May 032019
 

2019-йилнинг 30-апрель куни Ўзбекистон республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси халқ таълимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” фармони чоп этилди. [1,2].

Озодликдан иқтибос: “Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилга келиб PISA (The Programme for International Student Assessment) Ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30та илғор мамлакати қаторига киришига эришилсин”, дейилади концепцияни тасдиқлаш тўғрисидаги фармонда.

Фармонда таъкидланишича, концепция ҳар бир йил учун алоҳида-алоҳида тасдиқланадиган “Йўл харитаси” асосида амалга оширилади”. Иқтибос тугади. [1].

Фармондан иқтибос:”30 – апрель 2019

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони

Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли ислоҳ қилишнинг устувор йўналишларини белгилаш, ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-аҳлоқий ва интеллектуаль ривожлантиришни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ўқув-тарбия жараёнига таълимнинг инновацион шакллари ва усулларини жорий этиш мақсадида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 5-сентабрдаги “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5538-сон Фармонига мувофиқ:

1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030-йилгача ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин ва унда қуйидагилар назарда тутилсин:

Ўзбекистон Республикасининг 2030-йилга келиб PISA (The Programme for International Student Assessment) Ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур рейтинги бўйича жаҳоннинг биринчи 30 та илғор мамлакати қаторига киришига эришиш;

узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, шунингдек, профессиональ кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;

ўқитиш методикасини такомиллаштириш, таълим-тарбия жараёнига индивидуаллаштириш тамойилларини босқичма-босқич татбиқ этиш;

халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш;

халқ таълими муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва бюджетдан маблағ билан таъминлашнинг самарадорлигини ошириш;

ёшларни тарбиялаш ва уларнинг бандлигини таъминлашда мактабдан ташқари таълимнинг замонавий усуллари ва йўналишларини жорий этиш;

давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳисобига давлат таълим тизимида рақобат муҳитини кенгайтириш;

ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган бешта ташаббусни амалиётга татбиқ этиш;

халқ таълими тизимида фаолият кўрсатишнинг жозибадорлигини ошириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш даражасини босқичма-босқич ошириб бориш”. Иқтибос тугади. [2].

Мен Озодликда президент Шавкат Мирзиёевнинг таълим тўғрисидаги фармони ва фармоннинг ўзи билан танишганимдан кейин, ҳайрон бўлдим, ажабландим ва кейин энсам қотди. Чунки, мен шу пайтгача президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонни ўта иқтисодий қолоқликдан олиб чиқиб кетиш учун, мамлакатда коррупция даражасини камайтириш учун иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар ўтказмаётганлигини танқид қилиб келаётган эдим. Бирданига келажакда “коммунизм қурамиз”, “Ўзбекистон- келажаги буюк давлат” каби шиорларни эслатувчи янги шиор пайдо бўлибди деб энсам қотди.

Бир томондан таълим кўрсаткичи (Education Index 2015) бўйича Ўзбекистон дунёда 58- ўринни эгаллаган. [3]. Дунёнинг 30 та илғор мамлакатлари қаторига қўшилишга эришса бўлади деб ўйладим.

Лекин, иккинчи томондан Ўзбекистон 30 йиллар давомида ўта иқтисодий қолоқликдан чиқиб кета олмади. Мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилинишига ва коррупция даражасини камайтиришга эриша олмади.

Фикримнинг исботи учун 5 та далил (факт) келтираман.

1-далил. Саида Мирзиёева Бўкага бориши ортидан ўқитувчилар уйма-уй юришга мажбурланмоқда. [4].

Озодликдан иқтибос: “Президент Мирзиëев 19 март куни ўтказган видеоселекторда ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш ва уларни китоб ўқишга қизиқтиришни топшириши ортидан бутун мамлакат бўйлаб янги кампанияга старт берилди.

Турли давлат идоралари ва ҳокимлик мутасаддилари мактабларга бориб¸ китоб совға қилиш¸ ҳар хил спорт мусобақаларию китобхонлар учрашуви ташкиллаштиришга киришиб кетди.

Озодликка келган хабарга кўра¸ Тошкент вилоятида ўқитувчилар президент ташаббус ижроси учун “тажриба қуëнчаси”га айланган Бўка туманига юборилиб¸ бу ерда уйма-уй юриб ота-оналарни боласини “ўзи йўқ” тўгаракларга ëздиришга тарғиб қилмоқда.

Озодлик боғланган Халқ таълими вазирлиги вакили ҳозирча бундай жараëндан бехабарлиги¸ агар шундай ҳолат бўлган бўлса¸ унинг “нотўғри” эканини билдирди.

Ўқитувчилар яна уйма-уй юришга ҳайдалди

Озодликка Янгийўл шаҳридаги мактаб ўқитувчилари номидан юборилган мурожаатга кўра¸ ўтган ҳафта юзлаб янгийўллик ўқитувчи асосий иши ва дам олиш кунини қўйиб¸ 60 км масофадаги туманга президентнинг ëшлар ва хотин-қизларга оид 5 ташаббусини ташвиқ қилишга юборилган.

Янгийўл шаҳрида сектор раҳбари ҳоким яна ўқитувчиларни якшанба куни Бўка туманига бориб¸ уйма-уй юриб, аҳолини президентнинг 5та ташаббуси бўйича ташвиқот қилишга мажбурлаяпти. Мудир ва директорлар биз ўқитувчиларни ўз ёнимиздан йўл кира қилиб Янгийулдан Бўкага юборди”¸ дейилади 28 апрель куни Озодликка янгийўллик ўқитувчилардан келган мурожаатда.

Озодликка ўзлари ишлайдиган мактаб рақамларини айтган бу ўқитувчилар¸ “ҳеч қаерга чиқмасин¸ ҳеч кимга айтилмасин” деб буюрилган мажбурий меҳнат ҳақида матбуотга гапиргани боис раҳбарият тазйиқига учрашдан чўчиб шахслари сир қолишини сўради.

Уларга кўра¸ 28 апрель – якшанба куни Янгийўл шаҳридаги 11 та мактабнинг ҳар биридан камида 7-8 нафар ўқитувчи Бўкага боришга мажбурланган ва бу воқеа тепасида шахсан шаҳар Халқ таълими бўлими раҳбари Муниса Султонова турган”. Иқтибос тугади.

Яна Озодликдан иқтибос:”Мирзиëевнинг тўнғичи отасининг 5 ташаббуси ижросини Бўкада кузатди.

Тошкент вилояти бўйича президент 5 ташаббуси ижроси бўйича асосий эътиборнинг шу кунларда айнан Бўка туманига қаратилганини Озодлик суҳбатдошлари бу туманга 20 апрель куни президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëеванинг боргани билан изоҳладилар.

15 апрель куни Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбарининг 1-ўринбосари сифатида иш бошлаган Саида Мирзиëева 20 апрель куни Facebook саҳифасида “президент Ш.М.Мирзиёевнинг 5 та ташаббусини Бўка туманида жорий қилиш бўйича республика ва туман секторлари ишчи гуруҳлари билан биргаликда белгиланган ишларни амалга ошириш жараёнида бевосита иштирок этдим”¸ деб ëзди.

Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ижросининг ўзаги сифатида мен мактабларни белгилаган бўлар эдим. Фикримча айнан мактабларни 5 та ташаббус замирида маданият, маърифат, спорт ва компьютер технологиялари ўчоғи сифатида белгилаб олсак мақсадга мувофиқ бўлар эди”¸ деб ëзди ўз постида президентнинг тўнғич қизи жумладан”.

Иқтибос тугади.

2-далил. Фарғоналик ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан шикоят қилди. [5].

Фарғона вилоят кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган мактаб-интернатининг бир гуруҳ ўқитувчилари интернат директорини 27 апрель куни мактабда ўтказилган ҳашарда уларни ишлашга мажбурланганини иддао қилди.

Ўқитувчилар даъвосига кўра, ҳашар боис дарс соатлари ўтилмай қолган.

Ўша куни дам олишда бўлган ўқитувчилар ҳам ҳашарга мажбуран чақиртирилганидан нолишди.

Мактаб-интернат директори Фахриддин Абдукаримов Озодлик саволларига жавоб беришни истамади.

Вилоят халқ таълими бошқармаси мулозими ўқитувчиларни ҳашарда мажбурий ишлатиш қонунга хилофлигини таъкидлади.

Озодликка мактаб-интернатнинг бир гуруҳ ходимлари томонидан бўлган мурожаатда таъкидланишича, 27 апрель куни интернат ўқитувчилари ҳашарга чиқишга мажбурланган:

​“Интернатимизда бизни мажбурий меҳнатга мажбурлашмоқда. 27 апрель куни дарс вақтида ўқитувчи ва тарбиячилар ўт ўриш, тупроқ ташиш, ҳовли супириш ишларига жалб қилинди. Директор Фахриддин Абдукаримов педагогларни ўз вазифасига кирмаган ишларни қилишга мажбур қилди. Президентимиз ўқитувчилар обрўсини кўтаришга бор имкониятларини ишга солаётган бир пайтда директорнинг бу ишини қандай баҳолаш мумкин?”, дейилади Озодликка келган мурожаатда”. Иқтибос тугади. [5].

Ўз-ўзидан шундай савол туғилади, ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун 2018-йилнинг июлида тузилган махсус комиссиянинг фаолияти қаерда? [6].

3-далил. 3 ойда мактабларда деярли 11,5 миллиард сўм ўғирланди. [7].

Озодликдан иқтибос: “Жорий йилнинг биринчи чорагида халқ таълими вазирлиги 1444та мактабни текширди ва 11 миллиард 400 миллион сўм пул ноқонуний ишлатилганини аниқлади.

Вазирликнинг билдиришича, бу пулнинг 2 миллиард 71 миллион 700 минг сўмини мактабда ишламайдиган одамларга, ортиқча сақланган штат бирликлари ҳамда ишчи-ходимлар томонидан бажарилмаган иш ҳажмлари учун амалга оширилган тўловлар ташкил қилади.

4 миллиард 276 миллион 900 минг сўм эса ортиқча ва қўшимча режалаштириш орқали ноқонуний ўзлаштирилган. 2 миллиарддан ортиқ пул ноқонуний тарзда устама ва мукофот тариқасида берилган.

Вазирлик мазкур ҳолатлар бўйича жиноят аломатлари бўлган 190 та иш ҳуқуқ-тартибот органларига топширилгани ва 279 нафар масъул шахсга нисбатан интизомий чора кўрилгани, 3 миллиард 23 миллион 400 минг сўм пул давлат бюджетига қайтарилганини маълум қилди.

2018 йилда Халқ таълими вазирлиги мактабларда 325 миллиард сўм, яъни 40 миллион доллардан кўпроқ маблағ ноқонуний ўзлаштирилганини билдирган эди”. Иқтибос тугади. [7].

4-далил.Коллеждаги коррупция. [8].

Озодликдан иқтибос: “Фарғона. “Биз Фарғона нефть ва газ саноати касб-ҳунар коллежида ўқиймиз. Қандайдир спорт жамияти учун ҳар бир ўқувчи 14500 сўмдан пул беришга мажбурланяпти. Жисмоний тарбия ўқитувчимизнинг айтишича, пул бермасак коллеж директори ўқишдан ҳайдаркан. Ўзи яқиндагина мажбурий обуна учун 8000 сўмдан йиғиб бергандик. Тадбирга, кўчатга, яна бир балоларга деб доим пул йиғишади. “Йиғди-йиғди” жонга тегди!”

(Бу хабар Озодликка 5 февраль куни келган.)”. Иқтибос тугади. [8].

5-далил.Сурхондарёдаги кўмир брикети цехидаги коррупция. [9].

Озодликдан иқтибос: Сурхондарёда мавжуд олтита кўмир брикети цехи маҳсулот ишлаб чиқармасдан, хомашёни элаб қопларга жойлаб мактаб¸ боғча ва касалхоналарга брикет нархида сохта фактура ёзиб тарқатган.

Бу иддао “Ўзбеккўмир” АЖнинг Сурхондарë вилоятидаги олти омборида ишлаган 71 нафар собиқ ишчи номидан 12 февраль куни Озодлик билан гаплашган вакиллар мурожаатида янгради.

Бу иддаоларни қувватловчи далил-ҳужжатлар билан Сурхондарë вилоят прокуратураси¸ республика Транспорт прокуратураси¸ президент порталига мурожаат қилган “Сурхонкўмир” собиқ ишчиларининг ўзи¸ уларнинг айтишича¸ пировардида жиноятчига чиқарилиб¸ жазоланган.

Озодлик гаплашган ишчилар вакиллари¸ “Ўзбеккўмир”нинг биргина вилоятда миллиардлаб сўмни ташкил қилувчи ўғирлик схемаси тепасида турганларнинг жазоланиши¸ ўзларига уюштирилган туҳмат кампанияси тўхтатилиб¸ ишга қайта тикланишини талаб қилмоқда.

Озодлик бу иддаоларга “Ўзбеккўмир” раҳбарияти ва прокуратурадан ҳозирча расмий маълумот олишга муваффақ бўлмади.

Ўзбеккўмир” кулдан пул қилишда айбланмоқда

Сурхондарëдаги олтита кўмир омбори Қарши бирлашган ëнилғи омбор хўжалиги таркибига қўшилган. Бу олти омборда 2018 йил ижтимоий соҳа объектлари, мактаб, боғча, касалхона, коллежларнинг қиш мавсуми учун брикет маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши керак эди. Аммо брикет маҳсулотлари ишлаб чиқариш ўрнига хом ашёни элаб қопларга жойлаб мактаб¸ боғча ва касалхоналарга брикет нархида сохта фактура ёзиб тарқатишган.

1 кг хом ашё 210 сўм¸ тайёр маҳсулот – брикетнинг килоси 375 сўм. Ўртадаги фарқ 165 сўм. Буни бир вагон хомашёга кўпайтирсак¸ 165 × 69000 кг= 13 миллион 385 минг сўм бўлади. 2018 йили бу олти омборга Ангрендан 335 та вагон хом ашë келган. Энди 13 385 000 ни 335 кўпайтирсак¸ битта вилоятда давлатнинг 4 миллиард 483 миллион 975 минг сўми кўмир етказувчи раҳбарларининг чўнтагига кираяпти. Буни бутун Ўзбекистон миқëсига кўчирсангиз¸ даҳшатли ўғирлик схемасини кўрасиз”¸ дейди Озодлик гаплашган Термиз кўмир омборининг собиқ мудираси Райҳон Раҳмонова.

Раҳмонова ва унинг собиқ ҳамкасблари бу жиноятни фош этувчи маълумот ва далилларни Сурхондарë вилоят прокурори ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти раҳбарига тақдим қилган.

Вилоят бўйича ҳамма туман ижтимоий соҳа ташкилотларининг брикет таъминоти департамент тезкор гуруҳи аъзолари билан ўрганилди ва барча важларимиз ўз исботини топди. Аммо миллиардлаб бюджет пулини талон-тарож қилганлар иши яна бости-бости бўлди. Улар қолиб¸ бизнинг ўзимизни жиноятчига чиқаришди»¸ дейди Раҳмонова”. Иқтибос тугади. [9].

Юқоридаги 5 далилдан кўриниб турибдики, Ўзбекистон хокимияти томонидан ўқитувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамон оёқ ости қилинмоқда, ўқитувчилар ҳам коррупционерларга қулликдан бутун Ўзбекистон фуқаролари каби озод бўла олганлари йўқ. Мен шуни эслатиб ўтишни лозим топдимки, Ўзбекистонда болалар меҳнати, мажбурий меҳнат кескин камайган. Мактаб ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари ва тиббиёт ходимларини пахта теримига жалб қилиш қарийб тўхтатилди.

Ўзбекистонда таълим сифатини яхшилаш учун энг катта тўсиқлардан яна бири интернетнинг эркин эмаслиги, тезлигининг пастлиги ва интернет хизматининг қимматлигидир. Яна юқоридагиларга қўшимча сифатида, Ўзбекистондаги мактабгача тарбия, бошланғич, ўрта мактаб ва олий ўқув юрти ўқитувчиларининг маошларининг дунёнинг 30 та таълим тизими энг илғор мамлакатларига нисбатан жуда ҳам камлигидир.

Хусусан, Ўзбекистонда юқори синф ўқитувчилари маоши ўртача 125 АҚШ долларига тенг, умуман олганда 100-200 АҚШ доллари атрофида.[9,10].

Дунёнинг ривожланган мамлакатлари;

1.Люксембургда янги ишни бошлаган ўқитувчи бир йилда 80.000 долларга тенг йиллик маош олади. 15 йил ишлагандан кейин эса 140.000 АҚШ долларидан ҳам кўпроқ йиллик маош олиши мумкин. Яъни бир ойлик маоши 6.600 доллардан бошланиб 12.000 доллардан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин [11].

2.Францияда янги иш бошлаган ўқитувчи бир йилда 35.000 АҚШ доллари, энг кўпи билан 60.000 АҚШ долларигача йиллик маош олиши мумкин. Бир ойлик маош 3.000 АҚШ долларидан 5.000 гача олиши мумкин.

3.Жанубий Кореяда 30.000 АҚШ доллари, улар энг кўпи билан 80.000-85.000 йиллик маош олиши мумкин. Яъни ойлик маоши 2.500 дан 7.000 АҚШ долларигача бўлади.

4.Японияда 20.000-23.000 АҚШ долларидан 60.000 АҚШ доллари йиллик маош олиши мумкин. Яъни ойлик маоши 2.000 дан 5.000 АҚШ долларигача”. Иқтибос тугади. [12].

Бир йил давомида ўқитувчиларнинг маошлари оширилди. Ўқитувчиларнинг маошларини 2 баравар оширилди деб олсак ҳам ($200), Ўзбекистонлик ўқитувчиларнинг ривожланган мамлакатлардагидек, ўрта синф (йиллик даромади $10,000-100,000) даражасига етиш учун уларнинг маошлари яна 4 баравар оширилиши керак.

Бироқ, Ўзбекистоннинг иқтисоди қарийб 30 йил давомида ўта иқтисодий қолоқликдан чиқа олмади. Дарҳақиқат, Ўзбекистон иқтисодининг ўта қолоқлиги мен аввалги мақола ва видеоларимда кўп марта таъкидлаб ўтганимдек мамлакатда коррупция кўрсаткичиининг ўта паст даражада эканлигидир.

Зеро, Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [13].

Коррупция гуллаб яшнаётган мамлакатга ҳалол чет эллик тадбиркорлар инвестиция, сармоя киритмайди. Мамлакат иқтисоди ривожланмайди.

Дарҳақиқат,Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам (7,48).

Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси ($7,810) дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан ($18,961) 2 баравардан кўпроқ кам (2,43).

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсисдан 7 баравардан кўпроқ, Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан 2 баравардан кўпроқ орқадалигини баралла ўта иқтисодий қолоқ дейишга мажбур бўламиз. [14,15].

Ўзбекистонда шу пайтгача коррупция гуллаб-яшнамоқда, ўрта синф ва фуқаролик жамиятининг шаклланиши учун ҳеч қандай шароит яратилмаган. Мамлакат ватандошларига иқтисодий, сиёсий эркинликлар берилмаяпти. Шу сабабли менинг фикримча, Ўзбекистон таълим тизимини дунёнинг энг илғор 30 мамлакати даражасига кўтариш оддийгина шиордир. Бу шиорнинг тақдири ҳам, “келажакда коммунизмда яшаймиз”, “Ўзбекистон- келажаги буюк давлат” каби шиорлардай якун топади деб ўйлайман.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

3май, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1.Президент Ўзбекистонни таълим сифати бўйича жаҳоннинг илғор давлатига айлантиришга кўрсатма берди. 01.05.2019. (https://www.ozodlik.org/a/29913773.html ).

2. Oʻzbekiston Respublikasi xalq taʼlimi tizimini 2030-yilgacha rivojlantirish konsepsiyasini tasdiqlash toʻgʻrisida Oʻzbekiston Respublikasi Prezidentining farmoni. 30.04.2019. ( https://mfa.uz/uz/press/library/2019/04/18800/ ).

3. 2015 Education Index. ( https://en.wikipedia.org/wiki/Education_Index ).

4. Саида Мирзиёева Бўкага бориши ортидан ўқитувчилар уйма-уй юришга мажбурланмоқда. 29.04.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/prezident-5-tashabbus-kitob-sport-boka-yangiyol/29910602.html ).

5. Фарғоналик ўқитувчилар мажбурий меҳнатдан шикоят қилди (ВИДЕО).29-30.04.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/majburiy-mehnat-maktab-uqituvchilar-shikoyati/29910623.html ).

6. Ўқитувчиларнинг ҳуқуқларини махсус комиссия ҳимоя қилади. 18.07.2018. (https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-mirziyoyev-oqituvchi/29373728.html ).

7. Уч ойда мактабларда деярли 11,5 миллиард сўм ўғирланди. 24.04.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/29900017.html ).

8. ФАРҒОНА – “Коллеж ўқувчилари: “йиғди-йиғди” жонга тегди!” 11.02.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/sizdan-telegram-kollej/29763635.html ).

9. “Ўзбеккўмир”даги жиноий схемани фош қилган собиқ ишчиларнинг ўзи жиноятчига чиқарилди. 12.02.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekkomir-temir-yollari-briket-jinoyat/29766035.html ).

10. Педагогларнинг таътил пуллари қандай ҳисобланади? 13.05.2017. (http://idum.uz/archives/11394 ).

11. Average monthly salary in Uzbekistan is US$125- Statistics committee. 15.12.2017.

( http://tashkenttimes.uz/national/1814-average-monthly-salary-in-uzbekistan-is-us-125-statistics-committee ).

12. Different Teacher Salaries Around the World. 2017. (https://www.educationdegree.com/articles/teaching-salaries-around-the-world ).

13. Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

14. International Monetary Fund. 2019.GDP per capita, current prices. U.S. dollars per capita(https://www.imf.org/external/datamapper/NGDPDPC@WEO/OEMDC/ADVEC/WEOWORLD ).

15. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).