Apr 192019
 

Ўзбекистон. Ғашланганлар, ғазабланганлар ва норозилик намойиши қатнашчилари?! (2019).

Ўзбекистонда 2018-йилнинг кузидан 2019-йилнинг бугунги кунларигача норозилар сони кескин кўпайиб бормоқда:

1.Обод қишлоқ, Обод маҳалла лойиҳаси бўйича қуриб битирилиб, фойдаланишга топширилган уйларнинг сифатидан, Тошкент шаҳрида эса ҳам сифатидан, ҳам топширилган уйларнинг тўловларини 40 фоизгача ошириб юборилишидан норози истеъмолчилар;

2.Вилоят ва туман ҳокимларининг зўравонлиги туфайли ерларидан, бизнесидан айрилган кўплаб фермерларнинг норозилиги;

3.Тошкент City ва шаҳар туманларидаги Cityлар қурилишида уйлари бузилаётган ватандошларнинг ва уй-жой қурилиши билан шуғулланаётган тадбиркорларнинг (девелоперларнинг) Бош вазир ва шаҳар ҳокими зўравонлигидан норозилар.

Бу норозиларни Қозоғистонлик таниқли публицист ва муҳолифатчи Сергей Дуванов 3 тоифага бўлади, яъни ғашланганлар, жиғи чиққанлар (недовольные), ғазабланганлар, жаҳли чиққанлар ( возмущенные), норозилик намойиши қатнашчилари (публично протестующие). [1].

Норозиларнинг бу 3 тоифасини Ўзбекистондаги бўлаётган норозиликлар мисолида кўриб чиқамиз.

1. Ғашланганлар.

Қашқардарё вилоятининг Чироқчи ва Ғузор туманида намунали уйларга кўчиб кирган ватандошлар уйларнинг сифатсиз қурилганидан, газ йўқлигидан уйларига печка қуриб олиб,печкада ўтин, ярми тупроқ кўмир ёқаётганларини, бунинг натижасида хоналарнинг деворлари қорайиб кетганлигидан, светнинг тез-тез ўчиб туришидан, уйларнинг олдидаги йўлакларнинг,йўлларнинг асфальтланмаганлигидан нолийдилар. Улар бундай шароитда яшаётганликларидан норозилик акцияси ўтказишни хаёлларига келтирмайдилар. [2].

Данғаралик фермер Муроджон Мамадалиев эса шу туман ҳокими Саидмурод Аминжонов томонидан 37,5 гектар еридан маҳрум қилинганлиги, бунинг оқибатида пишлоқ цехида ишлайдиган 30 ишчи ишсиш қолгани ва Германиядан келтирилган 12 зотли моллари бугунги кунда 160 тага етгани ва бу молларга ем хашак етишмаётганидан Озодликка дардини тўкиб солади. [3].

Пскентлик фермерлар эса ҳокимнинг буйруғи билан уларнинг ерлари ва техникалари суд ажрими қўлларига етиб келмасдан аукционда арзонга кластерларга сотиб юборилганидан улар ҳам Озодликка мурожаат қиладилар. Бу сотиб юборишлар уларнинг 14 ойга олган кредитларининг 6 ой ўтмасдан амалга оширилганини айтадилар. [4].

Данғаралик фермер Муроджон Мамадалиев ҳам Пскентлик фермерлар ҳам норозилик акцияси ўтказишни ҳаёлларига ҳам келтирмайдилар.

2. Ғазабланганлар.

Озодликдан иқтибос:”Сергелида норозилик акциялари 9 апрель куни бошланди. Шу куни қарийб 60 киши Президент девонига уйлар қимматлаб кетганидан шикоят қилиб борди. Норозиларнинг иддаосича, расмийлар уларни алдаб, 3 та автобусга солиб, Президент девони олдидан олиб кетган.

10 апрель оқшомида эса, Сергелидаги Қурилиш штаби олдига яна одамлар йиғилди. Акция иштирокчиларидан бирининг Озодликка айтишича:

150 дан ортиқ киши штабнинг олдида кеч соат 6 дан 8 гача йиғилиб турди Ҳокимликдан, қурилишинвестдан одамлар, Уй-жой бўлимининг бошлиғи С. Тўлаганов чиқди олдимизга. Нархда ўзгариш бўлмайди, дейишди”.

10 апрель оқшомидаги воқеалар акс этган видеоларда аҳоли билан ҳокимлик вакиллари ўртасидаги баҳс-мунозаралар акс этган.

Сергелида норозилик нимадан чиққанини Озодликнинг SizdanTelegram каналида 20 мартда эълон қилинган мана бу қисқа хабардан тушуниш мумкин:

Тошкент шаҳри, Сергели тумани, 40-уй 63-хонадондан ёзмоқдаман. Кам таъминланган оилалар учун қурилган кўп қаватли уйлардан бирини бошланғич 10 фоиз тўлов билан олдик. Аммо кўчиб келганимизга 3 ой бўлмасдан уй нархи 40,1 фоизга ошди. Мурожаат қилмаган жойимиз қолмади, лекин ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Эҳтиёжманд оилалар учун қурилган уйлар нархини қайта-қайта ошириш тўғри эмас-ку!”

Нархлар нега ошиб кетди?

Сергелидан уй олганлар учун ўта муҳим бўлган бу саволга Озодлик Қурилиш вазирлигининг исмини ошкор этмаслик шарти билан гапирган етакчи мутахасисидан жавоб олди.

Унинг айтишича, нархлар ошишининг уч омили мавжуд:

биринчидан , 2017 йил 2 сентябрда Президентнинг “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди ва натижада қурилиш материаллари нархи кескин – 200-300 фоизга кўтарилиб кетди;

иккинчидан, 2018 йил 1 январидан бошлаб кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилиши учун имтиёзли нархларда ажратилган цемент ва металл маҳсулотларини биржа савдолари орқали сотиш тартиби жорий этилди ва натижада қурилиш материаллари қимматлаб кетди;

учинчидан, 2017 йил 1 декабрдан ойлик иш ҳақи миқдорлари ўртача 15% га ошди, шунингдек, 2018 йилда 2017 йилга нисбатан газ, электр энергияcи тарифлари ошди, натижада яна қурилиш моллари нархлари ошди”. Иқтибос тугади.

Яна Озодликдан иқтибос:”10 апрель оқшомидаги воқеалар акс этган видеоларда аҳоли билан ҳокимлик вакиллари ўртасидаги баҳс-мунозаралар акс этган.

Сергели ҳокимлигида 11 апрель куни ўтказилган учрашув якунлари бўйича вазиятни ўрганиш учун Ҳукумат комиссияси тузишга қарор қилинди.

Комиссияга бир ой ичида Иқтисодиёт вазирлиги билан биргаликда банк-кредит масалаларини ўрганиш; Қурилиш вазирлиги билан эса, қурилган уйлар сифати даражасини ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш чораларини белгилаш вазифаси юклатилди”. Иқтибос тугади. [5,6,7].

Тошкентлик уй-жой қурилиши билан шуғулланаётган тадбиркор (девелопер) Муҳаммадбобир Хўжаевнинг Мирзо Улуғбек туманида қурдирган уч қаватли уйлардан бири 2018-йилнинг 4-ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов ва шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг оғзаки буйруғи билан бузиб ташланган эди.

Тадбиркор билан Бош вазир Абдулла Арипов ва шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўртасидаги келишмовчилик жуда кучайиб, алангаланиб кетди. Улар ўртасидаги келишмовчилик судлашишгача ва тадбиркор Муҳаммадбобир Хўжаевнинг ҳокимиятга тегишли оммавий ахборот воситаларида обрўсизлантириш кампаниясининг бошланишига ва яъни 7-апрель куни тадбиркорнинг машинасини пойтахтнинг Чилонзор туманида икки ойналари қорайтирилган, номерсиз машиналар қўққисдан тўсишига , машинадан беш эркак чиқиб келиб, тадбиркорга ўз бизнеси учун курашни тўхтатишни ва оммавий ахборот воситаларига бошқа мурожаат қилмасликни дўқ-пўписа билан талаб қилишгача боришган. Агар тадбиркор талабга бўйсунмаса, уни жисмоний йўқ қилишларини айтишган. [8,9].

Озодликдан иқтибос:”15 апрель куни Ғарб дипломатик ваколатхоналари¸ халқаро ва маҳаллий фуқаролик жамияти вакиллари¸ тадбиркор ва журналистлар иштирокида ўтказилган тадбирда кейинги йилларда ўзбекистонликлар орасида энг кўп эътироз ва норозиликка сабаб бўлаëтган бузилиш ва қурилишлар жараëни муҳокама қилинди.

Иштирокчиларга кўра¸ Мирзиëев даврида Қорақалпоғистондан то Андижонга қадар Ўзбекистон ҳудуди улкан қурилиш майдонига айланган ва бугунги Ўзбекистонда инсон ҳақлари энг кўп шу майдонда топталмоқда.

Оддий мулкдор ва тадбиркорларнинг ноқонуний бузилишлар¸ компенсациясиз уйидан ҳайдалишлар ҳақидаги шикоятларини ҳокимият масъуллари билан муҳокама қилиш¸ халқ норозилигига ечим топиш механизмларини биргаликда излашни мақсад қилган бу тадбирга бирорта ҳокимият вакили келмади.

Ташаббусчиларнинг Озодликка айтишича¸ 15 апрель куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева номига ëзилган таклифнома расмий йўл билан топширилган¸ аммо улардан бирор бир шаклда жавоб бўлмаган.

Айни пайтда¸ ўзбек расмийлари ва аксар маҳаллий нашрлар келмаган бу тадбирда АҚШ ва ЕИ дипломатлари¸ БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти намояндаси¸ Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилотининг Марказий Осиë бўйича вакили ва айрим хориж матбуоти вакиллари иштирок этди.

15 апрель куни Тошкентда ўтказилган тадбир ташаббусчиларидан бири – Гуманитар ҳуқуқ маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича¸ ўз ташкилотига тадбиркор ва оддий ўзбекистонликлардан тушаëтган шикоятларнинг қарийб 80 фоизи¸ айнан бузилишлар билан боғлиқ:

– Кейинги уч йил давомида ўтказган мониторинг натижасида келган хулосамиз шуки¸ қонун бузилиш ҳолатларининг 78 фоизи айнан бузилишлар билан боғлиқ. ”Ноқонуний бузилишлар¸ бузилаëтган мулкка мутаносиб компенсация тўламай туриб¸ одамларни уйидан чиқариб юборишлар халқ орасида норозиликка сабаб бўлмоқда. Биз фуқаролик жамияти шу муаммоларни ҳал қилиш учун механизм яратиш мақсадида давлат ҳокимияти вакилларига мулоқот таклиф қилдик. Лекин улар бу таклифимизни инобатга ҳам олмади.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиë бўйича етакчи тадқиқотчиси Стив Свердлов¸ Ўзбекистонда сўз эркинлиги майдони кенгайиб бораëтган бир пайтда¸ оддий аҳоли¸ мулкдор ва тадбиркорлар ҳақларининг бузилиши масаласида жиддий гаплашиш вақти келганини айтади:

– Бизга келаëтган шикоятларнинг ҳам аксарияти одамлар яшаб турган уй-жойларнинг огоҳлантиришсиз¸ тегишли компенсациясиз бузиб ташланаëтгани ҳақида. Биз гаплашаëтган ўзбекистонликлар президентнинг гаплари¸ хусусан¸ мамлакатни ривожлантириш учун хориж инвестицияларини жалб қилиш ҳақидаги баëнотларини диққат билан эшитаëтганларини айтмоқда. Улар давлат ҳокимиятидан ана шу гапларига масъул бўлиш¸ берилаëтган ваъдаларини амалга ошириш¸ ўз ҳақлари ҳимояланишини кутмоқда. Биз бугун давлат ҳокимияти¸ фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситаларининг халқ талаб ва истагига эътибор қаратишига умид қилаяпмиз. Биз бу борада муаммога ечим бўлиши мумкин халқаро тажриба билан ўртоқлашишга тайëрмиз.

Ҳуқуқ фаоллари бузилишлар оқибатида мол-мулкидан ажраган оддий аҳоли ва тадбиркорлар сонига оид аниқ рақамларни тўплаш билан шуғулланаëтганлари¸ ўз суриштирувлари давомида бу жараëнда одамларнинг юрак хуружи ва инсультдан вафот этганига оид фактларни ҳам ўрганаëтганини билдирди.

15 апрель куни Тошкентда ўтказилган тадбирда Ўзбекистон бўйлаб қизғин бораëтган бузиш ва қуриш жараëнида ҳокимият номидан йўл қўйилаëтган қонун бузилишларига ëрқин мисол тариқасида тошкентлик инвестор Муҳаммадбобир Хўжаевнинг Тошкент шаҳар¸ хусусан¸ Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги билан давом этаëтган кураши тилга олинди.

Ўзининг “ҳокимият томонидан уюштирилаëтган муттасил дезинформация кампанияси қурбонига айланганини” таъкидлаган Хўжаев¸ ўз муаммолари ҳақида хориж ахборот воситалари¸ хусусан¸ Озодликка гапирганидан сўнг тазйиқ ва таҳдидларнинг кучайганини билдирди:

– Тошкент шаҳар ҳокими матбуот анжумани ўтказиб¸ Хўжаевни танимайман¸ лекин у билан алоҳида учрашиб¸ гаплашишга тайëрман¸ деб баëнот қилаяпти. Лекин мени ҳокимлик эшигидан ҳам киритишмайди. Мен президентнинг чақириғига ишониб¸ қонун доирасида бизнес қилдим¸ қонун доирасида белгиландек уй қурдим. Аммо ҳозир буларнинг ҳаммасини ҳар хил ëлғон ва алдовлар билан буздириб¸ мени қурилиш бизнесидан чиқаришмоқчи. Жаноб Ортиқхўжаев гаплашишга тайëр бўлса¸ бир тадбиркор ва инвесторга ëрдам бериш нияти бўлса¸ марҳамат¸ мен саҳарда бўладими¸ ярим тундами¸ гаплашишга тайëрман. Лекин кўриб турганингиздек¸ шу ниятда уюштирилган тадбирга на Ортиқхўжаев ва на унинг вакили келди.

Тошкент тадбири иштирокчилари¸ Муҳаммадбобир Хўжаев каби маҳаллий инвесторлар сармояси ҳавога совурилаëтганини кўриб¸ қайси хориж инвестори Ўзбекистонга пулини олиб киради¸ деган саволни кун тартибига қўйди.

Айни пайтда¸ ҳуқуқ фаоллари ҳокимият олдига аҳоли норозилигини тўхтатиш учун бузилиш ва қурилишлар лойиҳасини бундай ҳудудда яшаб-ишлаб келаëтган мулкдорлар билан олдиндан муҳокама қилиш¸ улар фикрига қулоқ солиш каби таклифларни қўйди¸ аммо ҳозирча бу таклифларга ҳам бирор шаклда муносабат билдирилмади”. Иқтибос тугади. [10].

Сергели туманидаги норозилар ва Муҳаммадбобир Хўжаевнинг норозилиги вилоятлардаги истеъмолчилар ва фермерларнинг норозилигидан кескин фарқ қилади. Истеъмолчилар ва фермерларнинг норозилигини ғашланганлар, жиғига текканлар тоифасига қўшсак, Сергели туманидаги норозилар ва Муҳаммадбобир Хўжаевнинг норозилигини ғазабланганлар, жаҳли чиққанлар тоифасига қўшамиз. Ғашланганлар тоифаси оёқ ости қилинаётган ўз ҳуқуқ ва эркинликлари учун курашмайдилар, лекин норозиликларини очиқ билдирадилар, ғазабланганлар эса оёқ ости қилинган ўз ҳуқуқ ва эркинликлари учун жон-жаҳди билан курашадилар.

3.Норозилик намойиши қатнашчилари.

Уй сифатидан, нархининг қимматлашиб кетишидан ғашланган, жиғи чиққан истеъмолчилар, Бош вазир ва вилоят, туман ҳокимларининг зўравонлигига учраган фермерлар ва тадбиркорлар истеъмолчилар ҳуқуқларини, фермерлар ҳуқуқларини, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар, судга ва халқ қабулхоналарига мурожаат қилиб ўз оёқ ости қилинган ҳуқуқ ва эркинликларини тиклай олмасдан, ҳуқуқ ҳимоячиларига, Озодликка, BBC, Америка овозига мурожаат қилмоқдалар.

Ўзбекистон ватандошларининг ҳуқуқ ва эркинликлари мамлакат конституциясининг 33 ва 34 моддаларида кафолатланган : [11].

33-модда

Фуқаролар ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаш ҳуқуқига эга.

34-модда.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Сиёсий партияларда, жамоат бирлашмаларида, оммавий ҳаракатларда, шунингдек ҳокимиятнинг вакиллик органларида озчиликни ташкил этувчи мухолифатчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қадр-қимматини ҳеч ким камситиши мумкин эмас.

Ўзбекистон ватандошларининг сиёсий ижтимоий фаоллиги:

1. Кучли мустақил инсон ҳуқуқи жамиятлари яратиш;

2. Мустақил касаба уюшмалари тузиш;

3. Мухолифат партиялар фаолиятида қизғин, оммавий иштирок этиш;

4. Яъни ватандошлар ўртасида горизонтал алоқаларни мустаҳкамловчи фуқаровий жамият қуриш учун норозилик акциялари уюштириш, қатнашиш даражасига кўтаришлари керак.

Шундагина мамлакатда сиёсий,ижтимоий ва иқтисодий жабҳаларда рақобат пайдо бўлади, ривожланиш бўлади.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

19апрель, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Сергей Дуванов. Работа над ошибками казахстанской оппозиции.15.11.2018. ( https://centre1.com/kazakhstan/sergej-duvanov-rabota-nad-oshibkami-kazahstanskoj-oppozitsii/ ).

2. KunUZ.NAMUNALI UYLAR HAQIDA QASHQADARYOLIKLAR HIKOYASI – CHIROQCHI VA G‘UZOR TUMANLARI MISOLIDA. 29.01.2019. (https://www.youtube.com/watch?v=iGjWc4jWvwg ).

3. Данғара ҳокимлиги Германиядан қорамол келтирган илғор чорвадорни синдирди (ВИДЕО). 02.04.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/chorvador-fermer-yeri-olib-quyildi/29856934.html ).

4. Туман МИБи фермерлардан мусодара қилинган 100 дан ортиқ тракторни соттириб юборди. 28.11.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/mib-fermer-nomida-bulmagan-avtomobilni-qamab-quydi/29626467.html ).

5. Бир гуруҳ тошкентлик уйлар нархи ошганига норозилик билдириб, президент девони олдида акция қилди.10.04.2019. (https://www.ozodlik.org/a/29872873.html ).

6. Норозилар Сергели ҳокимлигидаги мажлисда Бош вазир билан муросага келди (ВИДЕО). 11.04.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/sergeli-norozilar-uy-narxi/29875022.html ).

7. АРЗОН УЙ ҚОПҚОНДА: Сергели хақиқатлари! 11.04.2019. (https://www.youtube.com/watch?v=bM2jR0v9Ark ).

8. Инвестор Тошкент ҳокимини ўзини қурилиш бозоридан сиқиб чиқараëтганликда айбламоқда. 27.03.2019. (https://www.ozodlik.org/a/muhammadbobur-xojayev-jahongir-ortiqxojayev/29845695.html ).

9. Правозащитники – за диалог между бизнесменом и властью в Ташкенте. 10.04.2019. ( https://centre1.com/uzbekistan/pravozashhitniki-za-dialog-mezhdu-biznesmenom-i-vlastyu-v-tashkente/ ).

10 Тошкент ҳокими бузилишлар ҳақида хориж дипломатлари ва ҳуқуқ фаоллари ўтказган тадбирга келмади.17.04.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/buzilishlar-tashkent-city-jahongir-ortiqxojayev-muhammadbobur-xojaev-/29884426.html ).

11. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).