Oct 262018
 

Нега Ирландияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳурмат қилинади деган саволга оддийгина, чунки Ирландия эркин, демократик мамлакат, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари нега ҳурмат қилинмайди деган саволга оддийгина қилиб, чунки Ўзбекистонда президент Шавкат Мирзиёевнинг бошқаруви авторитар, ундан олдин марҳум диктатор Ислом Каримов даврида 27 йил диктаторлик усули билан ва ундан олдинлари ҳам коммунистик тоталитар усулда бошқарилган эди деб жавоб бериш мумкин.

Лекин, Ўзбекистонда ҳам Ирландиядагидай эркин, демократик жамият қуриш учун нима қилиш керак? деган саволга юқоридагидай оддийгина қилиб жавоб бериш етарли эмас.

Мени бу мақолани ёзишга ва видеони тайёрлашга қуйидаги тўрт воқеа сабабчи бўлди.

1-воқеа. Россиянинг Тула шаҳри кўчаларида мигрантларнинг асирлардек олиб ўтилиши.

Озодликдан иқтибос: “Россиянинг Тула шаҳрида Росгвардия ва полиция олиб борган рейдлар натижасида асосан ўзбекистонлик ва тожикистонлик бўлган 300 зиёд муҳожир ушланди. Махсус амалиёт давомида мигрантларни ҳарбий асирлар каби “конвой” қилинаётгани акс этган фотосуратлар жамоатчилик ғазаби ва эътирозларини уйғотди.

2018 йилнинг 20 октябридан Тула шаҳрининг Хлебний майдонидаги бозор ва унинг атрофидаги кўчаларда оммавий текширувлар ва облавалар ўтказилди.

Соат эрталабки 10-ларда бошланган ва “ноқонуний меҳнат муҳожирларини аниқлашга” қаратилгани айтилган амалиётда маҳаллий полиция, Росгвардия, ФСБ, ОМОН ва СОБР тезкор гуруҳлари иштирок этди.

Бозор ҳудуди ва ён атрофдаги Пирогова ва Каминского кўчаларида ушланган 300 яқин шахс кўздан кечирилиб, автобусларда туман полиция бўлимига олиб борилди.

Махсус амалиёт ўтказилганини тасдиқлаган Тула вилояти Ички ишлар бошқармасида рейддан кўзланган мақсад – “Россия ҳудудида ноқонуний яшаб келаётган ёки бошқа миграция қоидаларини бузаётган хорижлик шахсларни аниқлаш” эканини Озодликка билдиришди.

Бироқ, жамоатчилик эътиборини “Тульские новости” ахборот агентлиги сайтида чоп этилган фотосуратлар ўзига жалб қилди. Унда Тула бозори атрофида ушланган 200 яқин қўллари бир-бирининг елкасига қўйилган меҳнат мигранти, жумладан аёлларнинг маскадаги полициячилар “конвой” қилаётганини кўриш мумкин.

Орқама-кетин бир қаторга терилган муҳожирлар маҳаллий гражданлар кўз олдида жиноятчилар каби олиб кетилаётгани кўпни кўрган ҳуқуқ ҳимоячилари ва оддий гражданларни ҳайратга солди”. Иқтибос тугади. [1].

Яна шуни қўшимча қилиб айтиш керакки,ижтимоий тармоқларда тулалик ҳуқуқ муҳофазачилари рейдларни “фашистлар” ва “нацистлар” хатти-ҳаракатларига қиёслашди.

2-воқеа. Бухоролик мардикорнинг милиция зобити томонидан дўппосланиши.

Озодликдан иқтибос: “Бухорода яшовчи 46 ёшли мардикор Рустам Мавлонов “милиция зобити уни дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани” ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Мавлоновнинг иддаосича, капитан унвонидаги Жамшид исмли милиция зобити уни 19 октябрь куни шериги билан бирга ушлаб, Бухоро туман Ички ишлар бўлимига олиб борган ва мақсадсиз юрганини пеш қилиб, калтаклаган.

Мавлонов Бухоро шаҳар касалхонасига ётқизилгани ва қовурғаси сингани ҳақдаги ҳужжатларни Озодликка тақдим этди. Лекин у милиция ходими калтаклагани юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига шикоят қилмаган.

Бухоро тумани бозорида мардикорлик қилувчи Рустам Мавлоновнинг Озодликка айтишича, 19 октябрь куни у шериги билан уйига қайтаётганида капитан унвонидаги милиция зобити уларни “мақсадсиз юрганлик”да айблаб, милиция бўлимига олиб борган ва дўппослаган.

– Шеригим Шавкат билан ишдан қайтаётганимизда, милиция ходими бизни тўхтатиб ҳужжат сўради. “Нимага мақсадсиз юрибсизлар”, деб милиция бўлимига олиб кетди. “Нега мақсадсиз юрар эканмиз, бозорда мардикорлик қиламиз, ўғирлик қилганимиз йўқ, жиноят қилганимиз йўқ, нега бу ерга асоссиз олиб келдингиз”, десак, “хоҳласам қамаб ҳам қўйишга ҳаққим бор”, деб қорнимга тепди. Ётиб қолдим, ерга йиқилдим. “Сени ҳозир камерага қамайман”, деб ерда ётган ҳолимда яна тепди. Шеригимни ҳам дўппослади, – деб иддао қилди Рустам Мавлонов.

Бухоролик яна бир мардикор, 38 ёшли Шавкат Тўраев шериги Рустам Мавлоновнинг милиция бўлимида калтакланганига шахсан гувоҳ бўлгани, ўзи ҳам милиция зобитидан калтак еганини Озодликка айтди:

– Ҳаммаси менинг кўз ўнгимда бўлди. Бўлимга олиб бориб дўппослашди, шеригимни ёмон қилишди, қовурғасиниям синдиришди, мен гап қайтармаганим учун унча кўп уришмади. Милициядан чиққанимиздан сўнг тез ёрдам чақиртириб, Бухоро шаҳар касалхонаси хирургия бўлимига олиб бордик, у ерда қовурғаси синганини айтишди”. Иқтибос тугади. [2].

Яна Озодликдан иқтибос:”Мавлонов ҳам Тўраев ҳам милиция бўлимида калтаклангани юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига арз қилишмаган.

– Арз қилсаларинг “қаматтирвораман”, деб қўрқитди. Касалхонадагилар ҳам “шикоят қилишинг керак”, дейишди, мен “йўқ” дедим. Шикоят қилганнинг фойдаси йўқ, улар доим ўзиникини ҳимоя қилар экан, айбли биз бўлиб қолар эканмиз, – дейди Мавлонов”. Иқтибос тугади.

3-воқеа. Фермернинг қўйларини милиционерлар томонидан сўйиб ташланиши. [3,4].

Fergananews.com интернет сайтининг ёзиши бўйича Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти Сардоба тумани ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг ходимлари Навоий вилоятидаги “Зимбоши” фермер хўжалигига тегишли қўй ва эчкилардан иборат поданинг бир қисмини йўқ қилишган. Кун.уз бу воқеа 17-октябрда бўлганини хабар қилган.

Зимбоши” фермер хўжалигининг раиси Дилшод Узоқовнинг айтиши бўйича, 800 бошдан иборат жониворлар подаси Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг маҳаллий фермерлари билан келишилган ҳолда ўтлатилган. Хусусан Сардоба туманида “Абдуазиз чорваси” хўжалиги чорвадорларга ўзининг ўтлоқларини ўтлатишга тақдим қилган.

Бироқ, туман ички ишлар бўлимининг ходимлари номаълум сабабларга кўра, поданинг бир қисмини гўштга сўйишга қарор қилишган. Улар умумий ҳисобда 28 қўй ва эчкини сўйишган, яна 7 қўйни ўзлари билан олиб кетишган. Натижада фермер ъўжалиги 35 бош жониворини йўқотган. Милиционерлар томонидан сўйилган жониворларнинг кераксиз қолдиқлари полда сочилиб ётарди.

Абдуазиз чорваси” хўжалиги раиси Акром Хўжановнинг айтиши бўйича, унинг шартнома бўйича ўтлоғини тақдим қилган ҳамкасбига ҳеч қандай даъвоси йўқ. Унинг айтиши бўйича жониворлар унинг экинларига ҳеч қандай зарар еткизмаган. Шу сабабли фермер ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларига мурожаат қилмаган ва маҳаллий милиционерлар нега бундай қилганини у тушунмаган.

Дилшод Узоқов бўлган ҳодиса тўғрисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев виртуаль қабулхонасига ва Республика Бош прокуратурасига шикоят жўнатган. У унинг жониворларининг бир қисмини сўйиб ва олиб кетган ички ишлар ходимларини жазоланишига умид қилади. [4].

4-воқеа. Форишда мактаб директорларига ярим миллион сўмдан пахта солиғи солиниши.

Озодликдан иқтибос:”ФОРИШ. “Жиззах вилояти Фориш туманидан ёзмоқдамиз. 23 октябрь куни Фориш тумани халқ таълими бўлимида 64 та директор иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Халқ таълими бўлими мудири Ойбек Эрхонов ҳар бир мактаб директори пахта учун 500 минг сўмдан бериши кераклиги айтди. Бу туман ҳокимининг топшириғи экан. Ўн беш кун олдин халқ таълим бўлими мудирига 100 мингдан йиғиб бергандик. Шунда ҳам, “Одам чиқар!” деб ҳоли-жонимизга қўймаганди ҳоким, прокурор ва халқ таълими бўлими мудири. Энди эса ярим миллиондан талаб қилишмоқда. Жонга тегди-ку бу! Президент ўқитувчига тегма деса ҳам, туманлардаги раҳбарлар таълим ходимларини куппа-кундузи тўнаш билан овора…” Иқтибос тугади. [5].

Қисқа қилиб айтганда, юқоридаги рўй берган тўрт воқеада Ўзбекистон Республикаси конституциясининг 22, 19, 53-моддалари оёқ ости қилинган. [6].

22-модда.

Ўзбекистон Республикаси ўз худудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлайди.

19-модда

Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар.

Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

53-модда

Бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини ҳилма-ҳил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат истеьмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлайди.

Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

Ўзбекистон ва Россия давлатлари томонидан БМТнинг икки Пакти ва кўплаб конвенциялари ратификация қилинганини эътиборга олсак, Ўзбекистон ватандошларининг ҳуқуқ ва эркинликлари Ўзбекистон ва Россия худудларида

ҳурмат қилиниши керак, кафолатланиши керак.

Бироқ, Ўзбекистон ва Россия ҳокимият органлари ўз ватандошларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қилмаслиги, кафолатламаганлиги дунё жамоатчилигига маълум. Бу мамлакатларда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг ҳурмат қилинмаслигига асосий сабаб сифатида ҳокимият органларида ишловчи амалдорлар айбдор ҳисобланади.

Иккинчи навбатда бу мамлакатлар ватандошларининг ўз ҳуқуқлари ва эркинликлари учун курашмасликлари ёки курашишни билмасликлари янада курашишни билиш учун ҳаракат қилмасликлари ҳам муҳим сабаблардан биридир.

Бунга яққол мисол сифатида бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Amnesty International ташкилотидир. Бу ташкилотнинг дунё бўйлаб 7миллиондан кўпроқ аъзоси бор. [7].

Amnesty Internationalнинг Ирландия бўлимида эса 20мингдан кўпроқ аъзоси бор. [8].

Бу аъзолар молиявий имкониятларига қараб, уч хил шаклда фаолият кўрсатадилар.

1-Ходим сифатида.

Ташкилотнинг ходими сифатида ва бошқарув органларида фаолият кўрсатиш

учун инсон ҳуқуқлари соҳасида катта билим ва тажрибага эга бўлиш керак.

2-Хомий.

Ўзига тўқ одамлар ташкилотга моддий ёрдам берадилар, пул ўтказади ёки ташкилот тадбирларини ўтказишни ёки ташкилотга керак бўладиган жиҳозларни сотиб олишни молиялайди.

3-Кўнгиллилар(Волонтёрлар).

Ташкилотнинг тадбирларида кўнгилли бўлиб фаолият кўрсатувчи аъзолар. Кўнгиллилар асосан дам олиш кунлари, иш таътилида ёки зарурат бўлган пайтда ишдан бўш вақтларида ташкилотнинг тадбирларида беғараз иштирок этадилар.

Эркин, демократик мамлакатларда ташкилотнинг ходимлари, хомийлари, кўнгиллилари ўз мамлакатларида ва дунёнинг бошқа мамлакатларида инсон ҳуқуқи ва эркинликларининг кафолатланишини ўта муҳим деб ҳисоблайдилар ва шунинг учун виждонан, масъулиятни бўйнига олиб курашадилар.

Афсуски, Ўзбекистон ва Россия каби мамлакатларда кўплаб ватандошлар ўз ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатланишига фақат ҳокимият органларини масъул деб биладилар.

Дунёнинг эркин, демократик мамлакатларида ватандошларнинг конституцион ҳуқуқ ва эркинлари учун курашувчи, қашшоқликка қарши, коррупцияга қарши, қийноқларга қарши, сўз эркинлиги учун, норозилик билдириш эркинлиги учун, ташкилотларга уюшиш эркинлиги учун, ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи учун, аёллар, болалар, ногиронлар ҳамда экологик ва бошқа кўплаб ҳуқуқлар учун курашадиган ташкилотлар бисёр.

Эркин, демократик мамлакатларда ватандошларнинг ҳар бири бирон бир инсон ҳуқуқ ташкилотида ходим сифатида, хомий сифатида, кўнгилли сифатида иштирок этишни ўзининг фуқаровий бурчи деб билади.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

26октябрь , 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Мигрантлар Тула кўчаларидан асирлардек олиб ўтилди (ВИДЕО+ФОТО). 23.10.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29559189.html ).

2. Бухоролик мардикор милиция зобити дўппослагани ҳақда арз қилди. 24.10.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-miliciya-zoravonlik/29561435.html ).

3. FERMERNING MULKIGA CHANG SOLISHDI. KunUZ .Published on Oct 23, 2018. ( https://www.youtube.com/watch?v=c4BcGRb6dEc ).

4. Сырдарьинские милиционеры устроили налет на стадо баранов. 24.10.2018. ( http://www.fergananews.com/news/33575 ).

5. ЖИЗЗАХ – “Форишда мактаб директорларига ярим миллион сўмдан пахта солиғи солинди”. 24.10.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/paxtagram-maktab-forish/29561160.html ).

6. O’zbekiston Respublikasi Konstitutsiyasi. (http://constitution.uz/oz/clause/index#section23 ).