Oct 122018
 

Мен бу мақолада Ўзбекистондаги гуллаб-яшнаётган коррупция ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018-йилнинг 8-9-октябрь кунлари расмий визити тўғрисида ўз фикрларимни айтмоқчиман.

Озодликдан иқтибос: “Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга ташрифда доирасида автомобиль транспортида ташиш, туризм, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, техник кўмак, космосни тадқиқ этиш, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, маданият ва бошқа соҳаларга оид ҳукуматлараро ва идоралараро 10 та ҳужжат имзоланди.

Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар қилди.

9 октябрь куни Елисей саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эммануэл Макроннинг учрашуви бўлиб ўтди”. Иқтибос тугади. [1].

Fergana.ru интернет сайтининг ёзишича Франциянинг Veolia компанияси Тошкент шаҳрида сувни тозалаб, аҳолига тоза сув етказиб бериш, ахлатларни тозалаш, энергия билан таъминлаш ва транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича 25 йилга келишувга эришилган. Бу келишувга мувофиқ Тошкент шаҳрида ичимлик суви ва фойдаланиб бўлган сувларни тозалаш бўйича келажакдаги контракт учун тайёргарлик ишларини олиб боради.

1,5 миллиард турадиган 25 йиллик шартнома(контракт) 2019-йилнинг биринчи ярмида кучга киради.

Франция Тараққиёт агентлиги билан Ўзбекистонда инфраструктура лойихалар учун 600 миллион евролик ҳамкорлик дастури имзоланган.

Булардан ташқари бир неча Француз компаниялари билан, шу жумладан Airbus Se, нефт-газ компанияси Total, қурилиш компанияси Vinci, Франциядаги энг катта саноат компанияси Orano (собиқ Areva), энергия концерни Total Eren, технология бўйича компания Fives Stein, саноат гуруҳи Biouygues, озиқ-овқат компанияси Rungis ва бошқалар билан бир қанча лойиҳаларни амалга оширишни белгилаб олинган.

Булардан ташқари Biouygues Batiment International компанияси билан Бухоро шаҳрининг марказида 100 миллион евролик меҳмонхона, ресторан, магазин ва кўнгил очиш марказлари қурилишларини молиялаштириш бўйича шартнома тузилган. [2].

Президент Шавкат Мирзиёев Францияга расмий ташриф билан келишигача АҚШ, Жанубий Корея ва Ҳиндистон каби эркин, демократик давлатларда расмий ташриф билан бўлган эди. Президент Шавкат Мирзиёев барча бу мамлакатлардан кўп миллиардлик шартномалар билан қайтган эди. Ўзбекистон ватандошларида бу кўп миллиардлик инвестицияларнинг Ўзбекистонга кириб келиши мамлакатда иқтисодий тараққиётга олиб келади деган таассурот пайдо қилади.

Қуйида икки фактни ҳисобга олсак:

1-факт.Ўзбекистон иқтисодиёти мен аввалги мақолаларимда кўп марта таъкидлаб ўтганимдек, дунёда аҳоли жон бошига ўртача сотиб олиш паритети бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳизматлар кўрсатиш ( PPP- Purchasing Power Parity per capita) 17,300 АҚШ доллари бўлгани ҳолда Ўзбекистонда 7000. Шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг ўртача даражасидан 2 баравардан кўпроқ орқада. [3].

2-факт. Дунёда аҳоли жон бошига ўртача маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳизматлар кўрсатиш бўйича 2017 йилда 10,714 АҚШ доллари бўлгани ҳолда Ўзбекистонда 1,504. Шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг ўртача даражасидан 7 баравар орқада. [4].

Юқорида келтирилган икки фактдан кўриниб турибдики, марҳум диктатор Ислом Каримов даврида миллиардлаб инвестициялар Ўзбекистонга киритилган эди. Лекин, Ўзбекистон иқтисодий тараққиётга эриша олмади. Чунки, марҳум диктатор Ислом Каримов даврида Ўзбекистон коррупция кўрсаткичи бўйича дунёдаги ўта коррупциялашган энг 5, энг 10 мамлакатлар қаторига кирар эди.

Президент Шавкат Мирзиёев даврида эса Ўзбекистон коррупция даражаси кўрсаткичи бўйича (Corruption Perceptibility Index) дунёда 180 мамлакат ичида 157-ўринни эгаллайди, яъни дунёнинг энг коррупциялашган 20 мамлакатлари қаторига киради.[5].

Яни бундан шундай хулоса келиб чиқадики, Ўзбекистон ўта коррупциялшган 5, 10 мамлакатлар қаторида бўлганда иқтисодий тараққиётга эриша олмаганди, энди энг коррупциялашган 20 мамлакатлар қаторида бўлиб иқтисодий тараққиётга эриша оладими?!

Ўзбекистонда коррупция даражасини пасайтириш учун Ўзбекистон ватандошларига иқтисодий, сиёсий эркинликлар берилиши керак, оммавий ахборот воситалари эркин бўлиши керак, мустақил суд системаси шаклланиши керак.

Афсуски, президент Шавкат Мирзиёевнинг бу ислоҳотларни амалга ошириши ҳозирча номаълум.

Коррупциянинг иқтисодий тараққиётга тўсқинлик қилишига GM Uzbekistan қўшма корхонасининг фаолияти яққол мисол бўла олади.

Озодликдан иқтибос:”Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаëтган машиналар салонларда туриб қолаëтгани боис¸ «Ўзавтосаноат» АЖ нинг Асакадаги GM Uzbekistan заводи катта зарар кўрмоқда.

Бу маълумотни жамоатчиликка очиқлаш ваколатига эга бўлмаган GM Uzbekistan бошқарувига яқин мулозим 9 октябрь куни Озодликка шундай деди.

Суҳбатдош таъкидича¸ бундай инқироз GM Uzbekistan заводи бутун раҳбариятининг ëппасига ишдан бўшатилгани оқибатидир.

Харидор эҳтиëжидан кўра кўпроқ автомобиль чиқарган нўноқ янги раҳбарият шу пайтгача шаклланган¸ мамлакатдаги бирламчи ва иккиламчи машина бозоридаги мувозанатни издан чиқарди”¸ деб баҳо берди жорий вазиятга завод бошқарувидаги мулозим.

«Ўзавтосаноат» матбуот хизматининг 9 октябрь куни Озодлик суҳбатлашган мулозими¸ вазият учун “ишлаб чиқаришда турғунлик ва зарарга сабаб бўлган эски раҳбарият”ни айблади.

Ўзини таништирмаган «Ўзавтосаноат» расмийси¸ “яқин кунларда маҳаллий автомобиль саноатини ривожлантиришнинг янги концепцияси самарасидан харидорлар баҳраманд бўлишини” ваъда қилди.

Айни пайтда «Ўзавтосаноат» мулозими бу янги концепция айнан нимадан иборат эканлигини аниқ тушунтириб бера олмади. Россия автосаноати бўйича китоблар муаллифи Сергей Сенинскийга кўра¸ “Каримов даврининг тоталитар маҳсули бўлган «Ўзавтосаноат» эркин бозор шароитида ўлимга юз тутган”.

Машина бозори нега фалаж бўлди?

GM Uzbekistan заводи бошқарувига яқин мулозимнинг айтишича¸ “автомобилсозлик ва машина бозоридан беxабар” раҳбариятнинг уқувсизлиги боис мамлакат миллий автосанаоати боши берк кўчага кириб қолган.

“GM Uzbekistan бош директоридан бошқа ҳамма раҳбарият ва мутахассислар сентябрь охирида ишдан бўшатилди. Бунинг оқибатида машина савдоси фалаж бўлди. Тушум тушиб кетди. Савдо-сотиқ йўқ. Салонда турган машинани одамлар олмай қўйди. Бозор тўйди¸ лекин завод пулсизликдан ўлаяпти”¸ дейди суҳбатдош.

Монополист мавқеидаги эскирган русумли автомобиль ишлаб чиқарувчи завод қандай қилиб “бозордаги харидорни тўйдирганлигини” тушунтириб берган мулозим¸ “эҳтиëжга кўра таклиф” деган иқтисодий формула бузилганидан хавотир билдирди.

“Янги раҳбарият давлатдан пул олиб Captiva¸ Malibu машиналар ишлаб чиқариш миқëсини анча оширди. Энди давлатга пулни қайтариши керак¸ аммо пул йўқ. Чунки машина сотилмаган. Бундан ташқари¸ иккиламчи бозорни ҳам синдиришди. GM Uzbekistan ўзининг салонларда сота олмаган машиналарини Сергели бозорига олиб чиқди”¸ дейди мулозим.

Талабнинг тушиб кетиши ва экспорт мутлақ тўхтагани ҳақида гапирган мулозим ўз фикрига рақамларни илова қилди.

“Оширилган производство бу фалокат бўлди. Эҳтиëж йилига 200 минг эди. Ўшанда 180 минг машина чиқариб¸ эҳтиëжни ушлаб турардик. Олдиндан пулини тўлаб бир ой кутиб машина олишарди. Пул-машина-пул тизими ишларди. Ҳозир тахминан айтсак¸ 200 минг эҳтиëж учун 240 минг машина чиқарилди. Бу худди 50 киши овқат ейдиган ресторанда 100 кишига овқат пиширгандек гап. Қолган овқат тўкиб ташланади ва ресторан банкрот бўлади. Шу бизнинг аҳволимиз”¸ дейди суҳбатдош”. Иқтибос тугади. [6].

Иқтибосга мен шуни қўшимча қилиб айтаманки, GM Uzbekistan қўшма корхонасининг автомобиллари Ўзбекистон ватандошларига Россия ва Қозоғистонда сотиладиган автомобилларга нисбатан қарийб икки баравар қиммат нархда сотиларди. Яна бу автомобилларни сотиб олиш учун Ўзбекистон ватандошлари олдиндан 85% автомобиль баҳоси пулини тўлаб қўйиб 6-8 ойлаб навбати келишини кутарди.

GM Uzbekistan қўшма корхонасининг фаолияти мисолида коррупциянинг иқтисодий тараққиётга қанчалик зарар келтириши яққол кўриниб турибди. Ўзбекистон олтин, газ, уран каби бойликларга эга бўлиб ҳам, меҳнат муҳожирлари юборган 100 миллиард долларлар ҳам қарийб 30 йил давомида мамлакатни иқтисодиы қолоқликдан чиқара олмади.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Францияга расмий ташрифига яна 2 та маълумотни келтириб ўтишни лозим топдим.

1-маълумот. Франция ватандошларига Ўзбекистонга 30 кун давомида визасиз бориб-келишга рухсат берилди.

2-маълумот. Ўтюраклар клубининг асосчиси, таниқли ҳуқуқбон Мўтабар Тожибоева Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи муносабати билан 8-октябрь куни норозилик пикети ўтказишга руҳсат олган эди ва қуйидаги талабларни норозилик пикетида кўтармоқчи эди. [7,8].

1.Қувғиндаги сиёсий диссидентлар ва журналистларнинг Ўзбекистонга қайтишига руҳсат бериш;

2. 2014-йилда уларнинг, сиёсий диссидент ва журналистларнинг фуқароликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг фармонини бекор қилиш;

3.1990 ва 2000-йилларда ҳокимият томонидан ўғирланган, йўқолган фуқароларнинг ишлари бўйича текширув, аниқлаш, оқлаш ишларини олиб бориш;

4.Ўлим жазоси бўйича қатл қилинганларнинг номларини аниқлаб, уларнинг хотирасини қайта тиклаш;

5.Наманганлик депутат Олимжон Тўхтаназаров ва у каби кишиларга нисбатан сохта жиноятлар очиш ва лой чаплашларни бас қилиш.

Мўътабар Тожибоева билан Ўзбекистонлик ҳуқуқбон,фаол Башорат Эшова ҳам норозилик пикетида қатнашмоқчи эди. Башорат Эшованинг ўғли Улуғбек Эшов ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Ҳукм ижро этилган. Башорат Эшова ҳукм қачон ижро этилган, ўғли қаерга кўмилган каби талаблар билан чиқмоқчи эди.

Лекин, Ўзбекистон ҳокимияти Мўътабар Тожибоева билан мулоқотга чиқиб, унинг талаблари бўйича ҳамкорлик қилишни таклиф қилган. Мўътабар Тожибоева ҳокимият ҳамкорликка борганлиги сабабли пикетни бекор қилган. [7,8].

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

12октябрь , 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Ўзбекистон билан Франция ўртасида 10 та ҳужжат имзоланди. 10.10.2018. (https://www.ozodlik.org/a/29535649.html ).

2. Узбекистан на 25 лет отдаст очистку воды в Ташкенте французской компании . 10.10.2018. ( http://www.fergananews.com/news/33221 ).

3. List of countries by GDP (PPP) per capita. 2017. (https://en.wikipedia.org/wiki/List_of_countries_by_GDP_(PPP)_per_capita ).

4. The World Bank. 2017. GDP per capita (current US$) .(https://data.worldbank.org/indicator/NY.GDP.PCAP.CD ).

5. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

6. “Эҳтиëждан кўп машина ишлаб чиқарган GM Uzbekistan банкротлик ëқасида”. 09.10.2018. (https://www.ozodlik.org/a/avtomobil-gm-uzbekistan-sotuv/29534201.html ).

7. Разрешение на пикет в Париже в день визита Шавката Мирзиёева получено. 08.10.2018. (https://centre1.com/world/razreshenie-na-piket-v-parizhe-v-den-vizita-shavkata-mirziyoeva-polucheno/ ).

8. Мутабар Таджибаева отменила пикет в Париже! 09.10.2018. (https://centre1.com/world/mutabar-tadzhibaeva-otmenila-piket-v-parizhe/ ).