Jun 012018
 

2018-йилнинг 28-май куни youtubeда Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм вилояти ва Навоий вилоятида 27-май, яъни якшанба куни бўлиб ўтган туз-қум бўрони акс этган бир нечта видеолар пайдо бўлди. [1,2,3].

Озодликдан иқтибос: “Синоптикларга кўра, шанба куни Қорақалпоғистон ҳудудида ҳаво очиқ бўлиб, шамол тезлиги штиль ҳолатида кузатилган. Ҳавонинг ҳарорати кундузи 37-39 даражагача кўтарилиши натижасида тупроқнинг юқори қатламидаги қопланган намликлар буғланиб, 1-10 сантиметр қалинликда қурғоқчилик пайдо бўлган. 27 май куни эса шимолий-ғарбий томондан келган совуқ ҳаво оқими таъсири билан шамолнинг тезлиги 10-15 метр секунддан 22-27 метр секундгача етган. Бу шамол кучи таъсирида пайдо бўлган қурғоқ тупроқнинг кўтарилишига олиб келган. Иқтибос тугади. [4].

Би-Би-Сидан иқтибос: “Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон якшанба куни кун давомида туз ва қум бўрони остида қолди. Аҳоли кўчага чиқишга қўрққан, машиналар қатнови камайган, янги экилган кўчатлар ва гуллар эса туз остида сўлиб қолган.

Баъзилар буни табиий офатга тенглаётган бўлса-да, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳозирча ҳеч қандай баёнот билан чиқмади. Би-би-си мазкур вазирликка мурожаат қилди, аммо жавоб ололмади.

“Экосан” экология ва саломатлик фондининг Қорақалпоғистон бўлими раҳбари Нурлибек Юсупов бу каби бўрон аввал ҳеч содир бўлмаганини айтади. Иқтибос тугади. [3].

Озодликдан иқтибос: “Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятида 27 май куни ёққан туз ёмғирининг одамлар саломатлигига ва қишлоқ хўжалик экинларига таъсири сезила бошлади.

Озодлик суҳбатлашган деҳқонларнинг айтишларича, томорқалардаги экинлар қовжираб, ўсишдан тўхтаб қолмоқда.

Қорақалпоғистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги кўрилган зарар миқдори ҳисобланаётганини Озодликка айтди.

Айни пайтда, Хоразм вилоят ҳокимлиги мулозими туз бўронидан умуман зарар кўрилмаганини билдирди. Иқтибос тугади. [5].

Яна Озодликдан иқтибос: “Ижтимоий тармоқлар муштарийлари, Қорақалпоғистон ва Хоразмдаги бу табиий офатга расмийлар етарли эътибор бермаётгани, маҳаллий ҳокимиятларнинг зарар кўрганларга ёрдам бермаётгани ва бу ҳолатни яширишга уринаётгани ҳақида ёзмоқдалар.

Жумладан, муштарийлардан бири Фейсбукда бу ҳақда шундай деб ёзди:

Бу офатнинг одамларга таъсири яхши деб бўлмайди, давленияси бор одамларнинг аҳволи оғирлашган, экинларимиз қовжираб қуриб қолмоқда, деҳқончилик катта талафот кўрди, лекин инсонларники ундан ёмонроқ. Медицина ходимлари қаерда, соғликни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистонга келишга кўркиб, жим яшириниб ўтирибдими. Тўғри, бундай экологияга келишни ким ҳам хоҳларди”. Иқтибос тугади. [5].

Озодликдан иқтибос: “Қорақалпоғистоннинг Чимбой туманида яшайдиган, ўзини Маҳмуд, деб таништирган деҳқон уч кун олдин содир бўлган табиий офат – чанг-туз ёмғиридан кейин томорқасидаги экинларини бир сидра сув билан ювиб чиққан бўлса ҳам, экинлари қовжираб қолаётганини Озодликка айтди:

– Бу офатдан кейин ёш кўчатларнинг ҳаммаси ўлиб қолди, каттароқлари эса бир хил шалпайиб турибди, ўзгариш йўқ. Бўйи беш сантиметрга етиб қолган шоли, помидор тамом бўлди. Қуриб-қовжираб қоляпти, деди Маҳмуд. Иқтибос тугади.[5].

Мен бу мақолани 1-июнь куни ёзяпман, Ўзбекистон телеканаллари 27-майдан 1-июнгача асосий мавзулар Наманганда “Hyundai” юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарадиган заводи қурилиши [6], Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг коррупцион ишлари [7] ва Ўзбекистоннинг экспорт-импорти бўйича президент Шавкат Мирзиёевнинг айтганлари бўлди [8], туз-қум бўрони ҳақида эмас.

Мен кутгандимки, президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилоятига бориб, у ердаги аҳвол билан танишади, у ердаги аҳоли билан, раҳбарлар билан учрашади ва бу учрашувлар оммавий-ахборот воситалари орқали ёритилади. Бироқ, мен кутганим бўлмади, бу мени жуда ажаблантирди.

Шу ерда мен кичик лирик чекиниш қилмоқчиман. Орол денгизи қуриётгани тўғрисида мен 1990-йилларда “Новый мир” журналида чоп қилинган 59 бетли “Аральская катастрофа” деб номланган катта ҳисобот мақолани ўқиб билган эдим.

Мен у пайтлар Ўзбекистон ССР Фанлар Академиясининг Ядро физикаси институтида ишлар эдим. Лекин даҳшатлиси, ажабланарлиси шундаки, мен Орол денгизининг қуриётгани тўғрисида Ўзбекистондаги оммавий-ахборот воситаларидан ҳеч қандай маълумот олмаганман, ҳаттоки, одамлардан ҳам эшитмаган эдим.

Мен 5-10-синф ўқувчиси бўлган пайтларим (1970-1975-йиллар) куз ойларида 3-4 ойлаб пахта теримида қатнашганман. Шуниси аниқ эсимда, декабрь ойида далада жуда кам пахта қолган бўлса ҳам пахта терганимни эслайман. Далада пахта бўлмаса ҳам битта мен эмас, бутун республика пахтага ҳайдаб чиқарилган эди.

Лекин у пайтлар мен Орол денгизининг қуриётгани тўғрисида мутлақо хабарсиз бўлганман. Бироқ ўша пайтларда Ўзбекистонни бошқарган Шароф Рашидов, вилоят ва туман раҳбарлари, обком котиби ва райком котиблари билишган. Орол денгизининг қуриши ўша пайтларда Ўзбекистон фуқароларидан, СССР фуқароларидан яширилган. Ўзбекистон мустақил бўлганига қарийб 30 йил бўляпти, нега туз-қум бўрони Ўзбекистон оммавий-ахборот воситаларида асосий мавзуга айланмади?!

Лекин мен шуни тан олиб айтаманки, Озодлик ва BBCда туз-қум бўрони атрофлича ёритилди, ҳаттоки, BBCда Орол фожеасини бартараф этиш йўллари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистонлик академик, эколог, табиат хавфсизлиги бўйича мутахассис  Анвармирзо Ҳусаинов Сибир дарёларининг сувини Қорақалпоғистон республикаси ва Хоразм вилояти экинзорларига катта канал қазиб олиб келиш муаммони ҳал қилишини айтди. Айниқса, Россия ғарб мамлакатларининг иқтисодий санкциялари остида бўлган пайтда бунга мойилроқлгини таъкидлади. Қозоғистондан етакчи иқтисодий таҳлилчи Сапарбой Жубаев Афғонистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон мамлакатлари раҳбарлари ўзаро келишиб, Туркманистондаги Қорақум каналини бетонлаб ва умуман Амударёнинг сувини тежаб ишлатиш орқали Орол фожеасини бартараф этиш мумкин деган фикрни билдирди. [9].

Менинг фикримча, Орол фожеасини бартараф қилиш яқин йилларда ўта мушкул. Бунинг иккита асосий сабаби бор:

1.Орол фожеасига барҳам беришга алоқадор бўлган мамлакатлар раҳбарларининг ўта коррупциялашгани. Transparency International ташкилотининг 2017-йил коррупция кўрсаткичи бўйича( Corruption Perceptions Index 2017 ) [10] Қозоғистон 31 балл билан дунёдаги 180 мамлакат ичида 122-ўринда, Россия 29 балл билан 135-ўринда, Қирғизистон 29 балл билан 135-ўринда, Ўзбекистон 22 балл билан 157-ўринда, Тожикистон 21 балл билан 161-ўринда, Туркманистон 19 балл билан 167-ўринда, Афғонистон эса 15 балл билан 177-ўринда.

Коррупция даражаси энг кам бўлган Янги Зеландия 89 балл билан 1-ўринни эгаллаганини ҳисобга олсак, юқорида келтирилган мамлакатлардаги коррупция даражасининг жуда юқорилигини, абгорлигини кўрамиз. [10].

Дарҳақиқат, Владимир Путиннинг олигархлари коррупция йўли билан триллионлаб АҚШ долларларини, Нурсултон Назарбоевнинг оиласи 10 миллиардлаб АҚШ долларини, Ислом Каримовнинг қизлари Гулнора Каримова ва Лола Каримова-Тиллаеваларнинг миллиардлаб АҚШ долларида Ўзбекистон халқининг пулларини ўмарганлиги дунё жамоатчилигига маълум.

2.Орол фожеасига барҳам беришга алоқадор бўлган мамлакатлар ватандошларининг, фуқароларининг ҳуқуқий билимсизлиги. Freedom House ташкилотининг сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаровий эркинликлар кўрсаткичи бўйича Қирғизистон 37 балл билан қисман эркин, Афғонистон 26 балл билан эркин эмас, Қозоғистон 22 балл билан эркин эмас, Россия 20 балл билан эркин эмас, Тожикистон 11 балл билан эркин эмас, Ўзбекистон 7 балл билан эркин эмас, Туркманистон 4 балл билан эркин эмас мамлакатлар қаторида.[11].

Финландия, Норвегия, Швеция 100 балл билан, Канада эса 99 балл билан эркин мамлакатлар қаторида эканлигини ҳисобга олсак, Қирғизистон, Афғонистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистон каби мамлакатларнинг аксарият ватандошлари эркинлик нима, сиёсий ҳуқуқлар нима, фуқаровий эркинликлар нима деган тушунчага эга эмаслар ва бу қадриятлар учун курашмайдилар.

Бу мамлакатларни бошқараётган коррупционер раҳбарлар ва уларнинг маддоҳлари ўз хизмат мавқеларидан фойдаланиб, бойлик орттириш билан машғул. Бу мамлакатларнинг ватандошлари ўз ҳуқуқлари учун курашмасалар, ўз ҳуқуқларини ҳимоя қила олмасалар, улар қандай қилиб Оролни ҳимоя қилишсин!?

Қисқаси, коррупционерлар ва маддоҳлар ҳукмрон бўлган мамлакатларда ва ватандошлари сиёсий ҳуқуқлардан, эркинликлардан маҳрум этилган мамлакатларда Орол фожеасини бартараф этиш ўта мушкул.

Демак, Орол фожеасини ҳал қилиш учун бу мамлакатларга кучли фуқаровий жамият зарур. Кучли фуқаровий жамият бу мамлакатларни бошқараётган раҳбарларнинг коррупциялашишига йўл қўймайди.

Абдужалил Бойматов

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти вице президенти.

1июнь, 2018-йил.

Дублин, Ирландия.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Шок видео сольный дождь в каракалпакстан Нукус Tuzli yomg’ir Qoraqalpog’iston Nukus 2018. 28.05.2018.

( https://www.youtube.com/watch?time_continue=70&v=oALg-q2ZZoo ).

2. Мана Хоразмдаги УЛКАН КУМ Бурони ЯНГИ ВИДЕО. 28.05.2018.

( https://www.youtube.com/watch?v=VUvnRFgk–U ).

3. “Ўзбекистонда бундай туз бўрони аввал ҳеч бўлмаган”. 28.05.2018.

( https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-44281754 ).

4. Қорақалпоғистонлик пенсионер: “Осмондан туз ёққанини биринчи кўришим”. 28.05.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/qoraqalpogistonda-tuz-yomgiri/29255371.html ).

5. O‘zbekiston g‘arbida tuz yomg‘iridan keyin bemorlar ahvoli og‘irlashdi, ekinlar qurib qolmoqda. 31.05.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29260082.html ).

6. Наманганда “Hyundai” юк автомобиллари ва автобуслар ишлаб чиқарилади. 28.05.2018. ( https://www.youtube.com/watch?v=_QQy34djvvE ).

7. General Parpievning polkovnik jiyanlaridan so‘ng “profsoyuz” ukasi va diplomat o‘g‘li ishdan olindi (VIDEO). 29.05.2018. ( https://www.ozodlik.org/a/29257816.html ).

8. ШАВКАТ МИРЗИЁЕВ ИМПОРТ ТОВАРЛАРНИ ОЛИБ КИРИШ БЎЙИЧА ИМТИЁЗЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ. 31.05.2018. ( https://www.youtube.com/watch?v=8vDVYhcb3HM ).

9. Ўзбекистондаги сўнгги туз бўрони фожианинг бошланишими? 30.05.2018. ( https://www.bbc.com/uzbek/uzbekistan-44309998 ).

10. Corruption Perceptions Index 2017.(https://www.transparency.org/news/feature/corruption_perceptions_index_2017 ).

11.Freedom in the World 2018 by Aggregate Score.

( https://freedomhouse.org/report/freedom-world/freedom-world-2018 ).