Apr 122019
 

Ўзбекистонда Бош вазир ва туман ҳокими зўравонлигини кўрсатувчи 2 воқеа бўлиб ўтмоқда. Бу воқеалар президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларининг хўжакўрсинга, юзаки эканлигини кўрсатади.

1-воқеа. Данғара тумани ҳокими Саидмурод Аминов зўравонлиги. [1].

Озодликдан иқтибос:”Фарғона вилояти, Данғара туманидаги чорвачиликка ихтисослаштирилган “Тўлқин Данғара Равнақи” фермер хўжалигининг 37,5 гектар ери¸ “100 гектардан кам”¸ деган асосда бошқа фермерга қўшиб берилди.

Фермер хўжалиги раҳбари 69 яшар Муроджон Мамадалиевнинг Озодликка айтишича¸ бунинг ортидан даласи ва пишлоқ ишлаб чиқариш цехидаги 30 нафар одам ишсиз қолган¸ Германиядан келтириб, 160 бошга етказган зотли моллари тақдири хавф остида қолган.

Озодлик боғланган Данғара туман ҳокими Саидмурод Аминжонов бу муаммо ўрганилиб, ижобий ҳал қилинишини билдирди.

Муроджон Мамадалиев 1994 йилда ўзи бошқарган совхоз фермасини аукционда ютиб олиб, чорвачиликка ихтисослаштирилган “Зилола” хусусий фермер хўжалиги ташкил қилган ва унга чорва озуқаси учун 61 гектар ер берилган.

2009 йилда фермер сутни қайта ишлаб, пишлоқ ишлаб чиқаришни йўлга қўйган ва ўндан ортиқ одамни иш билан таъминлаган.

2016 йилда 150 бош қорамоли борлигига қарамасдан ўша пайтдаги Данғара тумани ҳокими Ш. Абдусаломов қарори билан қисқариб-қисқариб 37,5 гектарга тушиб қолган ер пахта, ғалла экиш учун давлат захирасига қайтарилган.

Мамадалиев яна тендерда ўз ерини ютиб олиб, “Тўлқин Данғара равнақи” фермер хўжалигини ташкил қилган ва ғалладан бўшаган ерга такрорий экин экиб, чорвачилигини ривожлантирган.

“Планлар доим 100 бўлган!”

Озодлик билан суҳбатда Муроджон Мамадалиев кўп тармоқли фермер хўжалиги ташкил этиб, ғалла ва пахта режасини ҳам доим ортиғи билан бажариб келганини айтади.

Мамадалиев таъкидича¸ 2019 йил январь ойидаги мақбуллаштиришга оид ҳукумат қарори чиқиши ортидан ўз ери бирор расмий ҳужжат тақдим қилмасдан¸ огоҳлантирувсиз бошқа фермерга қўшиб берилган:

– Ғалладан чиққан сомонию макка экиб молларни эплаб турган эдик. Мақбуллаштиришга келганида, билмай қолдик гуноҳимиз нима эканлигини? Энг илғор фермер бўлсам, маблағим ҳам бор, техникам ҳам бор, фермам ҳам бор, 160 бош қорамолим бор, ҳеч бир жойда оқсаб қолган жойимиз йўқ. Пахта ва ғаллани доим 130-140 қилиб бажариб келган бўлсам. Ҳоким бир марта фермага бош суқиб кўрмадиям, ўзларича қарор чиқариб, бошқа фермерга бериб юборибди.

Фермернинг айтишича, унинг вилоят ҳокимига ёзган аризаси бўйича қишлоқ хўжалиги бошқармасидан вакил ҳам келиб кўрган:

– Ҳозир бошқармадан жавоб хати келди, ҳаммаси тўғри, эътирозингиз бўлса бошқа жойга арз қилаверинг, дебди. Булар менга мана бу ерда нотўғри иш қилибсан, бу планни бажармабсан, деб дангал айтиб қўя қолса экан, мен тақдирга тан берсам. Мен нима гуноҳ иш қилдим. Мен обод қилган ерлар бутунлай шўр босган эди. Илгари у жойга совхоз пахта экмас эди. Пахта бўлмасди у ерда. Мен гўнг солавериб, у ерни одам қилдим. Ҳозир 50 центнердан пахта беради ўша ерлар. 25 йил давомида етти ҳокимни кўрдим. Бирортасига панд берганим йўқ. Мана бу ҳоким эса индамай ерни тортиб олаяпти.

Зотли молларни Германиядан келтирган эдим

Муроджон Мамадалиев ери тортиб олиниши ортидан Германиядан келтирилган зотли моллари тақдири мавҳум қолаëтганини айтади:

– Бундан ўн йил олдин Германиядан 12та бўғоз сигир олиб келган эдим. Ҳозир шулар 160та бўлди. Ҳаммаси бир зотдан, қора-ола. Илгари бедапояларимиз бор эди, ҳар бир сигир 15 литргача сут берарди. Ҳозир эса 7-8 литрга тушиб қолди. Чунки бедазорлар энди йўқ, сомонга кепак аралаштириб беряпмиз. Бу раҳбарлар молларнинг уволига қолади.

Пишлоғимиз “ходовой” товар

Фермер агар ери қайтариб берилмаса, зотли молларини сотишдан бошқа иложи қолмаслигини айтади:

– 2009 йилда пишлоқ ишлаб чиқарадиган цех ташкил қилдик. Ўзимизнинг ва бошқа фермалардан сут келтириб қайта ишлаймиз. Бутун вилоят бўйича ҳамма дўконларда бизнинг пишлоқ бор. Энг ходовой товар. Ўндан ортиқ одам ҳам ишсиз қоладиган бўлди. Бошим қотиб қолди, нима қилишга ҳайронман. Молларни сотиб юборишдан бошқа чорам қолмади. Сомон ғарамимизнинг ҳам охири кўриниб қолди. Энг ичим ачигани, молларга. Кимнинг қўлига тушади, аҳволи нима бўлади. Тоза, бир хил зотли қилиб, кўпайтираётган эдик. Икки йилда 400 тага етарди.

Ҳокимлардан ҳам, прокуратурадан ҳам нажот йўқ

Муроджон Мамадалиев ҳокимият ва прокуратурага қилган мурожаатлари ҳозиргача натижасиз қолаëтганини айтади:

– Туманда ҳам, вилоятда ҳам чорвачилик бўйича нечта мутахассислар ўтирибди. Мақбуллаштириш комиссияси аъзолари ўшалар ҳам. Биттаси бир нарса демаяпти. Туман ҳокими Саидмурод Аминжоновга ўн марталаб бордим. Ерлари олинган фермерларнинг бирортасини ҳам яқинлаштирмайсан, деб айтиб қўйган экан. Учрашиб бўлмайди, у одам билан. Туман прокуратурасига ёздим. Келиб кўришди, лекин ҳеч нарса бўлмади.

Орқасида тирговичи бўлмаганлар ерсиз қолди”

Исми сир қолишини сўраган данғаралик фермерлардан бири мақбуллаштириш тадбиридан аксар фермер ерсиз¸ ишсиз қолаëтгани¸ жараëндан фақат ҳоким ва унинг ўринбосари манфаат кўраëтганини таъкидлади.

Бизда мақбуллаштиришни асосан туман ҳокимининг қишлоқ ҳўжалиги бўйича ўринбосари Азиз Мирсодиқов туман ҳокими билан келишиб ўтказди. Комиссия хўжа кўрсинга тузилганди, депутатлар ҳам шунақа! Азиз Мирсодиқовнинг ўзи ва кўплаб қариндошлари, дўстлари фермерлик қилади. Мақбуллаштиришда А.Мирсодиқовнинг биронта қариндоши ердан маҳрум бўлмади. Данғарада асосан орқасида тирговичи йўқларнинг ери олинди. Кимники ортида биронта раҳбар, амалдор бўлса, унинг ерига тегинилмади.

Данғарадаги мақъбуллаштириш давлат фойдасига бўлмади. Бу тадбирда ҳокимият раҳбарларининг шахсий манфаати аралашгани боис давлат ҳам, яхши фермерлар ҳам зарар кўрди! Энг қизиқ жойи, мақбуллаштиришда ҳокимиятнинг ўзи бир қатор фермерлар номидан ерни захирага қайтариш ҳақида сохта ариза ёзгани бўлди. Бу факт! Кейин, яна бир қизиқ ҳолат бўлди. Аввал ери олиб қўйилган айрим фермерлар, гарчи ери кам бўлса ҳам, кейинроқ ерларини қайтариб олишди. Фермерларнинг айтишича, маълум ҳақ эвазига уларга ерларини қайтариб беришган!”

“Менинг қабулимга келмаган”

Данғара тумани ҳокими Саидмурод Аминжонов Озодлик билан суҳбатда, “Тўлқин Данғара равнақи” фермер хўжалиги раҳбари ўзига бирор марта мурожаат қилмаганини иддао қилди:

– Фермерлар менинг олдимга келишса, ҳар биттасини қабул қиламан. Илтимос, мен бир шуғулланай, агар ҳал қилмасам, кейин бошқа нарса денг. У фермер мени олдимга келсин. Қабул қиламан. Ҳаммасини гаплашиб, аниқлаштириб оламиз, муаммо бўлмайди, деди туман ҳокими Саидмурод Аминжонов.

Озодлик бу ваъда ижросини кузатишда давом этади”. Иқтибос тугади. [1].

2-воқеа. Бош вазир Абдулла Арипов зўравонлиги. [2].

Озодликдан иқтибос:”28 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро судида тошкентлик инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев қурдирган яна иккита уй тақдири кўриб чиқилади – туман ҳокимлиги 600 одам яшаëтган иккита уч қаватли уйни ноқонуний қурилган деган иддао билан бузишни сўрамоқда.

Хўжаевнинг мазкур туманда қурдирган 3 қаватли уйларидан бири 2018 йилнинг 4 ноябрь куни Бош вазир Абдулла Арипов ва шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг оғзаки буйруғи билан бузиб ташланган эди.

Хўжаевнинг Озодликка айтишича¸ бу ноқонуний ҳатти-ҳаракат ҳақида матбуотга гапириб¸ ДХХга арз қилгани ортидан унинг Тошкент шаҳрида қурдирган яна беш объекти шаҳар ҳокимининг оғзаки топшириғи билан бузишга берилган.

28 март кунги судгача бўлган жараëннинг маъмурий босим остида кечганини таъкидлаган девелопер¸ Тошкентдаги қурилиш бозорини монополиясига айлантирган пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни арзон уй қураëтгани учун ўзини бу бозордан сиқиб чиқараëтганликда айблади.

Озодлик гаплашган Мирзо Улуғбек туман ҳокими бу иддаони рад қилишга уринди¸ Ортиқхўжаев матбуот хизмати эса¸ иш судда кўрилаëтгани боис¸ бу ҳақда изоҳ берилмаслигини билдирди.

Судсиз бузишдан суд қарори билан бузишга ўтилди

28 март куни Фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди туман ҳокимлиги даъво аризасини кўриб чиқади.

Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги Риштон кўчасида қурилган 76- ва 97- уйларни “ўзбошимчалик билан қурилганлик”да айблаб¸ суддан уларни бузиш ҳақида ажрим чиқаришни сўраган.

Бу уйларни қурдирган хусусий инвестор Муҳаммадбобур Хўжаев эса¸ уйларнинг айнан Мирзо Улуғбек туман ҳокимлиги ва пойтахтдаги қурилиш учун масъул давлат тизимлари рухсати билан қурилганини айтади.

– Бу уйларга 600 одам кўчиб кирган¸ ҳозир уларни кўчага ҳайдаб¸ уйларни бузишмоқчи. Бу уйлар шаҳарсозлик қоидаларига мос равишда қурилган. Ер¸ лойиҳалаштириш ва қурилиш билан боғлиқ ҳамма ҳужжатларим бор¸ ҳаммаси қонуний¸ ҳаммасига давлат идоралари қўл қўйган¸ тасдиқлаган. Лекин ҳеч ким бунга қарамаяпти. Мақсад¸ бу уйларни бузиш! Ҳокимият¸ прокуратура ва суд ана шу мақсад учун тил бириктириб бирга ишлаяпти¸ дейди Озодлик билан суҳбатда Муҳаммадбобур Хўжаев.

Бу ишни икки ойдан бери ўрганаëтган Гуманитар ҳуқуқий маркази раҳбари Шуҳрат Ғаниев¸ Муҳаммадбобур Хўжаев қурдирган 3 қаватли уйнинг ўтган йил ноябрида бузиб ташланиши билан бошланган қонунсизликнинг тўхтовсиз давом этаëтганини айтади.

– Шахсан бош вазир Арипов ва Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевнинг машина ичидан кўрсатиб¸ мана шу уй йўқотилсин¸ деган оғзаки фармонини бажаришда пулини бериб¸ бу уйга кириб яшаëтган одамларни судсиз ташқарига чиқараяпти булар. Бу бир. Иккинчиси¸ суд ва унгача бўлган процессларда Муҳаммадбобур ва унинг қурувчиларига ҳам прокуратура¸ ҳам суд тизими томонидан бевосита тазйиқ кўрсатилаяпти ва бу бизни хавотирга солаяпти¸ дейди ҳуқуқшунос Ғаниев.

Хўжаев қурдирган иморатлар нега буздирилмоқда? Ҳоким жавоби

Озодлик бу савол билан Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкатбек Иргашевга мурожаат қилди.

– Бизга ноқонуний ëки ўзини тартиб-қоидаси билан қурилмаган уйларни бузиш ҳақида ГлавАПУ(Тошкент архитектура ва қурилиш бош бошқармаси назарда тутилмоқда – таҳр.) ëки қурилиш бўлими текшириб¸ хулоса беради. Бизнинг туманда фақат Хўжаев қурдирган олтита уй эмас¸ балки жуда кўп бошқа уйлар ҳам бузишга берилган. Улар ичида хусусий хонадонлар ҳам¸ кўп қаватли уйлар ҳам бор¸ деди Иргашев.

Мирзо Улуғбек туман ҳокими Хўжаевнинг¸ “ҳамма ҳужжатларим ҳокимлик ва бошқа давлат идоралари томонидан қонуний расмийлаштирилган¸ ўзлари қуришга рухсат бериб¸ энди ўзлари ноқонуний қурилди¸ деб иддао қилаяпти”¸ деган эътирозига ҳам жавоб берди:

– Ҳозирги тартиб-қоидага кўра¸ қурилишларни ҳокимият расмийлаштирмайди¸ бу Ягона дарча орқали ўтилади. Бу спорний масала бўлгани учун¸ фақат суд орқали ҳал қилинадиган бўлаяпти¸ деди Озодлик ҳоким Шавкатбек Иргашев.

Инвестор иддаоси

Муҳаммадбобур Хўжаев¸ уч қаватли янги уйининг 2018 йил ноябрида суд қарорисиз бузилишидан бошланиб¸ ўзи қурдирган барча объектларнинг ҳокимият томонидан бузишга берилганини махсус кампаниянинг бир қисми деб билишини айтади.

– Тошкентда энг арзон ва сифатли уй-жойни мен қурдираяпман. Discover Invest, Murad Buildings уч хонали уйнинг фақат деворини 150 минг долларга таклиф қилаëтган бўлса¸ мен уч хонали уйни¸ ремонти билан¸ кўчиб яшашга таппа-тайëр қилиб¸ 30 минг долларга сотаяпман. Бу квартираларга харидор жуда кўп. Мен номларини айтган Тошкентдаги энг йирик девелоперлик ширкатлари¸ билишимча¸ шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхжаевга қарашли¸ ëки у билан шерикликда ишлайди. Булар уй-жой бозорини монополия қилиб¸ менга ўхшаган рақобатчиларни сиқиб чиқаришаяпти. Бор гап шу¸ дейди Муҳаммадбобур Хўжаев”. Иқтибос тугади. [2].

Ц-1 вебсайтининг [3], “Правозащитники – за диалог между бизнесменом и властью в Ташкенте.” номли мақолада ёзиши бўйича, Тошкентдаги хусусий қурувчи Муҳаммадбобир Хўжаев ва пойтахт амалдорлари ўртасидаги ўзаро можарода Ўзбекистонлик фаоллар мулоқот ўрнатиб ёрдам беришлари мумкин.

Бухоро гуманитар ҳуқуқий ташкилоти раҳбари Шуҳрат Ғаниевнинг таъкидлашича, можарода қатнашаётган томонлар бир-бирларини ўзаро айблашдан тўхтаб, дастурхон атрофида ўтириб музокараларни бошлашлари керак. Ҳуқуқбон Шуҳрат Ғаниев бир ойдан ортиқ вақт давомида воқеаларни ривожини кузатиб келяпти. Мирзо Улуғбек туман хокими Шавкат Эргашевнинг талабига биноан тадбиркор Муҳаммадбобир Хўжаев Тошкент шаҳрининг Авайхон кўчасида милиция бўлими учун бино қуриб беради. Бу бинонинг қурилиши унинг келажакда тинчгина ишлаши учун эди.

Лекин, бу билан таъмагирлик тугамади (вымогателстьва). Ҳокимнинг воситачилари милиция биноси сохта кишиларнинг номига расмийлаштиришни хоҳлаб қолишди. Тадбиркор бунга рози бўлмади ва бино қурилишига сарфланган 150 минг АҚШ долларини қайтариб беришни талаб қилди, лекин пул қайтариб берилмади.

Бироқ, 2018-йилнинг 4-ноябрь куни милиция янги қурилган биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали маросимда туман ҳокими Шавкат Эргашев, шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповлар қатнашишди.

Кейинчалик, тадбиркор Муҳаммадбобир Хўжаев ва амалдорлар ўртасидаги можаро янада юқори поғонага кўтарилди. Тошкент шаҳри ҳокимиятидагилар тадбиркорнинг сифатсиз қурилган бинолари ҳақида фильм олишяпти. Филмда бу биноларда яшовчи кишилар гулқоғозларнинг кўчиб тушаётгани, деворлардаги ёриқлар, хоналарнинг кичиклигидан шикоят қилишмоқда.

Навбатдаги тасвирга олиш 9-апрель куни Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани, Қорасув массиви, Риштон кўчаси, 110-уйда бўлиб ўтган. Бироқ, Хўжаевнинг Ц-1га айтиши бўйича, бу уйнинг унга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Тадбиркорнинг айтиши бўйича, бундай фильмга олишлар 1-марта бўлаётгани йўқ.

Яна 7-апрель куни тадбиркор Хўжаевнинг машинасини пойтахтнинг Чилонзор туманида 2 ойналари қорайтирилган номерсиз машиналар қўққисдан тўсган. Машинадан 5 эркак чиқиб келиб, тадбиркорга ўз бизнеси учун курашни тўхтатишни ва оммавий ахборот воситаларига бошқа мурожаат қилмасликни дўқ-пўписа билан талаб қилишган. Агар тадбиркор талабга бўйсунмаса уни жисмоний йўқ қилишларини айтган.

Тадбиркор Муҳаммадбобир Хўжаев билан ҳокимият ўртасидаги можарони фақат фуқаровий жамият вакилларининг аралашуви билан ҳал қилиниши мумкин. Лекин, можарода қатнашувчи томонлар буни ҳохлашадими дейди Ц-1.

Юқоридаги 2 воқеадан, яъни Данғара туман ҳокими Саидмурод Аминжонов ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг зўравонликларидан менда 3 фикр туғилди.

1-фикр. Данғара туман ҳокими Саидмурод Аминжонов ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон республикаси конституциясининг шахс дахлсизлигига тегишли 19 ва 25-моддаларини қўпол равишда оёқ ости қилишяпти. [4].

19-модда

Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар.

Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

25-модда.

Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас.

Юқоридаги 2 воқеалардан яна шу нарса кўриниб турибдики, Ўзбекистон ватандошларининг мулк дахлсизлиги кафолатланмаган. Уларнинг Ўзбекистон республикаси конституциясининг 53-моддасида кўрсатилган мулкий дахлсизлиги ҳуқуқи очиқдан-очиқ оёқ ости қилиняпти.

53-модда

Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жихатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

2-фикр. Данғара туман ҳокими Саидмурод Аминжонов ва Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг зўравонлиги,мамлакатда ижроия ҳокимияти, қонун чиқарувчи ҳокимият, суд ҳокимиятининг мустақил эмаслигини кўрсатади. Шу жумладан мамлакатда оммавий ахборот воситалари эркин эмаслигини, кучли фуқаровий жамият ва бақувват ўрта синф шаклланиши учун шароит яратилмаганлигини кўрсатади.

3-фикр. Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий, сиёсий ислоҳотлари хўжакўрсинга, юзакилигини кўрсатади. Яъни, Президент Шавкат Мирзиёевнинг иқтисодий, сиёсий ислоҳотлари мамлакатда иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик ва коррупция кўрсаткичларининг сезиларли ошишига олиб келмайди.

Зеро, Зеро,Ўзбекистоннинг иқтисодий эркинлик кўрсаткичи 152-ўринда бўлган пайтда 51.5 баллга тенг эди, 2019-йилда эса 140-ўриндалагида 53.3га тенг.[5].

Дунё мамлакатлари орасида 12 поғонага кўтарилган бўлсада эркинлик кўрсаткичи атиги 1.8 баллга яхшиланган бўлиб ҳамон кўпроқ эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторида.

Сиёсий эркинлик кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 9 балл билан Тожикистон ( 9 балл ) даражасига эришган ва албатта Шимолий Кореадан ( 3 балл ), Туркманистондан ( 2 балл ) анча узоқлашган. Бироқ, дунёнинг энг эркин мамлакатлари Финляндия ( 100 балл ), Норвегия ( 100 балл ), Швециялардан ( 100 балл ) жуда кейинда ва ҳаттоки Афғонистон (27 балл), Эрондан (18 балл) ҳам сиёсий эркинликлар бўйича орқада. [6].

Умуман олганда Ўзбекистон ёмонларнинг энг ёмонлари бўлган 13 мамлакат қаторида.[7].

Ўзбекистонда коррупция кўрсаткичи (Corruption Perceptibility Index) 2018-йилда 22 балл билан дунёнинг 180 мамлакати қаторида 157-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 – йилда 23 балл билан 158 – ўринни эгаллади. Ўзбекистоннинг коррупция кўрсаткичи 1 баллга яхшилангани билан дунёнинг бошқа мамлакатларида коррупция кўрсаткичи Ўзбекистонга нисбатан кўпроқ яхшилангани учун Ўзбекистон 157 – ўриндан 158 – ўринга тушиб қолган. [8].

Коррупция гуллаб яшнаётган мамлакатга ҳалол чет эллик тадбиркорлар инвестиция, сармоя киритмайди. Мамлакат иқтисоди ривожланмайди.

Дарҳақиқат,Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси ($1,560) дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсидан ($11,673) қарийб 7 баравардан кўпроқ кам (7,48).

Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси ($7,810) дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан ($18,961) 2 баравардан кўпроқ кам (2,43).

Ўзбекистоннинг иқтисодий кўрсаткичлари дунёнинг ўртача иқтисодий кўрсаткичларидан 2 баравар кам бўлса, Ўзбекистоннинг иқтисодини қолоқ дейишимиз мумкин. Бироқ Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси дунёнинг ўртача АЖБ ЯИМсисдан 7 баравардан кўпроқ, Ўзбекистоннинг АЖБ СОПси дунёнинг ўртача АЖБ СОПсидан 2 баравардан кўпроқ орқадалигини баралла ўта иқтисодий қолоқ дейишга мажбур бўламиз. [9,10].

2018-йилнинг декабрида Халқаро рейтинг агентликлари Fitch va Standard & Poor’sлар Ўзбекистоннинг АЖБ ЯИМси $1,200га тенглигини аниқлашган эди. Бу кўрсаткич бўйича олганда Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи янада аянчлилиги аёнлашади. [12,13].

АЖБ ЯИМ 1,460 АҚШ доллари бўлган Ўзбекистон 10-20 йиллар олдин жуда қолоқ бўлган Ҳиндистон (АЖБ ЯИМ 2,188), Нигерия (2,244) ва ҳаттоки Бангладешдан (1,882) ҳам орқада қолиб кетди.

Ўзбекистон фақат 40 йилдан бери уруш бўлаётган Афғонистон (АЖБ ЯИМ 577) ва 5 йил фуқаролар уруши бўлган Тожикистондан ( АЖБ ЯИМ 815) олдиндалиги билан фахрлана олади.[10].

Ўзбекистонда иқтисодий эркинлик, сиёсий эркинлик кўрсаткичлари кўтарилмас экан,коррупция кўрсаткичи кўтарилмайди, мамлакат иқтисодиёти ўта қолоқликдан чиқа олмайди.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

12апрель, 2019-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Данғара ҳокимлиги Германиядан қорамол келтирган илғор чорвадорни синдирди (ВИДЕО). 02.04.2019. ( https://www.ozodlik.org/a/chorvador-fermer-yeri-olib-quyildi/29856934.html ).

2. Инвестор Тошкент ҳокимини ўзини қурилиш бозоридан сиқиб чиқараëтганликда айбламоқда. 27.03.2019. (https://www.ozodlik.org/a/muhammadbobur-xojayev-jahongir-ortiqxojayev/29845695.html ).

3. Правозащитники – за диалог между бизнесменом и властью в Ташкенте. 10.04.2019. ( https://centre1.com/uzbekistan/pravozashhitniki-za-dialog-mezhdu-biznesmenom-i-vlastyu-v-tashkente/ ).

4. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).

5. 2019. Index of Economic Freedom.

( https://www.heritage.org/index/ranking ).

6. Freedom in the World 2019.

( https://freedomhouse.org/report/countries-world-freedom-2019).

7. Worst of the worst. 2019. ( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2019/democracy-in-retreat ).

8.Transparency International. Corruption Perceptions Index 2018

( https://www.transparency.org/cpi2018 ).

9. International Monetary Fund. 2019.GDP per capita, current prices. U.S. dollars per capita(https://www.imf.org/external/datamapper/NGDPDPC@WEO/OEMDC/ADVEC/WEOWORLD ).

10. Statistics Times.GDP Indicators 2019

( http://statisticstimes.com/economy/gdp-indicators-2019.php ).

11. TOP 10 Most Profitable Companies in the World in 2019. (https://fxssi.com/top-10-profitable-companies-world ).

12. Fitch Assigns Uzbekistan ‘BB-‘ IDRs; Outlook Stable

20 Dec 2018. ( https://www.fitchratings.com/site/pr/10057197 ).

13. Первый суверенный кредитный рейтинг от Fitch оказался благосклонен к Узбекистану. 21.12.2018. (https://fergana.agency/news/103789/ ).