Jul 062018
 

Президент Шавкат Мирзиёев даврида биринчи марта Ўзбекистоннинг экспорт ва импорти- товарлар ва хизматларнинг улуши, миқдори АҚШ долларида, фоизларда келтирилди.

Озодликдан иқтибос:”Ўзбекистон фуқароларининг чет эллардаги бирламчи даромадлари суммаси 2018 йилнинг 1-чорагида 1,5 миллиард долларни ташкил қилди.

Бу ҳақда маълумот берилган Марказий банкнинг “Ўзбекистон Республикаси тўлов баланси ва халқаро инвестицион позицияси” ҳисоботида айтилишича, бирламчи даромадлар ишлаб чиқариш жараёнидан (масалан, иш ҳақи тўлови) олинган даромад ва инвестицион даромадни (масалан, дивидендларни) ўз ичига олади”. Иқтибос тугади. [1].

Мен “Ўзбекистон республикаси тўлов баланси ва халқаро инвестицион позицияси” ҳисоботини ўрганиб, мен учун кутилмаган учта “ажойиб” фактларни топдим. [2].

Биринчи “ажойиб” факт. Ҳисобот бўйича 2018-йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон товарлар экспортининг суммаси 2,9 миллиард долларни, товарлар импорти эса 3,6 миллиард долларни ташкил қилган. Товарлар экспортининг асосий қисмини олтин-1,3 млрд.доллар ва газ-487,2 миллион долларни ташкил қилиб, уларнинг товарлар экспортидаги жами улуши 61 фоизга тенгдир.

Дарҳол, менда Ўзбекистон автомобилларининг улуши неча фоиз экан деган қизиқиш пайдо бўлди. Ҳисоботнинг 2-диаграммасида жами товарлар экспорти ҳажмида салмоқли бўлган бошқа товарларнинг улуши фоизда келтирилган. Енгил автомобиллар улуши 2-диаграмма бўйича 0,8 фоизга тенг. 0,8 фоиз менга жуда ёмон таъсир қилди.

Чунки, Ўзбекистон 1996-йилдан бери енгил автомобиль ишлаб чиқаради ва бу енгил автомобилларнинг 80-90 фоизи Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларга экспорт қилинар эди. Марҳум диктатор Ислом Каримов президентлиги даврида Ўзбекистон дунёдаги 28та енгил автомобиллар ишлаб чиқарадиган мамлакатлардан бири деб, Ислом Каримов ҳокимиятининг оламшумул ютуғи деб кўрсатиларди. Президент Шавкат Мирзиёев даврида биринчи марта енгил автомобилларнинг экспортдаги улуши 0,8 фоизга тенг эканлиги маълум бўлди.

2-диаграммада баъзи товарларнинг экспортдаги улушини келтиришни лозим деб топдим.

1.Пахта калава ипи-6,4%;

2.Этилен полимерлари- 3,8%;

3.Пахта толаси- 3,5%;

4.Мис- 2,1%;

5.Электр энергияси- 2,1% ва ҳоказо.

Хулоса шуки, Ўзбекистон экспортининг энг кўп улушини олтин, газ-61% ва пахтага тегишли маҳсулотлар 11,8%ни ташкил этяпти.

1.Пахта калава ипи -6,4%;

2. Пахта толаси -3,5%;

3.Трикотаж маҳсулотлари- 1%;

4.Пахта толасидан газламалар- 0,5%;

5.Трикотаж газламалар- 0,4%.

Иккинчи “ажойиб” факт.

3-диаграммада товарлар экспортида мамлакатларнинг улуши фоизда келтирилган:

1.Швейцария -49%;

2.Хитой-15%;

3.Россия-13%;

4.Қозоғистон-7% ва ҳоказо.

Мен учун кутилмаган нарса Ўзбекистон экспортида Швейцариянинг 1-ўринга чиқиб қолганидир. Марҳум диктатор Ислом Каримов даврида Ўзбекистон экспортининг асосий улуши Россия ва Хитойга тўғри келарди. Газ ва пахта маҳсулотларининг жаҳондаги нархи тушиб кетиши туфайли Ўзбекистон экспортида охирги йилларда олтиннинг улуши катта рўл ўйнай бошлаган кўринади.

Яна, шуни қўшимча қилишни лозим топдимки, жорий йилнинг биринчи чорагида хизматлар экспорти 1,1 миллиард доллар, хизматлар импорти эса 1,2 миллиард долларга тенг бўлган. Хизматлар экспорти ва импортининг салбий фарқи 148,8 миллион долларни ташкил қилган.

Учинчи “ажойиб” факт.

Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг мамлакатга трансферт ўтказмалари 8-диаграммада келтирилган.

Трансчегаравий пул ўтказмаларининг улуши, фоизда мамлакатлар бўйича:

1.Россия-77%;

2.Туркия-5%;

3.Қозоғистон-4%;

4.АҚШ-4%;

5.Жанубий Корея-2% ва ҳоказо.

Меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга жўнатган пул миқдори мамлакатлар бўйича аниқ кўрсатилмаган. Бироқ, Озодлик ва бошқа чет эл оммавий-ахборот воситаларида Россиядаги меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга жўнатган пуллари миқдори ошкор этилди.

Озодликдан иқтибос:”Меҳнат муҳожирларининг Россиядан Ўзбекистонга пул ўтказмалари 2018 йилнинг биринчи чорагида 726 миллион долларни ташкил этди.

Россия Федерацияси Марказий Банки келтираётган статистика рақамларига кўра, бу миқдор ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 17 фоиз кўпроқдир”. Иқтибос тугади. [3].

Меҳнат муҳожирларининг 2018-йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга жўнатган пул жўнатмалари миқдори 949,4 миллион АҚШ долларига тенг.

Ҳисоботдаги “ажойиб” фактлардан хулоса шуки, Ўзбекистон экспортининг 70%дан ортиғини табиий бойликлар- олтин, газ ва пахта ҳом ашёси, пахтадан қилинган маҳсулотлар ташкил этади. Бу дегани Ўзбекистонликлар табиий бойликлар ҳисобига, меҳнат муҳожирлари жўнатган пуллар ҳисобига ва мажбурий меҳнат туфайли Ўзбекистоннинг обрўсини тушираётган пахта ҳисобига кун кечиряпти.

Келажакда газ, олтин тугаши мумкин, унда Ўзбекистонликларнинг аҳволи нима бўлади? Ўзбекистон ҳозирги қийин аҳволдан чиқиб кетиши учун нималар қилиш керак?

Президент Шавкат Мирзиёевнинг амалга ошираётган юзаки, косметик иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлари билан Ўзбекистон қийин ижтимоий-иқтисодий вазиятдан чиқиб кета олмайди.

Ўзбекистоннинг инвестицион жозибадорлигини ошириш учун Ўзбекистонда коррупция даражасини кескин камайтириш керак. Зеро, Transparency International ташкилотининг 2017-йил коррупция кўрсаткичи ( Corruption Perception Index 2017 ) бўйича дунёдаги 180 мамлакат ичида Ўзбекистон 22 балл билан 157-ўринда. Ўзбекистон дунёда энг коррупциялшган 20 мамлакатлар қаторида.

Таққослаш учун Янги Зеландия 89 балл билан 1-ўринни эгаллаган, яъни Янги Зеландияда коррупция даражаси энг кам. [4].

Ўзбекистонда коррупция даражасини кескин камайтириш учун кучли фуқаролик жамияти зарур. Афсуски, президент Шавкат Мирзиёев ҳокимияти Ўзбекистон фуқароларининг сиёсий ҳуқуқларини чеклаб қўйган, яъни муҳолиф ҳаракатлар, партиялар ва инсон ҳуқуқ ташкилотлари рўйҳатга олинмаяпти.

Ҳануз, Ўзбекистон замонавий қуллик кўрсаткичи бўйича дунёда Шимолий Кореядан кейин 2-ўринда. [5].

Яна, афсус билан шуни таъкидламоқчиманки, президент Шавкат Мирзиёев ҳокимияти мажбурий меҳнатни кескин камайтира олмаяпти.

Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланиши учун бақувват ўрта синфнинг шаклланиши Ўзбекистон учун ўта зарур.

Бироқ, Ўзбекистон иқтисодий эркинлик кўрсаткичи бўйича 51,5 балл билан дунёда 180 мамлакат ичида 152-ўринда. Ўзбекистон кўпроқ эркин бўлмаган( Mostly Unfree) мамлакатлар гуруҳига киради. [6].

Яна, афсус билан айтаманки, президент Шавкат Мирзиёев ҳокимияти Ўзбекистон ватандошларининг иқтисодий эркинлигини ҳам чеклаб қўйган.

Бу дегани, келажакда Ўзбекистон табиий бойликлардан, меҳнат муҳожирларидан келаётган даромадга қарам бўлиб қолаверади. Яна 30 йил ўтса ҳам ривожланган мамлакатлар қаторига қўшила олмайди.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

6июль, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. МБ: Биринчи чоракда ўзбекистонликлар чет элларда 1,5 миллиард доллар даромад топди. 02.07.2018.https://www.ozodlik.org/a/29331368.html ).

2. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТЎЛОВ БАЛАНСИ

ВА ХАЛҚАРО ИНВЕСТИЦИОН ПОЗИЦИЯСИ.Июнь. 2018.й.Тошкент.ш.

( http://cbu.uz/upload/statistics/bop/BOP,%20IIP%201q2018%20(uzb).pdf ).

3. Россиядан Ўзбекистонга пул жўнатмалари ҳажми ошмоқда. 19.06.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/remittances-increase-from-russia-to-uzbekistan/29304370.html ).

4. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

5. Slavery index by countries. 2016. ( https://www.globalslaveryindex.org/findings/ ).

6. 2018 Index of Economic Freedom. Country Rankings. (https://www.heritage.org/index/ranking).