Aug 312018
 

1-сентябрь куни Ўзбекистон мустақиллигининг 27 йиллиги нишонланади. Ўзбекистон 27 йил давомида иқтисодий, ижтимоий ривожланишда нималарга эришди?

Ўзбекистоннинг дунё мамлакатларидаги ўрни қаерда?- деган саволлар пайдо бўлади.

Афсуски, Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида бу саволларга жавоб топа олмайсиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг келажакда Ўзбекистонда ҳаммаси яхши бўлади, иқтисодий ривожланамиз, ижтимоий тараққиётга эришамиз, фаровон яшаймиз, адолатли жамият қурамиз каби шиорларга мос руҳда унинг чиқишлари, учрашувлари кенг ёритиляпти.

ЎзАдан иқтибос:”Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, йирик лойиҳалар билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 29 август куни Тошкент вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари дастлаб Бекобод шаҳрида жойлашган мамлакатимиздаги йирик ишлаб чиқариш объектларидан бири бўлган “Ўзбекистон металлургия комбинати” акциядорлик жамияти фаолияти билан танишди.

Президентимизнинг 2018 йил 9 январдаги “2018-2020 йилларда “Ўзметкомбинат” АЖни ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида комбинатда катта ҳажмдаги иқтисодий лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Ферроқотишмалар ишлаб чиқариш цехи шулардан биридир. Давлатимиз раҳбарининг ташрифи чоғида 60 миллион долларлик лойиҳа асосида замонавий, энергия тежовчи ва илғор технологиялар билан жиҳозланган ушбу цех ишга туширилди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда корхона ишчи-ходимлари, соҳа мутасаддилари, хорижлик инвесторлар иштирок этди.

Комбинат имкониятларидан унумли фойдаланиш, қўшимча ишлаб чиқариш объектлари барпо этиш, 2-3 йил ичида камида 15-20 минг иш ўрни яратиш керак. Бунинг замирида одамларни рози қилишдек эзгу мақсад мужассам, деди Президентимиз.

Жанубий Кореянинг «Posco Daewoo» компанияси билан ҳамкорликда қурилган янги цехда йилига 25 минг тонна ферросилиций ва ферросиликомарганец ишлаб чиқарилади. Бу билан металл маҳсулотлар тайёрлайдиган тармоқлар талаби тўлиқ қондирилиб, йилига 8 минг тонна ферроқотишмани экспорт қилиш, шу тариқа импортдан воз кечиб, 35 миллион долларни тежаб қолиш имконияти пайдо бўлади. 300 дан зиёд йигит-қиз иш билан таъминланади.

Президентимиз қуйиш-прокатлаш мажмуаси қурилишига тамал тоши қўйди.

Мазкур лойиҳа қиймати 452 миллион доллар бўлиб, унинг амалга оширилиши натижасида 400 дан зиёд янги иш ўрни ташкил этилади. Лойиҳа 2020 йилда тўлиқ якунига етказилиб, йилига 1 миллион тонна 2-12 миллиметр қалинликдаги пўлат листлар ишлаб чиқарилади. Бу пўлат листлар импортини камайтириш имконини беради. Йилига 350 миллион доллар тежалади. Шунингдек, янги қурилаётган Тошкент металлургия заводининг асосий хомашёси бўлган иссиқ ҳолатда прокатланган листларга 500 минг тонналик йиллик эҳтиёж тўлиқ қопланади. Қуюв-прокат мажмуасини Италиянинг “Даниели” компанияси барпо этмоқда”. Иқтибос тугади. [1,2,3].

Яна ЎзАдан иқтибос:”Президентимиз Тошкент вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 2018-2019 йилларда амалга ошириладиган лойиҳалар билан танишди.

Жумладан, Қуйи Чирчиқ туманида велосипед ишлаб чиқариш, Юқори Чирчиқ туманида қишлоқ хўжалиги, Бўка туманида пахта-текстиль кластерларини ташкил этиш, Қуйи Чирчиқ туманида канопчилик соҳасини қайта тиклаш ва ривожлантириш, Оҳангарон туманида замонавий гидропоник иссиқхона очиш каби қатор лойиҳалар режалаштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари лойиҳаларни янада такомиллаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди”. Иқтибос тугади.

Яна Ўз Адан иқтибос: “Мамлакатимизда бунёд этилаётган йирик саноат корхоналари иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Тошкент вилояти Зангиота туманида барпо этилаётган Тошкент металлургия заводи шулардан биридир.

Давлатимиз раҳбари ушбу корхона қурилиши билан танишди.

Лойиҳа қиймати 286,7 миллион евролик мазкур корхонага хорижда ишлаб чиқарилган илғор ва замонавий ускуналар келтирилади. Корхонада автомобиль кузовлари ва маиший техника учун металл листлар, металл черепицалар, профнастил тайёрланади. Корхона тўлиқ қувватда ишга туширилгач, йилига 500 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади. 700 га яқин иш ўрни яратилади”. Иқтибос тугади.

Озодликдан иқтибос:”GM Uzbekistan АЖ томонидан ишлаб чиқарилган автомобиллар савдоси қайта бошлангани ва харидорлар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни инобатга олган ҳолда, компания томонидан Ўзбекистон Республикаси бозоридаги харидорлар талабларини қондириш мақсадида, талаб юқори бўлган автомобиллар моделларини ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишнинг тез мослашувчан механизмини жорий қилиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ҳақда GM Uzbekistanнинг расмий сайтига таяниб, kun.uz хабар қилди.

Хусусан, “Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖ томонидан механик узатмали “Нексия” автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмлари август ойидан бошлаб 3 501 донага, сентябрь ойида эса 4 143 донагача оширилади, йил охиригача эса ушбу моделнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари 34 804 донагача етказилади.

Шунингдек, “Малибу” автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмлари ойига 240 донадан 2 200 донага ошириш режалаштирилган”. Иқтибос тугади. [4].

Юқорида келтирилган маълумотлар Ўзбекистон ватандошларида келажакка катта умидлар уйғотади.

Қуйидаги маълумотлар эса дунё жамоатчилигида Ўзбекистонга нисбатан ижобий умидлар уйғотганди, уйғотяпти.

Марҳум диктатор Ислом Каримов даврида ўлим жазоси бекор қилинди. Болалар меҳнати кескин камайтирилди.

Президент Шавкат Мирзиёев даврида эса мажбурий меҳнат кескин камайтирилиб, Ўзбекистон замонавий қуллик кўрсаткичи бўйича дунёда 2016-йилда Шимолий Кореядан кейин иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, 2018-йилда эса дунёда 69-ўринни эгаллади. [5].

Кейинги йиллар Ўзбекистон 69-ўринни эгаллаганлигини дунё жамоатчилигига исботлаши керак.

Сиёсий маҳбуслар – муҳолифат фаоллари, инсон ҳуқуқ ҳимоячилари, мустақил журналистлар ва диний маҳбуслар озод қилинди.

15 минг диний фаоллар қора рўйҳатдан чиқарилди.

Булардан ташқари эркин конвертацияга ўтилганлиги ва қўшни мамлакатлар билан муносабатлар илиқлашганини, чегаралар очилганини ҳисобга олсак, президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон ватандошларининг ва дунё жамоатчилигининг олқишига сазовор бўлганини кўрамиз.

Лекин, мен Ўзбекистон пропагандаси таъсиридан буткул бўлмасада кўпроқ ҳалос бўлган ҳолда шуни айтишим мумкинки, Ўзбекистоннинг дунёдаги иқтисодиёт бўйича, инсон ҳуқуқлари бўйича кўрсаткичлари жуда абгор ҳолатда.

Менинг “Интернет тезлиги паст бўлган Ўзбекистонда таълим сифати юқори бўлиши мумкинми?!” номли мақолам ва шу номдаги видеодан иқтибос: [6,7].

Лекин, Ўзбекистон иқтисодиёти мен аввалги мақолаларимда кўп марта таъкидлаб ўтганимдек, дунёда аҳоли жон бошига ўртача сотиб олиш паритети бўйича маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳизматлар кўрсатиш ( PPP- Purchasing Power Parity per capita) 16минг АҚШ доллари бўлгани ҳолда Ўзбекистонда 7000. Шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг ўртача даражасидан 2 баравардан кўпроқ орқада. [8,9].

Дунёда аҳоли жон бошига ўртача маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва ҳизматлар кўрсатиш бўйича 2017 йилда 10,714 АҚШ доллари бўлгани ҳолда Ўзбекистонда 1,504. Шу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг ўртача даражасидан 7 баравар орқада. [10].

Ўзбекистонда коррупция даражасини камайтириш учун кучли фуқаролик жамияти зарур. Зеро, Менинг “Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг имиджини яхшилай оладими?!” номли мақоламдан[11] иқтибос:

2.Коррупция. Ўзбекистон коррупция даражаси кўрсаткичи бўйича(Corruption Perceptibility Index) дунёда 180 мамлакат ичида 157-ўринни эгаллайди, яъни дунёнинг энг коррупциялашган 20 мамлакатлари қаторига киради.[12].

3.Иқтисодий эркинлик. Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича (Economic Freedom Index) 51,5 балл билан 152-ўринни эгаллайди ва кўпроқ иқтисоди эркин бўлмаган (Mostly Unfree) мамлакатлар қаторига киради.[13].

4.Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар. Халқаро Freedom House ташкилоти ҳисоботига кўра Ўзбекистон фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар кўрсаткичи бўйича 7 баллга эга бўлиб, дунёнинг энг 10та ёмонлари қаторида.[14]”. Иқтибос тугади.

Юқоридаги Ўзбекистоннинг иқтисодиёт ва инсон ҳуқуқлари бўйича кўрсаткичларига қўшимча Ўзбекистоннинг интернет тезлиги бўйича дунёда энг охирги 10 мамлакатлар ичида эканлигини ва Ўзбекистонга халқаро кредит рейтинг агентликлари: Standard & Poor’s, Fitch, ва Moody’s томонидан рейтинг бермаганлигини ҳисобга олсак [15,16], Ўзбекистоннинг абгор аҳволини янада аянчли эканлигини кўрамиз.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

31август, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш, янгича дунёқараш билан меҳнат қилиш – халқимиз фаровонлигини янада оширишнинг муҳим омилидир. 29.08.2018.

( http://uza.uz/oz/politics/imkoniyatlardan-t-li-foydalanish-yangicha-dunye-arash-bilan–29-08-2018 ).

2. Ministry of Foreign Affairs, Uzbekistan. Oʻzbekiston Prezidenti Shavkat Mirziyoyev 2018-yil 29-avgust kuni Toshkent viloyatida boʻldi. 30.08.2018. (https://www.youtube.com/watch?v=RpR9zKfc3qs ).

3. “Ўзбекистон24” миллиардер Алишер Усмонов тўғрисида кўрсатув намойиш қилди. 22.08.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/ozbekiston-usmonov-mirziyoyev/29447535.html ).

4. GM Uzbekistan Nexia ва Malibu ишлаб чиқаришни қарийб 10 баробарга оширмоқчи. 29.08.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29459342.html ).

5. The Global Slavery Index 2018(https://cdn.globalslaveryindex.org/2018-content/uploads/2018/07/19074032/GSI-2018_FNL_180628_Digital-small_p.pdf ).

6. Интернет тезлиги паст бўлган Ўзбекистонда таълим сифати юқори бўлиши мумкинми?! 03.08.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9108#more-9108 ).

7. Интернет тезлиги паст бўлган Ўзбекистонда таълим сифати юқори бўлиши мумкинми?! Видео. 04.08.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/9110 ).

8. GDP per capita, PPP – World Bank Open Data – World Bank Group.2016.( https://data.worldbank.org/indicator/NY.GDP.PCAP.PP.CD ).

9. List of countries by GDP (PPP) per capita. 2017. ( https://en.wikipedia.org/wiki/List_of_countries_by_GDP_(PPP)_per_capita ).

10. The World Bank. 2017. ( https://data.worldbank.org/indicator/NY.GDP.PCAP.CD ).

11. Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг имиджини яхшилай оладими? 13.04.2018. ( http://uz.hrsu.org/archives/8923#more-8923 ).

12. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

13. 2018 Index of Economic Freedom. Country Rankings. (https://www.heritage.org/index/ranking).

14. Freedom in the World 2018 by Aggregate Score.

( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2018 ).

15. Big Three (credit rating agencies) .

( https://en.wikipedia.org/wiki/Credit_rating_agency ).

16. List of countries by credit rating.

( https://en.wikipedia.org/wiki/List_of_countries_by_credit_rating ).