

3. ФАРҒОНА – “Президент фарғоналикларни қалбаки ишларга мажбурлаб кетди”. 08.05.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/sizdan-telegram-mirziyoyev/29929038.html ).

4. Абдужалил Бойматов. Ҳанузгача Ўзбекистонда интернет эркин эмас, тезлиги паст, сўз эркинлиги йўқ. 21.12.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9351#more-9351 ).

5. Абдужалил Бойматов. Ҳанузгача Ўзбекистонда интернет эркин эмас, тезлиги паст, сўз эркинлиги йўқ. Видео. 22.12.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9355 ).

6. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

7. 2019. Index of Economic Freedom.

( https://www.heritage.org/index/ranking ).

8. Freedom in the World 2019.

( https://freedomhouse.org/report/countries-world-freedom-2019).

9. Worst of the worst. 2019. ( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2019/democracy-in-retreat ).

10.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

11. OzodLive: Бош вазир Арипов рус тилига расмий мақом бериш таклифига охирги нуқтани қўйди. 09.05.2019. (https://www.ozodlik.org/a/29931883.html ).

12. Рухсат берилмаганига қарамай, Тошкентда “Ўлмас полк” тадбири ўтказилди (ВИДЕО). 09.05.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-9-may/29930560.html ).